• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«АЙТИЛМАГАН ҚЎШИҚЛАР» – Нодира ЯНГИБОЕВА

«АЙТИЛМАГАН ҚЎШИҚЛАР» – Нодира ЯНГИБОЕВА

(ҳикоя)

Момомни Ҳайитгул она дер эдилар. Раҳматли жуда гапга чечан аёл бўлган. Йўқ- йўқ, кўп гапирадиганлардан эмас, топиб-топиб гапирар, сўзлари кишига мойдек ёқар эди. Биз укаларим билан уни опақ* она деб чақирардик. Болалигимизда опақ онамларга оборинг, деб кўп хархаша қиларканмиз. Балки бир хонадонда 25 жондан момом каби бир меҳр бергувчи бўлмаганидан уларнинг уйига интилгандирмиз. Момомнинг уйлари Ғойбу қишлоғининг Оёқбоғ деган томонида эди. Бизнинг элат билан уларнинг элатини заҳкаш ажратиб турарди. Қанчалик узоқ бўлмасин, мен момомнинг уйига бориш учун ойимнинг кетидан думдек эргашар эдим. Ойим укамни болалар аравачасига ўтқазиб, аравани тез – тез ҳайдар, мен эса уларнинг изидан пилдираганча кетардим. Йўл-йўлакай ойим менга жуда муҳим гапларни уқтириб келарди. Бир гал шундай дегандилар:

-Нозима, асал кизим, энди сен катта қиз бўлдинг, 2-синфда ўқийдиган ақлли қизсан. Сендан бир нарса сўрайман. Опақ онангни яхши кўрасан-а?
-Ҳа, ойи жуддаям яхши кўраман!
-Уни хафа қилишни хоҳлайсанми?
-Ҳеччам-да!
-Ундай бўлса, уйда жанжал бўлганини, мени йиғлаганимни, касал бўлиб қолганимни момонгга айтма, хўпми?

-Майли, ойи айтмийман! Ўғил бола гапим!
-Вой тушмагур-ей! Ахир қиз боласан-ку!..


Момоникига борганимизда, унинг ёнидан сира жилгим келмасди.Тоғамнинг қизи Ҳулкар опам билан( У ўшанда бешинчи синфда ўқир эди) момомнинг икки қўйнига кириб олиб, гоҳ шифтга, гоҳ сувоқ деворга қараб, эртак-у чўпчаклар эшитиб ётардик. Опақ онамнинг хонаси салқингина эди. Момом бу хонага сира ранг бердиргиси келмас, “Менга сувоқли девор ёқади, краска- мраскаларингдан юрагим сиқилади, кўзларим шу деворларга ўрганган,” дер эди. Тоғам бўлса нуқул “Опа нега мундинсиз-а, мени эл олдинда уятга қўясиз-ку! Одамлар ўғли уста бўлса ҳам, онасини қўяган хонани қаранг, демайдими?

-Ибиии, жоним болам, сан на дасанг шу! Лекин сал кейинроқ бўярасан шу деворни, яхшими, жооон болам?!
Шундай юмшоқ феъли билан момом тоғамни тинчлантириб қўярдилар.
Ҳа…Опақ онамнинг хонасидаги сувоқли деворларда ажиб бир сеҳр бордай эди. Эшитган эртакларим ўша деворларда кинодай жонланар, мен эса шу эртакларнинг бош қаҳрамонига айланиб кетардим.
Гоҳо оёқ яланг, увада кўйлак кийган қизча бўлиб, мачит олдида қўлларида тавоқ тутиб, емак учун овқат сўраётган оч болалар қаторида ўтираман, бошида лачаклари катта момо келиб идишимга қумрининг бошидай шавла солиб кетади, мен эса уни емай, касал бўлиб тўшакка михланиб қолган онамнинг олдига елдек учаман.
Гоҳида Абдалёз бобом овлаб келган какликдан момом билан ўчоқда овқат пишираман. Димоғларни яйратиб юборадиган райҳонларни қулоғим устига қўндириб, қошларимга ўсма қўяман.
Баъзан эса пахта даласида трактор тагида қолган опақ онамнинг 2-3 ёшли ўғли Бобохон тоғамни қутқариш учун шўрлик момом билан бирга эгатлар орасидан дала бошига қараб додлаб югураман…
Гоҳ йиғлатиб, гоҳ кулдиргувчи эртакларни момомнинг бўйнидан маҳкам қучганча эшитиб ётаман.

Опақ онам эртакларини шундай сокинлик билан айтар эдики, уларнинг овози пасайгани сари менинг борлиғим қулоққа айланар эди. Бу эртаклар ёлғон эмас, чин эртаклар эканини, момомнинг кечмиш битиклари эканини кейинроқ англаганман.
Ҳозир ён атрофимдаги одамларни кўриб, момодай одамлар қолмаган, дейман. Ишқилиб, мен адашган бўлай… Қадимнинг одамлари бошқача, содда, меҳридарё бўлишган. Уларнинг ҳаётга бўлган муҳаббатига, одамларга бўлган оқибатига ҳайратланасан киши. Бир воқеа сира эсимдан чиқмайди.
Икки кўча нарида турадиган (исми эсимда йўқ) аёлманд бир киши ўлиб қолганди. Момом буни эшитиб, келинойимга бир тавоқ гўмма* пишириб, йўқлаб келгин етимларни, савоб бўлади, жоним болам, деб қолдилар.
-Дунёнинг ташвиши сизнинг бошингизга тушган экан-да, а, амма!(опоқ онам ўзимники меҳрибон бўлади деб, оғасининг қизини ёлғиз ўғлига келин қилган) Ўша етимларнинг онаси бор, қавми қариндоши бор, ўшалар йўқлашар сизга нима!? Эл қатори бориб таъзия билдириб келаман, тамом!
Гўммани кечқурун ўзимизга пишираман!
-Болам, жоним болам, мени улушимни шуларга обора қолгин!
-Яхши, яхши, иккита гўммани олиб бориб кулгига қолай-а! Шу керакми сизга?!
Амма, у замонлар ўтиб кетган, ҳозир икки қўшни билан бор товоқ, кел товоқ қилолсангам катта гап! Таниган-танимаганни қайғурадиган замон эмас.Тавба қайси асрда яшаяпти бу одам!
Мен опақ онамнинг юзларига тикилиб қарардим. Ростан ҳам қадимги одамга ўхшайдилар деб ўйлайман. Юзларини бармоғим билан силаааб қўяман: юмшоқ, лекин аллақандай дарз кетган, эски деворгаям ўхшайди. Бу чизиқларни ким чизган экан-а,-деб ўйлайман. Ўшанда момом устки лабини қимтиганча, индамай йиғлаб олдилар. Кўйлакларининг кенг енги билан кўз ёшини артиб, оёқларини чимчилаб, чимчилаб қўйдилар-да: “Қани энди, сен ишласанг эди, сенгина ишласанг эди…”дея ҳўрсиндилар. Момомнинг эшитилар- эшитилмас қилиб айтган бир гапи ўшанда қулоғимга қўрғошиндай қуйилиб қолган: “Болам, одам ўлса, бир ёмон, одамлик ўлса минг ёмон экан!”
Эсимда, опақ онамнинг оёқлари “гапга қулоқ соладиган”, “юр деганда юрадиган” дамлари ҳам бўлган эди.
Улар боғга кўкатлар экар, ўт ўрар, сигир соғар, нон ёпар эдилар.Ноннинг яхши – ёмони бўлмайди-ю, момомнинг ёпган нонлари худди юзларидай дум-думалоқ, ширмой нон бўларди. Ноннинг юзи текис қизариб пишар, неча кун ўтса ҳам, нондан сут ҳиди анқиб турарди. Ўзлари ҳам нон ёпишга ўзгача ҳозирлик кўрар эдилар. Момом нон ёпа бошлаганларида мен эзмалик қилиб, саволга тутардим.
-Опақ она, нега оёқингиз тагига карвуч* қўйдингиз?
-Бўйим тандирга етиб турсин деб, болам.
-Ааа, нега бўйингиз калта, ахир сочларингиз узууун-ку!
-Боламни боши шифтга тегмасин деб, ойим атайлаб калта қилиб туққанлар.
-Момо, нега кеннойимни нонларининг юзи куйик бўлади, сизнинг нонингиз эса хўшрай* бўлади?
-Биласанми, пучуқ қизим, тандирга яхши гап айтиш керак. Унинг ёнида ёмон гап айтиб бўлмайди. Йўқса… ҳозир нонни олиб олай,- белигача тандир ичига кириб нон узадилар.
-Йўқса нима, момо?
-Йўқса хафа бўлиб нонингни куйдириб беради.
-Ахир сиз тандирга ҳеч нима демадиз-ку!
-Дедим-да, болам, ичимда айтдим. Тандирим, жоон тандирим, болаларимнинг ризқини, норасидаларнинг нонини бутун қилиб чиқаргин, дедим. Агар шундай қилсанг, сени сомон лой билан суваб қўяман, дедим.
-У- чи, сизга нима деди?
-Уми, ширин нонларни яхшилаб пишириб берди, кейин эса Нозима деган қизга беринг, маза қилиб есин,- деди.
-Яхши-ку,опақ ана, энди мен ҳамма ерда ҳаммага яхши гапираман!
-Шундай қилгин, қўзим, яхши гап жон роҳати, ёмон гап бош офати бўлади. Мана сенга киччи чурак* нон, сал туриб егин, қўлинг куймасин яна.
-Аййй, иссиқ экан, қўлимни куйдирди.Вой болам, айтдим-ку сенга иссиқ деб ахир…
Момом бечора ўшанда бармоқларимга сув сепиб, пуф – пуфлаб овутдилар. Қўлимнинг куйгани бир пастда эсимдан чиқиб кетди…
Бугун катта ҳаётнинг катта нони-ю, катта тошларини еб, яхши гап айтсам ҳам, дилимни куйдирган одамлар қаршисида қолганимда момомнинг нафасларини қўмсайвераман. Ичимдан бир фарёд келади:“Опоқ она, юрагимни куйган жойларини бир пуф-пуфлаб қўясизми!?”


Боғ-ҳовли. Бобом раҳматли эккан олма дарахтлари қатор тизилиб турибди. Қип-қизил олмалар унда–бунда бекинмачоқ ўйнаётгандек яшириниб олишган. Момомнинг айтишича, бу дарахтлар бир пайтлар, бобом ҳаётлигида, жуда кўп ҳосил берар экан. Бобом жаннатга кетиб қолганидан кейин, улар бироз хафа бўлишибди. Мен ҳозир олмадан биттасин узиб, ариқда юваман.Олма шунақанги қип-қизил, шундай чиройлики, ариқдаги сув қўлимдан олиб қочгиси келяпти.Энди Нозихон зангидан тепага, томга чиқамиз! Кейин момонгникида қолиш режасини амалга оширамиз. Молхонанинг томида ўтириб олиб олма еяпман. Мени ҳеч ким кўриб қолмасин деб, олма дарахтининг шохлари тўсиб турган жойга чўккаладим. Ана овоз келяпти:-Нози, қаерда қолдинг, юр кетамиз, кеч бўп қолди. Дадангни жаҳли чиқади, қаерга яшириниб олдинг?
-Пучуқ қизим нердасан, момонг билан бекинмачоқ ўйнаяпсанми? Ҳозир топаман, қани бу ердамикан, ана у ердамикан. Тандирни атрофини қаранглар-чи. Роса зўр қизим бор-да, яширинса тополмай қоламан.
-Опа, томда ўтирибди-ю!-шивирлайди ойим.
-Индама, чўчитма, бироз хурсанд бўлсин!-деб қўяди момом бояқиш.
-Эринмаган одамсиз-да!
-Вой қаерларда яширинган экан-а бу қиз, Тополмай ҳалак бўляпман-ку!
-Опоқ она, бу ердаман! -дейман бақириб. Қўлларимни осмонга кўтариб сакрай кетаман. Тополмадинглар, тополмадинглар!
-Вой, йиқилиб тушасан, сакрама!
-Кел энди, секин пастга тушасан, -дейди момом ялингансимон.
-Йўқ, тушмийман! Ойим билан кетгим йўқ! Опоқ она, бугун сиз билан қоламан, ойимга айтинг!
-Яхши, болам, айтаман.
Момом ойим билан гаплашиб рухсат оладилар.
-Урре!-дейман қувониб.- Қоларканман. Томдан тушиб, Ҳулкар опамни ёнига югураман.
-Ҳулкар опа, сизларникида ётиб қолар эканман. Бугун опоқ онамнинг эртакларини эшитаман! Суйиб, эркалаб айтадиган қўшиқларини эшитаман.
Момо, ўшанда мен яшириниб олганимда атайлаб “ҳалак” бўлганингизни биламан. Энди яшириниш гали сизга келдими? Мен эса бу бекинмачоқ ўйинида ютқазадиган кўринаман. Қанча жонҳалак бўлиб изламай, сизни тополмаяпман. Момо, бобом ўлганда хафа бўлган дарахтлар-чи, сиз кетгач, сўлди, қуриди, ўлди!
Шукурки, Аллоҳ инсонга хотира аталмиш хазина берган. Шу хазинада момомнинг ёдини асрайман, ўзимдан, ўзимнинг ўткинчи, бўлмағур, бемаза хаёлларимдан асрайман! Бу хазинада улар тикиб берган кўйлакчалар-у, манати дўппилар бор!Улар билан боғлиқ хотиралар бор.
