• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«ОЛИС ВА ЯҚИН» – Томас ВУЛФ

«ОЛИС ВА ЯҚИН» – Томас ВУЛФ

(ҳикоя)

Темир йўл тарафдан кафтдек бўлиб кўзга ташланиб турадиган дўппидек шаҳарча четидан бошланиб кетадиган гугуртдек қишлоқ уйларининг бари  оппоқ тахталардан ясалиб, атайлаб ёрқин кўриниши учун фақат ям-яшил пардалар билан безатиб қўйилган. Ҳар бир уйча биқинида турли ўсимлик ва сабзавотлар нақшдек қилиб экилган озода боғлар бор, улар ичидаги ихчам шийпончаларнинг узумлари август этагига бориб ғарқ ҳосилга киради. Уйларнинг қаршисида бир-бирларига елка тутиб кўкка бўй чўзган уч дона бақувват эман дарахтлари қад ростлаган, улар ёзнинг авжи саратонида ўзининг улкан ва осойиш кўланкаси билан одамга қайта жон бағишлагандай бўлади, дарахтларнинг атрофида бўлса хушманзара гуллар қатор қилиб экиб қўйилган. Бу маконнинг барча еридан мусаффо ва баҳузур ҳаво билан кишини ўзига тортгувчи аллақандай оҳанграбо оқиб туради.

Ҳар куни кундуз соат иккига уч-тўрт дақиқа қолганида бу ердан икки шаҳар ўртасида муайян қатновчи поезд ўтиб кетади. Ўша вақтда улкан поезд нимагадир шаҳарча четидаги ўша сокин гўшага яқинлашиб кўпроқ нафас ростлашни истайди, бироқ у ҳали ўзининг белгиланган манзилига етиб бормасдан тезликни тўхтата олишга асло ҳақи йўқлигини яхши билади. Темир транспорт ажойиб манзараларга тўйиб-тўйиб тикилганча бир муддат гумбурлаб туради, унинг узундан-узун амирона қичқиришидан теварак-атроф ларзага келади; моторлари қулоқни қоматга келтиргудек кучли гувиллаб, кетма-кет  занжирдек боғланиб кетган кабиналар бир-бирига урилиб, оҳиста тарақлайди, аммо зум ўтмай яна пишқирганча олис-олисларга жўнаб кетади. Сониялар давомида ундан қолган айлана тутунлар ўжар моторнинг ташрифидан белги бўлиб, яйлов ўтлари устида ўрлаб-ўрлаб кўкиштоб осмонга кўтарилади-да, сийраклашади, дам ўтмай эса бутунлай ўчиб кетади,  охири куннинг уйқусираган ҳаловатини ўғирлаган поезд ғилдиракларининг кучсиз гумбурлашидан бўлак сас эшитилмай қолади.

Қарийб йигирма йилдан буён Худонинг берган ҳар куни шаҳарга қатновчи поезд бу ерга яқинлашиши биланоқ ҳайдовчи зўр ҳаяжон билан жониқиб  сигнал беради ва яна ҳар куни, айнан шу садони эшитган заҳоти уйчалардан бирининг олдида ёшгина аёл кўринади-да, унга зўр бериб қўл силкийди. Авваллари аёлнинг этагига ёпишиб кичкина боласи ҳам пайдо бўлар, лекин у энди балоғат остонасига етган, кўзга кўринарли қиз бўлиб вояга етганди, отаси ўтадиган ҳар кун у ҳам онасига қўшилиб, остонада турган кўйи унга соғинчли қўл силтарди.

Йиллар ҳайдовчига ҳам кексалик муҳрини босди,  унинг соч-соқоли ана шу темирйўл хизматида мошкичири бўлди. У бу қудратли поездга гўё шунча йиллар ва тақдир юкини ҳам ортиб олиб, худдики бутун ер юзасини ўн минг марталаб босиб ўтгандек бўлиб яшади. Болалари аллақачон улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетгандир. Ҳали-ҳамон эсида бор, бир гал у ҳамма болаларини битта вагонга жойлаганча, олис манзилларни кўзлаб шамолдек кетиб бораркан, кутилмаган ҳалокат оёқ остидан чиқиб, ҳамманинг ўтакасини бирдек ёрганди, ҳайтовур омади бор экан, уям, болалариям эсон-омон уйларига етиб келиб, қайта бундай таҳликали сафарга чиқишдан тавба қилиб олишганди. Аммо ўша ҳодиса чоғидаги саросима, қондошларнинг бир-бирларига бўлган меҳру оқибати, бир-бирларини эҳтиётлаш, суяш, қутқариш – буларнинг бари кекса ҳайдовчининг кўксини тоғдек кўтариб, меҳнатда толиққан юзларига нур улашганди. Ҳа, ҳамон бари кечагидек эсида турибди. Энди эса бечоранинг юрак-бағри худди эгалари кўчиб кетган улкан уй мисол ҳувиллаб ётибди. Бу матонатли инсон бутун умр бўйи виждонан ишлади, ишига заррача хиёнат қилмади, сидқидилдан ва ортиғи билан хизмат қилиб берди, бир кунам нолимади, шикоят қилмади, бор кучини фақат ва фақат меҳнатга, тоза ишига бағишлади. Унинг чеҳраси мўмин, жиддий ва қайғули эди. Ҳаётдаги ҳеч бир монелик ва машаққатлардан чўчимаган ҳайдовчининг қалбини неча йиллик соғинч ҳисси пишиб ётган ғурбатдек доим эзғиларди.

Бироқ айнан ўша қадим манзара, севимли манзара – аёли билан қизчасининг қадрдон уйи остонасидан унга қўл силкиганча, уйларининг хожасига соғинчли саломларини йўллаган дамлар энг саодатбахш, ҳаётининг ҳар қандай оғриқли нуқталаридаги энг давобахш, энг жонбахш эсдалик бўлиб муҳрланган эди. Ўшандай хушбахт сонияларда унинг ёлғизлик ва мискинликда сиқилган юраги озод этилган қушлардек қанот қоқиб шоду хуррам учгиси келарди. Уй – яқинларнинг  дийдори. Мусофир киши учун бу дунёда шугина дийдорданам қимматлироқ неъмат бормикан?

У ўша бебаҳо лавҳани минг марталаб хаёлидан ўтказарди, юз марталаб кўз олдига келтираверарди, лекин заррача безмасди, ҳечам тўйгиси келмасди. Жондан азиз дилбандлари туғилиб ўсган ўша азиз гўша унга фақат муҳаббатдан, ҳузурбахш муҳаббатдангина сўзлайверарди. Йиллар ўтиб, хизмат муддати ўз поёнига етгач, кекса ҳайдовчи ваниҳоят бир кун қадрдон уйига кириб боради, уни соғинган, кўзлари тўрт бўлиб кутаётган фарзандларини меҳнату машаққатларда ийиғи чиқиб кетган қалтироқ қўллари билан ичиккан кўксига маҳкам қилиб босади, сўзлар кўз ёшларига, тиллар ўтли нигоҳларга айланиб кетади, ҳа, ҳаммаси ана шундай рўй беради. Ҳаммалари соғинчдан, интиқишдан порлаган кўзлар-ла сўзлашадилар, тўйиб-тўйиб сирлашадилар… Ҳайдовчининг юраги ширин энтикиб кетди, кўнгил шунақа беихтиёр бўларкан-да!

Охири, вақт шамоли кутилган кунни қувалаганча олиб келди. Туғишган инисидек бўлиб қолган темир транспорт остонасидан аста ерга оёқ қўяркан, у азбаройи қувонганидан етиб келган манзили – муқаддас шаҳарчасининг  одам сийрак станциясига ҳам сиғмай кетди. Хаёлида минг ўй билан шаҳар кўчаларидан бир-бир ўтганча, кўзлари олдига ҳадеб қадимгидай қўл силкиган аёли билан ёш қизчаси суратини келтираверди. Ҳайдовчининг олисларда, ўз уйидан узоқда кечган йиллари гумбурлаган поезд оёқлари остида емирилиб, бир жойга етган ёши сўнгги станцияга етганида ниҳоят тин олганди. Лекин унинг ҳаётдан ҳеч гинаси йўқ, яқинларидан, уларнинг меҳру муҳаббатидан ҳамиша кўнгли тўқ бўлган, ўзига ҳам ишонган, юзларида синиқ ва соғинчли табассум жилвалангани жилваланган, барибир ҳаёт  унга доимо ширинлик улашган!

Кетганидан бери шаҳарчада бир талай ўзгаришлар бўлибди, унга кўз таниш ерларнинг бари мутлақо таниб бўлмас қиёфага кирибди. Одамлар ўзгарибди, дарахтлар ўзгарибди, негадир ҳаммаси аввалгидек эмас. Ҳайдовчининг кўнгли хижил тортди. Худди бегона уйга қадам қўяётган одамдек ўнгу сўлига аланглаб, ўзини нохуш сезди. Ростданам, севикли поезди сигналини шу ерга етганида чўзиқ чалганча минг марталаб босиб ўтган шаҳарча мана шуми? Кабинаси ойнасидан узун энтикиш-ла тўйиб-тўйиб термулган қадрдон уйчалар ҳақиқатданам ана шуларми? Йўқ, кўриб турганлари худди ёмон туш ичида алаҳлаётган одамнинг хира тасаввури каби уйқашиб ётибди, ҳатто қадамлари ҳам энди унга бўйсунмаётгандек чалкашиб-чалкашиб бораяпти.

Авваллари ўзининг ёруғ, оппоқ ранглари билан кўзни қамаштирувчи уйларнинг туси аллақандай хира, чаплашган бўёқ туфайли хунуклашиб кетибди, у яшаган кўча эса торайиб, негадир жуда эскирибди. Охири, кекса ҳайдовчи кўз ярадек азоб бераётган ўй-хаёлларини бир нуқтага жамлади-да, ўзи қидирган уй томон дадил юриб кетди. Ана ўша мардонавор қад тутган эман дарахтлари, темирйўл станциясигача  ифори учиб келган, санам қизлардек соллониб турган хушбўй гуллар; аммо барибир нимадир етишмаётгандек, нимадир йўқдек яна. Узоқ йўл чарчоғидан юзига тепчиб чиққан тер томчиларини аста сидирираркан, ҳайдовчи маъюс ва паришон алпозда ўзи яшаган хонадон дарвозасига тикилганча туриб қолди.

Одамзод олис-олислардагина Ватан туйғусини теран англайдими ёхуд инсон фақат олдида оқаётган сувдан нари кетгандагина унинг қадрига етадими, ёки бўлмасам баъзида йироқ масофалар кўнгилни ҳам яқинларидан йироқлаштириб ташлайдими? Нега юрагим бунчалик хун бўляпти, нимани тополмаяпман, дея кекса ҳайдовчи ўзини ўзи тинмай қийнар эди. Узоқ-узоқлардан унга бахт ва шодлик улашган қадрдон гўшалар наҳот яқин келганида шунчалик совуб, бирдан хунуклашиб кетса? Ёки уларнинг ҳаммаси ширин тушмиди экан? Наҳот бутун умрини чексиз рўё ичида ўтказган бўлса? Наҳот бебаҳо туйғуларининг бари фақат йўқликка аталган бўлиб чиқса? Нега у энди ўз уйига етиб келганида қалбини чигаллик, шубҳа ва умидсизлик қийноқлари эгаллаб олди?

Шунча азоблар қуршовида ўз дарвозасидан бегонадек ичкари хатларкан, уй тарафга элтувчи узун йўлакча устида ҳам бу изтироблардан халос бўлолмай, ҳайдовчи зилдек бошини эгганча одимлайверди. Мана, эшик олдига атига икки-уч қадамгина қолди. Қизиқ, нега бу қадар хавотири ортиб бораяпти? Нима бўларкин? Ҳайдовчи қалтираган бармоқларини аранг қимирлатди-да, юрагининг тобора кўтарилиб бораётган дупуридан пича ўнғайсизланиб, эшикни оҳиста чертди. Ичкаридан, афтидан коридор устида тап-туп қилиб келаётган қадам товуши эшитилди, эшик очилди ва қандайдир аёл остонада пайдо бўлди.

Афсус ва надомат ҳислари қоп-қора булутлардек юракни чулғади. Ҳайдовчи кўзларига ишонолмасди, унинг қаршисида илгарилари унга соғинч-ла узоқ-узоқ қўл силтаб қолган меҳрибон аёл эмас, аллақандай бошқача, кўзлари сўник, юзлари ташвиш ва уқубатдан қовжираб бораётган, нигоҳларида ҳеч қандай меҳр ва муҳаббатдан асар ҳам қолмаган мутлақо бегона, бутунлай нотаниш бир аёл турарди. Шу азиз гўшасини тарк этиб кетаётганида мана шу аёл билан ҳозир оёқлари қадалиб турган худди шу остона меҳр, яқинлик, севги ва ҳаяжондан кучли ларзага келмаганмиди? Ахир айни шу эшик ортида уларнинг бирга кечирган қайноқ кунлари, бахтли лаҳзалари яшамаганмиди? Ниҳоят, охири йўқ чигал хаёлларидан бир неча дақиқаларга чиқиб, ҳайрат ва аламдан қотиб қолган тили калимага келди-да, рўпарасида унга батамом бефарқ ва ҳиссиз қараб турган аёлга ўзининг кимлиги ва нега келганини тушунтира бошлади. Аммо гапираркан, ҳайдовчига ўзининг овози ўзиники эмасдек, сўзлаган сайин товуши пасайиб, нафаси ичига тушиб кетаётгандек бўларди. Уят, ғурур, гумон, надомат ва бегоналик ҳисси оқибат енгиб чиқди,  дардчиллик ҳайдовчининг руҳиятини тўла маҳв этди. Қанча зўр бермасин, бари беҳуда эди. У бир пайтлар ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайдиган тўлғин қувонч дамларини худди касалдек шуурсиз тарзда ўтказгандек, бедаво дарддан ҳозиргина халос бўлгандек кўзлари очилиб, ўтмишига ҳайрат ва афсус билан боқар эди.

Хотини ҳам энди довдираб қолган, у эриданам баттар қийноқда, дам суюнар, дам эсанкираганча уни ичкарига таклиф қилиб, саросимали овозда  ҳадеб қизини чақиргани чақирган эди.  Орадан ҳайдовчига ҳеч ҳисоби йўқдек  туюлган лаҳзалар бирма-бир ўтгач, у ўзини кичкина ҳароброқ меҳмонхонада, шалоғи чиқиб кетган диван четида омонат ўтирган ҳолида ҳуши ўзига келганини идрок қилди. У минг машаққат билан йиллар бир ҳолга келтирган юзига анграйганча қотиб турган иккита аёлга гангиган, фаромуш ва айбдорларча назар билан боқар, тўғрироғи кўзларини олиб қочар, ҳаммасининг нигоҳи бир жойда ҳечам тўқнаш келолмасди.

Шу беш-ўн дақиқалик учрашувда ҳам сира гап гапга қовушмади, дудуқланганча жўнаб кетишини маълум қиларкан, кекса ҳайдовчининг кўзлари ҳеч нимани кўролмасди. Соҳибаларидан ҳам совуқроқ қараб турган  уйи деворларига, дарвозасига ва йўлакчага хомуш термулганча мусофирчиликда сочи оқарган эркак яна изтироблар юкидан хам бўлган бошини эгганча, яна ўз уйини тарк этмоқда эди. У шу тобда баттар кексайиб кетганини ҳис қилди. У ҳамиша улкан ва дум-думалоқ ернинг қачондир отиши муқаррар бўлган чўқмордек тошларига, оғир-оғир зарбаларига тайёр сезарди ўзини, бошига нимаики бало ёғилсаям ўзини енга олишга қодир ва қаҳрамондек ҳис қиларди, жуда кучли эди, жудаям, аммолекин айни шу бугун эмас, яқинлари билан кўзлари тўқнашган сонияларда эмас. У шу топда олис масофалар устида беихтиёр ўз яқинларини қалбан йўқотиб қўйганини англади.  Бир вақтлар унга нур, ҳаёт, қудрат ва боқийлик ато этган соғинчли кунларининг энди ўшандек кўринишда қайтиб келмаслигига ич-ичидан ўксинар, айни дамда инсон қалбидаги кўз ёшининг миқдорини тасаввур қилиш қанчалик мушкул эканлигидан баттарроқ азобланар эди.

                                                Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan