• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«КУЛГУ ФАЛСАФАСИ» – Неъмат АРСЛОН

«КУЛГУ ФАЛСАФАСИ» – Неъмат АРСЛОН

(новелла)

Қизилқум чўлининг бир минтақасида қатор тизилган тақир тепаликлар бор. Юмронқозиқлар мамлакати ва мамлакатнинг бош шаҳри  Юмрония ана шу тепаликлар бағрида жойлашган. Неча минг йилдирки, одоб ахлоқда ва тавозеда барча ҳайвонларга ўрнак бўлиб келаётган бу жониворлар оқшом палласи тепаликлар устига чикадилар-да, қатор тизилганча бепоён қумлик салтанатини томоша қиладилар. Чўли биёбоннинг  юракларга ваҳима солувчи поёнсизлигидан, ва қаҳри қаттиқлигидан, унда яшаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермаслигидан таъсирланиб  ва ғурурланиб гоҳида кўз ёши  ҳам қиладилар кекса юмронқозиқлар. Қайдам, балки фарзандларига ватанпарварлик руҳини сингдириш учун шундай қилишар. Ҳамиша кўкраклари устида қовуштирилган бўлади бундай пайт  уларнинг қўллари. Икки оёқда тик туриб, гўёки сопол ҳайкалчалардай қотиб қолган ҳолатда  қум барханларини кузатишаркан, ҳеч нарса эътиборидан четда қолмайди бу зийрак жониворларнинг. Тавозе билан қўл қовуштириб туриш ота мерос уларга.

Тепаликлар занжири остидаги шаҳарда эса  кўча ва йўлаклар худди балиқчилар тўридай турли томонга кесишиб ўтган. Йўлларнинг ҳар иккала томонида уйлар, қатор ва қатор хонадонлар, ва бошқа маданий, маъмурий  бинолар. Ҳа, айнан шундай, чўл жониворлари билим олишни яхши кўрадилар. Тулкининг айёрлигини билмай туриб яшаш мумкин эмас. Акс ҳолда ҳаёт тугайди. Бўри унданда хавфли. Аммо энг хавфлиси одам. Буларнинг ҳаммаси билимли бўлишни талаб этади. Шаҳарнинг гавжум  кўчаларидан бирида Юмо исмли бола юмронқозиқ яшайди.  Ота юмронқозиқ Юмонинг шўхлиги ва қайсарлигидан ранжиган пайтида унинг қулоғини бураб тулкининг сувратини кўрсатади ва сўрайди:

— Бу нима?

— Тулки хола…— жавоб қилади оғриқдан юзи қийшайиб кетган Юмо.

— У нима қилади?

— Бизни ейди…

— Нафасингни иссиқроқ қил, Юмо, болагинам, — ялингансимон овоз беради бурчакда ўтириб юнг титаётган она юмронқозиқ.

— Бу нима?  Яна саволга тутади ота.

— Одам…

— У нима қилади?

— Бизни тутиб олиб қафасга солади…

Яна бир қатор савол жавоблардан кейин дарсни якунлайди ота. Кейин ҳаммалари ўтириб момо юмронқозиқдан эртак тинглайдилар. Ана шундай ўтади узун қиш кечалари. Табиатан шўх ва ўйинқароқ Юмо оиланинг эркаси ва арзандаси. Чўл манзарасини ва хусусан, уфқни томоша қилиш унинг жони дили. Баъзан кун бўйи давом этади унинг бундай машғулоти. Ва гоҳида ўзи билмаган ҳолда шаҳардан узоқлашиб кетади.  Ана шундай кунларнинг бирида, яъни Юмо табиатни кузатиб унинг сирлари билан ошно бўлиб турган бир паллада алла нарсанинг шап этган товуши эшитилди ва ёш Юмо тўр ичида кўрди ўзини.  Қўрқиб кетиб ўзини ҳар томонга урди Юмо, тўр ипларини тишлари билан ғажишга ва қутилиб кетишга беҳуда уринди, чийиллаган овоз билан отасини ёрдамга чорлади ва талвасага тушиб, ёмон бир фалокат рўй берганлигини англади.

– Ҳа-ҳа ҳа!… деган овоздан титраб кетди қум барханлари.

– Қўлга тушдингку! Ҳа-ҳа-ҳа!

– Тишининг ўткирлигини қаранг! Ваҳ-ҳаҳ-ҳа!..

Турли оҳангда эди кулгу овозлари

– Қандай жонивор ўзи бу?

– Бўрсиқми?

– Сассиқкўзан бўлса керак.

– Юмронқозиқ бу, — деди  чаққон ҳаракатлар билан тўр оғзини боғлаётган киши, ва яна бор овози билан кулди:

– Қаққ-қақ-қақ!– мана энди буни ўғилчага савға қиламиз. Какраз шу ҳафта охирида туғулган куни.

                                                                   2

…Ва мана, неча кундирки, бегона шаҳарда, ўзга уйда, одамлар қароргоҳида тутқунликда, ва темир қафас ичида яшамоқда Юмо. Тишлари ўткир унинг аммо қафас сими қаттиқ. Кун бўйи ва албатта туни билан кемиради сим деворни, тиши ўтмайди. Ҳар кун қафас олдига келади бир бола. Кўзлари… қатта-катта бўлиб кўринади сим чивиқлар ортидан Юмога унинг кўзлари. Бола кулади гоҳида ва қўрқинчли кўринади  унинг тишлари. Юмо умрида кўрмаган турли егуликлар келтиради бола, сув беради, ва эркалаб нималарнидир ғулдурайди. Аслида боланинг овози нозиккина, жарангдор ва ёқимли, аммо Юмо учун унинг оғзидан чиқадиган ҳар қандай товуш дағал ва қўрқинчли. Гоҳида ўзидан бироз кичикроқ қизчани ҳам эргаштириб келади бола. Ва уни огоҳлантиради:

– Эҳтиёт бўл, Асила, қўлингни сим орасига суқма, бармоғингни узиб олади, қара, қандай ўткир унинг тишлари.

– Унинг оти нима? – сўрайди қизча ёқимли овоз билан.

– Юмо, – жавоб  қилади бола.

– Нега Юмо?

– Чунки, у юмронқозиқ, шунинг учун унга Юмо деб ном қўйганмиз. Мана сенинг отинг Асила, меники Ўтаган, уники эса Юмо.

Бир муддат жим қолишади болалар. Кейин қизча сўрайди.

– Онаси борми унинг?

– Бор, акс ҳолда туғилмаган бўларди.

– Синглиси-чи?

– Билмайман. Сўрайверма керакксиз нарсаларни. Менимча уларда ака, сингил деган тушунчалар йўқ. Онгсиз жониворлар улар.

– Нега унда қафас симини тишлаб тортқилайди?

– Симни синдириб чиқиб кетмоқчи бўлади.

Ўйлаб қолади қизча ва хулоса қилади:

– Қафас  сими синса қутилиб кетиши мумкинлигини биларкан, демак онги бор…

– Онг эмас, инстинкт. Ҳайвонларда онг бўлмайди, инстинкт билан ҳаракатланади улар деб ўргатган ўқитувчимиз.

— Ахир онасини танийдику улар, отасини ҳам танийди.

— Бу ҳам инстинкт.

Индамади қизча ва ғамгин нигоҳ билан қафас ичидаги жониворга тикилди. Эртаси куни ғала -ғовур бошланди уйда. Эшикдан кириб келаётган кишилар саломлашар, ва совғаларини Ўтаганга топширардилар ва шовқин сўрон билан стол атрофидан жой олардилар.  Вужудига титроқ югурди бу овозлардан Юмонинг. Айниқса кулгу чўчитарди уни. Кулгуни эшитиши билан тўрга тушган ҳолати ва ўлжадан қувонган одамларнинг  қаҳ-қаҳ уриб кулишлари уриларди шуурига. Отанинг ҳукмрон овози эшитилади:

– Ўтаганжон, қани олиб чиқ энди Юмони!

– Юмо?.. қанақа Юмо? — Ажабланишади меҳмонлар.

– Ҳозир кўрасизлар! – дейди қувончини яширолмай ота.

              Қафасни кенг ва ёруғ хонага олиб чиқади Ўтаган. Кулгуларга туташиб кетади.   “Оҳо!, Уҳу! Зўр-ку!” деган овозлар. Стол ўртасига қўйилади қафас. Жавдираган кўзлари билан атрофга аланглайди Юмо, Атроф-теваракда эса, катта-катта кўзлар, оппоқ тишлар ва баҳайбат юзлар, ва титраётган ияклар. Шунда кулаётган кишилар орасида басавлат бир одамни кўрди Юмо.Қизил эди  ва ялтираб нур таратиб турарди бу одамнинг тишлари.  Қафас ичида қалтираб титраб турган жониворга тикилиб қаради бу одам. Ва сўради:

– Эчкиэмар деганлари шуми?

Кулгудан ларзага келди хона деворлари. Ҳайвонот дунёсидан фақатгина эчкиэмарни биларди бу одам. Шунга қарамай катта бир жамоанинг бошлиғи эди. Ва “Сен эчкиэмарни ишдан ҳайдайман!” деб пўписа қиларди жаҳли чиққанда нўноқ ходимга қараб. Ниҳоят кулгулар босилди, қафас олиб кетилди, ва дастурхонга қўйилган ноз-неъматлардан тановул қилишга киришдилар меҳмонлар. Кейин қадаҳлар кўтарилди ва Ўтаганбойнинг ўн икки ёшга тўлгани муносабати  билан табрик нутқи сўзлади бошлиқ. Ана шундагина бошлиқнинг ҳайвонот оламини нақадар яхши билиши аён бўлди.

— Бўридай баҳайбат, Туяқушдай учағон, Самандар қушдек  сузағон, ва … гапдан тўхтаб атрофга қараб олди бошлиқ. Ва…

– Жайрадек…— дея луқма ташлади ходимлардан бири.

— Ва жайрадек  чопағон йигит бўлсин!

Олқишлар ёғилди бошлиқ шарафига. Қаҳ-қаҳалар янграб, хона деразалари зириллаб турган бир паллада қафасдаги тутқун жониворга қараб ўтирарди Асила.

— Онангни соғиндингми, бечорагина Юмо?— шивирлади қизча қафасга эгилиб қараб, ва унинг титраб қалтираётганини кўриб яна сўради:

— Совқотяпсанми, Юмо? Ёки мендан қўрқяпсанми?  Қўрқма, мен Асиламан. Совқотятган бўлсанг, мана сенга гуппичамни ечиб бераман.

Гуппичаси билан Юмони ўраб қўйиш учун қафас эшикчасини очди Асила. Ва… ва эшик очилгандан кейин нима бўлганини ҳозирча айтмай турамиз, акс ҳолда Юмони яна ушлаб олишлари мумкин.

3

…Уч ҳафта-ю, уч кун деганда уйига кириб келди Юмо. Кўп юрди, кўп юрса ҳам мўл юрди, сувсиз аро чўл юрди ва ниҳоят ота-она бағрида кўрди ўзини. Акалари ва опалари силаб сийпалашарди унинг қоқ суяк бўлиб колган елкаларини. Хурсандчиликдан йиғларди муштипар она. Қалин хас-хашаклар устига ўтқазишди Юмони. Мисли кўрилмаган мўъжиза юз берди шунда. Қаҳ-қаҳ уриб кула бошлади Юмо. Сингиллари йиғлаб юборишди қўрққанларидан. Акалари девор ортига беркинишди. Ота-она ҳам хона тўрига чекиниб ҳайрат ичра қараб қолишди. Юмо тўхтамай кулар, оғзидан пақ-пақлаган, қат-қатлаган ваҳ-ваҳлаган овозлар отилиб чиқар, Юмонинг ўзи эса ўтирган ўрнида чўпчиларди, ҳа, бўғзидан отилиб чиқаётган овозлар зарбидан чўпчиларди…

Ташвишланиб қолган ота ўғлининг миясида юз берган ўзгаришдан қаттиқ ўйга толиб, кўп йиллик қадрдон дўсти профессор Нормўйнинг олдига борди ва  бўлган воқеани гапириб берди.

– Ўғлинг йўқолиб қолмаганмиди? –  сўради дўстига синчков тикилиб профессор.

–  Шундай бўлганди, уйдан  чиқиб кетиб уч ҳафтадан кейин қайтганди.

– Одамлар орасида бўлибди бола, — хулоса қилди доктор.

– Энди нима бўлади? Нима учун  беўхшов ва ёқимсиз овозлар чиқаради менинг болам? Нима учун ўтирган ўрнида ўзини ҳар томонга уриб “қат қат”лайди, бўридай улийди?

– Кулгу касаллигининг аломатлари бу.

– Кулгу? Бу нима деганинг, қандай касаллик ҳақида гапиряпсан, дўстим?

– Кулгу жуда юқумли касаллик. Инсониятнинг  қарийб саксон ёки тўқсон фоизи  шу дардга чалинган. Мана, қара, деб компьютернининг тугмачасини босди Нормўй. Экранда давра олиб ўтирган бир гуруҳ одам намоён бўлди. Ва қаҳ-қаҳа овозлари янгради.

– Сен кулаётган кишиларнинг ҳолатларига эътибор қил.

Ота экранга қараб қўрқиб кетди. Ўтирган ўрнида қорақурт чаққандай бураланарди бир одам, қаттиқ қулдирарди унинг халқуми.

– Бу чиранма кулгу,— изоҳ берди профессор.

Оғизини катта очиб осмонга қараганча “ ваҳ-ваҳ”лар ва гоҳ олдинга, гоҳ орқага ташларди ўзини  бошқа бири.

– Буниси қандай кулгу?

— Жазава кулгусининг бир кўриниши.

Ерга эгилиб “қийқ-қийқ” қилаётган одам тагостиндан бош кўтариб давра тўридаги кишига қарар ва астойдил кулаётганини ўша одамга англатишга уринарди.

– Давра тўрида ўтирган киши корхона бошлиғи, қийқиллаётган ва кулгусини унга пеш қилаётган киши унинг ходими.

– Нега кулгусини бошлик кўришини истайди?

– Чунки бу хушомад кулгуси. Кулаётган одам эса хушомадгўй.

Бошлиқнинг ўнг томонида ўтириб иккала қўли билан қорнини чангаллаганча ув тортаётган кишининг ҳолига ачиниб кетди Ота юмронқозиқ , ва хулоса қилди:

– Ичбуруғга чалинган кўринади бу одам.

– Йўқ,” аския кулгуси” дейилади бу ҳолатнинг номини.

– Менинг ўғлим бу дардларнинг қай бирига чалинган?

— Кулгу вируси аслида бир хил бўлиб, шохлаб кетган дарахтга ўхшайди. Инсоннинг темпераменти. Соғлиги, характери, кулгу қўзғатган вазиятга қараб туриб турли кўринишда зуҳур этади.

– Бошқа барча ҳайвонлардан ақли билан ажралиб турадиган инсон наҳотки бу касалликка қарши даво тополмаса?

– Аксинча улар кулгуни соғлиққа фойдаси бор деб уни тарғиб этадилар.Аслида ҳам кулгу инсон соғлиғи учун фойдали.

— Зиёни нимада?

— Жуда мураккаб масала бу. Маънавияти юксак, халқнинг ғами билан яшайдиган кишиларнинг жиғига тегади бундай ҳолат. Инсон кулаётганда ўта хунук ва беўхшов ҳаракатлар қилади. Масалан ит, эшак ёки балиқ худди шундай ҳаракатлар қилса уларга қараб турган одам бу жонивор қутурибди деб дарҳол уни ўлдиради.

– Яна қандай кулгулар бор?

– Сонига шапати уриб кулиш, бир бирининг елккесига туртиб кулиш, кула-кула йиқилиб қолиш ва ҳоказо.

– Бу  жуда хунук ҳолатку ахир. Наҳотки…

– Худди шундай фикрни уларнинг кўпгина мутафаккирлари ўртага ташлаганлар. Ҳазрат Навоий деган улуғ шоир ва мутафаккир кулаётган кишининг ҳолатини қурбақанинг вақиллашига, унинг ҳаракатини эса шу жониворнинг сакраб-сакраб юришига менгзаганлар. Ўзлари эса умриларида овоз чиқариб кулмаганлар. Жилмайиш, табассум қилиш, мийиғида кулиш хос бўлган бундай кишиларга. Жуда кизиқ ҳолатга дуч келганларида  ҳам овоз чиқармасдан ичдан булкиллабгина кулганлар. Инсон зиммасига юкланган ғамнинг нақадар  буюк, ва нақадар залворли эканлигини, изтиробнинг ва мўнгнинг беҳад оғир юкини англайди бу улуғ мутаффаккир яратган асарларни бошдан охиригача ўқиб чиққан киши. “Бу шодликлар бари ғамдан яралган” дейди инсон зотининг яна бир буюк вакили Мирзо Бедил.

– Шундай фикрда яна бошқа кишилар ҳам бўлганми?

– Албатта бор ва бўлган. Маънавияти етук кишилар орасида кулгуни қаттиқ қоралаб, унинг механизмини, сабабларини ва четда турганларга таъсирини, ва умуман кулгунинг ўзи нималигини тушунтириб беришга интилиб катта-катта трактатлар ёзган кишилардан бири Шарль Бодлер саналади. Кулгу ҳарқандай ҳолатда ҳам бошқалар учун таҳқирлаш ва ҳақоратдан иборат бўлиб, ўта маданиятсиз кишиларнинг касаллиги эканлигини исботлашга уринган фарангларнинг бу мутафаккир шоири. Агар инсон кулаётган кишига ҳар қандай бошқа бир жониворнинг нигоҳи билан қараса, кулгунинг қанчалар беўхшов, аянчли ва ҳатто қўрқинчли ҳолат эканлигини, кулаётган одам бамисоли телбалардай ўзини тутолмай, ўз вужудини бошқаролмай қолишини яққол кўрган бўларди, – дея  хулоса қилди профессор Нормўй. Чуқур хўрсинди Ота юмронқозиқ.

…Оғир дардга чалинган эди унинг кенжатойи.

                                                                                                                         Март. 2019. Чирчиқ

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan