• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Дардим билан дардлари эгиз, Каллакланган дилгир дарахтлар…» – Қуддус АСАД

«Дардим билан дардлари эгиз, Каллакланган дилгир дарахтлар…» – Қуддус АСАД

* * *

Разолат тиғлари турар ялтираб,

Иблиснинг чархида қайралган.

Қўрқувдан титрайсан, қалтираб,

Соқовсан элидан айрилган.

Кўксингда исёнинг тўлғонар,

Эрк бериш келмайди қўлингдан.

Ичингда борини тўксангчи

Бунчалар қўрқасан ўлимдан!

Қўрқувинг шайтондир, топинма

У сени забт этар майдалаб.

Танингдан сен уни суғуриб

Ташлагин нимталаб-нимталаб.

Бир бошга бир ўлим тушунгин,

Бунчалар сиғиндинг кўз ёшга?

Ҳеч бир зот келмаган дунёга

Бандага қул бўлиб яшашга.

Раббимнинг қулисан тамом, бас,

Кетгани келгансан дунёга.

Қолгани тупроғ-у хор-у хас

Тупургин ердаги “худо“га.

 

САРАТОН

 

Иситмаси ошар бутун борлиқнинг

Фақат яшамоққа имкондир саҳар.

Қуёш эркалайди бошини силаб,

Тиллари осилиб ҳаллослар шаҳар.

Жавдираб боқади атрофга секин,

Хўрсинар тақдирга бергунича тан.

Ҳавога сув сепиб тиришар, лекин

Шаҳарнинг ҳовурин босолмас фонтан.

Тобора авжига чиқар ҳарорат

Неки бор санчади заррин нинасин.

Автолар асфальтни қилиб ҳақорат,

Югурар қўлига олиб шинасин.

На қишга, на ёзга чидайди башар,

Иссиқни лаънатлаб қилганча зарда.

Ўзни пана тутиб шилқим қуёшдан

Таннозлар юзига тортади парда.

Ердан дуд чиқади, не бўлаётир?

Алҳазар, урчийди дўзахий хаёл.

Қуёшдан чўғлатиб бамайлихотир

Замин сиқилганча тутатар сигор.

 

ЗИНО

 

Хонадан чиқасан бир аҳвол,

Буғзингга чўғ босар аламлар.

Ўлмоқ мушкул, яшамоқ малол

Таъқиб этар сени одамлар.

Яширасан хатоларингни

Афсуслар терасан йўллардан,

Қўрқасан, қадалган нигоҳлар

Ва бигиз қилинган қўллардан.

Қочасан… Ортинга қарамай

Хатолар – энг содиқ йўлдошинг,

Кўзингдан ўзларин аямай,

Сочилар хатолар – кўз ёшинг.

Юрагинг титрайди хурсиниб,

Дош бераолмайсан таънага.

Излайсан кимсасиз маъвони,

Отасан ўзингни панага.

Заминга тун кирар, ниҳоят,

Кўнгсингга «ёруғлик» қуйилар.

“Таъқибдан қутулдим“ деган ўй

Гўё бир таскиндек туюлар.

Келасан азобга ўралиб

Ўйлайсан, нажотим – тун менинг,

Хонангга кирасан судралиб,

Сени кутиб олар ўз “МEН“инг.

 

ТИНИШСИЗ ТАВАЛЛО

 

Она

менинг дардларим денгиз

кетяпман тўлқинлар тўлғоғин қучиб

кетмоғимни истамайсан сен

ва симирмоқчи бўласан денгизни

чўк тушиб

йўқ онажон кетмоқлигим шарт

тирноққа зор умидимни қондирмоқ учун

ахир

қачонгача яшайман тинглаб

яшириб оқизган кўзларингнинг ирмоқларини

йўқ

сиқилма

кўзларингда қалқмасин ёшинг

сен уларни тўс

ўша ирмоқлардан куч олар денгиз

йиғласанг айланар чексиз уммонга

йиғласанг тўлқинларнинг ўпкаси тўлиб

фарёд солганича ютуб юборади мени очкўз гирдоби

йиғлама она

ҳеч қурса ёлғондан жилмайиб кузат

шу сафар ҳам ниқобингни тақ

мен кетаман тўлқинларга эркимни бериб

улар шиддат олар кимсасиз ороллар томон

заъфорон умидга яшиллик бағишлар

ўша кимсасизлик ичра ўзлигимни топмоқ илинжи

сенинг денгизингни симирмоқ учун

она қайтажакман ёнингга бир кун

қақраган маъвога денгизим тўкиб

би-ир қучоқ бахт билан қайтаман

фақат унгача

маёқ бўлиб турсанг бас

она

маёқ бўлиб турсанг бас

 

ИЗТИРОБ

 

Бошини хам қилиб ўтади кунлар,

Кўзларин нам қилиб ўтади тунлар,

Битта СЎЗ – умримга кифоя, илло

Мен бадбахт, ҳолимга йиғлар маймунлар!

Ҳисларим бетизгин, зиндонбанд тилим,

Шеърсизлик ўлимдир,

Шеърсизлик – ўлим!

Очун ҳисларимни тўймайди талаб,

Кимдан олмоқ билмай ҳалакман ўчим.

Кўксимни ташлайман ҳар тун нимталаб,

Ўзлигим англашга етмайди кучим.

Йўқликка дўнмоқда ўнгиму сўлим,

Шеърсизлик ўлимдир,

Шеърсизлик – ўлим!

Ўйларим бешафқат, олар интиқом,

Тўкилиб бораман баргдек сарғариб.

«Нажот» деб қўл чўзсам, тутмайди илҳом,

Ҳар томон чопаман, тўрт томон – ғариб.

Манзилим ноаён, паришон йўлим,

Шеърсизлик ўлимдир,

Шеърсизлик – ўлим!

Менинг дунёларим, сенга ёт, дилдор,

Мен учун хаёлот – энг сўлим бистар!

Ҳар бир тун мўъжиза кутганча бедор,

Жон қушим ҳаётбахш бир сўзга музтар.

Ўлдирса, СЎЗСИЗЛИК ўлдирар, гулим,

ШEЪРСИЗЛИК ўлимдир,

ШEЪРСИЗЛИК – ўлим!

 

* * *

Кун димиққан, биқиқ уфунат

бўғар экан, ботқоқлик – шаҳар.

Симиради ҳавони лоҳас

каллакланган дилгир дарахтлар.

Эркинлиги тушовланган, берк,

бўйин сунган манқурт, карахтман.

Кузак енгган бутоғи беэрк,

мен ҳам ўша маҳзун дарахтман.

Нигоҳларим сўнади шамдай,

умидларим ёзмайди куртак.

Қуруқ жисмим ёнгани камдай,

руҳим ёнар устига устак.

Тарк этмас ҳеч юрагимни куз,

сизга ҳам туш – ям-яшил бахтлар,

дардим билан дардлари эгиз,

каллакланган дилгир дарахтлар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan