• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
Байроқ ҳақида шеърлар

Байроқ ҳақида шеърлар

Абдулла ОРИПОВ

 

ЎЗБЕКИСТОН БAЙРОҒИ

 

Ҳар қандай лашкарнинг ҳам

Ўз туғи, ялови бор,

Сен қайси салтанатдан,

Сен қайси давлатдан кам.

Қўрғонлар қаторида

Бир қўрғонсан устувор,

Валламат, туғдор юртим,

Муҳташам Республикам.

 

Ўйлайман, ҳа, оламда

Нисбий эрур кўп ҳолат,

Замона ғалвиридан

Ҳар нарса ўтаверар.

Тарих учун ва лекин

Ким ҳам бергай кафолат,

Якка инсон бир йўлчи:

Келару кетаберар.

 

Қадим-қадим замонда

Юнонлик ҳайкалтарош,

Бир санъат яратибди,

Мақсади – бир бурда нон.

Ҳайкал эса асрлар

Синовига бермиш дош,

Бугун уни кўкларга

Кўтарар буткул жаҳон.

 

Кўзни каттароқ очиб

Боқсанг бу муаммога,

Aлам қилгулик қадар

Кам яшар инсон зоти,

Фақатгина халқ соҳиб

Бардавом бу дунёга,

Aсрагай ҳар кас номин

Фақат халқнинг ҳаёти.

 

Санасанг ҳодисот мўл

Ўзбекнинг тарихида,

Ҳар бирига бир нома

Ёки достон битгулик.

Не зотлар оқмаган бу

Aсрлар ариғида,

Ҳар бири битта халқнинг

Ғурурига етгулик.

 

Барчага аён эрур

Мен айтган ушбу гаплар,

То ҳануз асабларни

Эзғилар бу шум ўтмиш.

Мозийга ўқтин-ўқтин

Сочсак ҳамки ғазаблар,

Лекин айтинг, ўзбекнинг

Қўлидан ким ҳам тутмиш?

 

Бир куни ёвқур шоир

Яъни Турди Фароғий,

Бўлтак бўлган бу халққа

Бирлаш деб қилди хитоб.

Бежавоб қолаберди

Унинг дардли сўроғи,

Ўша-ўша замин кар,

Ўша-ўша гунг офтоб.

 

Бугун зимдан назар сол

Сен мана бу байроққа,

Майлига бир дақиқа

Унутгин турфа кекни.

Шу байроқ номимизни

Элтди йироқ-йироққа,

Шу байроқ бирлаштирар

Қайда бўлса ўзбекни.

 

Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА

 

ВАТАН БАЙРОҒИ

 

Юрт байроғин ҳар жойгамас,

Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.

Ишлов бергин, юмшатиб тур

Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.

 

То бу байроқ, Ватан, нурлар

Ич-ичингга кетсин кириб.

Токи ғаним — ватанхўрлар,

Ололмасинлар суғуриб.

 

Шундай ўргат қулни, хонни,

Учмас қуш ҳам учар бўлсин.

То байроқдан олдин жонни

Бермоқ осон кечар бўлсин.

 

Энахон СИДДИҚОВА

 

БОЛАМ, БУ БАЙРОҚ…

 

Ўйлама… бу байроқ оддий бир мато,

Дастаси ёғочдан, рамздир улуғвор.

Ипагида юрт деб жонини тиккан

Шаҳид боболарнинг пок руҳлари бор!

 

Ўйлама… бу байроқ заррин бир мато,

Фақат бахт аксланар толаларида.

Ҳар қатими ҳақдин қилинган ато,

Ҳақ деб курашган эл нолаларига.

 

Бу байроқ муқаддас пайғомдир, билсанг,

Юлдузлари тушган ҳақнинг аршидан.

Туну кун нур сочар қуёшдай не тонг,

Озодликка ташна халқнинг бошидан.

 

Болам, юксакка тик, юракларга тик,

Тиккил кўнгилларнинг ганжи тоқига.

Ғанимларнинг бўйи етмасин токи,

Кир қўли етмасин Эрк байроғига.

 

Мустақиллик эълон қилинган куни

Қўшни Ҳайдар бобо уввослар тортиб,

Худди ёш боладек ҳўнграб йиғлаган,

Ёғоч оёқлари тупроққа ботиб.

 

Холмамат тоғам-чи, эвоҳ,  урушда

Айрилганди икки оёқ тизидан.

Ҳурлик куни ҳайҳот, жони узилди,

Шукр, деган бир сўз қотди бўғзида.

 

Унутма, ҳеч қачон бу кунлар ёдин,

Озодликдан масрур, бахтга тўлган чоғ.

Унутма, боболар жон бераётиб,

Кўксидан отилган онтдир бу байроқ.

 

Ватан деб ўлимга кўксини тутган,

Широқнинг қон теккан яхтагидир у.

Жон билан олинган қўрғон қалъа у,

Мангубердининг пок тилагидар у.

 

Жонин олсалар ҳам, ололмаганлар

Шайх Нажмиддин Кубро тутган қилич у.

Буюк соҳибқирон ёвга сермаган

Адолат қудрати, илоҳий куч у.

 

Ҳидлари келади Ватаннинг ундан,

Буни юраклари осмонлар айтсин.

Ёни ер кўрмаган, муштида йиққан,

Рингда туғ кўтарган полвонлар айтсин.

 

Гардин кўзга суртсанг, тутсанг қанча пок,

Муқаддас саждагоҳ, муборак сўздек,

Болам ҳилпирайди жаонда бешак

Ўзбекистон номи, довруғи ўзбек!

 

Қўчқор НОРҚОБИЛ

 

* * *

Ою юлдуз қўнган юртим байроғи,

Жаҳон айвонида қадалган чоғи –

Темурий довруғим келганда қайтиб,

Дунё салом берди номимни айтиб.

Қарасак, шамолни уйғотган осмон

Тимсоли шод этар қароғимизни.

Парвардигор, доим баландда асра,

Ерга туширмагин байроғимизни…

 

Нодир Жонузоқ

 

ҲУРРИЯТ БАЙРОҒИ

 

То бошимда шу байроқ бор – кўнглим баланд тоғ бўлди,

Орзуларим гулга кириб, шовуллаган боғ бўлди.

 

Зулмат босган юрагимга ёғду сочди юлдузлар,

Инжа, нозик ҳилоли ҳам тўлиб, ойдин моҳ бўлди.

 

Таъзим айлаб, лабим боссам, юксаламан, шу байроқ

Олам узра ҳилпираган кундан вақтим чоғ бўлди.

 

Ҳурриятнинг шамолида кўркам рақсин кўролмай,

Чўлпон, Фитрат, Қодирийдай зотлар бағри чок бўлди.

 

Ўроқ-болға зарбасидан сачраган қон доғлари

Эрк туғининг тўлқин-тўлқин эпкинидан пок бўлди.

 

Қуллик битди. Тождор бўлиб, шу байроқнинг остида

Шоҳсупага чиққан ўзбек ўғлонлари шоҳ бўлди.

 

Нодир бўлдим мен ҳам элда, оқди севинч ёшларим,

Кўзёшларим рангин шода – мовий, яшил, оқ бўлди!

 

Зулфия МЎМИНОВА

 

ВАТАН БАЙРОҒИНИ ЎПГАН ЙИГИТЛАР

 

Шукур, сиз урушга кетганингиз йўқ,

Шукур, сиз тинчликнинг аскарларисиз.

Дуо қилаётган юртга бир қаранг,

Сиз унинг тожисиз, гавҳарларисиз,

Талотўп вокзалнинг бир чеккасида

Сизга қарайвериб ўйлайвердим жим,

Юрт сенга ишонар, алпкелбат укам,

Юрт сенга ишонар, шарткесар иним.

Вокзал кулгу, ҳазил, севинч ёшлари

Кезар нон ҳидидек азиз хаёллар.

Энди, снз кетгандан келгунингизча

Тиконлар устида ётмас аёллар.

Энди гурур билан боқар оталар,

Юрак гулханидан кўздаги ўтлар.

Энди фарқ қилади оддий йигитдан

Ватан байрогини ўпган йигитлар.

Нон тишлатар одат, энг қадимий урф,

Умид уй тўрида порлаб туради.

Тишлам нон — момолар сақлаган ирим

Сени уйгоқликка чорлаб туради.

Уйғокдик пойингга дон излаб келган,

Митти қушчаларни синглим деб сийлаш,

Уйғоқлик ҳар тошнинг ёнида ўсган

Ҳар битта гиёҳни укам деб ўйлаш.

Ватан деганингда дилингда отган

Оппоқ саҳарларга саломлар айтгин,

Ишонч осмонига учирма бўлган,

Оққушим, соғ қайтгин, саломат қайтгин.

Илоё, соғ қайт!

Келинчак кирмаган йўлинг соғ қайтсин,

Куёв белбоғ боғлар белинг соғ қайтсин.

Беғубор дилингда ҳарбийда ўсган,

Ватан меҳри деган гулинг соғ қайтсин,

Илоё соғ қайтсин қора кўзларда

Ғурур гулханидан чақнаган ўтлар,

Ахир фарқ қилади оддий йигитдан

Ватан байроғини ўпган йигитлар.

 

Қутлибека

 

ЖОН СЎЗНИ

 

Шу уйнинг устида турган байроқни

ёғоч тутқичидан оҳиста ечиб

ўзимнинг қўлимга ўрнатгим келар.

Хумоқуш ўтирган туғромизни ҳам

михланган тахтадан аста ажратиб,

юрагим устига ўрнатгим келар.

Озодлик деган шу бебаҳо сўзни

девордан беозор кўчириб олиб

яшириб қўйсайдим кўнгил уйига.

Мумгардиш ичига киргим келади.

Ҳар ҳарфин, ҳар товшир мадҳиямизнинг

содиқ аскар каби қўриб ўтирсам

ёмон қарашлардан, ёмон кўзлардан.

Мен бадбин эмасман,

шубҳачи эмас.

Фақат кутиб-кутиб топганимизни,

Фақат қонлар ютиб топганимизни

Мана бу Ёғочми, Тахтами, Девор –

Мумгардиш – бир лаҳза ғафлатда қолиб

олдириб қўймаса дея қўрқаман.

Мен ушоқ бўлсам-да,

Аёл бўлсам-да

Ўзимда тургани ишончлироқдай.

 

Шоди ОТАМУРОД

 

БАЙРОҒИМГА

 

Шаҳд берасан ҳар бир қадамга,

Байроқ, сени кўкка кўтарсам.

Бағринг узра жаннат юртимга

Муҳаббатим ранги мужассам.

 

Янги ойда умидлар янги,

Яқиндирсан юракка жондай.

Юлдузларинг ортидан мангу

Ажодларим қараб тургандай.

 

Озодликнинг илк кунларида

Давлатимиз қўшилди сонга.

Йўргак бўлдинг жонингни тўшаб,

Бизнинг озод Ўзбекистонга.

 

Шамолларинг дўст бўлсин сенга,

Ҳилпирамоқ бурчинг, одатинг.

Бизларни ҳам чорла осмонга,

Сен юртимнинг бахт-саодати.

 

Маҳфуза ИМОМОВА

 

ВАТАН

 

Неча тоғлар турибди тикка,

Мардонавор, мағрур ва бардам.

Бошига қор тушса кўниккан,

Елкасини офтоб урса ҳам.

 

Неча боғлар очмоқда чирой,

Майсаларга бурканар довон.

Харсангларга урилса-да сой

Этар эзгу йўлларда давом.

 

Мен-чи, битта сўзни лоақал

Тополмадим дил луғатидан.

Хижолатман бошим силаган

Одамларнинг муҳаббатидан.

 

Ишон, олдга ташладим қадам,

Ҳаётимда кўрдим кўп маъни.

Ҳеч бўлмасам,

Шамол бўларман –

Байроғингни ҳилпиратгани!..

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan