• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Mitti yulduz
«Буюк аждодларнинг муносиб ворислари» (Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқувчилари ижодидан намуналар)

«Буюк аждодларнинг муносиб ворислари» (Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқувчилари ижодидан намуналар)

Шаҳризода ОТАЕВА

 

* * *

Безовта жисмимда озор кўрган руҳ,

Бели букилганми? Номсиз хат каби.

Қуёшсиз кечада мингта ғам-андуҳ,

Манзилим узун-у, йўлим оз каби.

 

Беқишлоқ, бесафар, бесуҳбат бўлдим,

Руҳим тентирайди гавжум шаҳарда.

Мен яёв юрардим, шаҳдам юрардим

Ўша болаликка қилган сафарда.

 

Сафар кезларим-ку эди хаёлий,

Шаҳар ҳавосига тўлганди ўпкам.

Ёзғитим ёзилган қисмати олий,

Бебош юрагимнинг қаеридир кам.

 

Қишлоқ кўчалари хазонга тўлди,

Қирқиқ ленталарда акс этади туш.

Савдойи руҳимнинг бўлари бўлди,

Кимга малол келдим, кимга келдим хуш.

 

Йўқотдим кўп бора ва топдим кўп бор,

Менинг вужудимда руҳим жон талаш.

Энг ёмони экан такрор ва такрор

Хотира, умидлар жангида яшаш.

 

Гулмира РАВШАНБЕКОВА

 

МАНГУ МАНГУБЕРДИЛИК

(“Жалолиддин Мангуберди” драмасидан таъсирланиб)

 

Жанггоҳларда қолди энг сўнгги нафас,

Тулпорлар шамолдек учади гир-гир.

Юртдошим, бу оддий синоат эмас,

Бу ватан матлаби, ҳақ йўли эрур.

 

Чингизийлар келди Хоразм томон,

Мозийга қайтсам гар, тирилади ун.

Жалолиддин тортди ёвга наърасин,

Пок тупроқни булғар мажусий малъун.

 

Ҳар бир кафт тупроғин азиз билди у,

Ёридан, фарзанддан кечди эл учун.

Қанча сувлар кечиб, довонлар ошиб,

Душманга кўрсатди нафратин, кучин.

 

Жасоратин кўриб, мардлигин кўриб,

Ҳатто душман Чингиз қотди ҳайратдан.

«Ўғилларим сендек бўлса эди”, – деб,

Юрагини тилди сўнгсиз ҳасаддан.

 

Эй дўстим, заминга фидо бўлсин жон,

Бахт дея порласин шу она диёр.

Ногаҳон ёғийлар раҳна солган кез,

Минглаб Жалолиддин туғилмоғи бор.

 

Юртдошим, Ватан деб урсин юрагинг,

Ўзбек заминига фидо этгулик.

Кўкдаги умидбахш Қуёш сингари

Бизга мангу эрур Мангубердилик!

 

Зиёда САПАРБАЕВА

 

* * *

Кўзёшлар-

Денгизда шовиллар томчи.

Юрак аламларин кўмган тубига.

Кўзёшлар-

Юракдан чиққандир сапчиб,

Чўмилар гоҳи бахт, гоҳи дардига.

Кўзёшлар-

Ожиз қалб ғалаёнлари,

Гарданга қўйилган таҳқирлар ҳаққи.

Дунё торлик қилган дил фиғонлари,

Ҳали тилсиз гўдак, айтмас ноҳақни…

Кўзёшлар…

Кўзлардан томчилар ёмғир,

Кўз ичра булутлар қилади сайр,

Гоҳи дув-дув тўкиб армонларини,

Осмонга ҳаловат, ё тилар сабр…

…Куч беринг,

Кўп бўлса агар кучингиз,

Йиғлоқи қизманда, айтинг не қилай,

Кутаман кўзимга термулишингиз,

Бир жилмайиб қўйинг, сиздан ўргилай.

Йиғи бўлган менга кундалик юмуш,

Ҳар нарса кўзимни ёшлайверади,

Кўзёшлар ёлғондан кулишим истаб,

Ожизлик қаърига ташлайверади.

Жилмайиб туришга аста кўникдим,

Толиқтирди кўзим йиғлайвериб ҳам,

Жим кулиб қўяман қилмишларига,

Кўзимда қолмаган кўзёшларим, нам!!!

 

Наргиза МАТҚУРБОНОВА

 

ОЙМОМО

 

Келаман ҳар оқшом қошингга,

Боқасан мен томон бир қиё.

Кокили оламга ёйилган

Оймомо, ойюзли Оймомо.

 

Келаман ҳар оқшом қошингга,

Айтасан минг турли эртаклар.

Юлдузлар қўлимдан тутганча

Тўхтамай етаклар, етаклар.

 

Увада булутлар тўсади,

Ялтироқ, сепкилли юзингни.

Жаҳлимни чиқарар бу қилиқ

Излайман осмондан ўзингни.

 

Кечаги тушларим сўроқлар

Эртангги кўргувчи юлдузни.

Қайталаб-қайталаб айтади,

Оймомо демайман Ойқизни.

 

Муштарийбону БАҲОДИРОВА

 

ЁЛҒИЗЛИК

 

Чарх теграсида айланади юрак

Чексиз  шитоб билан тубсиз гирдобда.

Замин бағрида  тилсим, сирли жумбоқ,

Уларнинг жавоби қай бир китобда?

 

Ҳаёт оқимидан олис кенгликлар аро,

Танҳоликдан топдим ҳар лаҳза паноҳ.

Вужудим куйдирар сўнмас аланга,

Дунё шодликлари тарк этди ногоҳ.

 

Тарк этди руҳимни таниш ўзлигим,

Қолавердим бўзлаб мубҳам қафасда.

Ажални кўрсам-да жимман, тилим лол,

Ёлғизлик тубига сингдим бирпасда.

 

Баҳор сабосидек кезсангиз ҳамки,

Мени тополмассиз, йўлимиз айро.

Ёмғир шивиридан сўраманг мени,

Истасам, сўнгги дам бўларман пайдо.

 

Мухлиса БОЙНАЗАРОВА

 

ҚЎРҚУВ

(Шоира Шамс шеърига назира)

 

“Қўрқаман бир куни қачондир,

Отмай қолса тонглар тўсатдан.

Булутларнинг кўз ёши тинмай,

Олам уйғонмаса ғафлатдан”.

 

Қўрқаман, вақт ўтиб қаламим сўнса,

Битмасам ашъорлар бўлиб лиммо-лим.

Юрак нолаларим парча қоғозга,

Тўка олмай йиғласа беғубор дилим.

 

Қўрқаман, вақт ўтиб мен учун қуёш,

Нурларин сочмаса, тонгда чиқмаса.

Зулматда қолсам-у, ёруғлик истаб,

Ҳеч кимдан, ҳеч қачон нажот топмаса.

 

Қўрқаман, вақт ўтиб менинг кўзларим,

Кўрмай қолса ёруғ, нурли оламни.

Менга улкан азоб, кўра олмасам,

Жаннатим, дардкашим, мунис онамни.

 

Қўрқаман бехосдан абад уйқуга

Кетсам, кечирсинлар соҳир сўзларим.

Кечирсинлар мени, айтиб қўйинглар,

Ҳали туғилмаган юзлаб шеърларим…

 

Нилуфар РАВШАНБЕКОВА

 

ФИЗИКАГА АТАБ

 

Буюк физик бўлиш ҳам қийин,

Нютонжонни бир суҳбатин олгим келар,

Бир пайтлари дўст эдик, лекин,

Уни физик, мени шоир бўлгим келар.

 

Китоб енгил, масала оғир,

Формулани ёдга сололмай,

Шоирлар-чи ўлади охир,

Бир Нютонга тенглаша олмай.

 

Кучлар кўпдир ўлчамоқ учун,

Гар ўлчашни унутсак бутун,

Жон Нютонжон ахир сен тушун,

Шоир бўлиб кўргин-чи бир кун.

 

Қанча билсанг бўлар шунча кам,

Илм бўстони физикка тўлсин,

Майли, Нютон хафа бўлса ҳам,

Менинг касбим шоирлик бўлсин!

 

Суннатулла ЖАЛОЛИЙ

 

Афғонимни тингла дилдан, армоним недир мани?

Дардлиман, беҳбуд  бўлайки, дармоним недир мани?

 

Дунёларни сўрсанг, майли, бергум сенга боримни,

Эй аҳбоб, баён этгилким, сарбоним недир мани?

 

Фожирлардин йироқмен, лек якка эрмасмен оламда,

Мўминлар-да бор дунёда, фармоним недир мани?

 

Ҳасрат сози тинчим бузди, ҳижрон ўйди  дил тубини,

Имкон йўқми? Дил ёнурми? Имконим недир мани?

 

Жоним бирла айро бўлди таним бул ишқ савдосида,

Ким айтарки, комронлиғ-у ризвоним недир мани?

 

Лоф сўз бирла  Жайҳун узра оқиздинг сен ишончимни,

Мозорларга кўмдинг дилни, ёмоним недир мани?

 

Нор устинда кезгаймен бу фоний даҳри дунёни,

Олам аҳли устоз бунда, арқоним недир мани?

 

Пояндоз мисол қолгум магар ошиқ юрак бўлса,

Қиндан чиқди ханжар энди, қалқоним недир мани?

 

Ратлим тўлди майдин, лек йўқ исрофликни имкони,

Сочсам улни исломим-у иймоним недир мани?

 

Торлик этди сиғдирмоққа дил ул ёрга хиёнатни,

Улфат, сўйла сенким, содда томоним недир мани?

 

Афғон – фиғон маъносида

Беҳбуд – соғломлик

Аҳбоб – дўст

Сарбон – туя етакловчи

Фожир бетавфиқ, гуноҳкор, бузуқ

Комронлиғ бахтлилик

Ризвон 8 жаннатнинг бири, розилик жаннати

Нор туя

Фоний – ўткинчи

Ратл катта жом, май ичишга мўжалланган идиш

 

Мухлиса АМАТОВА

 

ВАТАН

 

Илдизсиз, мевасиз Ватан қайда бор?

Қайда бор тарихсиз келажак кўркам?

Тупроғинг зарраси жонимга тумор,

Менинг она юртим, саждагоҳ ўлкам!

 

Сен азим чинорсан, тарихни кўрган,

Сен Навоий, Машраб, Нодирабегим!

Сен бир ажиб ҳиссан, дилда барқ урган,

Сен учун туганмас дилдаги севгим!

 

Қалбда туғён ила илдиз отган сен,

Онасисан қанча қарокўзларнинг.

Қадринг билмай сўнгра афсус чеккан мен,

Сарасисан минглаб гўзал сўзларнинг.

 

Садафдир тарихинг ҳар бир шодаси,

Ҳар биттаси эрур битта ҳикоя.

Чўлпон, Қодирийнинг сенсан онаси,

Ўтмишинг сўзласам, топмас ниҳоя.

 

Ҳар кунинг тарихга бўлар бир асос,

Олим, файласуфлар бўлган сенда жам.

Арзир сени дурга айласам қиёс,

Сен ҳақингда куйлар гулинг, лоланг ҳам.

 

Дарахт ҳам шитирлар она ватан деб,

Унга она макон у унган дала.

Унга ўшал тупроқ бера олар зеб,

Унга ўшал дала бўлади она!

 

Унинг илдизи-ю мевалари ҳам

Хазонларда учган барглари – Ватан.

Сўйи самоларга бўй чўзиб бардам,

Шамолда тебранган новдаси – Ватан.

 

Дарахт илдизини қилса гар инкор,

Илдизлар ҳам ундан ўгирса юзин.

Барглар-у куртаклар бўлмасмикан хор,

Тингламаса агар бир-бирин сўзин?

 

Дарахт гулламоғи учун сув керак,

Меҳр керак унга, керак эътибор,

Қайси дала ҳосил берибди дейсиз,

Бободеҳқон уни қилмаса шудгор.

 

Мана шу меҳрдан бошланар Ватан,

Озод юртда тинчлик ҳукм суради.

Она юртинг учун куйса жон-у тан,

Ватан шундагина бунёд бўлади

 

Дадахон ҚЎЗИБОЕВ

 

КУЗ ТАСВИРИ

 

Куз келди ўлкага, аста сездирмай,

Дарахтлар қўрққандан тўкишди япроқ.

Майсалар сарғайди бир айби бордай,

Тушди ҳар чечакнинг ичига титроқ.

 

Қуёш ҳам уялар кузнинг ҳуснидан,

Бундан ҳатто булут, бошлади йиғлаб.

Дунё сукунатга чўмгандай бирдан,

Тупроқ қораярди бағрини доғлаб.

 

Ерда совуқ шамол кезиб юрарди,

Осмонда чақмоқлар чалади қарсак.

Ёмғирлар тинмасдан ёғиб туради,

Балки у заминни покласа керак…

 

Куз келди ўлкага аста сездирмай…

 

Жасмина БАХТИЁРОВА

 

ЎЗБЕГИМНИНГ ҚИЗЛАРИ

 

Бошларида чиройли дўппи,

Ўзбегимнинг лобар қизлари.

Ял-ял ёнар эгнида атлас,

Ўзбегимнинг дилбар қизлари!

 

Табассуми олар дунёни,

Эритади айтган сўзлари.

Устун қўяр ибо-ҳаёни

Ўзбегимнинг лобар қизлари!

 

Нилуфар ЖУМАБОЕВА

 

ҚАЛБИМ ОҲАНГЛАРИ

 

Қалбимга оҳанглар ошиён бўлса,

Сìзни кўрсам чексиз қувончим ошар.

Бу бурро тилларим “Буви” деганда,

Ҳар бир кулгучимдан мисралар тошар.

 

Қалбимга оҳанглар ошиён бўлса,

Номингизга битсам бетакрор шеърлар.

Шодликларим билан, қувончим билан,

Шеърим-ла жарангга тўлса боғ, қирлар.

 

Сиз борсиз, бу олам пойимда менинг,

Сизсиз керак эмас менга ҳеч бири.

Бувижоним менинг – меҳри жаҳоним,

Бўлганман меҳрингиз сеҳрин асири.

 

Дилрабо ЙЎЛДОШОВА

 

ОНАМГА

(Мувашшаҳ)

 

Жаннат оёғингиз пойида эрур,

Азиз мўътабарим, жоним онажон.

Не деб мақтай сизни фариштагинам,

Не деб суяй сизни мунис меҳрибон.

Асрайин қалбимда иссиқ меҳрингиз,

Тафтли қуёш каби бағри баҳорим.

Илоҳим бахтимга юзга кирингиз,

Меҳрибон, жонажон, эй онажоним.

Она, она сизни яхши кўраман,

Нафисим, табаррук азиз волидам.

Ахир сиз мен учун муқаддас зоциз,

Менинг қалбимдасиз онажон ҳар дам.

1 thought on “«Буюк аждодларнинг муносиб ворислари» (Огаҳий номидаги ижод мактаби ўқувчилари ижодидан намуналар)

    • Author gravatar

      Хива шахар Огахий ижод мактаби ўқувчиларини парвазлари хамиша баланд бўлсин.Ўқувчиларга таълим-тарбия бераётган мактаб директори Сарвар ака бошчилигидаги ажойиб жамоага ўз миннаддорчилигимни билдираман.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan