• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Olisdagi bekat
«Бу дунёдан бутунлай энди, Кетиш менинг асл хулосам…» — Ҳувайдо АЗИМЖОНОВА

«Бу дунёдан бутунлай энди, Кетиш менинг асл хулосам…» — Ҳувайдо АЗИМЖОНОВА

Онамга

Менга шеър ёзмадинг, ёзмадинг болам,
Неча бор зорланиб айтдингиз онам.
Шеър ёзиш шунчаки вақт топиш эмас,
Ё севиш, ё бирор дард чекиш онам.

Тунлари тўлғониб чекябсиз алам,
Дардингиз ололмай ичимда нолам.
Қўлларим титроқда ёзмоқда қалам,
Менинг бахтимга сиз бор бўлинг Онам.

Умр йўлдошини унутмай туриб,
Ўғлини қабрга кузатган Онам.
Ғамлари аримай, гуллари сўлиб,
Кўзлари энди ҳеч кулмаган Онам.

Жуссангиз кичрайиб бўлибсиз нимжон,
Кўзлари нуқтага тикилган Онам.
Фарзанд доғи ичра чидамас бу жон,
Сизга чексиз сабр тилайман Онам.

Йўқотиш осонмас турибман сезиб,
Ўзингиз овутиб яшайсиз Онам.
Тунлари бедорман хаёллар кезиб,
Оллоҳдан умрингиз сўрайман Онам.

Отам

Вақт сизни енгидими отам,
Кўзларингиз тиндими отам.
Юрагингиз оғриб қолдими,
Қазо пайти келдими отам.

Совуқ шамол эсдими отам,
Нафасингиз қисдими отам.
Яқинлашди деган сўзингиз,
Юрак бағрим эздику отам.

Менинг сокин обрўли отам,
Дардга оғир маъюсим отам.
Оллоҳимдан умр сўрайман,
Яна бироз яшасин отам.

Меҳнатдан ҳеч қочмаган отам,
Кетмонидан кечмаган отам.
Менга энди сарфраманглар деб,
Тақдирига кўнганим отам.

Сен ётавер кўзингни юм деб,
Деразадан термулган отам.
Не азобда тонгларни кутиб,
Кун чиққанда кулганим отам.

Биттагина деб эркалатиб,
Кўпроқ қизин суйганим отам.
Онамдан ҳам гўё қизғаниб,
Мен учун кўп куйганим отам.

Унутмоқ

Сени унутмоқлик осонмас ахир,
Кечмоқлик осонмас сенинг ишқингдан.
Кераксиз тош каби отилдим ахир,
Қалбинг кулаётир бу кун ишқимдан.

Кимга керагим бор ёруғ оламда,
Майли кулавергин кулгин севгимдан.
Шу ёшга кирганда севиб қолишга,
Ўзим айбдорман, эй воҳ дастингдан.

Паноҳ бер, ёрдам бер кечки севгига,
Оллоҳим сенга мен ёлворай дилдан.
Омад бер, ривож бер, барча йўлимга,
Гуноҳимни ювай қилган ишимдан.

Алвидо

Дунё, сени куйлайман яна,
Ўша дардли юрагим билан.
Ҳаёт сени ўйлайман яна,
Атрофимда душманим билан.

Нега келдим ёруғ оламга
Лек Оллоҳга шак келтирмайман.
Юрагимда тўла гуноҳла,
Даргоҳингга қадам қўйгайман.

Қабул қилгин кичкина жуссам,
Сиға олур сенинг бағрингга.
Нима учун нозик юрагим,
Тўлиб тошган ғам ва андуҳга.

Асли ўзим бу дунё учун,
Кераксиз бир хазонман балки.
Учта азиз гўдагим учун,
Қолган умрим берайин майли.

Мен кўрмаган бахтли онларни,
Бергим оллоҳ фарзандларимга.
Шу ёшгача чеккан азобни,
Кўрсатмагин асло уларга.

Сабрсиз деб ўйлама мени,
Тўлиб тошди бу сабр косам.
Бу дунёдан бутунлай энди,
Кетиш менинг асл хулосам.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.