• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Maqola
«ТОЛСТОЙНИНГ ЎЗБЕК СУҲБАТДОШИ» – Умид БЕКМУҲАММАД

«ТОЛСТОЙНИНГ ЎЗБЕК СУҲБАТДОШИ» – Умид БЕКМУҲАММАД

1909 йилнинг ёз ойлари. Тула губернияси.

Сокин  ўрмон  сўқмоғининг  сукунатини  отнинг  дупур-дупури  бузди. Сўқмоқ  четида  турган   кишилар   ёнига  келган  оқ  от устида  серсоқол, елкалари  кенг, шляпа  кийган бир киши ўтирарди. У отдан  тушиб, бошида  симоби   салла, эгнида  адрас  тўн, қотмадан  келган  баланд  бўйли  кишига  бармоқлари  йўғон  қўлини   узатди:

– Салом, Лев  Николаевич!

Саллали  киши  ҳам  салом  бериб  ўзини  таништирди:

– Ассалому  алайкум, мен  Абдувоҳидқориман!, – дея  у  ҳам  қўлини  узатиб   кўришди.

– Ўрта  Осиёликка  ўхшайсиз?, – савол  берди   Лев   Николаевич.

– Ҳа. Мен  Тошкентдан  келдим. Душманларим  иғвоси  билан  Тулага  сургун  қилиндим. Ўзим  мадрасада  мударрислик  қилганман, 2-Давлат  думасига  депутат  ҳам  бўлганман.

Шу  тахлит   Чор  империяси  тузумига  қарши   ҳаракатлари  учун  сургун  қилинган  доғистонлик  Қозиев, Магомед   Эфендиев   ва   тошкентлик   Абдувоҳидқори  эрталабгача  машҳур  инсон билан  гурунглашдилар. Мусулмон  зиёлиларининг суҳбатдоши ўрмон ортидаги  Ясная  Поляна  қишлоғилик  елкалари   кенг, серсоқол, шляпа  кийган қария эди. У дунёга танилган  ёзувчи Лев Толстой бўлиб, уйига боргач, кундалигига шундай сўзларни битиб қўйди: “ Мен бугун буғдойранг ўрта осиёлик билан танишдим…”

Толстой  ёзган   буғдойранг  Ўрта  Осиёлик  Абдувоҳидқори  эди…

…Жангу  жадаллар  сабабли  зах ерларда ётиб-туравериб ўпкасини шамоллатган зобит, таниқли адиб Лев Толстой 1862 йили шифокорлар маслаҳатига  кўра, Бошқирдистонга боради. Ғоят хушманзара Қоралиқ қишлоғида  ўпкасини   даволатиш  учун  қимиз   ичиб   юрганида шу ерлик Софья исмли қизни севиб қолади ва унга уйланади. Энди оддий қишлоқ шифокори    қизи   Софья Андреевна Берс (1844-1919) ни  графиня  Толстая  дея чақира  бошладилар.

Хотинининг юртида Толстойни, энг  аввало, жой  номлари ҳайратлантирди. Масалан,  Қоралиқ. Кейин атрофда нафақат бошқирд, татарлар, балки бухоролик, хоразмлик ва тошкентликларнинг кўплиги, уларнинг тили, урф-одатлари  адиб  учун  қизиқ  эди.

Орадан  йиллар  ўтиб, 1909  йилдаги  Тулада  бўлган  учрашувда Толстой бир пайтлари хотинининг юртидаги сўзларини эшитиб, кийимларидан ҳайратланган  Ўрта  Осиёлик  мусулмон  билан  тонггача  гурунглашди.

Суҳбат чор тузуми, ер-сув, дин масаласидан тортиб, Ўрта Осиё мусулмонлари   ҳаёти  ҳақида  бўлди.Толстой   жаноблари  Абдувоҳидқорининг шунчаки  оддий  мусулмон  эмаслиги, мадраса   мударриси, қози, Россия  давлат  думасига  депутат  бўлиб  сайланган  жамоат  арбоби, ислоҳатлар  ва чор мустамлакачилиги зулмига қарши кескин фикрлар билдиргани учун бадарға  этилган  исёнкор  эканлигини  англади. Мавзу  ўз-ўзидан   Ўрта  Осиё мусулмонлари  ҳаёти  ҳақида   бўлди.

Лев Николаевич  Абдувоҳидқорига  Ислом  дини  тўғрисидаги  ўз  тушунчаларини  баён  қилар  экан, Муҳаммад  пайғамбар   билан  боғлиқ  ҳадисларни  тўплаётганини  гапирди:

– Балки, эшитгандирсиз, кунларнинг  бирида  хурмо    дарахти  остида  ухлаб  қолган  Муҳаммад  пайғамбар  уйғонсалар, тепаларида  душман  Дуъсуур  қилич  яланғочлаб  турган эмиш. У  Пайғамбардан  сўрабди:

– Эй Муҳаммад, энди  сени  ўлимдан  ким  қутқаради?

Шунда  пайғамбар  жавоб  берибдилар: 

– Аллоҳ!

Дуъсуурнинг  қилич  ерга  тушибди.  Уни  қўлга  олган  Муҳаммад  пайғамбар  ўз    навбатида  сўрабдилар:

– Эй  Дуъсуур, энди  сени    ўлимдан  ким  қутқаради?

Дуъсуур:

– Ҳеч  ким!, – дебди.

Шунда  пайғамбар  уни  озод  қилиб:

– Бил, сени  ҳам  ўлимдан  меним  Аллоҳим  қутқарди,-дебдилар  ва  унинг  қиличини  қайтариб  берибдилар.  Дуъсуур  кетаётиб   “Сен   мендан  хайрлироқсан”, дебди.  Муҳаммад  пайғамбар  эса  унга  қарата:

Дуъсуур :  “Мен  Аллоҳдан  бошқа  илоҳ  йўқлигига  ва  сен  Унинг  расули  эканинггга  ишондим”,  дея  шаҳодат  келтириб, мусулмон  бўлибди. У  шу  тариқа  пайғамбарнинг  дўстларидан  бирига  айланибди.  Мана  ислом  маърифати,-дея  Лев  Николаевич  ўзи  тўплаётган  яна  бошқа  ҳадислардан  ҳам  сўз  очади:

“Жаҳаннам  нафсга  хуш  келган  нарсалар  билан, жаннат  эса  нафс  истамаган  нарсалар  билан  ўралгандир”,  “Кишиларнинг  қусурларини, агар  у  қусурлар   уларнинг  ўзларида  бўлса  ҳам  юзига  солмоқдан  сақлан”, “Ҳамма   кишилар  учун  яратилган  нарсалардан  фақат  ўзи  учун  фойдаланган  кимса  айбдор  ва  қонун  олдида  жавобгардир”,  “Ҳақиқат  инсонлар  учун  нақадар  аччиқ  бўлса-да, ҳақиқатни  сўйлагин”… Бу   каби ҳадислар  нақадар  ҳаётий, ҳаққоний!  Уларда  инсон  умрининг  мазмуни  мужассам. Мен  бир  неча  йиллардирки, Абдуллоҳ  Суҳравардийнинг  “Ҳазрати  Муҳаммаднинг  ҳадислари  “ китоби  орқали  ҳадисларни  тўплаб, уларни  ўқувчиларга  рус  тилида  тақдим  этдим. Қозон  университетида  ўқиётганимда, Уфага  хотиним  билан  ҳар  гал  борганимда, ўша  ерлик  ва  у  ерга  борган   мусулмон  савдогарлар   билан  суҳбатлашиб, кўнглимда  ислом  динига  муҳаббат  уйғонди,-деди  Толстой  ва  шу  мавзуда  яна  узоқ  сўзлади:

– Менга  Тбилиси  шаҳридан  Елена  Ефимовна  Векилова  исмли  аёл  мактуб  йўллаган,  унда   Петербург  технология  институтида, ҳамда  Москвадаги  Александровск  ҳарбий  билим  юртида  юнкерлик  қилаётган  иккала  ўғлининг  православ  динини  ташлаб, ислом  динига  ўтиш  борасидаги   маслаҳатларим  сўралганди. Афтидан  ўғилларининг дўстлари, ёки  уларнинг  қўшнилари  орасида  татар, бошқирд  мусулмонлар  кўп  бўлиб улар  таъсирида   Елена  Ефимовнанинг  фарзандлари  ислом  динига  ўтишни  маъқул  топишган. Бу  борада  оилаларида  балки  келишмовчилик, балки  баҳсу  мунозаралар  бўлган  ва   шундан  келиб  чиқиб  маслаҳат  тарзида  менга    ойиси  мактуб  битгандир.

– Бу  ҳақда   олдинроқ  сиз  билан   суҳбатимизда  айтгандингиз,ҳатто  мактубни  ўқиб  ҳам  бергандингиз, – дея  Магомед  Эфендиев   Толстойнинг   гапини  маъқуллади.

– Ҳа, эсингизда  экан. Хуллас, мен  Векилова  хонимга  ўз  қарашларимни  баён  қилиб, ўғилларининг   истакларини  қўллаб  қувватлагандим.

Шундан  сўнг  Толстой  мактубида  баён  қилинган  мулоҳазаларини   суҳбатдошларига  қайтадан  айтиб  берди.

Суҳбатдош  мусулмонлар  буюк  адибнинг  ислом  дини  ва  Муҳаммад  пайғамбар  тўғрисидаги  бу  сўзларидан  мағрурланиш  ҳисларини  туйдилар.

Толстой   гурунгни  Абдувоҳидқорининг  мадраса  мударриси,  қози,  Россия  давлат  думасига  депутат  бўлиб  сайланган  жамоат  арбоби   бўлганини    билгани    боис, Ўрта  Осиёга  қилинган  чор  босқини, Пётр  1  ҳаракатлари-ю  Перовскийдек  истилопараст  генералнинг  Хоразмга  юриши  ва  шармандаларча  чекинганига боғлади.

Табиийки, суҳбатдош  мусулмонлар   бу  мавзулардаям  Лев  Николаевичнинг  фикрини  билишни  исташарди.

Суҳбатда   Перовский номи тилга олиниши билан, Толстой “Декабристлар”  романида  19 асрдаги  Россия ҳаёти, аслзодалар, зобит ва сарой   амалдорлари   ўртасидаги  зиддиятлар, исёнкорлик, босқинчилик, хуллас реал   ҳаётни  ёритганини  сўзлаб берди.

– Асаримдаги    қаҳрамонлардан  бири генерал   Перовскийдир, – деди Толстой  суҳбатдошларига.

Шундан кейин  Толстой  суҳбатдошларига генерал Перовский тўғрисида  маълумот  берди:

– Оренбург  генерал  губернатори Василий Алексеевич  Перовский (1794-1857 )  19 асрда   Россиянинг  энг  донгдор  кишиларидан, императорнинг эса арзанда  генералларидан бўлган. У Ўрта Осиёни босиб олиш ташаббускорларидан эди. Айни  пайтда    кўплаб   ёзувчи-шоир, олимлар билан дўст бўлиб, ҳатто Пушкин билан анча яқин эди. 1833 йил   кузида  Пушкинни Оренбургдаги уйида меҳмон ҳам қилган. Пушкиннинг генерал билан яқинлигига сабаб, губернаторнинг  акаси Алексей  Перовский (1787-1836) ёзувчи  бўлиб,   ўз  даврининг   билан  шуҳрат  қозонган   кишиларидан  эди.

Генерал Перовский, шунингдек,  В.Даль, Штернберг, А.Брюллов, Н.Хаников, Г.Данилевский  сингари   Россиянинг  буюк   рассом  ва  олимларини   Оренбургга  таклиф  қилиб, уларга  шароит яратиб берди. Бу тадқиқотчи   зиёлилар 1839 йили Перовскийнинг Хива хонлигига қилган юришида   иштирок этишди. Ҳужум  муаффақиятсизликка   учраб, Оренбургга  қайтишгач, Н.Хаников “ Хива  юриши” номли  асарини  ёзади.

“Хива юриши”да  ёритилган  воқеалар,  мени   ғоятда  ҳайратга   солди.  Перовский   шахсини  ўрганиш   асносида Хоразм билан боғлиқ бошқа асарларни, чоризм  босқинчилигини  акс  этдирган  тадқиқотларниям  ўқиб чиқдим.

Ҳатто, 1876 йили юқоридаги  воқеалар  юз берган Оренбургга бориб, “ Декабристлар” асари  учун  ҳужжатлар  тўпладим.”Хива  юриши”ни  чоп  этган “Рус  архиви” нашри бош муҳаррири  П.Бартеневга  хат  ёзиб, мавзу  бўйича  мени   қизиқтирган   саволларга   жавоб  изладим – деди Толстой.

Маълумки, “Декабристлар” романини  ёзиш  жараёнида  адиб  қарашларида кескин ўзгаришлар юз берди.Ҳатто, насрни қўйиб, публицисткада  ижод қилди.»Одамга кўп ер керакми?», “Инсон нима билан тирик?”, “Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезроқ айта олмайди” сингари мақолалар ёзди.Деҳқончасига яшаб, ер чопди, этигини ўзи тикиб, гўштсиз овқат ея бошлади.Текинга овқат берадиган ошхона очди.

Қозиев, Эфендиев ва Абдувоҳидқори билан 1909 йилда кечган суҳбат оқшомида  Толстойнинг  ана  шу эътиқоди яққол акс этиб турар, шу боис гурунг тонггача давом этганди. Кейинчалик ёзувчи бўлиб етишган ва ўша суҳбатдан   ғоят  таъсирланган Магомед Эфендиев орадан йиллар ўтиб, Толстой  билан  қилган  гурунгларини  қоғозга туширди.

Абдувоҳидқори Магомед  орқали Толстой билан танишганди. Бу учрашувдан бир йил ўтиб, 1910 йилнинг  ноябрида  Толстой вафот этди. Абдувоҳидқори машҳур адибнинг  дафн  маросимида  ҳам  қатнашган. ”Абдувоҳидқори  Абдурауфқориев Толстой  билан  суҳбатлашган биргина ўзбек   кишиси  эди”(В.Булгаков, “Л.Толстой в последние годи жизни” М, 1960, стр-390-391). Абдувоҳид  қори   1909 йил  ёзигача  ва  ундан  сўнг  ҳам   83 йиллик  умри  давомида ( 1855-1938) ўз  даврининг  хонзодалари, қози-ю  генераллари, Давлат  Думаси  депутатлари, элчи  ва  ҳукумат  арбоблари   билан  учрашди, суҳбат  қурди.Аммо  уларнинг  ҳеч  бирини   Абдувоҳид  қори  Толстойчалик   салоҳиятли  ШАХС  дея   билмасди…

Орадан етти йил ўтиб, 1917 йилнинг февралидагина Абдувоҳидқори сургундан   ватанига қайтди.

Хўш, машҳур  адиб  билан  гурунглашиш  шарафига  эга  бўлган   ягона  ўзбек  – Абдувоҳидқори  аслида  ким  эди?

У  1855 йилда  Тошкентнинг  Шайх  Хованди  Тоҳур  даҳасида  туғилган  бўлиб, болалигида  отаси Абдурауф  қоридан  таълим  олади. Кейин  Эшонқули  додҳоҳ, ундан  сўнгра  Бухородаги  Эрназарбий  мадрасасида  таҳсил  олади. Таҳсилни  тугатиб, Тошкентдаги  Мирзаабдуллабой  мадрасасида  имом, мударрис, кейинроқ  эса  даҳа  қозиси  сифатида  фаолият  юритади.

Санъатшунослик  фанлари  номзоди  Сирожиддин  Аҳмаднинг  тадқиқотларича,  “  ўз  даврининг  илғор  зиёлиси  сифатида  генерал  Жўрабек, Орифхўжабой,  Мақсудхўжа  Отахўжаев, Саидкарим  ва  Саидғани  Саидазимбоев, Валиҳожи  Абдумаликбой, Эшонхўжа  Маҳмудхўжаев, Саидалиҳожи  Эшонхўжаев  сингари  маърифатли  бойлар, уламолар  билан  дўст  тутинади.  Абдувоҳидқори  араб, форс  ва  рус  тилларини  биладиган, даврнинг  олд  зиёлиларидан   бўлиб, нафақат  фиқҳ  илмини, балки  чоризм  қонунчилигини  ҳам  мукамммал  ўрганган  эди”. Шу  боис  уни  1906 йилда  Тошкент  шаҳар  думасига, 1907 йилда  эса  Россия  Давлат  Думасига  депутат  этиб  сайлашади. Шу  тариқа  Абдувоҳидқори     Петербургга  бориб, туркистонликлар  манфаатларини  ҳимоя   қилган, қонунчиликка  маҳаллий  аҳоли  талабларини  киритишга  уринган  ягона  туркистонлик  вакил-депутат  бўлган.

У Тошкентдан  Петербург  шаҳрига  бориб, маҳаллий  халқлар  истакларини  ўрганар, шулар  натижасида  1905  ва  1906 йилнинг  август  ойларида  Нижний  Новгородда  ўтказилган   Русия  мусулмонлар  съездида  қатнашган, Садри  Мақсудий, Абдурашид  Иброҳимов  сингари  шу  даврнинг  татар  ва  бошқирд  маърифатпарвар  раҳбарлари  билан  танишиб, суҳбат  қурган  эди.

Абдувоҳид  қори  Давлат  Думасидаги  йиғинларда  чоризм  амалдорлари, ҳуқуқшунослари    билан  музокаралар  ўтказиб, мустамлакачилардан  ўз  халқининг  манфаатларини  ҳимоя  қилишга  уринади. Аммо  унинг  бундай  ҳаракатлари  “чоризмга  қарши  фитна  тайёрлаётган  душман”  сифатида  баҳоланиб,  1909  йилда  у  Тула  губерниясига  сургун қилинганди.

Сургундан  у  1917 йилда  қайтиб  келади. Абдувоҳидқори  яна  илгаригидек  халқ  манфаатларини  кўзлаган  ижтимоий  ҳаракатларга  фаол  аралаша  бошлайди. Мунаввар  қоридек  жадидлар  билан  ҳамкорлик  қилади. “Шўрои  ислом”  ташкилоти  топшириғи  билан   Петербургга   бориб,  ўз  халқи  манфаатларини  ҳимоя  қилишга  уринади. Петербургда  М. Субҳий, М.Баракатулло, М.Валихон  сингари  ёш  Афғон  давлати  арбоблари  билан   учрашади.  1919 йилдаги  Афғонистоннинг  Москвадаги  элчихонасида  ўтказилган  йиғинда  Афғонистон  ва  Россия  дўстлигини  ёқлаб  нутқ  сўзлайди. 1920 йилдан  то  1924  йилгача  янги  ташкил  этилган  Бухоро  ва  Хоразм  республикаларининг     қад  тиклашида  “Ёш  бухороликлар”  ва  “Ёш  хиваликлар”га   ёрдам  беради.

“Ёш  хиваликлар”  ҳаракатининг  йўлбошчиларидан  ва  1920 йилда  ташкил  қилинган  ХХРнинг  илк  раҳбари  Полвонниёз  ҳожи  Юсупов  (1861-1936) ўз  хотираларида , Абдувоҳид  қорининг   Хоразм  манфаатлари, воҳа  тараққиётига   катта  ҳисса  қўшганлигини   таъкидлаб  ўтганди. 

Бироқ у мудом  миллий  манфаатларни  кўзлаб, мустамлакачиликка  қарши  бўлгани  учун  доимо  шўро  ҳукуматининг  таъқиблари  остида  яшайди.  1923 йилда  Саид  Ҳамза  исмли  арабистонлик билан  учрашгани  учун  уни  Қозоғистонда   уч  ой  ҳибсда  сақлашди. Кейин  озод  қилишди.Эътиборлиси, уч  йил олдин  хорижлик  араб  билан  шунчаки  суҳбатлашгани   учун  қамалган қори, 1926 йилда Москва рухсати билан халқаро анжуманда қатнашиш  учун  Арабистонга юборилган.

Анжумандан қайтиб келгач, Тошкентда яшай бошлади.Бироқ 1937 йил қатағони  уни ҳам ўз домига тортди. 1938 йил 12 январ куни эса   қамоқхонада… калтаклаб ўлдирилди.Бу вақтда   у  83 ёшга кирган қария эди.Шу  тариқа Толстой билан суҳбатлашган, халқини маърифатли қилишга ҳаётини  бағишлаган  жадид  зиёлисининг  умри  шундай  фожеали  якун  топди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan