• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«ОНА» – Нодар ДУМБАДЗЕ

«ОНА» – Нодар ДУМБАДЗЕ

ҳикоя

‒ Ҳурматли Тбилиси аҳли! Мурувват қилинг, қаршингизда ўз қадр-қимматини бир қадаҳ ароққа алишган, пиёниста, ярамас, ишёқмас одам қўлларини чўзиб турибди. Бу одам менман! Мен онажонимни, мени деб юзи шувит бўлган онажонимни кўришга интизорман! Худди ўлимга интизор бўлганим каби! Унинг, суюкли онажонимнинг олдига бориш учун пул керак, чипта учун пул!… Ҳурматли Тбилиси фуқаролари! Шавқат қилинг менга…Ўтинаман сиздан!..

Қалтираган товуш хастагина янградию, аммо юракдан чиқмади…

Ертўлада этик, май, газак, тахир вино, бадбўй тамаки, тер ва балиқ ҳиди бурқсиди. Дахшатли иқрор монологи кўкда чақмоқ чаққандек янгради. Бир неча сония давомида, такрорлайман, бир неча сония давомида ўлик сукунат ҳукмронлик қилди, ертўла худди эртаклардаги каби ‒ Худонинг қаҳрига учраб тош шаҳарга айлангандек.

Йиғилганлар ғимирлаб қолишганда пиёниста аллақачон стол устига ташланган учта ғижим пул ва майда чақаларни йиғиштириб олаётганди. Ўтирганларнинг бирортаси ҳам унга қайрилиб қарамади, ҳатто миннатдорчилик билдираётганида ҳам. Фақат биргина ёшроғи бошини кўтармай гапирди:

‒‒ Тушунарли

Пиёниста иккинчи стол ёнига бориб қўлини чўзди:

‒‒ Ҳурматли Тбилиси аҳли!..

‒‒ Шовқин кўтарма! ‒ деди даврадагилардан яна бири. ‒ Ол, ич!

Пиёниста бир қадаҳ майни олиб, оғзига қадар олиб келди. Қўллари қалтирарди.

‒‒ Энди бирор нима гапириб бер! – деди бошқа бири.

‒‒ Бирор нима… – юзида маъюс табассум билан такрорлади пиёниста.

‒‒ Ҳм, ҳали ҳазиллашаман, дегин?! ‒ ажабланди учинчиси.

Пиёниста жавоб қайтармади. У жимгина майни симириб юборди ва юзини букилган тирсаги устига қўйди. Бошини кўтарганида юзи хотиржам эди, кўзлари эса намдан йилтирарди.

‒‒ Соғлигинг учун! ‒ деди биринчи одам.

Пиёниста қадаҳни қўйдию, столдан турмади.

‒‒ Яна пул сўрашни хаёлингга ҳам келтирма! – деди иккинчиси қошларини чимириб.

‒‒ Чипта учун… Онам билан кўришмоқчиман…

‒‒ Қанақа она? Қанақа чипта? Ҳаммасини яхши биламан!

‒‒ Уч рубль…

‒‒ Кўнгиллари қанақасидан тусайди – қоғозлиги бўлсинми ёки майда-чуйдаларданми? – киноя қилди биринчи.

‒‒ Рубль! – дарҳол жавоб қайтарди пиёниста.

‒‒ Бер, онасини!… Кўряпсанми, бўш келмайди!- деди учинчи.

Шунда биринчи чўнтагидан йигирма тийнлик танга чиқариб, ўнг қўлининг бош бармоғи устига қўйдида, бир неча бор тепага отди, сўнг уни эпчиллик билан олиб, чап кафтида тутиб турганча пиёнистага савол назари билан қаради.

‒‒ Бургут! – тап тортмай бақирди ва муштларини ишонч билан олдинга чўзди. Биринчи муштини очди.

‒‒ Йигитнинг омади кулди! ‒ у даврадигаларга оғирилдида, тангани пиёнистага бериб юборди.

У кейинги столга ўтди.

‒‒ Йигитлар, тақдир бизга кулиб боқди, – деди хурсанд бўлиб столга ўтираётган бешовлондан бири.

‒‒ Ишқилиб, тинчлик бўлсинда! Салом! – келишмаган овоз билан.

‒‒ Ол, ич! ‒ кимдир қадаҳ узатиб.

‒‒ Мен ичдим… ‒ деди пиёниста, барибир, қадаҳни қўлига олиб.

‒‒ Оббо, жаноб ҳушёр-эййй! – иккинчига жуда ўхшаш илжайди биринчи бошқаларига тақлидан.

‒‒ Соғ бўлинг! – Пиёниста қадаҳни оғзига уриб, ифлос енгини ҳидлади.

‒‒ Фақат монологсиз! Ростини айт, онангнинг уйигача чипта қанча туради?! – жиддий тортиб учинчи, сўнг иккита бармоғи билан ички чўнтагини кавлаб беш сўмлик купюрани чиқарди.

‒‒ Биттасини беринг! ‒ ёлворганча сўлагини ютиб пиёниста.

‒‒ Эшшак! Нега бизнинг ҳисобимиздан кун кўришни хоҳлаб қолдинг? Бор, комбинаторларнинг олдига йўқол, билсанг, улар тамакини пулга ўраб чекишади! – пул соҳиби устунларидан тамаки тутуни кўтарилиб, маст аёлларнинг жарангдор кулгулари янграб турган, тахта билан ўралган ерга ишора қилди.

‒‒ Яхши, бера қол, одамни қийнама! Ҳаммамизни унинг қисмати кутиб турибди! ‒ деди кимдир.

‒‒ Мана, иккита бешталикни ол ‒ халқарода кетасан. Қийинчиликда сенга ноқулай бўлади! – тишсиз оғзи билан табассум қилди ҳалиги одам. Қолган тўртовлон ҳам ҳиринглашди.

‒‒ Мана бу ҳақиқий инсон! – деди пиёниста пулни чўнтагига жойларкан. Ҳали менинг кўчамда ҳам байрам бўлади, ўшанда пулингни қайтараман.

‒‒ Байроқни ушлашни унутма!

Бу сафар олтовлон ҳам баравар кулиб юборишди.

Пиёниста тўртинчи стол атрофида айланиб юраркан столда ўтирган икки кишининг ортида турган киссавур Зарзанани таниб қолди. Маълумингизким, киссавурлар пиёнисталару тиланчилардан баравар нафратланишади, шунингдек, қаҳрамонимиз бу икки тоифани ҳам ўз шахсида бирлаштирган. Шундай қилиб у эшигига парда ёпилган идорага борди.

Пиёниста идорада туролмади. Саросима ва хижолар ичида чиқдида, чайқалиб Вакенинг бир йигитлари вақтичоғлик қилаётган стол ёнига борди.

‒‒ Ҳурматли Тблиси аҳли!… ‒ сўз бошлади пиёниста негадир кўзларини қўли билан беркитиб.

‒‒ Ярамас, пиёниста, ишёқмасга мурувват қилинг… монологни давом эттирди йигитлардан бири.

Пиёниста қўлларини туширди ва хира нигоҳлари билан йигитга тикилди.

‒‒ Нега қараб қолдинг? ‒ сўради у.

‒‒ Онамни кўришга интизорман…‒ пичирлади пиёниста, ‒ худди ўлимга интизор бўлган каби…

‒‒ Ким ушлаб турибди сени? Ўлавер!..

‒‒ Онамни соғиндим…‒ аҳмоқона алпозда такрорлади пиёниста.

‒‒ Она сутини соғингандирсан, балки?

‒‒ Она…

‒‒ Лоф уряпсан, ярамас, сенинг онанг йўқ! – юракдан сапчиб турди озғин йигит. Уни мажбурлаб ўтирғизишди. ‒ Ҳар гал шу аҳвол! Мен кўнгил ёзаман, ичаман деганимда пайдо бўладида юракни эзишни бошлайди. Етар, бас қил, бас, йўқол!

‒‒ Яхши, бери кел, Симон, пулни олгинда жўна. Ма! ‒ чаккасидан иягигача чўзилган чандиғи бор йигит стол устига бир нечта чақани ташлади.

‒‒ Исмимни қаердан биласан? ‒ сўради пиёниста ҳайратда.

‒‒ Биламан, Симон, биламан… Менинг эътиборимни тортиб олган пулларингга ер шарини уч марта айланиб чиқишинг мумкин эди. Худди Магелланганга ўхшаб…

‒‒ Онамни кўрмоқчиман! ‒ йиғлади пиёниста.

Чандиқли йигит пулни пиёнистанинг чўнтагига солиб, уни енгилгина силкиб қўйди:

‒‒ Мана, етади сенга, биз ҳам одаммиз, юрак бор бизда ҳам… ‒ сўнг у ўзиникилар томонга ўгрилди: ‒‒ Йигитлар, келинглар оналаримиз учун ичамиз… Бу ярамас юракни эзиб юборди, йиғлаб юборай дедим!..

Пиёниста эса аллақачон қўшни столда жимгина, тебраниб қўлларини чўзганча турарди.

‒‒ Унга нима керак? ‒ ажабланиб сўради бири. Эҳтимол, бу илгари ертўлада пиёнистани кўрмаган ягона одам эди.

‒‒ Қаердан билай, ‒ деди иккинчиси ва пиёнистага жавоби аниқ бўлган савол билан юзланиб: ‒ Сенга нима керак?

‒‒ Мен… ‒ умидсиз қўл силкиди пиёниста.

‒‒ Сўраб кўрчи, у нега фронтда эмас экан? – суҳбатга аралашди фронта бўлганда ўртача катталикдаги танкка бемалол сиғадиган муғомбир.

‒‒ У фронтда бўлган! ‒ жавоб берди қўшни.

‒‒ Унда нега яраланмаган?

‒‒ У ярадор!

‒‒ Қани кўрсатсинчи, ‒ қизиқиб қолди муғомбир.

‒‒ Мен унинг ярасини биламан! ‒ кулди қисқичбақага ўхшаш семиз кўса. ‒ Сўраб кўрингчи, хотин керакмасмикан унга?

‒‒ Эшит, бемийя! ‒ биринчи пиёнистага юзланди. ‒ Нега дунёдаги энг қийин касб тиланчиликни танладинг? Бор, кимнидир ўлдир, ёки сейфни ўмар, ёки энг ёмони киссавур бу!

‒‒ Нима? Эшитдингми, Андо, Барига нима деди? Энг ёмони киссавур бўл, деди! Ўв, ҳароми, чириган тилингни кесиб ташлайман! ‒ деди ўрнидан туриб Зарзака.

‒‒ Яхши, ўтир, ҳаққингни талаб қилиш учун заб жойини топдингда! ‒ тинчлантирди уни Андо.

Ваке йигитлари ашулаларини бошлашди:

Она севар ўз болаларин,

Улар хабар олишмас бироқ,

Шунинг учун бизларнинг умр,

Аччиқ турпдан кўра аччиқроқ.

 

Пиёниста стол устидаги майда чақаларни йиғдида, санаб ҳам ўтирмасдан чўнтагига солди. Санашига жамики туйғулари имкон бермади ‒ ичган шароби ҳолдан тойдирар, боши зирқирар, оёқда тик туришга қийналарди. Унга ҳаво етмасди, бўғилиб қолди. Танаси майинлашиб хира туман ичида лиқ тўла ертўлада полдан шифтгача сузиб юргандек бўлди. Тик турганча гир айланётган ертўлада эшикни топиб, тоза ҳавога чиқиб кетиш учун имкон пайдо бўлишини кута бошлади… Мана айлана секлашди, мана эшик пайдо бўлди… Пиёнста унга қараб талпинди..! Улгурмади! Эшик ўтиб кетди… У кута бошлади… Иккинчи айлана бошланди… Хўш… Ҳаммаси тартиб бўйича ҳаракатланяпти… Сукут сақлаб ўтирган ишчилар эгаллаган биринчи стол… Лекин стол энди бўш ‒ ишчилар кетишган… Иккинчи стол, учинчи, тўртинчи, бешинчи… Эшик қаерда? Ё Худойим, эшик қаерга кетди?! Ҳа, мана у! Бу нимаси? Офитсант Сеит эшикни ромидан ечиб олиб, елкасига илганича худди эшик сингари юриб кетди!.. Энди нима бўлади? Бу ердан қандай чиқилади? Нима бўлган тақдирда ҳам чиқиб кетиш керак, акс ҳолда у бўғилиб қолади, юраги кўтаролмайди… Нима қилиш керак? Йўқ, ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам эшикдан чиқмоқ лозим! Сеит орқалими? Йўқ, бунақаси кетмайди! Пиёниста Сеитнинг эшиги томон югурди ва умидсизлик тутқичини ушлаб олди…

Ертўлада аввалига синган идишларнинг жаранглагани, тошли полга ағдарилган лаълининг товуши, кейинроқ ўхшатиб урилган тарсакининг овозлари янгради. Ертўлада бир неча сонияга нақ эртаклардагидек тош шаҳарга айланиб қолгандек бўлди, одамлар яна ғимирлаб қолишганда Сеит пиёнистанинг сочларидан маҳкам ушлаб, эшикка томон судраб бордида кўчага улоқтирди.

Пиёниста йиқилиб тушди. Завқ билан тоза ҳаводан нафас олди, совуқ йўлкага юзини босди ва қотиб қолди.

Шунда у ичида тўсатдан анча вақтдан буён унутилган ҳисларни туйди. Бу туйғуларнинг номларини ҳеч қачон эслолмайди. Улар бўлса вужудини тобора ғайрат билан чулғаб, юрагини сиқишар, азоб беришарди… Фақатгина ўткинчилардан кимдир эгилиб, уни оёққа турғазганда пиёниста юрагидан ювилиб кетган ўша ҳиснинг номини қўққисдан ҳис этди, бу ‒ ,,мағрурлик”…. Эсладию, ўткинчини итариб юборди ва қасам ичди. Сокин ва мулойим туриб қасам ичди. Одамлар қаршиларида ҳайвон эмас, балки инсон турганини тушунишлари учун онт ичди у. Хушфеъл ўткинчи индамай жим турдида, афсус билан табассум қилиб, йўлида давом этди.

…Пиёниста бурнидан оқаётган қонни қўли билан артдида, торгина Меликисшвили кўчаси бўйлаб тентираб кетди. Ўткинчилар уни айланиб ва ҳатто йўлнинг бошқа томонидан ўтишди. У бўлса ўз билганича, шовқинсиз, онт ичмай, ҳеч кимга зиёни тегмай кетиб борарди.

Вино заводидан чапга бурилдида, Пегриашвили тепалигига кўтарила бошлади.

У қишлоқликларга хос тарзда кийиниб, ўликдек тушсиз уйқуга кетди. Уни қўшни хонадаги қўнғироқ товуши уйғотди уйқудан. Соат атиги бир марта занг чалди. Бу тунги соат бўлиши мумкин эмасди, эҳтимол ‒ ниманингдир ярми бўлиши мумкин. Демак, яна ярим соат кутилса, ҳозир соат неча бўлганини билиб олиш мумкин. У кута бошлади, очиқ кўзлар билан кутди, чунки кўзларини юмиши биланоқ кўзўнгида икки қаватли ёғоч уй, кенг, шинам ўйма устунли айвон, ҳовлида, кран ёнида, баҳайбат оқ кавказ овчаркаси ва унга миниб олган майкачан, қора иштонли болакай, айвонда эса гўзал, навқирон қорасоч аёл ҳаворанг кўйлакда кўз ўнгида гавдаланарди. Аёлнинг қиёфаси вақти-вақти билан ўзгариб турар: гоҳ гулдек очилган ҳурлиқога, гоҳ кўзлари ғамнок, юзи серажин, сочлари кулранг кампирга, гоҳида эса яна қайтиб ёш ва навқирон бўлиб қоларди. Буларнинг ҳаммаси унга болалигини эслатар, айвондаги аёл бўлса унинг онаси эди. Фақат эслади. Шунга қарамай кўзларини юмишга журъати етмас, бу манзара уни қўрқувга соларди.

Шу зайлда бир неча дақиқа ўтди. У худди зулматга сингиб кетгандек эҳтиёткорлик билан кўзларини юмдию, шу заҳоти кўз олдида яна ўша таниш картина гавдаланди. Бу худди тескари тартибда саҳналаштирилган спектаклга ўхшар, пардалар туширилганда шакллар пайдо бўлиб, кўтарилгач ғойиб бўлишарди. Бора-бора барчаси ниҳоятда даҳшатли ва чидаб бўлмас даражага етганда у тонггача кўзларини юммасликка қарор қилди.

‒‒ Буу-ум, буу-ум, буу-ум, буу-ум!.. ‒ занг урди соат девор ортидан.

Пиёниста енгил хўрсинди: соатнинг занг уриши туман ва шу билан бирга рўёларни даф қилди.

Тблисида тонг отди. Пиёниста турди, қуриб қолган томоғини ҳўллаш учун жўмрак олдига борди. Сув йўқ экан. Сўнгра қайтиб келиб яна чўзилди. Рўёлар тарқалди, лекин энди фикрлар тошди ва бу янада оғриқли бўлиб чиқди. Рўёлар ‒ оғирликка, тортишиш кучига эга эмас. Фикрлар бўлса ‒ қайғули, аччиқ фикрлар, ‒ фикрлар унга қўрғошиндек оғир ботишар, қаддини тутишига, оёқда туришига йўл қўйишмасди.

…Ичиш керак. Агар ҳозир бир қадаҳ, ҳеч бўлмаганда бир қултум, жилла қурса бир томчи бўлса ҳам ароқ ичмаса, у ўлади! Жуда оддий ‒ қон қуйилади ва у ўлади! Пул топади ‒ кеча у бирор нарсани тилаб олишга эришганди. Аммо қаерга бориши мумкин? Балки вокзалдаги ресторанга борар? У ер туну кун ишлайди. Ҳа, ҳа, ҳозироқ, шу ондаёқ! Ичиш… Ичиш… Ичиш… Акс ҳолда ‒ ўлим!

Мана аллақачон қўллари ва оёқлари уюша бошлади, юрак уриши заифлашди, пешонаси совуқ тер билан қопланди…

Пиёниста сакраб турдида, эшик томонга югуриб дастакни тортди…

Эшик олдида мовий кўйлак кийган чиройли, кулранг сочли аёл турарди.

У қўшни хонадаги соатнинг девор ортида қандай қилиб олтига занг урганини, жўмракдаги сув қандай оқаётганини эшитмади. Кўзларини юмди, лекин бир дақиқа ўтгач қайта очганида ҳам аёл шу ерда, ‒ черковлардаги ҳижолат тортиб турган она ҳайкалидек турарди.

‒‒ Кимсиз? – деб сўради пиёниста пичирлаб.

‒‒ Бир соатдан бери шу ерда турган эдиму, тақиллатишга журъатим етмаётганди,- деб жавоб берди у.

‒‒ Лекин… Сиз кимсиз?

 

‒‒ Сизнинг эшингиз, юзинчиси бўлса керак… Юзта эшикни айланиб чиқдиму, тақиллатишга журъатим етмади… Агар ўзингиз очиб қолмаганингизда, сизникини ҳам таққиллатишга ботинолмасдим.

‒‒ Мендан нима истайсиз, азизим?

‒‒ Худо ҳаққи, мени тиланчи деб ўйламанг… ‒ аёлнинг овози титраб кетди. ‒ Мен онаман!

‒‒ Кимнинг онаси? ‒ даҳшатга тушди пиёниста.

‒‒ Аскарнинг онаси… ‒ аёл чуқур нафас олиб давом этди: ‒ Мен хат олдим… Оғлим ярадор бўлиб госпиталга тушибди. Ўлим ёқасида экан. Уни уйга олиб кетишим керак… Ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам… Хоҳ елкамга опичлаб бўлсин, хоҳ судраб, лекин олиб кетишим керак… Ҳаттоки бу номусим, виждоним, ҳаётим эвазига бўлса ҳам!..

,,Мендан нима истайсиз”- савол назари билан боқди пиёнистанинг кўзлари.

‒‒ Мен тиланчи эмасман, ўғлим! Мен ‒ онаман… Менга пул керак… Йўл учун…

,,Ҳурматли Тблиси фуқаролари!”- ўз овозини эшитди ичкиликбоз.

,,Нега менинг ёнимга келдингиз?”‒ сўради унинг кўзлари.

‒‒ Йўқ дема, ўғлим, хароб қилма мени!.. Эшингинг энг охирги эшик. Мен бошқа ҳеч қаёққа бормайман!..

Аёл бошини эгди. Пиёниста унинг эскирган қора ёқасига кўз ёши томганини кўрди. У дарҳол безгак хуруж қилгандек қалтироқ босган қўллари билан чўнтагидан ғижимланган, иркит қоғоз пулларни олиб аёлга узатди. Аёл қўлларини чўзмади. Сўнг пиёниста уларни эҳтиёткорлик билан қўлтиқлаб, бўш чўнтакларини ағдариб туриб қолди. Аёл йиғлашда давом этаркан, пиёниста унинг ўз миннатдорчилгини изҳор қилиш истаги борлигини, аммо буни сўз билан ифода этолмаётганини тушуниб етди. Шунда секин тиз чўкиб, аёлнинг оёғига йиқилдида, оҳиста:

‒‒ Раҳмат, она!- деди.

Шу алфозда бир неча дақиқа ўтди. Ўрнидан турганда қаршсида аёл йўқ эди. У турган ерда ғижимланган, ифлос қоғоз пуллар бор эди.

‒‒ Худойим, наҳотки бу рўё бўлса?!

Жўмракдан мусиқа сингари жилдираб сув қуйиларди. Аммо у энди чанқоғини сезмасди. Пиёнистанинг томоғи ва лаблари нам эди, аммо бу нам сувникига ўхшамас ‒ иссиқ ва шўр эди.

Кўчада тонг отди.

Қоронғи, тиқилинч, одам кўп вагонда назоратчи қийинчилик билан юриб боради. Унинг ортидан, афтидан, айбдор сингари йўловчилардан олинган чипталарни фонарь билан ёритиб кондуктор борарди. Назоратчи йўловчилар ва уларнинг нарсаларини худди ашаддий давлат жиноятчисин излаётгандек синчиклаб кўздан кечирди.

‒‒ Сизнинг чиптангиз?! – ярим буйруқ, ярим сўроқ оҳангида такрорларди у, йўловчилар худди келишиб олишгандек жимгина ўз чипталарини топширишарди.

‒‒ Сизнинг чиптангиз? ‒ назоратчи дераза ёнида ўтирган озғин, кўса одамга ўгирилиб.

‒‒ Менда чипта йўқ!

‒‒ Нима?!

‒‒ Менда чипта йўқ! ‒ деди эркак.

‒‒ Сўрашга ижозат этинг, чиптасиз қаерга кетяпсиз? ‒ сўради назоратчи кинояли табассум билан.

‒‒ Онамнинг олдига, – жавоб берди эркак.

‒‒ Кимнинг олдига? ‒ янада ҳайрати ошган назоратчи кондукторнинг қўлидан фонарни тортиб олиб, эркакнинг юзига тутганча сўради.

‒‒ Онамнинг олдига! ‒ қайтарди эркак.

,,Қанақа она?!” ‒ беихтиёр кулиб юборган назоратчи яна бир бор сўрамоқчи бўлдию, йўловчининг юзи чойшабга ўхшаб оқариб кетганини, кулранг соқоли кўз ёшлари билан намланганини кўриб даҳшатга тушди. Кейин индамасдан ўгирилдида, орқасига қарамай кетиб қолди.

Поезд туннелнинг қора қорнига ёриб кирди.

 

Рус тилидан Шаҳзод Жўраев таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.