• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Olisdagi bekat
«ҚОРАВОЙНИНГ ОИЛАСИ» – Муҳаммад СИДДИҚ

«ҚОРАВОЙНИНГ ОИЛАСИ» – Муҳаммад СИДДИҚ

Қарийб тўрт йилдан бери фейзбукка кираман. Шу вақт ичида жўда кўп танишлар, дўстлар орттирдим. Улар орасида ҳаётимга мазмун киритганларнинг ўрни алоҳида. Баъзан ўйлаб қоламан, агар фейзбук ёки айнан шу инсонлар бўлмаганида уларни қаердан, қандай қилиб топардим? Қийин масала. Ҳайрятки, ўз оиалмдан ташқарида яна бир оилам бор ва мен улар сабаб яшаб юрибман. Очиғини айтсам, бу дунё жуда зерикарли. Туғиласан. Катта бўласан. Еб-ичасан. Қарийсан. Кечаси ухлайсан, тонгда яна уйғонасан. Тамом. Бир хил кунлар ва тўртта фасл умрингни охиригача айланаверади. Нима маъно бор бундан? Ҳеч вақо чиқмайди излаганинг билан… Бир ҳовуч тупроқ. Вассалом.

Барибир излашдан тўхтамайсан. Миянг отилиб кетай дейди. Чарчайсан. Нима экан-а у, ичингга кирволиб томоғингдан хиппа бўғадиган? Тушунмайсан. Ташқарига қарайсан. Қор аралаш ёмғир. Кенглик истайсан. Деразадан сакраб тушиб, эндигина туғилган бузоқболадай шаталоқ отгинг келади. Ёки, уч юз йил яшаб қўйган қарғадек сокин бир ковак излайсан. Ичига кириб, ҳеч ким безовта қилмаслигини истайсан. Жимгина, суяклари ириган қанотларингни тумшуғинг билан сийпалаб, ухлашни орзу қиласан. Аммо бу эртакмас, реал олам. Афсус! Янглишиб туғилиб қўйдинг, адашиб келиб қолдинг сув юқмас биёбонларга.

Сенга қолса, мана шу оилангни олиб ғаламису чиркин ботқоққа ботган қурбақалар орасидан бош олиб кетардинг, шоир айтмоқчи, бир ёқларга. Илож йўқ-да. Кетсанг, нимадир ўзгарармиди? Укасини тош билан чавақлаб ўлдирган Қобилдек, нима қиларингни билмай қоп судраб кетаётганга ўхшайсан. Қизиғи, у қоп ичида Ҳобилмас, сенинг ўзинг борсан…

Атрофга аланглайсан. Бу оломон қачондан бери бир-бирига тескари, бир-бирига душман? Ахир ҳаммамиз бир тоифаданмизку. Хўп, Дарвиннинг таълимотини ёқлаган тақдиримиздаям, ҳатто маймунларда турдошига нисбатан меҳр ҳисси бор. Аммо одамлар, керак бўлса ўша аждодига ҳам ширинлик бериб, қўлга ўргатади ва бўйнига арқон солиб, ўлгунича хужайинлик қилади. Ёки, Ҳарарини олайлик. Изланишларига, шунча йиллик илмий ишларига қарши чиқмайлик ва ҳомосапинесларнинг келиб чиққишида далилларга таянайлик. Яъни биз, бир пайтлар оловга сиғинган, турли тақинчоқларга ихлос қўйган, табиат ҳодисаларини Худонинг бир шакли, деб ўйлаган онги паст табақадан, ҳозирги турли дин вакиллари даражасига етиб келдик ва Менделнинг генетик қонунларида келтирилгандек турли фазаларга бўлинишда давом этяпмиз.

Қанчалик турланмайлик, оддий қилиб айтганда икки хилмиз: яхши ва ёмон. Ичу ташимиздаям, пасту тепамиздаям икки ҳукумат бор: ёвузлик ва эзгулик. Яратиш ёки йўқ қилиш бор. Цезарнинг шиори шундай эди: “Бўлиб ташла! Ҳукмронлик қил!” деган. Менга қолса, бирлаштир ва озод эт, деган қарашни олға сурардим.

Шу пайт ёнимга хонадошларимдан бири келади:

– Муҳаммад, нима ёзяпсиз? Компютерни тезроқ бўшатинг, мен таржима қилишим керак.

– Эссе ёзяпман. Бир пас тўхтаб туринг.

– Ў май гад! Сизга эссе ёзишни ким қўйипти?

– Мақипти, эссе жанри сизга ўлган бобонгизни ўгай аммасидан қолганми? Саҳифам меники, унга хоҳлаган нарсамни ёзиб жойлайман!

– Бўлинг тез…

Хонасига кириб, тинимсиз пост ёзишда давом этади. Қарашлари сабаб кимларнидир блоклайди, ёки аксинча, кимлардир уни… Баъзида миллатидан ор қилади. Қачон қарамай, “бу оми халқ нега фикрламедийкин-а? Тапаккур қимесанларми, варварлар” дея асаблари таранглашади. Кулгидан ёрилай деймиз.

Шу ўринда Мирко ҳақида қисқача: уни ҳам шу фейзбук орқали топганман. Энг яқин дўстим. Тонгга қадар ухламай ёзади, таржима қилади. Кўпинча болаларча орзуларимиз ҳақида суҳбат қурамиз. Кўрган-билганимизни ва эндиги кунларимизни таҳлил қилмаиз. Чекамиз. Тутундан кўзларимиз ачишиб кетади… Жамиятдан нолийди у. Руҳи сиқилади. Далда бермайман. Чунки у далдага муҳтож эмас. Ўзини ҳеч кимга ҳафа қилдириб қўймайди. Мен таниган тенгдошларим ичида энг интеллигенти Мирко. Ўз хоҳиши билан ўқишдан кетти ҳатто. Яқинда Туркияга кетади. Орзусига етади ниҳоят. Ҳозир италиянчани ўрганяпти. Стрессдан чиқишнинг энг осон йўли тил ўрганиш, дейди доим. Мен эса доимий депрессиядаман. Тил ўрганишга на вақтим, на қунтим бор.

Кўпинча унга қарши фикрлар, шахсиятига тегадиган гаплар қулоғимга чалинади. Ё ўзимга атай айтишади, худосиздан узоқроқ юр, деб. Парво қилмайман. Нега? Чунки жуда яхши биламан, у айрим диндорларга қараганда анча билимлироқ, Худога яқинроқ. Фақат ўз қарашлари бор. Эътиқод қилиш бу – ҳар кимнинг шахсий иши. Уни хушламайдиганларга шундай деган бўлардим: “Мирзоҳиднинг кетини кавлаштиргунча, ўзингизни эпланг! Ўқинг. Ўрганинг. Хақни англанг. Бу кимнидир орқасидан фисқу фасод гапларни чайнаб юришдан кўра фойдалироқ”. Бори шу. Мен шунақа дўстим борлигидан фахрланаман масалан.

– Муҳаммад, қаранг, яна биттаси пост қўйибди дуэлни чайнаштириб. Бепарасат!

– Нима дебди?

– Ҳай, нима гап бўларди, Жонтемирга кесатиқ ёзишганда яна. Ҳеч тушунмайман, нега ҳамма унга осилволган? Мен ундан зўрманку. Мана, мен ҳақимда гапиришоврсин. Писандам қимеман!

– Қўйинг, баттар бўлишмайдими.

– Йўқ, негекан! Ҳаммаси ҳаққоний кетяптику. Ким боракан ҳозир Жонтемирчалик шеър ёзаётган? Темболе, мен қатнашмаяпман. Тек қўйиш, шу ютсин энди. Арзимаптми ё?

– Эйй, гапиришоврадида.

– Пфф!

Қарши фикр билдириб, кемент ёзишга киришиб кетади. Аслида, унга ”Пушкин бир жаҳон”.

Яна оиламга қайтадиган бўлсам. Унда Жонтемир алоҳида боб. Деярли вилоятдаги изланишларимда ҳам, ҳозирги пойтахтгадаги саргузаштларимда ҳам унинг ўрни салмоқли. Кўрган бўлсам, ундан фақат яхшилик кўрдим. Кўпинча бобомга ўхшаб, соқолини силаб дакки беради. Насиҳат қилади. Тўғри қабул қиламан. Ичи ачиганидан, куйинганидан гапиради. Сезиб тураман. Ким нима деса десин, дарвешми, девонами, шоирми, у мен учун оддийгина ака. Жўрамдек гап. Маддоҳликни пошшоларга қилишади, уни мақтагандан менга нима наф? Ичимдаги борини айтяпман ва бу гапларимдан ҳеч қаерда тонмайман. Кўпчилик танишларим, Жонтемирнинг муриди, деб мени камситишади. Алоқангни тезроқ уз, ундан нарироқ юр, деб ака-ука ўртасига совуқчилик туширишга уринишади. “Ўз ҳолимга қўйинг. Ким билан юришни, кимдан узоқроқ туришни ўзим яхши биламан!” дегим келади. Индамайман. Билганимча йўл тутаман барибир. Эҳҳей, у қанақа кунларнинг, ҳасталикларнинг, иғвою бўхтонларнинг остидан бош эгмай ўтганига ўзим гувоҳман. Буни яна бошқа оға-иниларимиз билишади, холос. Ҳозирча, Жонтемир – темирдек қаттиқ, қуш патидек енгил бир шоир. Ернинг шоири…

– Ака, ухлагани қўясизми-йўқми? Карантин бўлса!

– Соат беш бўляпти, Муҳавашвили. Ўн уч соат ухладинг.

– Ё сиз ухлайсими ўзи? Қачон қарсам уйғоқ турасиз. Эй Худо, ўзиям ухламайди, ухлаганларниям кўролмайди.

Дўрмон ҳаволари дераза пардасини елпиб турадиган шаҳарнинг бир чеккасидаги шинам хонадонда мен, Мирко ва Жонтемир бирга ўтказган кунларимиз ёдимга тушди. Гўёки тепамизда Дюма қалам йўниб ўтирарди-ю, биз эса уч мушкетёрдек Тошкентнинг тало-тўплари ичида жанг қилардик. “У кунларни шеър қилинг, Мирзо”, деймиз эсласак. Ҳартугул, бекор кетмади вақтимиз. Анча-мунча ўқидик. Ёздик. Курашдик. Ҳар бир кунимизни кундалигимга ёзиб борганман. Кексайганимизда шу икки чолга навбат билан ўқитаман ҳали.

Гапирай десам, ҳаммасини битта постга сиғдиролмайман. Оиламни яхши кўраман. Хўжаёрнинг чапани соддаликларию қаттиқўл муштимида, ҳаттоки қишлоғидаги қари такаларию бурнидан сут ҳиди келадиган улоқчаларигача жигарлик масъулиятим бор. Мадина опамнинг уфқларга туташ даштларида, муштимдек жуссасига сиғган оҳангларию қўйлар уюрини ҳайдаб кетаётган ҳивич чўпигача укалик бурчим бор. Ҳар гал кўришганимизда бағрига босиб, бир қучоқ меҳр билан қонимгача музлаб ётган юрагимни иситиб берадиган, ҳар қанақанги вазиятдаям ўзгармай, доим Феруза бўлиб яшаётган опамдан эса қиёматлик қарзим бор.

Яна ким қолди? Ҳа, Шоҳруҳ Нажот, курсдошим. Унинг Хоразмдан келтирган тўртта қовоқ патирини, бир това ижжонини ва ҳар куни катта танаффусда биргалашиб ейдиган севимли сомсаларимизни водий паловидан афзал кўраман.

Ҳафта охирида янгамни қайнонасиникига жўнатиб, бизни меҳмонга чақиради Нажот оға.

– Дуэлда олган расмларимни қаранглар, буларни кулишлариничи, жужуқчалар!

– Зулхумор опамни шугина бир табассумига дунёни алиштирмасдим! Қачон қарасам ҳафаҳол, ғамгин юради.

– Шуни кўрсам, ичимиздаги энг озғин одам сен эмаслигингга амин бўламан. Буни оёқчаларини қара, турнага ўхшайди.

– Турнамас, оққуш денг ака, оққуш!

Суҳбатимизни Хўжаёрнинг хурраги бўлади.

Биз ҳам аста уйқуга кетамиз…

Тонгда туриб, яна фейзбукка кираман. Ҳайрият, бугун ҳеч қаерда сув тошмабди, ҳеч кимга ўт кетмабди. Сувсамбилдек тинч. Шу-шу, ҳафта бўйи оиламнинг яна жам бўлишини интиқиб кутаман.

Яна бир гап, aйримларнинг ичи шу қадар қоп-қоронғуки, ҳатто мендан ҳам қора! Айтишларича, биз аллақандай давра, гуруҳбоз ва алоҳида бир тўда эканмиз. Йўқ, биз бир бутун оиламиз! Ким истаса келаверсин, бағримиз кенг, иккиланмай сафимизга қўшамиз. Кибрдан, ғараздан, ҳасаддан йироқмиз. Бу бизнинг оила! Бошқа ҳеч қаерда, ҳеч кимда йўқ бунақаси.

21.12.2020

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan