• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Maqola
«Мангу ҳилпираб тур, байроғим!»

«Мангу ҳилпираб тур, байроғим!»

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи

қабул қилинган кун

 

Ҳар бир халқ, миллат учун ўз ватанининг рамзлари муқаддас ҳисобланади. Боиси уларда ўша халқнинг шонли ўтмиши ва буюк келажаги, асрий анъана ва урф-одатлари ўз аксини топади.

Байроғимиз мустақил давлатчилигимиз рамзи, халқимизнинг орзу-умидлари, ғурури белгиси сифатида ҳар бир кишининг фахр-ифтихор туйғусини юксалтираётир. Байроғимиз миллий-тарихий анъаналаримиз, узоқ ўтмишга бориб тақаладиган бой маданиятимиз, поклик, яхшилик, донишмандлик, шон-шуҳрат ва садоқат каби халқимизга хос эзгу фазилатларни ўзида ифода этган.

Юртдошларимизнинг фикрлари ҳам айнан шу ҳақида.

Малика ИБРАГИМОВА,

Зангиота туманидаги 42-умутаълим мактаб директори:

— Байроғимиз 1992 йилнинг 2 мартидан Ўзбекистон тўлақонли суверен Республика сифатида тан олинганининг рамзи сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош қароргоҳи олдида ҳам ҳилпирай бошлади.

Мана, ўттиз йилдирки, у халқаро майдонда мамлакатимизнинг куч-қудрати, мустақиллигимизнинг жаҳонаро ифодаси, халқимиз ғурури ва ифтихори тимсоли бўлиб хизмат қилмоқда.

Дунё мамлакатларидаги элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида ҳам байроғимиз Ўзбекистон рамзи бўлиб ҳилпираб тургани барчамизнинг қалбимизда ифтихор туйғуларини жонлантиради. Чет элларда юрганимизда ўша ерда ҳилпираб турган байроғимизга кўзимиз тушиши билан юрагимизда чексиз фахр уйғонади, руҳимиз кўтарилади. Байроғимиз тимсолида дунёнинг ҳар қайси нуқтасида ҳам Ўзбекистон деган ҳимоячимиз, суянчиғимиз борлигини ҳис қиламиз.

Байроғимиз бугунги кунда миллий авиакомпания самолётлари, халқаро йўналишдаги поездларимиз орқали дунёнинг кўплаб мамлакатларига “парвоз қилиб”, Ўзбекистондай келажаги буюк давлат борлигини жаҳонга намойиш этаётгани ҳам муболаға эмас.

Ҳар бир инсон онгу шуурига Ватанимиз рамзларига нисбатан чуқур ҳурмат туйғуларини сингдириш, умуммиллий ва эҳтиром тимсоллари бўлган байроқ, герб ва мадҳиямизни улуғлаш ва ардоқлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Истардимки, барчамиз учун фахр ва ғурур тимсоли бўлган байроғимиз доим юксакларда ҳилпираб турсин.

 

Раъно АБДУРАЗЗОҚОВА,

Шайхонтоҳур тумани 157-мактаб Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари:

Шубҳасиз жонажон Ўзбекистонимиз байроғи дунёдаги энг чиройли ва кўркам байроқлардан биридир. У бизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва асло кам бўлмаслигимизни ўзида ифода этади. Ҳар сафар спорт ареналарида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида юртимиз байроғи юқори кўтарилганда қалбимизни қиёси йўқ ғурур ва ифтихор ҳислари эгаллаб олади.

Байроғимиздаги мовий ранг — мусаффо осмонимиз ҳамда оби-ҳаёт рамзи бўлса, оқ ранг — давлатимиз фуқароларининг ўзаро ҳамжиҳатликда, бир-бирини ҳурмат қилиб, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тинч-тотув яшаётганининг тимсолидир. Яшил ранг эса табиатнинг янгиланиши ҳамда юртимизнинг жаннатмонанд эканлигидан далолат беради. Бу ранг кўпгина халқларда навқиронлик, умид ва шодумонлик тимсоли ҳисобланади. Қизил чизиқлар давлатимиз фаровонлиги, жамият тараққиёти йўлида ўзаро бирдамликда ҳормай-толмай меҳнат қилаётган юрт фарзандларининг вужудида оқаётган ҳаётий қудрат ирмоқларидир.

Навқирон ярим ой тасвири бизнинг тарихий анъаналаримиз билан боғлиқ. Айни пайтда у қўлга киритилган мустақиллигимиз рамзи ҳам. Юлдузлар барча учун руҳоний, илоҳий тимсол саналган. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғидаги 12 юлдуз тасвири ҳам тарихий анъаналаримиз, қадимги йилномамизга бевосита алоқадор.

Бизнинг ўн икки юлдузга бўлган эътиборимиз Ўзбекистон сарҳадидаги қадимги давлатлар илмий тафаккурида нужум илми тараққий этганлиги билан ҳам изоҳланади. Давлат байроғимиздаги 12 юлдуз тасвирини ўзбек халқи маданиятининг қадимийлиги, унинг комилликка, ўз тупроғида саодатга интилиши рамзи сифатида тушуниш лозим.

 

Раҳматжон БОБОЖОНОВ 

ёзиб олди.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan