• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ШAФФОФ ТЎЛҚИНЛAР» (туркум) – Болтабой БЕКМАТОВ

«ШAФФОФ ТЎЛҚИНЛAР» (туркум) – Болтабой БЕКМАТОВ

1


Менинг қайиғимга ўтиргин гўзал
менинг қайиғимга ўтирсанг агар
олиб кетажакман сени денгиз сайрига
мабодо зериксанг суҳбатлашамиз
Менинг қайиғимга ўтирсанг агар
ошно бўлажаксан ажралмас
тоза насим
шаффоф тўлқинлар билан
Менинг қайиғимга ўтирсанг агар
қайтиб келмас эдик балки тонггача
томоша қилардинг денгиз осмонин
булутлари чақмоғин ва ёмғирини
ойдин тунда эса
митти юлдузни
эшкакка илашган оймомани ҳам
ва англаб етардинг шубҳасиз
қандайин қайиқчи эканлигимни
Менинг қайиғимга ўтирсанг агар
ҳар қандай ноқулай об ҳавода ҳам
ағдарилиб кетмасди менинг қайиғим
Менинг қайиғимга ўтиргин гўзал

2


Ёмғир ёғди
ёмғирпўшинг бошимга тутдинг
ёмғирпўш остида борар эканман
аёл муҳаббати
аёл жасорати
абадий ҳаёт
ва яна
ўзининг марҳамати ҳақда ўйладим
Умрим бўйи ёқтирмаганим
ёмғирли ҳавони севиб қолдим мен
кутилмаганда

3


Сенинг хаёлинг билан ухладим
тушларимда бўлдим сен билан
сен билан сўзлашиб уйғондим яна
уйғоқману хаёлимда сен
Сенсиз яшаб бўлмас ҳаётда

4


Тушларингга кирсам майлими
майлими гап отиб чалғитсам сени
ширин ширин орзулар билан
айлантирсам ёшгина бошинг
майлими бир тушнинг умрича фақат
ҳоким бўлиб олсам тоза қалбингга
майлими сўнг тушни тарк этиб
учиб кетсам далжик асаларидек

5


Aгар истасанг
дарёга ташна олиб борасан
ташна олиб келасан
агар истасанг
Aгар истасанг
йўлимда лолақизғалдоқлар ундирасан
ёки чангалзорлар бунёд қиласан
Aгар истасанг
кундузимни тунга
тунимни кундузга айлантирасан
Истагингга боғлиқдир
ҳатто
сочларимнинг рангги ҳам
Хуллас
дарёга боришга ҳам ҳожат йўқ
агар истасанг

6


Мен сени илоҳий ишқ билан севдим
юрагимга ўзга туйғу бегона
Сени осмонимга битган ой дедим
осмоним ягона ой ҳам ягона
Зулматда йўлимни ёритгувчи сен
сен ёлғиз тунларда энг яқин ҳамроҳ
Дилимдан дардларим аритгувчи сен
сен мени кўкларга олиб чиққан моҳ
Мен сени илоҳий ишқ билан севдим

7


Бахт сўраётганимда ўзидан
сиз менинг абадий бахтимсиз дединг
Мен ишқни истадим покиза бир ишқ
сочимдан тирноғимгача сизникиман дединг
Менда бахш этмоқчи бўлсам ўзимни
биргина шарт қўйдинг
Бироқ
на ишқ
на бахт
ва на ҳаттоки ўзи
бажара олади бу шартни

8


Сен ҳадя қилганинг
бир боғлам исванд
бир қучоқ гул эди мен учун

Бир боғлам исвандда меҳр бор эди
бир боғлам исвандда сеҳр бор эди
Султон Увайс бобонинг руҳи бор эди

Чўққа ташламадим
бир қучоқ гулни
меҳрни
сеҳрни
бу улуғ гулни
Бир боғлам исвандни
асраб қўйдим мен
балки
яраб қолар яхши кунимда

9


Муҳаббат қоидасини
билмас эканман
севарканман саводсизларча
Рашк нима
инжиқлик нима
макр нима
барин ўргатдинг
Хуллас
ўзлаштириб олдим
муҳаббат илмин

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan