• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«СЕВГИ КЎР ВА КАРДИР» – Жонатан Сафран ФОЭР

«СЕВГИ КЎР ВА КАРДИР» – Жонатан Сафран ФОЭР

Одам ва Ҳавво биргаликда уч-тўрт кунни бахтдан сармаст бўлиб ўтказишди. Кўзлари кўр Одам Ҳаввонинг ёноғи узра даҳанига қадар ёйилиб келган холсифат доғни, сўйлоқ тишлари ва паншахасифат тирноқларини кўролмас, Ҳавво эса Одамнинг заиф ва касалманд овозини эшитолмас, унинг руҳидаги бегоналикни ўзида ҳис қилишни тасаввур ҳам қилолмасди. Ва, бу хушбахт оила учун айни муддао эди.
Аввалига улар олмадан татиб кўришди. Олма қуввати вужудларига тарқалиб бўлгач эса бари фош бўлди. Ҳавво ўзини қийнамоқ учун йўқ жойдан сабаблар уйдиришни бошлади, Одам эса ўзи учун эркин танлов ҳуқуқи деган атамани ўйлаб топиб, ҳаётини заҳарга айлантирди. Улар барра гиёҳларнинг нега яшиллигини, шамолнинг қаердан бошлангани ва муқаддас қудрат ҳаракатсиз буюм билан тўқнашганида нима рўй бериши мумкинлигини тушуниб олдилар. Одам доғларни кўрди, Ҳавво ҳирқироқ нафасни эшитди. Одам шаклларни ҳис қилди, Ҳавво маромни туйди. Ҳодисот занжири уларни боғлаб, шундай бир маконга элтдики, бу ерда ортиқ кўрлик ҳам, карлик ҳам йўққа чиққанди.
Ҳар иккиси ҳам бирдан ўз-ўзига савол берди: Мен бу ерда ўзи нима қиляпман?
Бошида руҳсиз суҳбатлар кечди, бироз ўтиб эса эркак ҳам, аёл ҳам бир-бирига билдирмай маъсланиб қолди. Кейин маънодош сўзларни зид маъноли сифатида ишлатишди, кейин эса барини борича айтишди. Кўп ўтмай, Ҳавво Қобилга ҳомиладор бўлди. Ибтидоий ашёларни бир-бирига қориштиришди, аслида ҳеч кимники бўлмаган буюмларнинг эгаси кимлиги ҳақида тортишишни ўрганиб олишди. Ўзлари тушган боғнинг икки бурчагига бориб олгач, Одам ва Ҳавво бир-бирига шундай деб қичқирарди:
– Сен тасқарасан!
– Сенинг эсинг паст!
Дастлабки одамлар дастлабки дуоларни шивирлаб, Яратгувчига ёлбораётганлари пайт тиззаларида дастлабки қадоқлар пайдо бўла бошлади:
– Мени мен чидай олгунга қадар кичрайтириб ташла, Парвардигорим!
Фақат, Яратгувчи уларнинг истакларини тинмай рад қилди ёки эътибор бермади ёки у шунчаки мавжуд эмасди.
На Одамга, На Ҳаввога ҳақ бўлиб чиқишнинг бирон фойдаси бор эди. Улар на кўринадиган, на эшитиладиган нарсаларга эҳтиёж сезишарди. На суратлар, на китоблар, на фильмлар, на рақс, на мусиқа, на да яшил табиатдаги танҳолик оиланинг косасини оқартироларди. Уларга фақат ҳузур-ҳаловатгина керак эди, холос.
Номлари эндигина қўйилган жонзотлар илк бор уйқуга кетган кечада Одам Ҳаввони излашга чиқди. Ҳавво уни кўриб яқинлашди.
– Бу ердаман, – деди у, чунки Одамнинг кўзлари анжир барглари билан боғланганди.
Одам аёл қаршисида тўхтаб, қўллари билан ўзига ишора қилди:
– Бу ердаман, – Ҳавво уни эшитмасди, чунки қулоқларига анжир барглари тиқилган эди.
Бу ҳийла маълум вақтга қадар иш берди. Егуликка фақат олма бор эди. одам қўлларини анжир навдалари билан маҳкам танғиб олди. Албатта, бу ҳам маълум вақтга қадар иш берди. Одам чарчамаган бўлса ҳам, тўшакка чўзилди, анжир баргларидан тўқилган ёпқини анжир баргларига тўлдирилган бурнигача ёпиб олди. Ҳавво анжир баргларидан тикилган парданинг нариги тарафида туриб, дунё ҳужрасидаги ягона ёруғлик манбайи бўлмиш анжир баргларидан ясалган ойинаи жаҳонга кўз тикди ва нариги тарафдан эшитилаётган нафас садоларини тинглаётганини беихтиёр сезиб қолди. Жуфтлик ораларидаги жарликни бир-бирларига билдирмаслик учун ҳар куни янги-янги усуллар кашф қилишни ўрганиб олди.
Қиёфасидан мавҳум улуғворлик шуълалари балқиб турган Яратгувчи оҳ чекди:
– Улар шу қадар яқинки…
– Яқин? – ёнидаги фаришта қизиқсиниб сўради.
– Улар ораларидаги жарликни билдирмаслик ва сезмасликка шу қадар жаҳд этадиларки, зотан бу жарлик масофаси жуда қисқалигини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Бу жарликка бир калом ё бир онлик сукут, макон эшигининг бир очилиши ё ёпилиши, бир ҳақиқат ё бир саҳоват лаҳзаси кифоя қилади. Улар мудом остонададирлар.
– Жаннатнинг остонасидами? – инсонларнинг бир-бирларига интилишаётганини томоша қилиб турган фаришта яна Яратгувчини саволга тутди.
– Ҳузурнинг, – бош-кети кўринмас китобни вароқлаётган Тангри жавоб берди. – Улар бир-бирларига бу қадар яқин бўлишмасайди, бу қадар безовта бўлишмасди.

Инглиз тилидан Мирзоҳид МУЗАФФАР таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan