• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«Мен, бобом ва она бўри» – Рахшона АҲМЕДОВА

«Мен, бобом ва она бўри» – Рахшона АҲМЕДОВА

ҳикоя

Бу воқеага анча бўлган. У пайтлар бир овулдан иккинчисигача узоқ йўл босишга тўғри келарди. Ўшанда қиш эди, тизза бўйи қор кечиб борардим. “Ғарч-ғурч” этган товуш ўзгача ҳузур бағишлар, баъзан ортимга ўгирилиб, қор устида қолаётган палапартиш изларимга қараб-қараб қўярдим. Етти яшар, ғўр бола эмасманми, қалбимда зарра қўрқув йўқ, ҳеч нарсани ўйламасдим. Бошимда қулоқларимгача беркитиб турадиган боғичли қалпоқ, эгнимда совуқ ўтказмас қалин пўстин, ичи жун шим… Оёғимдаги этикнинг қўнжидан кириб, ёпишиб қолаётган қорга-да, парво қилмай борардим.

Олдимда паст-баланд тепаликлар узоқдан кўриниб турарди. “Шу қирдан ўтиб олсам бўлди, у ёғи овул бошланади”, дердим ўзимга далда бериб.

Ўшанда бобом билан бувим мени олиб қолиб онамни қўшни овулдаги бир кишига турмушга берганига эндигина уч ҳафта бўлганди. У уйни билмасдим, бироқ овулга етиб боргач, сўраб-сўраб онамни топиб олишимга ишонардим. Унинг қошлари ингичка, кўзлари қисиқ, майда ўрилган сочлари белини ўпарди, менга кулиб қараганида юзидаги кулгичлари кўриниб, яна ҳам чиройли бўлиб кетарди. Онам дунёда энг гўзал аёл, дея неча бор ўйлаганим рост.

Онам кетадиган кун мен бир чеккада “тўптош” ўйнаб ўтирардим. У мени олдига чақириб тиззасига ўтирғизган, сўнг қучоғига олиб юз-кўзимга узоқ термулиб қолганди. Мен эса онамнинг бошидаги попукли телпагига ҳайрон боқиб, четлари жиякли чопони устидан безак бериб турган ранг-баранг тошларни тортиб ўйнамоқчи бўлганимда, бувим “тегма, узиб қўясан, хунук бўлиб қолади”, деб уришганди.

Онам бўлса менга кулиб, ниманидир айтмоқчи бўлган, гапиролмай ютиниб-ютиниб қўйганди. Ниҳоят бувим “куёв кутиб қолади, бўлақол энди” деганида, бир бувимга бир менга қараб олган онам лабларини тишлаган, сўнг юзларимдан ўпиб узоқ бағрига босиб турганди. Онамнинг қучоғидан чиққим келиб, типирчилаганимда у янада қаттиқроқ қучиб олган, бироқ ҳеч нарса демаган, ўтовдан чиқиб кетаётганида кўзларидаги ёш доналари ерга думалаб-думалаб тушгани, ёдимда. Нега ўшанда онамни қучоқлаб олмаганман, нега “кетманг” деб ялиниб-ёлвормаганман, балки икки-уч кун ўтиб, онам мени соғингач, қайтиб келади, деб ўйлаган бўлсам керак-да.

Кейин онамни бошқа кўрмадим. У қайтиб келмади. Соғинган пайтларим бувимга ялинар, “онамга олиб боринг”, деб ҳархаша қилардим, бувим эса “онанг жуда узоқда, сен энди катта йигит бўлиб қолдинг, энди кўникишинг керак”, дерди урушиб. Бобом эса бошқача эди, мени сира ҳафа қилмасди. Онам ҳақида сўраганимда, “ҳув анави қир ортида, овул бор, онанг ўша ерда! Жуда узоқ эмас, яхши бола бўлсанг, бир куни олиб бораман”, деганди. Бироқ бобом ваъдасини тезда унутди.

– Бобо бобо, онамга қачон олиб борасиз? Мен яхши бола бўлдим-ку! – дедим бир куни тоқатим тугаб.

Бир чеккада пўстинимга ямоқ солиб ўтирган бувим гапларимни эшитиб, бобомга ўқрайиб қаради сўнг:

– Уят бўлади-я, ҳали бир ой ҳам бўлмади, – деди.

Бобом индамади. Мен бобомнинг юзига узоқ термулиб жавоб кутдим. Бобом бир сўз дермикан, дедим, у мум тишлаб олганди. Аламим келди. Ўша дамда, агар имкон туғилса, онам кетган овулга ўзим боришга қарор қилдим. “Ахир мен энди бувим айтганидек, катта йигит бўлиб қолдим-ку”, дея ўйладим.

Бобом доимгидек овга кетган кун, сурувни кўздан кечириш баҳонасида ташқариладиму қир бўйлаб югуриб кетдим. “Бобом овдан ҳали бери қайтмаслиги аниқ, бувим эса ортимдан келолмайди, оёғи оғрийди, узоқ йўлга чидамайди”, ўзимча пишиқ режа тузгандим. “Онам мени кўриб хурсанд бўлади”, ўзимча хаёл қилардим.

“– Мени топиб келдингми, катта йигит бўлиб қолибсанку”, – дейди мен билан фахрланиб, сўнг пешонамдан ўпиб қўяди.

Қанча юрдим билмайман, манзил сира адоғ бўлмас, овул кўринмасди. Ястаниб ётган қир оппоқ қорга беланиб ётарди, тепалик эса ҳеч яқин келмас, мен у томон юрганим сари ортга чекинар, ҳудди мендан қочаётгандек туюларди. Оқликдан кўзларим толиқиб кетди. Оёқларим чалиша бошлади. Ўтиргим келар, “озгина қолди, яна озгина юрай, кейин дам оламан”, дердим ҳансираб.

Қанча юрдим билмайман, бироқ йўлим сира озаймади. Оппоқ қордан кўрпа ёпинган қир оша ёлғизоёқ кетиб борарканман, бир пайт кўзим тиниб юзтубан йиқилдим. Қор устига юмшоқ тушдиму, бироқ юзим совуқдан бўзариб кетди. Бурнимни енгим аралаш ҳар қанча артмай оқаверар, тинмай ҳансирардим. Турмадим, рости туролмадим. Сўнг осмонга қараб олдим. Оппоқ булутлар бутун осмонни эгаллаб олган, қуёш мўралайдиган бир туйнук кўринмасди. Одатда бунақа булутлар қор олиб келади, бироқ негадир қор ёғмаётганди. Осмон бугун эрта туғиши аниқ, ҳомиладор аёл каби зўрға илиниб турарди, гўё. Қанча ётдим билмайман, совуқ қотдим, оёқларим увишиб қолди. Қўлларимга таяниб аста қўзғалдим. Уст-бошимни қордан тозалаган бўлдим.

Бобом, “Совуқ кунда музлаб қолмаслик учун ҳам тинмай юриш керак”, дерди. Ортимдаги изларимга бир қараб олдиму, сўнг олд томонга ўгирилиб икки қадам босганимни биламан, қаршимда турган оқ-қора тук аралаш, кулрангтус бўрига кўзим тушди. У қараб турарди, қулоқлари динг, тумшуғига қоп-қора тугма қадаб қўйилгандек, пешонасига қор увоқлари ёпишиб қолган, сарғиш кўзлари менга синовчан боқарди. У куч-қувватга тўла эди, бақувват кўринарди. Унинг қор қаби мўйнаси ҳавасимни келтирар, майин тукларини бармоқларим орасига олиб силагим, қорнида ётиб эркалангим, қучоқлаб олгим келарди. Шу тобда ҳайвондан бўлса-да, бир меҳр истардим.

Бобомдан эшитганим бор:

“– Бўрилар йитқич бўлади, раҳм-шавқат нима билмайди, Марайимнинг ўттизта қўйини бўғизлаб кетибди-я”, – деганди бир кеча. Ўшанда бўғизлаш нималигини тушунмаганману, ўлдириш бўлса керак, деб ўйлаганим рост.

Юрагимга қўрқув оралади, унинг кўзларига термулдим, бу ўткир нигоҳ ортида рақибини мавҳ этиш ва қорин тўйғазишдан бўлак маъно кўрмасдим. “Бирдан ташланиб қолсая, нима қиламан”, деган ўй мени саросимага солди, “пўстинимга ўралиб олсам балки тиши ўтмас” шу илинж қалбимга умид бағишларди. Танам совуқданми ёки қурқувданми билмайман, титрай бошлади.

Бу он бўри негадир ҳеч бир ҳаракат қилмасди, бошидан тортиб оёғигача пўстин кийиб олган мен бир кичкина болачага тажовузкорона нигоҳ ташлаб турарди, холос. “Балким тайёргарлик кўраётгандир”, дея ўйладим. Наҳотки, онамнинг олдига энди боролмайман, наҳот бобомни, бувимни қайтиб кўролмайман.

Бу учрашув бир неча сония давом этди.

– Қадамбой! Қадамбой! Ҳей, ўша бувингни … – бу товуш мени қўрқинчли тушдан уйғотиб юборгандек бўлди. Бу овоздан музлаб бораётган танамга қон югурди гўё. Ортимга ўгирилдим,

– Бобо! – дедим йиғламоқдан бери бўлиб, – Бобо! – дедим такрор ва такрор.

Бобом мени эпчил бир ҳаракат билан оти устига миндириб олди, нимадир эсимга тушиб илкис қарадим. Бир неча қадам нарида турган сариқ кўз бўри ғойиб бўлганди.

– Нега бундай қилдинг? Нега кетиб қолдинг? Бугун эрта ўзим олиб бормоқчи эдим, сабр қилишинг керак эди? – бобом йўл-йўлакай тинмай танбеҳ бериб кетаркан, қулоғимга бу гаплар кириб-кирмай борардим. – Агар яна қор ёғиб, изинг босилиб қолганида нима бўларди, биласанми, сени икки дунё тополмасдим.

– Бобо, мен бўри кўрдим, – дедим секингина.

– Ҳайрият бахтингга қор ёғмади, – деди бобом гапимга парво ҳам қилмай, сўнг: –Нима? – деди отнинг жиловини тортиб, – Қаерда?

Мен бобомни маҳкам қучоқлаганча, қимир этмасдим, ҳаёлимда ҳамон ўша бўри жонланар, унинг совуқ нигоҳлари кўз ўнгимда қотиб қолгандек эди.

– Ўша, сиз мени топган ерда.

– Мен ҳеч нарсани кўрмадим-ку, – деди бобом ҳайрон бўлиб. Сўнг отнинг биқинига этиги билан ниқтаб қўяркан, от йўрғалашда давом этди. – Худо меҳрибон, сени қайтиб берибди. Кўрдингми, уйдан бесўроқ чиқиб кетиш нима оқибатларга олиб келишини, – бобом куйиниб гапирарди.

– Бобо, у она бўри эдими ёки ота бўри?

– Билмайман, она бўри бўлса керак, сенга раҳм қилибди.

– Она бўри ҳам ов қиладими?

– Ҳа, болалари гўштга киргунича ота бўри, сўнг она бўри ҳам овга чиқади.

– Она бўри ҳам болаларини ёлғиз ташлаб кетадими?

– Ҳа, бошқа нима қилади? Емиш топиб келиши керак-ку!

– Агар қайтмаса-чи? Унда нима бўлади? Бўричаларни бобоси билан бувиси асраб оладими?

– Бўриларнинг бобоси, бувиси бўлмайди.

Суҳбатимиз бўри мавзусида то манзилга еткунимизча давом этди. Онам кетган овулга шом қоронғусида кириб бордик. Онам овозимни эшитибоқ, ўтов ичидан югургилаб чиқди. Отнинг устидан икки қўллаб кўтариб оларкан, бағрига босди, юз-кўзларимдан ўпди.

– Қадамбой, Қадамбойим мени, – деди эркалаб.

– Она, мен бўрини кўрдим, – дедим, ўтов ичига кирганимиздан сўнг. Онам кўзлари катта-катта бўлиб кетди.

– Қўрқмадингми, – деди онам билан бирга яшаётган амаки суҳбатимизга қўшиларкан.

– Йўқ, – дедим мен бошимни сарак-сарак қилиб. Алдаётган бўлсам-да, мени қўрқоқ деб ўйлашларини истамасдим.

– Вой товба, ўзимни ботир болам, – деди онам мени қаттиқроқ бағрига босаркан.

– Қойил, зўр йигит бўпсан, – деди амаки ҳам.

Бобом нега кўрмади экан, балки бобомнинг хира кўзлари оппоқ қор орасида оч кулранг бўрини илғамагандир, дея ўзимча тахмин қилардим. Ёки менинг кўзимга кўринганмикан? Йўғ-ей?!

Амакининг айтишича, шу яқин орада бир кулранг бўри изғиб юрганини у ҳам кўрган.

– Бироқ жуда эпчил экан, икки сафар ҳам отишга улгурмадим, – деди амаки қўлларини бир-бирига уриб, хафсаласи пир бўлгандек.

Мен бўри болаларига ачинардим, қачонлардир овчилар она бўрини отиб қўйишса, болалари нима қилишади, бобоси, бувиси бўлмаса, қаерга боришади, деган саволлар қийнар, ич-ичимдан она бўрига омонлик тилардим.

 

2019 й.

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.