• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«СЕНСИЗ КУНЛАРИМНИ ЯШАБ ЎТЯПМАН…» – Рухсора САПОРБОЕВА

«СЕНСИЗ КУНЛАРИМНИ ЯШАБ ЎТЯПМАН…» – Рухсора САПОРБОЕВА

Рухсора Сапорбоева Фарҳод қизи 1993 йил 5 августда Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани Оқдарбанд қишлоғида туғилган. 2014 йил УрДУ «Физика математика» факультетини тамомлаган. Хозирда Қўшкўпир туманидаги 28 мактабда олий тоифали математика фани ўқитувчиси.


Жийданинг шохларин эгар йигитча
Қиқирлаб теради юзлари ол қиз.
Тиконли новдалар тилган қўлининг
Жабрини ўспирин тортади ёлғиз.

Қорилиб кетади масрур лаҳзага
Ҳазонбарг аралаш жийда ёмғири.
Иккимиз улардек аҳил бўлмадик,
Кун сайин яширдик қалбимиз сирин.

Мунг сизиб киради нигоҳларимга
Жийдабоғ дунёда йўлимиз айро.
Ёки сен энг баланд шохни кўзладинг,
Мен жийда теришни билмадимми ё?…


Шом
Қадамим сайин чўкаётган шом…
Автолар изидан кўтарилар чанг.
Янтоқзор оралаб, ҳиргойи қилиииб
Кўнглингга энг яқин кўнгилга кетсанг.
Қуйиб чарчамаса оҳангларин куз,
сўзингу
кўзингга,
Изларингга ҳам.
Бир-бир тўкиладир лаҳзалар каби
Куйлаганинг сари куйдургувчи ғам.
Бородир, ҳууув ана даладан чиқиб
Сабр-у саботига ботган дилбарим.
Елкасига ортиб ширин ҳасратин
сирларин шафаққа сотган дилбарим.
Бандидан узилган япроқ видоси
Руҳимга чирмашиб олар батамом.
Ва маъюс кетаман, ортимда қолар,

Шом, 
қадамим сайин чўкаётган шом…

19.10.2020


Балки, биз туғилмай
кўп йиллар олдин
Неча тунлар тонгга қилган башорат:

Энг чиройли кунда нигоҳлари, деб,

шундай буюк ишққа бўлар ишорат.
Ё Қисматнинг гўзал битиги бўлиб
Тобланди экан бу неча аср, йил.
Иккимиздан сўнг ҳам мангу қолади

Мен аниқ биламан, севишган кўнгил.
Аммо олислайди мен тарафда ,О
Энг гўзал изҳорлар фасли баҳори.
Соғинчга бурканиб, тиланар тўзим
Сени кутган нурли кунлар оҳори.

Ҳаёт найрангларин англагин ахир,
Дийдор улушидан насибамиз суст.
Кетсам, ахир, бошқа қайтиб келмайман,
Билмайсан, бу йигирма еттинчи август…

5.08.2020


Сизнинг менда қарзингиз йўқдир,
Менинг эса таънам, ҳеч онда.
Қалови йўқ қорга йўлиқдим
бу жаҳонда.

Хатларингиз ўқиб кўзимдан
Тилаклари ҳур қушлар учди.
Йиғлама, деб ўзим ўзимга,
Ўзимни қучдим.

О, нақадар маъюс қарашлар
Бир мукаммал санъат асари.
Сўроқларим жавоб талашар
лаҳза сари…

Августми айбдор
ёки сентябрь?
Ёки айб шу фасли ҳазонда. 
Мен сизни жуда кўп эсладим,
Сиз мени йўқламас замонда.

Қайта ва қайталар ҳамд этди
Танам ҳам, жоним ҳам, забоним
Сизни шунчалар ҳам расо яратган 

Худони!…

13.10.2020


Умрим жавонига териб кетяпман
Сенсиз яшаб ўтган кунларим сафин.
Сенсиз юриб ўтдим таниш йўлларнинг
Неча минг чақирим, неча фарсаҳин.

Неча фасл билан тўқнашдим, ахир
Сенсиз сўзлар айтдим баҳор, кузакка.
Фақат ёдинг билан бердим тасалли
Фақат ёдинг билан урган юракка.

Кетяпман
кетяпман
кетяпману
Сенсиз,
Икки бор ўтилмас қисмат йўлидан.
Ҳар гал насибамни узатар ҳаёт
Сенсиз кунларимни тутиб қўлида.

Лек менинг устимдан кулмади ғаним,
Зеро, кўрди ишққа тавофларимни.
Чунки мен дийдорга бахшида этдим
Худо билган гуноҳ-савобларимни.

Сенсиз кунларимни яшаб ўтяпман…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan