• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Фақат тутаб ётган харобаларда, Некбин ўй суради жадид шамоллар…» – Фаррух ҲАСАНОВ

«Фақат тутаб ётган харобаларда, Некбин ўй суради жадид шамоллар…» – Фаррух ҲАСАНОВ

ЖАДИДЛАР

Қадим оғриқлари қўпди дунёнинг,
Маҳзун тортиб қолди асранди боғлар.
Эй кофир адирлар, энди уйғонинг,
Ерга сингиб кетди пайғамбар тоғлар.
Бечораваш йўллар девона, дайди,
Энг буюк Инсонни кетди ахтариб.
Сўнг даҳрий қўлларин кўкка узатди
Нон тилаб улиган ит каби ғариб.
Бир иймон мудранди. Сирғалиб қўлдан,
Чил-чил синиб кетди жамшидий жомлар.
Ҳаётдан мамотга узалган йўлда
Тонгдек хушёр тортди қанча ҳайёмлар.
Қўлига тиғ тутган манқуртлар, ғарлар
«Миллатим» деганни ташлади қириб.
Ва бўккунча чўчқабоқарлар
Сассиқ чориғига шароб тўлдириб.
Осмон афтодаҳол, таланди замин,
Ўлди мусулмоннинг бўғиқ исёни.
Сўнгги тинглагувчи Раб ал-Оламин
Охир ечиб олди хочдан Исони.
Эҳтимол, хўрланган бу мазлум мазҳаб
Саҳро тутунида кўрса ўз аксин.
Бир куни дарёни келар етаклаб
Муҳаммад тўлатиб сувга кўзасин.
Эҳтимол, қолади то абад тирик
Қони бузуқлар-у ва зоти пастлар.
Эҳтимол, яшайди кўкрагин кериб
Асли кимлигини билмаган каслар.
Ўлик тил, кесик бош – аробаларни
Еталаб борадир бева Аёллар.
Фақат тутаб ётган харобаларда
Некбин ўй суради жадид шамоллар.

 

ТАСАЛЛИ

Қуриб битди ернинг мадори,
сўнгбор тўкди осмон кўзёшин,
мўйсафид куз қушлар қатори
яшади ва жон берди шошиб.
Минг йил кечди. Недандир қўрқиб,
саждага бош урди қоялар,
тушов солиб, пирларни Ҳаққа
эргаштириб кетди соялар
ва ортига қайтмади ҳеч ким,
шамс кўйида кул бўлди қамар,
ибодатга шайланди сокин
сўнгги япроқ – сўнгги пайғамбар.
Кечди ғассол булутлар диндан,
қинин кесди барлосий тиғлар,
кофир шамол илк марта дилдан
ёсун айтди тонггача йиғлаб.
Гадо бўлди баҳромгўр шоҳлар
қайга кетди муҳаббат тилаб,
бағри пора ошиқ оғочлар
нима топди валийлик билан?
Кетди барча рост истаганлар,
боқий карвон қўнғироқ чалди,
бунда фақат ёлғон дунёнинг
ёлғонлигин билмаслар қолди.

 

ЁМҒИРЛИ КУНДА ЁЗИЛГАН ШАМ ҲАҚИДАГИ ШЕЪР

Бир шам ёнди – тунга қасида –
ҳеч замонлар кирмаган тилга,
табассумин пешонасида
бир бетакрор қайғу битилган.

Тун кўтарди сувдан элакни,
ўртамизда қолмади асрор –
иккимиздан қолган эртакни
шам тинглади тун бўйи масрур.

Парвонага куйди у юм-юм:
– Дунё сароб. Куясан. Келма.
Биз кузатдик барчасини жим,
ва эртакда яшадик телба.

Кулбамизга кира олмасдан
остонада жон берди шафақ,
шам эса тун исканжасида
севгимизни асради илҳақ.

Эртак тамом. Ёниб битди шам,
якун топди биз айтган шеърлар,
ютиб кетди иккимизни ҳам –
мени йўллар, сени ёмғирлар.

 

КУЗ

Тун кўксида кумушранг ханжар,
Тилкалайди осмонни зада.
Оёғида қоп-қора занжир,
Тонг пинжида ухлар зулқаъда.

Жон беради дарахтлар – қақнус,
Ёлғиз қушлар қоқмайди мижжа.
Хазонларнинг остида ҳануз
Туш кўради ғофил зулҳижжа.

Табиатнинг кўзида ҳадик,
Ҳавотирда юзи сарғарган.
Кузга атаб оппоқ кафанлик
Олиб келар қора қарғалар.

 

ИНТИҲО

Мен дод дедим, етмади сабрим,
Ва Худодан қилдим-у гина,
Тушов солди тилимга кибрим,
Кўзларимни ўйди ажина.

Сув уфурди юзимга осмон,
Қалқиб тушди кўнглимдан тоғлар.
Қушлар кўкка чорлади ҳар он
Томиримни заминга боғлаб.

Менга илҳақ бўлган малаклар
Тўйиб кетди охир жонидан.
Қўлимда гул – оқ капалаклар
Сафро қусди ошқозонидан.

Улар мендан тўйди. Аминман,
Карвон тинди итлари ҳуриб.
Осмонларга чиқдим заминдан,
Ва ер бўлдим осмонда туриб.

Кўнглимда бир бегуноҳ Аёл
Кечмишимга айтди офарин
Ва тунлари куйлади зилол
Ровийларнинг ривоятларин.

Қанот синиб, дўнди симёнга,
Товонимни ўпди қай йўллар.
Қўлим тутди (хоин дунёга
Қўл силтаган) зоҳидваш еллар.

Худо дедим, шаккоклик билан
Паст осмонни кўрдим ағдариб.
Мен яшадим. Ўлдим – суюнчи,
Пешонамни топдим ахтариб.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan