• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«ДЕНГИЗ БЎЙИДА» – Андрей ТИМОФЕЕВ

«ДЕНГИЗ БЎЙИДА» – Андрей ТИМОФЕЕВ

(ҳикоя)

Қримга тўйдан кейинги саёҳатга келган ёш жуфтлик Севастополдан Ялтага олиб борадиган улов кутишарди, у ерда улар икки ҳафта дам олишни режалаштиришган эди. Ёшлар бор-йўғи олти ойдан бери таниш бўлиб, ҳаётига кириб келган янги ўзгаришларга ҳали унчалик даражада кўникишмаган, ҳар бир эрка интилиш эса уларга кўп нарсаларни ҳадя этарди. Тиниқ ва очиқ ҳавода худди ёрқин фотосуратдагидек вокзалнинг баҳайбат биноси, ноодатий сершох жануб дарахтлари кўзга ташланди.

Оля охирги кунларда ниҳоятда кўтаринки кайфиятда эди. Унинг ўйлашича,  тўйдан кейинги ҳаёт умуман бошқача бўлиши керак эди,  тасаввурида бу ҳаёт фақат завқу шавқдан иборат, аммо шу билан бирга ўта муҳим ва қатъиятли эди. Кичкина болаларни кўрганда меҳри қўзғар, у ҳар бир бола қиёфасида Максимни кўраётгандек бўлар, гўёки ўзи ҳам ёш болага айланиб қолгандек эди. Оляга Максимнинг босиқ ва жиддийлиги ёқарди, бир вақтнинг ўзида бу унга қувонч улашарди, айниқса, бугун эрталаб Максимнинг ўзи унга болалар косяскасини кўрсата туриб ўткир товушига мулойим ва майин урғу берди-да: “Қара, қизалоқ”, – деди.

Улар бекатда бир-бирларидан озгина узоқликда туришар, негаки, ҳаво ҳаддан зиёд иссиқ эди ва бир-бирларининг қайноқ танасидан таралаётган иссиқлик ҳам улар учун ортиқча эди гўё. Оля толиқди. Бутун кун давомида улар Севастополь бўйлаб юришди. Максим боришлари мумкин бўлган манзилларнинг харитасини миясида пишитиб қўйган эди, шундан бўлса керак улар диққатга сазовор жойларнинг барини кўришга улгуришди, шу боис ҳам Оля Максимдан миннатдор бўлди. Бундан буён нима қилиш, қаерга бориш кераклиги тўғрисида фақат Максим ўйлаб, қарор чиқараётгани Оляга хуш ёқди. Унинг барибир  тезроқ маршруткага ўтиргиси, ёлғиз қолиб, бутун ўй-хаёлларини таҳлил қилганча, фикрларини аниқлаштириб олгиси келди.

Маршрут таксининг ичини бензин ҳиди тутиб кетганди. Оля бошини ойнага теккизди ва шу заҳоти ойнанинг асабий зириллашини ҳис қилди. Максим у билан ёнма-ён ўтирар, худди рафиқаси ёнида эканлигига ишонч ҳосил қилмоқчи бўлгандек, унга тез-тез қараб қўярди. Атрофдаги одамлар бошларини экканларича, жазирамага чидаб боришарди. Охирги ўриндиқларда ўтирган уч нафар кавказлик ёшлар баланд ва маст овозда сўкиниб боришарди.

Уларнинг дастидан Оля ноқулай аҳволда қолди, аллақандай енгил ташвиш хаёлларига буткул кўмилишга халақит берарди, аммо секин-аста орзулар гирдоби уни ўз оғушига торта бошлади. Ахир, инсоннинг ички олами тинч ва осуда бўлса, ташқи дунё кишини чалғита олармиди? Оля  кун ботиб, кеч тушишини, севгилиси билан биргаликда пляжга боришларини, ёқимли денгиз сувининг илиқ ҳароратини қандай ҳис қилишларини орзиқиб хаёлидан ўтказарди.

Тўсатдан кимдир унинг қўлини туртиб юборди ва Оля чўчиб тушди.

– Ўзингизни тутсангиз бўлмайдими? – деган кимнингдир баланд овозини эшитди, сўнг бирдан Максимнинг ўрнидан туриб кетиши ва лаблари титрагани уни ҳайрон қолдирди.

Кавказликларнинг бирининг оғзидан буруқсаб ароқ ҳиди келиб турарди. 

– Хотинимнинг ёнида сўкинишни бас қилинг, – нафрат билан қичқирди унга қараб Максим. Оля эрига ажабланиб қаради, у ҳеч қачон Максимнинг бу қадар қаттиқ овозда бақирганини эшитмаганди, шунинг учун қўрқувдан ўридиққа ёпишиб қолгандай бўлди.

Эркаклардан кимдир Максимнинг ёнини олди. Олдинда ўтирган кексароқ аёл ҳам уни қўллаб-қувватлади. Аммо энди эрининг ғайритабиий ва айни дамда бегона овозидан бошқа нарса Олянинг қулоғига кирмас эди.

Ниҳоят, ҳайдовчи машинани тўхтатиб, бундай шовқин бўлаверса, жойидан силжимаслигини маълум қилди. Кавказлик ёшлар жим бўлишди, фақат ора-сира уларнинг аламли пичирлашлари эшитиларди. Буткул жимлик чўккандан кейингина машинанинг шовқин билан газ чиқариб жойидан қўғолгани эшитилди ва тутун ҳиди димоққа урилди. Максим жойига ўтирар экан, кўнгли жойига тушиб, хотинини қучди:

– Бунақаларни шу йўсинда тарбиялаш керак.

Эрининг қучишидан Оля исиб кетиб, ён томонга ўгирилиб олди. Ўзини бўғилиб кетаётгандек ҳис қилди. Гўёки уни мана шу биқиқ жойга қамаб қўйишган-у, энди ва ҳеч қачон озодликка чиқолмайдигандек туюлди унга. У эрининг феъл-атворидан мутлақо бехабар эканлигини ўйлаб, сиқилди, худди чуқур қудуққа бемақсад тикилиб тургандай ҳис қилди ўзини. Вақт жуда секин ўтарди, қиз эса аста-секинлик билан маъносиз ва шуурсиз ҳолда қотиб қолаётгандек эди гўё. 

Ялтага улар кечга яқин етиб келишди. Маршрутка пляж яқинидаги йўлнинг чеккасида тўхтади. Максим жуда шошиларди, чунки қоронғи тушгунига қадар у тунаш учун мос жой топиши керак эди, бироқ Оля уни эшитмасди. Унинг қулоғи шанғиллар, гўёки қулоқлари остида ойналар зириллаётгандек бўларди. Улар пляж ёқалаб кетишди. Атрофда ранг-баранг соябонлар, енгил ўриндиқлар, қумли қирғоқда беғам-беташвиш ястаниб олган одамлар кўзга ташланарди. Кабоб ва тутун ҳиди димоққа уриларди.

Оля бўлса айни дамда номаълум шаҳарда, уйидан юзлаб чақирим олисда, ўзи ҳали дурустроқ танишга улгурмаган, деярли бегона бўлган одам билан ёлғиз қолганини ўйлаб, қўрқиб кетди. У паришонхотирлик билан атрофга аланглар ва мудроқ ҳолда индамай эрининг изидан борарди. Унинг келажак ҳаёти худди мана шу, рўпарада ястаниб ётган ваҳимали кечки денгиз мисоли поёнсиз бир бўшлиқдай кўринди.

Рус тилидан Азизбек НОРОВ таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan