• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Томда телба бор» – Азиз НЕСИН

«Томда телба бор» – Азиз НЕСИН

ҳикоя

Бутун маҳалла оёққа турди: “Қаранглар томга бир телба чиқиб олибди”, “томда бир телба юрибди”, “томда телба бор”.

Бино олдидаги кўча секин-аста телбани кўргани келган одамлар билан тўла бошлади. Аввалига назоратхонадан, кейин бошқармадан полиция ходимлари ва уларнинг ортидан ўт  ўчирувчилар ҳам етиб келди.

Телбанинг онаси:

— Болажоним, туш пастга. Қани, тушақол жон ўғлим — дея зорланди.

Телба эса онасининг сўзларига бепарволарча:

— Мени маҳалла раиси этиб сайламасангиз ўзимни пастга ташлайман. — деди.

Ўт ўчириш ходимлари, телба ўзини ташласа тутиб қолиш учун махсус брезентни ёйишди. Телба у ёқдан бу ёққа бориб келавергани учун матонинг чеккасидан тутиб олган 9 нафар қутқарувчи бинонинг атрофида айланавериб ҳолдан тойишди. Комисар дўқ-пўписа билан ҳам, юмшоқ оҳанг билан ҳам телбани пастга тушиши учун кўндиришга уриниб кўрди:

— Биродар, илтимос, туш пастга.

— Мени раис этиб сайланг. Йўқса ўзимни пастга ташлайман, ўлдираман ўзимни.

Ялиниб ёлворишлар-у дўқ-пўписаларнинг бари беҳуда эди.

— Биродар, тушсанг-чи пастга.

— Тушиб бўпман, ўргилдим. Керак бўлса ўзларинг чиқинглар, тушмайман дедимми, тушмайман.

Одамлардан бири “маҳалла раиси этиб сайладик деяқолайлик”, деса, яна бошқа бирови “бўлмайди, ҳеч замонда телба маҳаллага раис бўладими” деди. Яна бир одам “тавба, тавба… чиндан ҳам раис этиб сайламаймиз-ку…” дея суҳбатга нуқта қўймоқчи бўлди.

Хассали чол:

— Йўқ бўлмайди, чиндан ҳам, ёлғондан ҳам раис этиб сайласангиз тўғри келмайди.

— Шундай қилдик десак, балки, тушар…

— Тушмайди, мен бундайларни яхши биламан. Бир марта юқорига чиқдими қайтиб тушмайди.

— Аввал тушиб олсин майли, қолгани бўлаверади.

— Тушмайди.

Пастда турганлардан бири:

— Сени маҳаллага раис этиб сайладик. Энди пастга туш, — деб бақирди.

Телба рақс туша бошлади:

— Тушмайман. Шаҳар мажлисига аъзо қилмасангиз ўзимни ташлайман.

Ҳалиги чол:

— Хўш, мен сизга айтмаганмидим?

— Бу истагини бажарганимиз билан нимадир ўзгарармиди.

— Нима қилсангиз ҳам тушмайди, инсон бир марта томга чиқадиган даражада ақлдан оздими, қайтиб тушиши мушкул…

Дарғазаб комиссар:

— Майли, сени шаҳар мажлисига аъзо этдик. Қани, биродарим, пастга туш энди, дўстларингни куттириб қўйма, — деди жиддий оҳангда.

Телба баттар ўйноқилай кетди:

— Тушмайман, тушмайман, шаҳар ҳокими этиб тайинлансамгина тушаман.

Қария:

— Ана кўрдингизми? Энди умуман тушмайди.

Сабри тугаган ўт ўчирувчилар бошлиғи:

— Шаҳар ҳокими этиб тайинладик дейлик, нима ўзгаради, айтганини қилақолайлик,  — деди ва қўлини пахса қилиб баланд овозда юқорига қараб. — Биродар, туш пастга. Сени шаҳарга ҳоким қилиб тайинладик, тезроқ туш ва ишга кириш, халқинг кўзламоқда, — деди.

Телба оғзи қулоғида яна жиннича рақсини давом эттирди:

— Тушмайман, — деди, — телбани шаҳар ҳокими этиб тайинлаган аҳмоқларнинг орасида менинг нима ишим бор? Тушмайман.

— Унда нима хоҳлайсан, гапир? — бир овоздан одамлар.

— Вазир бўлишни хоҳлайман, — деди телба илжайиб.

Пастда турганлар қисқа муҳокамадан сўнг:

— Майли, вазир бўлдинг, туш энди пастга, қолган вазирларга қўшил сен ҳам.

Телба бош бармоғини бурнига қўйиб пастдагиларни масхара қилди:

— Тушмайман. Телбани вазир этиб тайинлаган бир гала саводсизлар орасига тушарканманми, тушиб бўпман, мана сенларга.

— Туш пастга, сен яхши вазирсан, гапга тушунадиган вазирсан, қолган вазирлардек ёмон эмассан, туш пастга, — баттар ғазаб отига минди оломон.

— Бу тузоқ, сизларнинг тузоғингиз бу, нега тушарканман, пастга тушганимдан кейин жиннихонага қамаб қўйишингиз учунми? Йўқ, тушмайман.

Ҳалиги чол:

— Беҳуда овора бўлманг, тушмайди. Мен бундай одамлар билан ҳаётим давомида кўп бора тўқнашганман. Гапимга ишонинг, тушмайди. Сиз ҳам вазир бўлсангиз, пастга тушишни хоҳламай қоласиз.

Телба овози борича бақирарди:

— Бош вазир этиб сайламасангиз, ваъда бераман, ўзимни шу заҳоти пастга ташлайман

— Сайладик,  — деб бақиришди одамлар, — Сени бош вазир этиб сайладик.

Чол яна мийиғида кулиб:

— бекор уруняпсизлар, тушмайди, — деди

Телба бироз рақсга тушгач яна тилга кирди:

— Қирол бўлсамгина тушаман. Агар мени қирол деб эълон қилмасангиз ўзимни шу ердан ташлаб, парча-парча бўлиб кетаман, гуноҳимга сенлар қоласанлар.

Чолнинг айтганлари тўғри чиқарди. Оломон ундан маслаҳат сўради:

— Нима дейсиз? Қирол бўлсинми?

— Ғишт қолипдан кўчди, энди нима деса ҳам бажаришга мажбурсиз.

— Сени қирол деб эълон қилдик. Қани энди тушақол пастга.

Рақсга тушаётган телба:

— Тушмайман.

— Ё товба, яна нима хоҳлайсан, ахир.  Мана қирол ҳам бўлдинг.

— Йўўўқ, қирол бўлиш ёқмай қолди, император деб эълон қилинг, бўлмаса ўзимни ташлайман пастга, мана ташлаяпман, мана…

Доно чол:

— Бу аниқ ўзини ташлайди айтганини қилмасак, — деди.

— Майли, сени император деб эълон қилдик, келақол энди, туш пастга.

Телба:

— Сиздек аҳмоқлар орасида мендек императорга нима бор?! — деди қаҳқаҳа отиб куларкан.

— Хўш, унда яна нима хоҳлайсан. Айт ахир, бажо келтирайлик. Фақат пастга тушсанг бўлди.

Телба:

— Мен императорманми? — дея сўради.

Пастда турганлар яна бир овоздан:

— Императорсан! — дея жавоб қайтаришди.

— Модомики император эканман, хоҳласам тушаман, хоҳламасам тушмайман. Айни пайтда истамайман, тушмайман пастга.

Комиссарнинг жахли чиқиб “Ташласа ташлайверсин. Битта телба камаяди қайтанга дунёда” дея ўйлади. Ўйлади-ю аммо бошига яна бир бошоғриқ орттиришини ўйлаб фикридан қайтди.

Ўт ўчирувчилар бошлиғи чолга қараб:

— Энди нима қиламиз? Бу телба пастга тушмайдиган кўринади… — деди.

— Тушади.

— Қандай қилиб?

— Бу ишни менга қўйиб беринг!

Атрофдаги тумонат одам ҳалиги чолнинг телбани қандай қилиб пастга туширишига қизиқарди.

Томдаги телбага қараб:

— Император ҳазратлари!.. — дея мурожаат қилди чол, — Олтинчи қаватга тушишни хоҳламайсизми мабодо?

Телба жиддий оҳангда:

— Ҳа, албатта, истайман, — деди.

Телба томга чиқадиган эшикдан ичкари кириб, зинапоялардан тушди. Олтинчи қават деразасидан қаради.

Чол яна тавозе билан:

— Ҳазрати олийлари, кўнглингиз бешинчи қаватга тушишни тусамайдими? — дея сўради.

— Ҳа, истайман, мана тушяпман, — деди телба мулойим оҳангда.

Ҳамма ҳайрат ичида қотиб қолганди. Тўртинчи қават деразасидан оломонни томоша қилаётган телбага чол янада сиполик билан:

— Муҳтарам императоримиз, мабодо муборак оёқлари билан учинчи қаватга қадам ранжида айлар, — деди.

— Албатта, албатта, — дея жавоб берди телба.

Телба учинчи қаватда тушганди. Энди томдаги каби рақсга тушиб сакрамас, юзида ҳақиқий қиролларга хос жиддийлик зоҳир эди.

— Олампаноҳим, иккинчи қават сиз учун мунтазир, мабода бир йўқлаб қўйярсиз?!

— Розиман, албатта, бу менинг вазифам ахир.

Телба иккинчи қаватга тушди.

— Ҳазрати олийлари, биринчи қаватда сизни бутун бошли халқингиз интизорлик ила, гуллару олқишлар билан кўзламоқда…

Телба кўчага чиқди. Оломон орасида ўтиб тўғри чолнинг ёнига борди. Қўлини унинг елкасига қўйиб:

— Ҳа, сизнинг ҳам телба эканлигингиз кундак равшан… Телбани фақатгина телба тушунади, — деди мийиғида табассум билан.

Кейин комиссарга қараб:

— Қани энди мени боғлаб жиннихонага жўнатаверинг. Телбага қандай муомала қилиш кераклигини ўрганиб олдингизми? — деди.

Телбани олиб кетишар экан, қизиққон оломон чолнинг атрофини ўраб олиб, савол бера бошлашди.

— Отахон, бу ишни қандай уддаладингиз?

— Нимасини айтай, осон эмас, қирқ йил сиёсат қозонида қовурилдик ахир…

Сўнгра чуқур хўрсинди: “Аттанг… Қанийди оёқларимда дармоним бўлсаю мен ҳам томга чиқиб олсам, аниқ ҳеч ким тушира олмасди…

 

Турк тилидан
Раҳмат Бобожон
таржимаси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.