• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«КЎК УЗРА УЧАДИ ҚИЗҒИШ ЯПРОҚЛАР, ЯЛТИРАБ, БИР ҚИЗНИНГ ЯНОҒИ КАБИ…» – Умиджон ҚЎЗИЕВ

«КЎК УЗРА УЧАДИ ҚИЗҒИШ ЯПРОҚЛАР, ЯЛТИРАБ, БИР ҚИЗНИНГ ЯНОҒИ КАБИ…» – Умиджон ҚЎЗИЕВ

1998 йил Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган.

* * *

Юрагимдан чиқмай қолди сўз…

Кўзларимдан оқди сўзларим.

Сенсиз бахт ҳам кўринар маъюс,

Хар онимдан сени изладим…

Етмасидан севинчим кўпга,

Ғойиб бўлдинг ўхшаб булутга.

Наҳот кўнглинг кўнмади Моҳим,

Мендек оддий, дали йигитга?..

Биз тарафда бугун ёғди қор,

Кўнглинг каби оппоқ беғубор.

Кўксим олов… ер бағир ётдим,

Афсус, қор ҳам қилмас энди кор…

Совумади ишқда куйган дил,

Қорлар эриб кетди тафтига.

Минг уриндим, ноилож Моҳим,

Тутдим сени ўтмиш кафтига…

* * *

Қувонма кўксимга уриб тиғингни,

Метин бўлиб кетган юрагим бордир.

Жилмайиб қаршилаб ўргандим дардни,

Менга шўх кулгулар, яллалар ёрдир.

Дилда сўнмайдиган умидларим мўл,

Манзилга етарман майли пиёда.

Қандайин қайғуни ўйлашим мумкин,

Юрак соғлом уриб турган дунёда.

Дилингда аҳд бўлса, иймон, эътиқод

Умидлар сўнмаса, йўқолмаса шаҳд.

Жилмайиб қўлларин қўйиб кўксига,

Бир куни қаршинга ўзи келар бахт!

* * *

Руҳим, мени тингла, англа сўзимни,

Гар бош эгсанг тилар ажал кўксимиз.

Энг тотли, энг гўзал куйларни куйла,

Шодликка ўргансин қулоқ, кўзимиз.

Руҳим, бўйин эгма қилич бўл, қилич!

Кескир бўл! Андуҳнинг томирларин кес!

Ҳар қадам, ҳар дамда юрак зарбида,

Бахтни сез, бахтни сез, фақат, бахтни сез!

Руҳим, ўзгаларга топширма эркинг,

Эгангман, Яратган эгамиз бизнинг.

Бир кун самоларни қучар бўлсанг гар,

Оламга нур бўлиб ёғилсин кўркинг!

* * *

Номим чиқди қўшни қишлоқда,

Ана шоир келяпти… Шоир…

Менинг эса кўнглим шу ерлик,

Гўзал қишлоқ қизига мойил.

Кўрса мени сўйлар жилмайиб,

Қарши олиб отаси пешвоз.

“Қани янги шеърингдан бўлсин…”

Қилолмайман сира этироз.

Ва ўқийман муҳаббат ҳақда,

Ёниб ёниб ёзганларимни.

Билмайдида қизини севиб,

Ақлимдан ҳам озганларимни.

Сўнг кўзимга синчков тикилиб,

Дейди: “Шеъринг зўр экан балли”.

Қизи эса менга термулиб,

Битта кулиб қўймас ақалли.

Эй гўзал қиз энди барини,

Ҳал қилишни йўлин биламан.

Отанг янги шеър сўраб қолса,

Шу шеъримни ўқиб бераман!

* * *

Оппоқ далаларда оққа бурканиб,

Пахталар термоқда юраги оқ қиз.

Дилимга ўт қалаб қўйган ғойибий,

Бугун қаршимдадир кўнгли уйғоқ қиз.

Табассум порлайди нигоҳларида,

Тунни ҳам нурафшон қилади ойсиз.

Товланиб туради юзларида нур,

Кунлари қуёш қиз, кечалар ой қиз.

Тасодифми, тақдир учрадинг бугун,

Юрагим тўхтади чекишдан озор.

Сенинг ҳаётимга учрашинг сабаб,

Оппоқ далалардан катта қарзим бор…

* * *

Ортимдан соядек эргашиб келдинг,

“Тўхтанг, Шоир йигит, гапим бор” дединг.

Овозинг куй каби таралди гўё,

Сен ҳудди онамдек чиройли эдинг.

Танамни тарк этди руҳим бир лаҳза,

Вужудимга сингди сенинг борлиғинг.

Кимлигим сўрадинг ийманиб аста,

Мен дедим: “Ошиғинг, Шоир ошиғинг!”

Дединг: “Шоир ўзи ҳаммага ошиқ,

Топиб бўлармиди унинг тузугин.

Ишонай гапингиз агар чин бўлса,

Қўлларимга тақинг тақдир узугин”.

Дедим  “Висолингдан ҳижронларинг бахт,

Азоблари ширин – қийнаса фироқ.

Балки бу дунёда дардларга тўлиб,

Муҳаббатга етмай ўлмоқ яхшироқ!“

* * *

Бошимга ҳазонлар сочилиб кетди,

Бесамар йилларим саноғи каби.

Кўк узра учади қизғиш япроқлар,

Ялтираб, бир қизнинг яноғи каби.

Арчанинг умрини истарди улар,

Чора йўқ шу экан тақдир талаби.

Дардин айтолмайин узилар банддан.

Қалтираб, бир қизнинг дудоғи каби.

Кирдим бир кўчага дардли ўй билан,

Кеч кириб, қизарди шафақнинг лаби.

Кўчага қадамим тушди – Юрагим,

Тутади, ҳув уйнинг ўчоғи каби…

Бу уйда яшайди тақдирга кўниб,

Ҳаёдан яноғи ялтираган қиз.

Оташин ишқини ҳазонга кўмиб,

Бир пайтлар дудоғи қалтираган қиз…

* * *

Ўрмонлар кенг эди – дарахтлар кўм-кўк,

Бахтимиз ҳам эди шунда ям-яшил.

Арчага суяниб, турардим хушвақт,

Сен қулупнай териб келдинг қип-қизил.

Аразлаб, шўх эрка шамол дастидан,

Юзингда ўйнарди сочларинг тори.

Бахш этдинг, кўнглимга сокин илиқлик,

Сен асли экансан қишнинг баҳори.

Туш экан – тушимда кўрибман сени,

Тушимда чин каби севибман сени.

Исмингни такрорлаб, девоналарча,

Ўнгимда соғиниб юрибман сени.

Ой каби тўлдинг сен ҳаёлим узра,

Топсам йўқотмасдим изингни сира.

Яна тушларимга тез-тез кириб тур,

Қулупнайлар билан сийлаган Лиза!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan