• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Яхшиман, ёмонман, сенга дўст-ёрман, Ошиқман, Ожизман, Меҳрингга зорман…» – Шукур ҚУРБОН

«Яхшиман, ёмонман, сенга дўст-ёрман, Ошиқман, Ожизман, Меҳрингга зорман…» – Шукур ҚУРБОН

Шукур Қурбон ёниб ёзади. Ёзганларини биров ўқийдими, йўқми унга фарқи йўқ. Ўзига керак бўлгани учунгина қоғоз қоралайди. Балки унинг ёзганлари содда, бироз жўн кўриниши мумкин, аммо унда шоирнинг уриб турган юраги, умрининг фожиаси, бу нопок дунёда 70 йил яшаб, заррача кир юқтирмаган қалби, пок виждони, тирик руҳи бор.
У сўзлаганда катталардек манманлик, кибор, мақтанчоқлик, бошқаларга ғаразлик қилиб эмас, болаларча беғуборлик, поклик, қувонч билан кўзлари ёниб сўзлайди. У ҳеч қачон теран нигоҳлари ортидаги ғам-ғуссани, унга бўлган ноҳақликлардан етган яраларнинг оғриқларини кўрсатмайди.
У ёзганларидан тонмайди, қонмайди ҳам.
Унинг беғубор нигоҳларида, қалбида, юзида, қулоқлари остида, пок руҳида, олган ҳар бир нафасида, тушида, ўнгида, сийратида бир олам сўз бор. У аслан бошдан оёқ сўздан иборат.
У ҳар доим инсонлар томонидан алдовларга дуч келади, аммо «унутгувчи»лардан ҳеч қачон хафа ҳам, норози ҳам бўлмайди, уларга ишонишда давом этади. Шоир ҳаётни ундаги мавжудотларни севиб яшайди, улардан қанча ноҳақликлар, азоблар Slot етса-да, уларни севишни давом эттиради. Чунки у ёвузликлардан йироқда, ҳали ҳамон гўдак қалби билан яшамоқда. Шукур Қурбон ўз нафсини тўйдириш учун эмас, инсониятга зиё улашиш мақсадида қарзга ботиб бўлса-да, китоб чиқаради. Ҳеч қачон китобларини мажбурлаб ўзгаларга сотмайди. Бўйнида қарзи борлигини, ҳар доим қарзга ботиб юришини сўзлашдан уялмайди, тонмайди. У етти йиллик умрини бор йўғи гонорар учун берилган тўққизта китобга алмаша оладиган, ижод қилиб кетказган вақтига, соғлиғига ҳам ачинмайдиган соооддагина бир инсон. Адабиёт, шеърият, ижод ҳақида сўз борганда тонгни тунга, кунни кунга улаб, соатлаб гапиради. У бутун умрини адабиётга фидо қилди ва бу фидокорликни ҳали ҳамон давом эттирмоқда. Аммо ҳеч қачон адабиёт менга нима берди деб эмас, мен адабиётга нима бердим деб яшайди. У ҳеч қачон ўзини фидо бўлган деб ҳисобламайди, бор йўғи инсонлар уни адабиётни севган, шу йўлда ҳаракат қилган, уринган инсон деб ўйлашларининг ўзидаёқ, ўзини бахтли ҳисоблайди.

* * *
Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди.
Болалик қувончлари,
Ўғлим, сенга оз бўлди.
Даданг туриб, дадасиз
Қолганлигинг рост бўлди.
Сен билмайсан, гўдаксан,
Унутасан дадангни.
Даданг, деб кўрсатарлар
Сенга бошқа одамни.
Етти ёт бегонага
Эргашасан «дада»лаб.
Даданг бунда юрадир
Кўксига ғам қадалиб.
Кўксимга ғам қадалса,
Сени эслайман, ўғлим.
Бор эканинг ҳам — давлат,
Қаддим ростлайман, ўғлим.
Лаънатлайман ўзимни,
Лаънатлайман онангни
Ва сенга дада бўлган
Етти ёт бегонангни.
Севги бизни шу қаттиқ
Савдога қўйди, ўғлим.
Бошимизни эл аро
Ғавғога қўйди, ўғлим.
Бу оламда кўзлар бор,
Аҳволимиз кўрарлар.
Бу оламда сўзлар бор,
Масхаралаб куларлар.
Кулги бўлиб ҳар кимга
Бу жаҳондан ўтармиз.
Йўл бўйига чиқармиз,
Йўлларга кўз тутармиз.
Кўзларимиз тўрт бўлиб,
Бир-бировни кутармиз.
Бу жаҳондан ўтгунча
Қоп-қора қон ютармиз.
Лайлак келди, ёз бўлди,
Қаноти қоғоз бўлди,
Бу дунёнинг роҳати,
Ўғлим, менга оз бўлди.
Ўғлим туриб, ўғилсиз
Қолганлигим рост бўлди.

СОҒИНДИМ

Кел, эй ёрим, парирўйим, кел энди,
Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим.
Фироқ жондан ўтди, қадринг билинди,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.

Хаёлимда кокилларинг тутами,
Бир сўз учун шунча зулм, ситамми?
Ишқ йўлида гуноҳкор мен биттами?
Суманбўй, гулузорингни соғиндим.

Сени кўрмоқ бўлдим, неча чоғландим,
Ўз ёғимга ўзим неча доғландим.
Билмам сенга, нега сенга боғландим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

Кел, эй, чашми хуморингни соғиндим,
Висолингни, рухсорингни соғиндим.
Суманбўй, гулузорингни соғиндим,
Боғлиқ қулдай озорингни соғиндим.

1988

(«Шайтанат» видеофилмида айтилган қўшиқ)

Ҳаёт — гулзор дея кездим, тиконлари чиқди йўлдан.
На-да тиконлари, турфа илонлари чиқди йўлдан.
Тилинди қалб, шилинди тил, балойи нафс бўлди ғолиб,
Қиморга бой берилди ор, пушмонлари чиқди йўлдан.
Кўнгил бердим ёра ногоҳ, ахтариб мен тасаллолар,
Заҳарханда қилди ағёр, ёмонлари чиқди йўлдан.
Замон Ҳаққа тегишли деб, неча фурсат қилдим сабр,
Чектириб оҳ, неча соҳибзамонлари чиқди йўлдан.
Бу бир қисмат, дедим, балки пешонамга ёзилгани,
Худо урган шайтанатнинг шайтонлари чиқди йўлдан.

Борми бирор хайрихоҳим ва ё ҳамдард? Муҳаббатнинг
Тоҳир Малик, Шукурдайин қурбонлари чиқди йўлдан.

2004

* * *

Ҳаммаси Худодан —
Парвардигордан,
Унинг ҳукми ила дунёда борман.
Яхшиман, ёмонман, сенга дўст-ёрман,
Ошиқман,
Ожизман,
Меҳрингга зорман

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.