• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Сендан бўлак нима йўқотди, Чап кўксимга тегиб турган тош…» – Мафтуна ХУРИБОЕВА

«Сендан бўлак нима йўқотди, Чап кўксимга тегиб турган тош…» – Мафтуна ХУРИБОЕВА

* * *
Биз орзу қилардик бўлса тўйимиз,
Яна болларимиз бир этак бўлса.
Сенга мендек телба эрмак бўлсаю,
Менга севги деган зўр эртак бўлса.

Таомлар пиширсам мени мақтасанг,
Яна ювиб берсам кўйлагингни ёр…
Орзуга етмасдан айрилдик бизлар,
Кўнгиллар беором,йўллар бебаҳор.

Бизни сийламади тақдири азал,
Иккимиз икки ҳил йўлларда бандмиз.
Менинг англамимда айро яшашга,
Туғилмасдан аввал рози бўлганмиз.

Ўзгани эркалар энди нигоҳинг,
Кўникдим сўзларинг сийласа кимни.
Ҳазм қилолмайман, фақат кўйлагинг
Бошқа бир қўлларда ювилганини…

Айрилиқ…

Жим йиғлама… Тугаб борасан,
Дардларингни одамдек тўккин.
Мен ёдингдан ўчгунимча ич,
Аламингдан чиққунча сўкин.

Йиртиб юбор суратларимни,
Сақламасдан хатларимни от.
Ёқиб ташла хотираларни,
Ҳайҳоооот…

Бақир… чақир… бир нималар қил,
Ярашмайди, жим йиғлама…
жим…
Пачка-пачка сигарет чекдинг,
Чеккалаб, ғам чекдинг азизим.

Мен ёдингдан ўчгунимча ич,
Мен ёдинга келдимми, сўкин.
Хўнграб юбор… айқириб юбор,
Одамлардек ичингни тўккин.

Жим йиғлама тугаб борасан…

* * *
Дил махбуси, ўзингиз билмай,
Бу жазони ўтаб берасиз.
Кўчангиздан ўтсам, ўтмасам,
Ҳаёлимдан ўтаверасиз.

Ишқ бу – бозор, сўзингиз қиммат,
Кўздан ўтган кўзингиз қиммат.
Ўтинаман сал ўтиб беринг,
Нега шунча сўзингиз қиммат.

Унутмоқлик, унут хаёлми?
Қайси ипда боғландим сизга.
Кетмоқликка уринган сарим,
Қулаб тушдим кулгучингизга.

Сизни севдим сиз эса уни,
Хаёл қилиб кутаверасиз.
Бахрингиздан ўтай дейману,
Кўзларимдан ўтаверасиз.

* * *
Бетоқат лаб музлади аста,
Қотиб қолди намиққан киприк.
Юз сарғайди хазонлар мисол,
Вужудимда ўрмалар ҳадик.

Ёш ўрнида кўзимда ғазаб,
Муштлаб қўяр қўлимни бардош.
Сендан бўлак нима йўқотди,
Чап кўксимга тегиб турган тош.

* * *
Севмайман деб қасам ичдинг ва…
Севмайман деб қасам ичирдинг
Ортиғига Хақдан изн йўқ.
Шеърларимда ҳаёт кечирдинг…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.