• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Бизни учраштирди сирли бир Шодлик…» – Омон МАТЖОН

«Бизни учраштирди сирли бир Шодлик…» – Омон МАТЖОН

* * *
Юлдузимиз бормиш иккимизнинг ҳам,
Само унгурида порлармиш гўё.
Вақт келар ва совуқ осмон қаъридан
Иккиси ҳам бўлар эмиш зим-зиё.

Яхшиси, кел, жоним, мен юлдузимни
Сенга бериб қўяй, ёнсин кўксингда.
Осмон ата сен ҳам менинг кўксимни,
Ҳаётинг юлдузин ишонгил менга.

Дилимизда сақлаб юлдузларни, оҳ,
Бахтнинг бодасини сипқорайлик жим.
Қалбимиз уришдан тўхтаса ногоҳ,
Юлдузлар сўнганин кўрмасин ҳеч ким.

 

* * *
Мумкинми,
мен бугун кетар чоғингда
Эсдаликка бирон нарса сўрасам?
Бир илинж истайди юрагим сендан,
Фақат юпатмагил ва ичма қасам.

Энди учрашувлар бўлмас, биламан,
Бир кунда тўрт фасл эврилмас энди.
Ғийбат қашқирлари, ҳасад итлари,
Энди очдан ўлинг, кетинг, бас энди…

Мумкинми, мен сендан кетар чоғингда
Эсдаликка бирон нарса ўтинсам?
Узун қора сочинг кўздан узилди,
Хўпми, узун тунга ҳамдард тутинсам?

Бир ўхшамас қилиқ қилсам ногаҳон
Ғир-ғир ёш айланган ул кўзлар қани?
Қани ул,
қиш, кузнинг заҳридан зада –
Орзу қушларимнинг осуд маскани?

Сенга не бердимки, бу соат ёниб
Қалбимга бир овунч қилурман таъма?
“Кетма” деб айтишга ҳаққим йўқ ахир,
“Хайр” дейишга ҳам қўймас бир нима…

Чунки сергак ёғду, хушвақт руҳ билан
Мен туйдим, биламан, сезасан сен ҳам:
Бизни учраштирди сирли бир Шодлик,
Энди айирмоқда англаб бўлмас Ғам…

Илинж шул:
кўр тақдир ажратса ҳамки,
Пинҳона қовушган икки туйғуни,
Менинг юрагимдан узолмас асло
Сендан ёдгор қолган нурли қайғуни…

 

* * *
Беланчакда ётар коинот,
Чайқалмаса тинмасми йиғи?!
Бизни чайқаб турган бу ҳаёт
Кимларнингдир сўнгги қўшиғи.

Самовот – бир жулдур дастурхон,
Сомон йўли унда қанд юқи,
Тунга ваъда этар олтин нон
Юлдузларнинг сўнгги қўшиги.

Осмон инграб чиқар гоҳ тунда,
Қорга тўлар боғлар бўшлиги.
Баҳор ваъда этади унга
Бўронларнинг сўнгги қўшиғи.

Мен на кун, на тунман самода,
Бир ошиқман ерда бор-йўғи.
Менга нелар этасан ваъда,
Эй севгининг сўнгги қўшиғи?!

 

* * *
Бу ғурбат даштидан нечук ўтдим мен,
Кимларга ишониб жадал этдим мен?!
Изимга қарасам жилмайиб турган
Ишқ билан Имонни идрок этдим мен.

 

* * *
Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Булутларга топширамаи қалбимни.
Улар кўзинг осмонида безовта –
Чақмоқ тахлит нақш этсинлар дардимни.

Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Баланд тоққа бориб солай ҳаё-ҳу!
Пойинг узра дарё бўлиб тўлғонсин,
Чўққиларнинг бошидаги.оқ уйқу.

Мен ишқимни айтолмасам ўзингга,
Вижир-вижир қалдирғочга айтайин:
Ҳар баҳорда шу зангори сўзлардан
Бўғотингда уя қурсин атайин.

Айтолмайин, чекиб оҳу нолалар,
Ерга кўксим қўяр бўлсам ногаҳон,
Юрагимдан хабар топган лолалар
Фарёд солиб қирга чиқсин бағри қон.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.