Опоқ онамнинг чеварликларини айтсам, ўзи бир достон. Биз невараларига атаб, жуббадан тортиб кўрпамизгача тикиб берар эдилар. Бир куни “Кўзларим ҳам гапга қулоқ солмайдиган қилиқ чиқарибди, қизларим, нинадан ип ўтириб беринглар,”- деб қолдилар. Ҳулкар опам дарров игнадан ипни ўтириб берди. Момом иккалимизга нимча тикиб бердилар. Биз нимчаларимизни кийиб, момомга рақсга тушиб бердик. Момом қўшиқ хиргойи қилар, биз эса жуфт капалак каби гир-гир айланиб ўйнар эдик: -Худойим берди, суйсин даб, Доройи гуйнак гийсин даб, Гуйнак тиккан момосини Мудом ёдлаб юрсин даб… Қизим, қизим қиз киши, Қизима галар юз киши, Олиб гетар бир киши Қараб қолар минг киши… Момом нафақат қўшиқни, ҳазил қилишниям ўринлатар эди. Адашмасам, ёз оқшомларидан бири эди. Боғ ҳовлида ерга полос ташлаб, тўшак солиб, осмонга тикилиб ётгандик. Атрофдан қур-қур, чир-чир деган овозлар эшитилади. Худди қумурсқалар билан бақалар келишиб олгандек, аллақандай нота асосида бехато куйлайдилар. Ёзнинг ҳамма жиҳати яхши-ю, шу пашша чақиши ёмон-да. Индамас деган пашшани менга қолса юзи қалин ярамас дердим. Чунки у қўлингдан қувсанг, бу қўлингга, бу қўлингдан қувсанг, у қўлингга ёпишади. Чақиб олган жойини тинмай қашийверасан. Болаларимни бу индамасга чақтириб қўймайман, деб момом исириқни бурқситади. Назвойгулни сувга ботириб олиб, қўлларимизга ишқаб қўядилар. Ана энди келмайди, дейдилар.
Одатдагидек момомнинг бир томонида Ҳулкар опам, бир томонида мен. Момом доимгидек бизга ҳам ёд бўлиб кетган калимани қайтарадила:
” Ётгаймиз иймон билан, тургаймиз азон билан”. Момо, уйқум келмаяпти, дейман ғиншиниб. Шунда улар бизга ким 20 юлдуз санаса, бахтли бўлади деб қолди. Биз дарров юлдузларни санашга киришиб кетдик: бир, икки, уч…йигирма, йигирма бир…
-Ҳой, сен Нозима мани юлдузларимни санама!
-Нега энди сени юлдузинг бўлар экан. Юлдуз ҳамманики!
-Бизнинг уйимиз устидаги юлдузлар бизники, уйингга боргин-да, ўзингни томингдаги юлдузларни сана!
-Урушманглар, ой қизларим, ахир сизларни юлдузлар уят қилишади.
-Нимага?-деймиз бараварига.
-Бизлар минг-минг бўлсак ҳам, аҳил иноқмиз, булар иккови эса нуқул уришадилар, деб уят қилишади.
Орага жимлик чўкади. Мен аста кўзимнинг тагида юлдузларга қараб қўяман. Худди улар бир- бири билан гаплашиб, бизга қараб, норози бўлиб, бошларини сарак-сарак қилиб қўйгандай бўлишади.
Момом ўртага чўккан ўнғайсиз жимликни бузиш учун, балки бизларни кулдириш учун атай мақтаниб:
-Бу ёнимда ётган бир қўрқоқ,
У ёнимда ётган бир қўрқоқ
Ўртадаги камина ботир
Ҳеч нарсадан қилманг хавотир! – деб қўядилар.
Мен эса ақллилик қилиб: Момо, ўртадаги одам қўрқоқ бўлади-ку бу ерда”,- дейман.
-Вой, билгирей, сенга ҳазилам айтиб бўлмайди. Бунча ақлли бўлмасанг, оппоғим, эркалаб пешонамдан ўпиб қўярдилар. Бу ёқда Ҳулкар опам қандайдир бир қизғониш билан : “У оппоқ эмас, мен оппоқман, у қоп-қора-ю”,- деб қолди. Ўшанда роса жаҳлим чиққанди. Чунки ростданам куннинг тиғида ўйнайвериб, роса қорайиб кетган эдим. Аламимдан ўзимни зўрға тутиб турдим. Ҳулкархонимга яна илҳоми келиб қолди: “Қора маймунсан!” деб юборди. Бувимни ошиб ўтиб, унга ёпишмоқчи бўлдим-у, кучим етмаслигига кўзим етгач, йиғлай бошладим. “Ўзинг маймунсан, сариқ маймунсан, оқ маймунсан!”
-Бор-э! Сенлар билан ётмайман. Шундай деди-ю, уй ичига кириб кетди.
Момом мени овутиш учун сочларимни, юз-кўзларимни силаб аста қўшиқ хиргойи қилардилар:
Оқни натарлар, айрон атарлар
Ачиса, тўкиб варон атарлар.
Қорани натарлар, кишмиш атарлар,
Киссанга солиб емиш атарлар!
Ўша тунда момомнинг иссиққина бағрида яна қандай қўшиқлар эшитдим, эсимда йўқ. Ҳозир шуларни ёзиб, ёдлаб олмаганимга афсус қиламан. Момом мени қўшиқ оҳангида ухлаб қолди деб ўйладилар чоғи, яна нималардир деб шивирлардилар. Улар қўшиқ айтармиди, ё йиғлармиди англаб бўлмасди:
Ай оймомо, оймомо
Гечама чирой момо,
Санам мандин дул*мисан
Совуқ урган гулмисан
Санам ғамлар ютдингми,
Ёрғинангни кутдингми,
Ёлғон дунё ишиннан
Кўнглингни совутдингми?
Мени болаликда сеҳрлаб ухлатиб қўядиган бу оҳанглар, бу сўзлар энди менга уйқу бермайди. Мен опақ онамнинг эртакларини бирор китобда ўқимадим, унинг қўшиқларини эса ким айтганини тополмадим. Эҳтимол, булар битилмаган эртаклар, айтилмаган қўшиқлардир!Айтилмаган қўшиқлар!

Хорзам шевасидаги айрим сўзларга изоҳ:


*Опоқ она – яхши , меҳрибон она
*гумма – сомса
*карвуч – ғишт
*хўшрай – чиройли
*жубба – чақалоқлар учун ичига пахта солиб тикиладиган кийим.
*чурак – нон
*пашша – чивин
*назвойгул – райҳон

1 thought on “«АЙТИЛМАГАН ҚЎШИҚЛАР» – Нодира ЯНГИБОЕВА

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan