• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Мен нур куйчисиман, уфқ менинг акам…» – Қадамбой ШОДОНОВ

«Мен нур куйчисиман, уфқ менинг акам…» – Қадамбой ШОДОНОВ

Шу кунга келиб нимага эришган бўлсам барчасига сабабчи инсон устозим Қадамбой Шодонов ҳисобланади. Миннатдорман, устоз! Устоздан шеър олиш жуда мушкул, ваниҳоят мана.

Раҳмат Бобожон

 

Қадамбой ШОДОНОВ

 

Хаёллар достони

Хаёлларим бўлар минг туяга юк,

Аммо каминада йўқ битта улов.

Кечиб бормоқдаман саҳродан – буюк,

Зил-замбил юкимни орқалаб яёв.

 

Юрилган йўлларни ҳуш кўрмас хаёл,

Ундар оҳорли, оқ сўқмоқлар томон.

Хаёлга сен ҳаммол, у эса – қирол,

Қирол қаролига бўйсунган қачон?

 

Йўл азоби оғир, елкалар толар,

Йўлчига – ер қаттиқ, олисдир – осмон.

Тўкилиб хаёллар изимда қолар,

Тўкилиб бормоқда изимда имкон.

 

Юким енгиллашиб бормоқда, гарчи,

Оғирлашиб борар оёқ чекиб дард.

Бу ҳол мантиққа зид, ақлга қарши –

Йўловчи ақлдан озмаслиги шарт.

 

Изимда қолган ўй, хаёллар озғин,

Уларнинг барчаси мен учун суюк.

Тўқиб бормоқдаман достон, йўл – узун,

Кун иссиқ, сўқмоқ тор, саҳро кенг, буюк…

 

Таништирув

Мен нур куйчисиман, уфқ менинг акам,

Шом,қизарган шафақ-нурланган кўнглим

Чарх урган қалдирғоч умидли укам,

Илк кўз очган куртак-беғубор синглим.

 

Қуёш эса ботмас,фақат тун ботар…

Билар чумолилар- елкадошларим.

Гуллар,капалаклар,кўм-кўк майсалар,

Ахир улар менинг кўзу қошларим.

 

Нурга интилганлар оғринманг бироқ,

Эй дўст қуёш ботди деган гапни қўй.

Уммон ортидаги дўстингга сим қоқ,

У ёқда тонг,қуёш кўрсатмоқда бўй.

 

Нур кўзгуда синар деган гап эса,

Қуёш тутилгандай ўткинчи бир ҳол.

Нурлар синмайди ҳеч. ҳатто эгилмас,

Сен бунга ишонсанг бизлар билан қол!

 

Шоир (ҳазил)

Шоир билан яшайди шодлик,

Шоир билан яшайди қайғу.

Бир кун шоир егани тотлик,

Бир кун шоир ичгани оғу.

 

Бирда шоир юзлари гулгун,

Бирда шоир юраги тушкун.

Шоирликни қилсада хавас,

Гоҳо ундан тониб турар.Бас!

 

Қофиялар,вазн ва туроқ,

Келишмаса чекар оҳ-фироқ.

Келса қайта ўқиб қолади,

Ёш гўдакдай завққа тўлади.

 

Ёзиб-ёзмай саргашта улар,

Ўзин сезмас фаришта улар.

Чўнтакда бир жонзот ҳурса ҳам,

Қорун улар олдида мулзам.

 

Оёқлари остидадир ер,

Бошларининг устида осмон.

Ҳеч зот тегмас,бир мисра билан,

Ўзин-ўзи қилмаса яксон.

 

Баъзан Ватан ёзса бойийди,

Баъзан дилдан куйиб койийди,

Шоирлар сал телба дейдилар,

Қасрни ҳам кулба дейдилар.

 

Шеъри бунда қолсада мангу,

Ўзи билан кетар бир армон,

Ёзганидан ёзмагани кўп,

Охирига етмас ҳеч қачон.

 

Гап чўзилди узр эй шоир!

Аммо булар шоирга доир.

 

Айлана

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Сафардош,елкадош биродар.

Ўрмонлар аланга ичида,

Ҳўл қуруқ ёнмоқда баробар.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Эмишки замона зўрники.

Соғ омон сарбони уйқуда,

Оломон карвони кўрники.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Йигирма биринчи тинч аср.

Қароқчи бир қайиқ қўлида,

Ҳайҳотдай кемалар қул,асир.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Соялар сирғалар ниқобда.

Қуён овламаслар кўчада,

Ахир қурол билан шу тобда.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Жон сўрар шайтоний ғоялар.

Қувониб қўлни енг ичида,

Ишқалар рафторсиз соялар.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Меҳрга топилмас бир юмуш.

Заминдан кўчмоқлик ўйида,

Муҳаббат меҳвари қақнус қуш.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Бормикан боқча йўқ бир шаҳар.

Мурғаклар қўл бериб айланиб,

Айлана ясашиб қувнашар.

 

Айлана эмасми бу замин,

Елкадош,сафардош нуқталар.

Наҳотки дунёнинг исми дун,

Наҳотки шунчалик бурчак бор.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Айланар заминни турналар.

Дунёнинг азалий бу сирин,

Ечолмай улар ҳам қийналар.

 

Дунёнинг қайсидир бурчида,

Айланар ботиним,зоҳирим.

Бу жавоб шеърларнинг ичида,

Борми ё заминдош шоирим.

 

Ибтидоий эртак

Қадим-қадим оҳорли дунё,

Ҳар рангида яшиллик,мовий.

Ҳар бурчида соф эди зиё,

Ҳар туйғуда буюклик боқий

 

Оқар дарё,оқар эди вақт,

Оқар эди илк ҳислар гўзал.

Оқар эди оддийлик,ҳаёт,

Оқар эди буюклик азал.

 

Чексиз денгиз, ёввойи орол,

Ёввойи тоғ етмаган қадам.

Сувга қараб ўйланиб беҳол,

Тоғ устида турар қор одам.

 

Булут қучган тикка қоялр,

Ўркачлардан боқар мавҳумлик.

Ишқни қарғар ёвуз соялар,

Вақт ғашига теккан маъсумлик.

 

Сув париси суюкли сулув,

Ғамгин борар денгизга кетиб.

Аста чуқурлашиб борар сув,

Сув парисин бормоқда ютиб.

 

Чақмоқ чақиб ёниб кетар тун,

Ёнар осмон ёнар ер бети.

Сувга туташ қояда тутун,

Ёнар икки юрак сурати.

 

Қутурмоқда асов тўлқинлар,

Талаб тирнаб сурат юзини.

Юрак расмин юраксиз жинлар,

Ўчирмоқда буткул изини.

 

Қор одамни босар ваҳима,

Сувга ёшли кўзларин тикиб.

Буюк дахшат қилар тантана,

Буюк севги кетмоқда чўкиб.

 

У қояга боқар кўз узмай,

Аста секин ўчмоқда сурат.

Кўкракда ўт юрак чидолмай,

Қўзғалишга йўқ мажол,тоқат.

 

Сеҳрланган буюк муҳаббат,

Гап уқмайди денгиз париси.

Икки юрак,тош битик сурат,

Ўчиб кетди йўқолиб изи.

 

Кўз тушмаган мавҳумлик аро,

Кўтарилди қаҳқаҳа ердан.

Балки шудир энг сўнгги чора,

Эсдн оғди қор одам бирдан.

 

Сув парисин ҳам худди шу дам,

Шўр сув буткул ютди бағрига.

Қор одами тикка қоядан,

Ўзин отди денгиз қаърига.

 

Оқар дарё,оқар тинмай вақт,

Оқар шу сир асрорли дунё.

Қор одам,сув париси фақат,

Шов шувларга айланган рўё.

 

* * *

Дардчил кўнгил қўймас асло қийналиб оғринса ҳам,

Ихтиёр этмиш вафо гар бир ўзи соғинса ҳам.

 

Қайси қуш парвозиға боис қаноти жуфт эрур,

Бул эса учгай ўзи звоҳ юз бора синса ҳам.

 

Англамаским воажаб ҳеч тинмагай ашкин тўкар,

Нечаким ёғғони бирла сели бир кун тинса ҳам.

 

Вафо энди қуш эмаским бир куни қўнса десанг,

Қўнмоғи амри маҳол тош узра гар гул унса ҳам.

 

Чархи дун дил қушларин абгор этмиш нечасин,

Дил қуши ул қўҳи қофни тоғи узра қўнса ҳам.

 

Эй Қадам жаҳд айлама дил қушларинг ўлдиргали,

Бевафодин йўқ вафо кўнглинг минг бора ўлса ҳам.

 

* * *

Ишқ йўли осон эрмас иши дарди озордир,

Не ажабким аҳли ишқ бунга рози иқрордир.

 

Парвонанинг армони куйиш ўт ичра бўлса,

Эвоҳ,аёз,изғирин ишқ тилида баҳордир.

 

Ишқдан сўзламоқ эрсанг ким эшитар дардингни

Қул бўлсангда тушунмас ишқсиз учун бекордур.

 

Маъшуқа кўнглида ҳам бир ҳарфи ризо бўлса,

Ишқ баёнин бандларин минг мисраси инкордир

 

Ёр висоли бир қушдир осмони кўкдан баланд,

Ошиқ бир бечораким на лочин на шунқордир.

 

Ишқни куйиб кул бўлган не ошиқлар ёзмади,

Қадам,сенинг ашъоринг ҳали бир машқ,такрордир.

 

Муҳаббат

Бахт умрини ўлчаган мезонидир муҳаббат,

Ишқ аҳлини асраган посбонидир муҳаббат.

 

Ҳар кимса ҳам умидли қилар беҳиштдан таъма,

Бу дунёнинг Жаннати  ризвонидир муҳаббат.

 

Севмоқ иши Тангридан неъмат эрур бебаҳо,

Сайри фано гулшани,бўстонидир муҳаббат.

 

Ҳар нарсаки азиздир,яқин турар юракка,

Юракнинг ҳар одамга эҳсонидир муҳаббат.

 

Муҳаббатсиз умрнинг қасри кўрксиз,омонат,

Қаср устига кўшку айвонидир муҳаббат.

 

Юрак ишқсиз нотавон қафасдаги қуш каби,

Дил қушларин беғубор осмонидир муҳаббат.

 

Эй Қадам,муҳаббат деб қалам тутдинг унутма,

Қалам аҳлининг жону жаҳонидир муҳаббат.

 

Кекса тут

Аёз, оқ тут совуқ ер аччиқ,

Бошдан оёқ зирқираб бадан.

Ўзакгача ўрмалар оғриқ,

Шундай ночор кексалик, зотан.

 

Ҳавотирда ҳаёл сурар ой,

Ой чехраси салқиган,хорғин.

Эслагандир ўксиб ҳойнаҳой,

Тут пишиғи, тўлишган чоғин.

 

Кузатаркан оқ тут жим,унсиз,

Қиш ёйган қор,муз ҳашамини.

Ухлай кўрма дер ички бир ҳис,

Бу ўчирар умр шамини.

 

Сен тўқайда тўранғил эмас,

Яшаш йўлинг,матлабинг бўлак.

Тириксанки бағринг,меванг, бас,

Ҳеч бўлмаса қушларга керак

 

* * *

Мен Дунёда  кўрдим кўп буюк тартиб,

Тартибларда кўрдим буюк дунёни.

Аслида пашша ҳам, фил ҳам бир ғариб,

Зеро,давр борки ўтар даврони.

 

Рангларнинг ичида кўрдим аксил ранг,

Бахтларнинг бағрида яшар андуҳ.ғам.

Буюк ёнғинларнинг сувда холи танг,

Буюк сувлар қайнар ер ёнса шу дам.

 

Эшитдим, ишондим,тан бердим,аммо,

Диллардан тилда кўп буюк эътиқод.

Буюк борлиқларда кўринмас асло,

Буюк йўқликларда бордир,Буюк зот.

 

Боқиймас тожу-тахт.бойликдамас бахт,

Ишонмам буюклик моддийликдадир.

Самовий буюклик-беқиёс қудрат,

Инсоний буюклик оддийликдадир.

 

Қиёмат қарз

Умрлар тилаймиз Худодан,

Кенг давлат туганмас,зиёда.

Сақлагил офатдан,балодан,

Кам қилма беш кунлик дунёда.

 

Тилаймиз хушёру сарҳуш,маст,

Тилаймиз зоҳирда.ботиндан.

Ҳаттоки сақла деб ёмон,паст,

Йўлдошдан,қўшнидан,хотиндан.

 

Тилаймиз тўпланиб бирма бир,

Қарз борар тоғлардай уюлиб.

Эрка бандалармиз биз ахир,

Кўнгиллар чагадай суюлиб.

 

Эрта кеч мол дунё тиланиб,

Ўтмоқда пойгада умримиз.

Товусдай юрсакда турланиб,

Гўёки беозор қумримиз.

 

Баъзан нафс олдида бари кам,

Аждаҳо эшолмас хатто ип.

Дарёдай денгиздай қуйса ҳам,

Фалондан,пистондан камку деб.

 

Шайтон ҳам сонига етолмас,

Банданинг Худодан қарзини.

Қачон ҳам тўлармиз кўп эмас,

Атиги қирқгина фарзини.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan