• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Сен ҳам осмонингда юрасан доим, Бир осмонга икки ҳилол керакдай…» – Шукур ЛАТИФ

«Сен ҳам осмонингда юрасан доим, Бир осмонга икки ҳилол керакдай…» – Шукур ЛАТИФ

ҚАРАШ

Қизлар орасидан секин мўралаб,
Кўзингизга шаддот кулгу оралаб,
Синовчан нигоҳ-ла дилни яралаб…
Бу ўтли қарашлар боиси недир?

Ўсмақош остида қуюқ киприклар
Кўзингиз устига қуриб кўприклар
Не балолиғ фитна қўрғонин тиклар…
Бу ўтли қарашлар боиси недир?

Сўроқми, тузоқми, ё эрмакми бу?
Ёки тақдирингиз ҳал демакми бу?
Ёки ширин тушми, ё эртакми бу?
Бу ўтли қарашлар боиси недир?

Ҳар нечук, кўзингиз илғаб, яйрайман,
Нигоҳингиз киприк билан тарайман.
Қарайман, мен сизга ҳайрон қарайман:
Бу ўтли қарашлар боиси недир?

 

ЭРТА БАҲОР

Эрта баҳор гуллайди олча –
Кўзни олар мева туккунча.
Қўғирчоғин эркалаб қизча
Ўйнар юзга упа теккунча.

Улғайиш – бу чангланиш асли,
Беғуборлик йўргакда фақат.
Умримизнинг покиза фасли –
Баҳоримиз, эсиз, муваққат.

Эслайсизми ўша йилларни?
Ёддами боғ капалаклари?
Биз авайлаб юрган гулларни
Уялмасдан ўпарди ари.

Ўсган сари дағалдир терак,
Лойқаланар қўзғалган анҳор.
Тут шохига илиниб варрак
қолар, аммо қолмайди баҳор!

Табиат ва инсон қисмати
Мана шундай чамбарчас, яхлит.
Ҳар кимнинг ҳам етар муҳлати,
Ҳаёт давом этар шу тахлит.

Жужуқлар ҳам улғаяр секин,
Кўклам кетар гул бағрин тилиб.
У-ку қайтар, ёшликни лекин
Сақлаб бўлмас гербарий қилиб.

 

ШУНЧАКИ ДЎСТМИЗ, ХОЛОС

Ошиқамиз суҳбатга,
Дил гарддан бўлар халос.
Йўл бўлсин муҳаббатга,
Шунчаки дўстмиз, холос.

Туним мажруҳ, кун майиб,
Гоҳ кулиб, гоҳ мунғайиб,
Қолганмиз-ку, улғайиб,
Шунчаки дўстмиз, холос.

Ҳар куни сўрашсак ҳам,
Меҳр-ла қарашсак ҳам,
Кўз-қошдек ярашсак ҳам,
Шунчаки дўстмиз, холос.

Боқишлар қайноқ-қайноқ,
Юракда лоҳас қийноқ,
Бўлсак-да эт ва тирноқ,
Шунчаки дўстмиз, холос.

Ишқни қисмат ютди, Оҳ!
Танладик ўзга паноҳ.
Иккимизда бир гуноҳ
Шунчаки дўстмиз, холос!

Тангрим, кўп этма таҳқир,
Ўзинг-ку битган тақдир.
Энди ким қилар таҳрир?
Шунчаки дўстмиз, холос…

 

СЕВГИ

Юракнинг дўқ-дўқи эзғилар ичим,
Кўксимда туюлар толқондай севги.
Уни беркитмоққа етмайди кучим,
Кўзимдан отилар вулқондай севги.

Булут ортида ой ярақлар сим-сим,
Бир пойи йўқолган кўҳна зиракдай.
Сен ҳам осмонингда юрасан доим,
Бир осмонга икки ҳилол керакдай.

Азобим қувончми сенга, азизам,
Ўлсам, кулиб, яйраб нишонлайсанми?!
Ё сен деб ўлимдан юз буриб келсам,
Шунда ҳам севгимга ишонмайсанми?!

Қабул этмасангда, кўнмай фироққа,
Меҳрингдан умидвор қайтавераман.
Бир сенгамас, ҳар кун беш вақт Аллоҳга
Сени севишимни айтавераман.

Менга-ку, парво ҳам қилмайсан, аммо
Ўзгага боқсанг бас, қўзғайсан рашким.
Бу рашк гулҳанидан қораяр само,
Жисмим ёқиб, кўзда қайнатар ашким.

Зулминг ортаверса ва тинса нафас,
Ҳадигим – сўнг сени не қисмат кутар.
Билиб қўйгин, ўлсам, сени севгиммас
Онамнинг кўз ёшин уволи тутар.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan