• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Suhbat
«Шоирнинг режаси битта: энг яхши шеърини ёзиш!» – Гулжамол АСҚАРОВА

«Шоирнинг режаси битта: энг яхши шеърини ёзиш!» – Гулжамол АСҚАРОВА

 

Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ҳаёти ва ижоди хусусида тадқиқотчи Анвар Алламбергенов ва шоира Гулжамол Асқарова суҳбати

Анвар Алламбергенов: Ҳалима Худойбердиева кимларнинг ижодидан таъсирланган ва ўз навбатида қайси ижодкорлар ундан илҳомланган?

Гулжамол Асқарова: Мен 15 йиллар ўсмирлигу ёшлигимда ҳаёлан, 22 йил ёнида юриб билганим азиз устозим Ҳалима Худойбердиева асли қон-қони билан шоир бўлиб яралган деб ўйлайман. Ота тарафдан Тилла момо, она тарафдан Олтин момолар ҳақида гапириб берганларида ҳар иккаласи ҳам бахшиликдан хабардор, Машраблару Ҳувайдолардан ҳиргойи қилиб юрадиган таъби назми бор аёллар бўлганини билиб олганман. Ва Ҳалимаи жаҳонимизни Боёвутликлар “Ҳалима тилла билан олтинни (Тилла момо ва Олтин момо ҳам назарда тутилмоқда) қоришмаси” дейишар экан. Қаранг, тақдирда келгани бошқачада барибир. Ҳалима опам Москвада Олий адабиёт курсида сабоқ олганлари боис мумтоз адабиётимиз билан бирга жаҳон адабиётиниям севардилар. Ҳазрати Румий бобомизни, Бедил, Машраб, Навоий боболару Зебинисобегим ва Нодирабегим, Жаҳон отин Увайсий момоларимизни ғазалларини ёд айтардилар. Рус шеъриятини яхши билардилар. Пушкин, Лермонтов, Есенин, Евтушенко, Ахматова, Цветаевалардан таъсирланганларини айтганлар. “Умримнинг энг яхши ва ёруғ лаҳзалари Москвада ўқиган йилларим эди” деб кўп такрорлар эдилар.

Бироқ, Ҳалима опам кўпинча суҳбатларимизда “Иш, лавозим ва  ҳаётий ташвишлар, касалликлар мени кўп чалғитди, китобдан бош кўтармасдим ёшлигимда, ҳозирда кам ўқияпманда, саводни оширайлик, қизалоқ” деб қўярдилар. Биз биргалашиб ўқиган китоблар бор, яъни икковмиз бир пайтда ўқиб таъсирларимизни ўртоқлашардик. Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий” асарини 1998-1999  йилларда бирга ўқиган эдик ва Тошкентдаги Анҳор бўйида ўтирволиб икковмиз муҳокама қилардик. Эҳҳ, қандай шукуҳли кунлар эдия…

Ҳалима Худойбердиева каби улкан ижодкорларнинг таъсир доираси кенг бўлади, улар кўпларни “зарядлай” (қувват бағишлаш маъносида) оладилар. Шу маънода Ҳалима опамдан таъсирланганларни санайдиган бўлсак, рўйхат узун бўлади.

Яна бир нарсани таъкидлашим ўринли деб ўйлайман. Давримиз ижодкорлари орасида ўзидан кейинги авлоднинг нафақат ижодига, балки ҳаёт тарзи яхшиланишига энг кўп ҳисса қўшган ижодкор бу Ҳалима Худойбердиевадир. Опанинг аралашуви билан ўша пайтда ўнлаб ижодкорлар уй-жойли бўлганлар, лавозимга эришганлар. Ҳалима опам ҳам шоир сифатида ҳам ўз даврининг жамоат ва давлат арбоби сифатида инсонийликнинг намуналарини кўрсата олган ижодкордир ва шоирнинг дунёга қиладиган яхшилиги ҳам шу деб ўйлайман.

Анвар Алламбергенов: Устоз мумтоз адабиётимиз вакилларидан қайси бирига руҳдош эди, қайсидир маънода тақдирдош эди.

Гулжамол Асқарова: Руҳдошлик ва тақдирдошликни умумий маънода шоир тақдири осон кечмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Қайси асл шоир “яллама ёрим яллоа”ни куйлаб ўтган, қайси шоир фақат бахт қўшиқларини баралла айтиб ўтган? Ҳеч бири! Шу маънода Анна Ахматованинг “Ҳамма кетди, ҳеч ким қайтиб келмади” деб бошланувчи даҳшатли шеъри ёдимга тушади доим шоирлик тақдири ҳақида ўйласам. Ҳалима опам билан тоза ҳавода айланиб юрганларимизда Ахматованинг “…Мени айирдилар ёлғиз ўғлимдан, банди дўстларимга бердилар азоб, хато топдилар ҳар айтган сўзимдан, ҳар бир қадамимни етказди каззоб” деган сатрларини ўқиб берсам, “Отаси қамоқда пайти шу Анҳор бўйича юрсак ҳам ортимизда анов ташкилотнинг одами соядек эргашиб юрарди” деган гапларини эслайман.

Ахматова ўша шеърининг сўнггини даҳшатли тугатган: …Ва сўнгги нуқтага етганда йўлим, Дедилар яшайвер эй бахти қаро. Энди кезурман мен шаҳарлик далли, Ўлим нафаси бор майдонлар аро” дейди. Ҳалима опам ҳам шу каби тақдирни яшади.

Ҳалима опамни ўша 1994 йиллардан кейин ёзилган ва узоқ вақт таъқиқда бўлган бир қатор шеърларини биз 2017 йил Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирлаганларидан кейин “Осойишта шам” деган китобга жамладик. Устоз иккаламиз шу китобни тайёрлаган пайтларимиз ҳам бир даврлар экан. Эсласам энтикаман, соғинаман. Шу китобдаги “Даҳшатли ёз” туркумига Ҳалима Худойбердиева шундай изоҳ ёзгандилар:

Нега ўша ёз даҳшатли эди?..

Негаки, ўша ёзда оиламизнинг қаҳратон совуқларидан баттар кунлари бошланган эди. Рус шоираси Анна Ахматова тили билан айтганда «…уйимиз лаънатланган, ишимиз топталган» кунларнинг боши ўша ёзда эди… Биз бу ёзда гоҳ изғириндан, совуқ нигоҳлар, совуқ хабарлардан музлаганмиз, гоҳ туҳматнинг қозонларида қовурилганмиз. Умр йўлдошимболаларимнинг отаси қамоқда… Болаларим азобда, рўзғорим паришон… Ўзим қамоқ эшикларида… Ўзим ҳайрон, ўзим гирёну нолон, ўзим вайрон эдим ўшанда… Бу туркум ўша кунларнинг чил-чил синган ойна каби сочилиб ётган сувратлари… Ўша даҳшатли ёзнинг қамчидек оловли тилларининг бутун борлиғимда қолган изларидир…

Мана ўша туркумдаги даҳшатли шеърлардан бири:

 

Хато кетдим мен

 

Поклайман деб дунёни

Кирланиб битдим ўзим.

 

Абдулла Тўқай

 

Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган —

Сим-сим сирқираган сато, кетдим мен.

Мозий қаърларидан инжу йиғмаган —

Бугунга сиғмаган садо, кетдим мен.

 

Гоҳ тикан кўкларкан гулзорларида,

Кўнглим ерга кирди озорларидан —

Кир-чир қўллар тегиб бозорларида,

Оҳори тўкилган мато, кетдим мен.

 

Пайдо. Шайдо эдим. Нопойт[1] айладилар,

Баргу хазонимдан байт айладилар,

Жайрондай жонимни сайд айладилар,

Жоним сайёдларга ато кетдим мен.

 

Дунёга нурли йўл солмоқчи эдим,

Банди бўлдим. Гарчандки соқчи эдим,

Дунё доғини кетказмоқчи эдим,

Ўзимга доғ тегди. Хато кетдим мен.

 

Кулган мен эмасман. Менмас йиғлаган…

 

Мана шу шеърда Ҳалима Худойбердиева Ахматовага, Цветаевага ва азобли тақдир соҳиби бўлган шоирларга тақдирдош, руҳдош эмасмилар!? Ҳалима опам кўпчилик ўйлагандан ва англагандан кўра изтиробли ҳаётни кечирди. Шу боис ҳам “Ташим хиромону, ичкаримда дод”, “Ич-ичида йўлбарс ўкириб, сиртдан майин жилмайган аёл” каби азобли сатрлар тўкилди қаламларидан. Аллоҳ руҳларини шод айласин!

Анвар Алламбергенов: Ардоқлим, буюгим деб эътироф этадиганингиз Ҳалима Худойбердиевадан нималар олдингиз ва нималар олишга улгуролмадингиз?

Гулжамол Асқарова: Ҳаёт сурурини, фалсафасини, шеър шавқини, руҳимни бойитган гўзал фазилатларни, одамий меҳрни, оламлар ҳикматларини олдим! Руҳимга юқтириш “пайида” бўлдим. Ўзлари айтганларидек, “Биз устозлардан ёруғлик, ёруғ олдик”. Ҳалима опамнинг сокин туришидаям олам-олам ҳикмат мужассам эди, шошмаслиги, вазминлиги ва виқорига таъриф етмасди. Хотиржам ва кўнгилпарвар эдилар. Бир ҳолатлардан асабий бўлсам, “Болам, қани бепарво бўламиз” деб ҳазил қилардилар. “Бепарвороқ бўлмасанг, касал бўласан холос, ўзингни асра” дердилар. Чунки ўзлари ўзларини асрамай, жону жаҳонларини шеър йўлида азоблаб яшаган эди устозим.

Ҳалима опам денгиз эдилар, мен Румий таъбири билан айтганда “сувни денгизнинг ўзидан ичиб улғайдим” Шукрларим кўп.

Умрлари узоқ бўлганда эди дейман, тўйиб бўлмас суҳбатлар бўларди. Ҳозир дунё бўм бўш…Чунки кўп азизларим бу дунёни тарк этдилар…

Анвар Алламбергенов: Адабиётшунослигимизда ҳалимашунослик қандай даражада деб ўйлайсиз? Яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак Ҳалима Худойбердиева ижоди ўзининг мукаммал тадқиқини топдими?

Гулжамол Асқарова: Мен ўзимни “Ҳалимашунос” дердим. Ҳалима опам ҳам ўзларини шеърларини ўзларидан кўп ёд билишимдан ҳайратланардилар. Ҳалима Худойбердиева ижоди ҳам кўп тадқиқотларга манба бўла олади. Мен бир икки ҳолатларда илмий ишлар қилинганини биламан, бироқ янаям мукаммалроқ ёндошувли илмий қарашлар зарур деб ўйлайман. Биз Шекспир сонетларидан ҳайратланамиз. Албатта бу сонетлардаги аччиқ ҳақиқатлар бор. Шекспир: “..чидаб туролмайман, қадр ва қиммат тиланчилик қилса йўлларда агар…соддалик устидан кулса фисқ фужур ғийбат…тубанлик бўйнига тақилса сийму зар, ноҳақ жазоланса баркамоллик ҳам…шармандалик ҳурмат кўрса дамба дам…кучлиларни заифлар чиқарса ишдан…тўғрилик юзига тупуришсалар…аҳмоқлик Пайғамбар робини кийса…ҳасад илҳом тилин тийиб қўйса шарт…ҳақиқат  бўҳтоннинг хизматин қилса…” дейди. Лекин Ҳалима Худойберидевада дунёнинг шарафсизлиги, чиркин жиҳатлари, адолатсизликлар ҳам шу даражада очиб берилган. Бироқ сиз айтгандек бу шеърлар ўз тадқиқини топганича йўқ. Мана шундай шеърлардан биттаси:

Машрабнинг айтгани

 

Билмам қайдан бошлаб, қайдан қайтдим мен,

Бу гал Машраб айтганини айтдим мен.

 

Аёнсан, ноаён айлайди дунё,

Билмам, уволингни найлайди дунё.

Имонни фитна кўлида чўктириб,

Имонсизга белбоғ бойлайди дунё!

 

Сутингдан қаймоғинг бетини олиб,

Суягинг қолдириб, этингни олиб,

Руҳ танингдан ишқинг, ўтингни олиб,

Унга яхна музни жойлайди дунё!

 

Ўғрилар-ку кўп иззатли арбоблар,

Эгнидаги чопонлари зарбоплар,

Улар яйраб ўзин офтобда тоблар,

Улар қолиб сени пойлайди дунё!

 

Саводсизу уламони ўқитиб,

Зарли, зўрлиларни учар ўқ этиб,

Ҳақ деганни юзи билан йиқитиб,

Ўз гуноҳин ўзи тойлайди дунё!

 

Мўмин зотнинг бошин қўйиб хатарга,

Парвоз бериб капалакмижоз ғарга,

Суринганни қулатиб чуқур жарга,

Оғзи мойни тағин мойлайди дунё!

 

Жарас[2]ларнинг сасин тиндира бориб,

Зулм этиб, фарёд ундира бориб,

Тик қадларни букиб, синдира бориб,

Бир кун ўз қаддини ёйлайди дунё!

 

Интиқом бор, кўза синар, бут кетиб,

Бир кун бошдин оёғига дуд кетиб,

Бир дўзахий олов кетиб, ўт кетиб,

Ўз кўз ёшин ўзи сойлайди дунё!

 

Аёнсан, ноаён айлайди дунё,

Билмам, уволингни найлайди дунё!

 

Анвар Алламбергенов: Ёш шоиралардан кимларнинг ижодида Ҳалима Худойбердиевага эргашишни ва анъаналарини кўрасиз?

Гулжамол Асқарова: Ҳалимаи жаҳонимиз шеъриятда мактаб яратиш бахтига мушарраф бўлган ижодкор ҳисобланади. Унга ҳавас қилиб шеър йўлига кирган ва ёки унинг шеъриятини мезон қилган ёшлар кўп. Эргашиш бу устозни изидан кетиб ўз изини йўқтиб юбориш дегани эмас. Шарқда ҳеч бир йўлга устозсиз, унинг дуосисиз  кирилмайди. Ҳеч кимга тақлид қилмай, суянмай ўзи йўл солиш бахти даҳоларгагина насиб этади. Тақлиднинг айнани ёмон, лекин тақлид йўргагидан чиқиб ўз айтар сўзини топиш бахти ҳам бор гап. Шу маънода Ҳалима опага айнан эргашишни кўп ҳолларда кўраман, лекин адабиётнинг улкан осмонида ёп ёруғ юлдуз бўлиш бахти ҳаммагаям насиб қилганини кам кўрганман. Муҳими эса, одамларни қалбига шеърни, унинг гўзал таъсирини олиб киришда Ҳалима опанинг “Онагинам”, “Муқаддас аёл”, “Дунё”, “Билмам адашдимми”, “Туркнинг кўзи” ва шу каби машҳур шеърларининг ҳиссаси улкан.

Ҳалима опа 70-80 йиллар авлодининг аёл ижодкорлари орасида алоҳида саналадиган шоир ва шеъриятда руҳни янгилай олган ижодкор. Бу борада адабиётшунос олим Тўхтасин Жалоловнинг “Ўзбек шоиралари” китобида жуда яхши изоҳ берилган. Ўша изоҳда “Ҳалима мудраб ётган аёллар шеърияти оламига бўрондек кириб келди” деган маънодаги фикр айтилган эди. Ва менимча ҳам бу фикр ўз ўрнида берилган тўғри баҳо эди!

Анвар Алламбергенов: Устознинг устозлари ҳамда шогирдлари ҳақида ҳам тўхталсангиз?

Гулжамол Асқарова: Устозим деб аввало китобни ва ҳаётни айтардилар. Кейин Зулфияхоним Исроилованинг ҳам Ҳалима опа тақдиридаги ўрнини хотираларда, мақолаларда кўп ўқиганмиз. Шунингдек, Шароф ота Рашидовнинг ижодга бўлган меҳридан Ҳалима опам кўп баҳраманд бўлганлар. Одамга яхшилик  қилган инсонлар ҳам устозлик қилгандек гап аслида.

Ҳалима опам кўп суҳбатларимизда севимли ёзувчимиз Худойберди Тўхтабоевни эътироф этганадилар. Эски даврларда, адашмасам 85 йиллардамикан Ҳалима опамни ишдан олиш учун шахсий ҳаётини муҳокама қилиш учун уюштирилган навбатдаги фитна мажлисида минғир-минғир гаплар айтилганда устоз Худойберди Тўхтабоев «Менга қаранглар, Ҳалима яхши шоирми? Шеърлари зўрми?. Ҳалима бу лавозимида ижоди сабаб турибди, қўйинглар энди ҳадеб тақдирига ёпишаверманглар” деган эканлар.  Ана шундай ҳақиқатпарвар одамларниям Ҳалима опам ўзига устоз деб билардилар.

Шогирдларига келсак, Эшқобил Шукур ва Салим Ашурни айрича меҳр билан яхши кўрардилар, Дилфуза Шомаликовани, Зебо Мирзаевани, Қўчқор Норқобилни, Ҳаёт Шодмонни яқин олардилар. Аслида яхши ижодкорларнинг барчаси Ҳалима опамни устоз деб биладилар. Бизнинг авлод ичида Гулноз Мўминова, Иқбол Қўшшаевага меҳрлари айрича эди.  Мени эса Худога шукрким, ўзингиз билганингиздек, “Гулжамол нафақат шогирдим, балки фарзандларим қаторида фарзандим” деб эътироф этганлар. Шу онамдан ва устозимдан олган меҳр тафтининг ўзи ўлгунимча етади иншаалоҳ.

Анвар Алламбергенов: Устознинг сўнгги кунлари ҳақида айтиб берсангиз, унинг қандай ижодий режалари бор эди?

Гулжамол Асқарова: Ҳалима опам кўп хаста бўлдилар. Ўтган оғир йиллар унинг соғлигига кўп таъсир қилганди. Шукрки, 2017 йил Орден билан тақдирланганларида қанча одамлар устознинг хонадонига ёғилиб келгани, қўнғироқлар қилиб табриклаганларига гувоҳ бўлганман. Ҳалима опам анча кучга киргандилар, асосан ёнларида бўлган ўша кунларни бир китоб қилиш ниятим бор. Хотираларни ёзаман насиб этса.

Ўлим ҳақида кўп гаплашган бўлсакда, Ҳалима опам ҳеётсевар, ёруғ инсон бўлганлари учун ҳали кўп умидларимиз бор эди. “Ҳали ер устидамиз, қадамларимиздан шамол ўтиб турибди, ҳали ҳаммаси бунданда яхши бўлади” дердилар. Мени кўп дуо қилардилар. Эсласам юрагим оқиб кетади. Қандай аёллар ўтиб кетдия…Энди такрори йўқ афсуски…

Шоирнинг энг катта, энг янги, энг эски орзусию режаси битта бўлади: Энг яхши шеърини ёзиш! Бу орзу Ҳалима опамдаям бор эди. Афсус, аввало хасталик, кейин ўлим чорасиз қолдирди…

Устозимнинг манзил-маконлари обод бўлсин!

 

12.11.2020.

29.12.2020.

[1] Нопойт — ўлдирдилар.

[2] Жарас — қўнғироқ.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan