• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«Лорка лолалари» – Андрей ВОЗНЕСЕНСКИЙ

«Лорка лолалари» – Андрей ВОЗНЕСЕНСКИЙ

Лоркани яхши кўраман. Унинг учаётган қайиқ янглиғ енгил, театр залининг тепа томоша айвони сингари гулдурос солиб тургувчи, радиолокаторнинг зар қоғози мисол сезгир, оранж пўстлоғидай ачимтир ва ўткир ис таратувчи исмини яхши кўраман.
Лорка!
У дайди эди, актёр, хаёлпараст ва рассом эди у. Де Фелла (аслида: Мануэль де Фалья (1876-1946) — испан композитори) унинг мусиқавий қобилияти шоирлик истеъдодидан кам эмаслигини айтган эди.
Мен Лоркани ҳеч қачон кўрмаганман. Кечикиб туғилдим мен. Мен у билан хар куни кўришаман.
Чиннидай тоза, ярқиратиб артилган бир жуфт ойни — бирови сойда, иккинчиси кўкда — кўрсам Лорка болакайи ҳайқиргандай ҳайқиргим келади: «Ярим тун, урилгин чинниларга!» Менга «Кордова» деб гапиришса буни ҳам дарров биламан: бу демак оқшом сувларида қоришиб оққан икки Кордова — «меъморий Кордова ва кўзачалар Кордоваси». Мен унинг нозик ва «чироқ нуридану қўнғироқчаларнинг енгил товушидан ҳилпирайдиган ипакдай» ҳарир юрагини биламан. Руҳий аниқликда унинг «Бевафо хотин»ига тенг келадиган бирор бир асар борлигини эса билмайман. Беқиёс софлик, биллур туйғулар акс этган унда! Унинг балладаларида «Лўлилар ва малоиклар аккордеон чалишини» яхши кўраман.
Уни 1936 йилнинг 18 августида (аслида 19 августда. ХДК изоҳи). ўлдиришди.
Жиноятчилар буни тасодиф деб эътироф этишга ҳаракат қилишади. Эҳ бу «хатолар!»… Пушкиннинг ўлими англашилмовчиликми? Лермонтовнинг ўлими тасодифми?
* * *
Шеърият — хамиша инқилоб. Янгича жазо усуллари қўлланиладиган қамоқхоналардаги кирдикорлар учун Лорканинг ички ҳуррият, эркинлик, жўшқинликка йўғрилган қўшиқлари инқилоб эди. Бетон зиндон фонидаги лола — исён, қўзғолон бўлиб туюлади.
Маркс, шоирлар катта меҳрга муҳтождирлар деб айтган экан. Шоирнинг яланғоч юраги тикан симга тирналаётган пайтда меҳр ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин? Мен шоирни ҳалокатга элтувчи йўли ҳаҳида ўйлаганимда, биринчи жаҳон уруши вактида газ билан заҳарланган Поль Элюарни эслайман. Бўғилаётган шоир жуссаси — рамзийдир. Нафас олишга ҳаво йўғу куйлашга йўл бўлсин!
Нафрат билан хирқираб янгради Лорка овози:
Бу дўзахмас, бу кўча.
Бу ўлиммас, сабзавот дўкони бу.
Сизнинг ярқираган автонгиз босиб
мажақлаган мушукчанинг синиқ панжасида
кўз илғамас дунёларни кўраяпман мен.
* * *
Лорка метафорага бой, оташин шоир эди!
Оғир бонглар садоси янглиғ
Ҳўкизларнинг қадами оғир…
Шўрликларнинг бўйинтуруқлар
Ситамига нафрати бордир,
Бир замонлар биқинларида
Бўлган қанотларни эслайди улар.
Метафора — шакл мотори. XX аср — эврилишлар, метаморфозалар асри. Бугунги кунда қарағай дарахтини қай тарзда изоҳлаш мумкин? Сунъий тола дебми? Ё ракетанинг сунъий ойнасимон пластмассасими? Менинг пахмоқ силонли жимпирим кечалари оққарағайлар номини олиб алаҳсирайди. Унинг тушларида пахмоқ аждодларининг игнабарглари шовуллайди.
Лорка бу — тасаввурлар дегани. Унинг шеърларида тунги осмон «Қора байталнинг сағриси янглиғ ялтирайди». Шамол деразадан чиқарилган бошни жодининг шамшири кесгандай кесиб ташлайди.
Буюмлар қариндош тутинади, бир бирини йўқлаб чақиради. Пикассода хам айнан шундай. Ҳеч бўлмаганда, мисол учун, унинг Элюар(шеърлари)га чизган суратларини олайлик. Аёл чеҳрасининг тасвири кабутарнинг чўзинчоқ
шаклига айланиб боради. Кошлар хурмо дарахтининг бутоғи бўлиб гуллайди. Мана буниси нима? Сочларми? Ёки каптар қанотларими?
Лорка чизган рангин суратларни кўриш хам менга насиб этган. Балладаларида бўлгани каби, улардан лўливаш испанча латофат ва назокат уфуриб туради.
Унинг шеърлари тасвирий санъат ила тўлиб-тошган. Лорка алоҳида рангларни яхши кўради. Унинг «Сомнамбулча романси»даги яшил ранг чинқириғини кўринг:
Муҳаббатим, яшил ранг.
Шовуллаган яшил бод.
Яшил денгизда кема,
Дўнгликларда яшил от.
Шомлар чўмиб туманга
Йўл қарайди манзардан,
Кумуш қиров нигоҳли
Яшил сочлар, яшил тан,
Муҳаббатим, яшил ранг…
Ой нурининг ям-яшил
Четанига чиқай ман!
Ой нури яшил рангда шундай нафис ва аниқ берилганки, «зумрадранг» десак хам бўлаверади!
«Антонито эль Камборьонинг ўлими»да эса қизил ранг устун туради. «Тўрт сариқ баллада» бўлса залворли оғир олтиндан куйилган. Бироқ, «Испан жандармлари хакида романс»даги Лорка ишлатган қора ранг мажмуи хаммасидан хам даҳшатли ва қудратлидир.
Айғирлари қора, қора
Қора тамға — туёқлари.
Қора пўшлар қанотида
ярқирайди шам доғлари.
«Қора, қора» дебон узлуксиз такрорлайди шоир. «Қора!» Бу жандармлар дастидан кўзлар қора тортади. Ранг рамзга айланади.
Тунга гулхан экиб қора
Жандармлар изғийди оч.
Шеърият жон берар бунда
Сарвиқомат ва яланғоч.
Ёш Роза Камбаръо кўкси
Сўйилгандир шамшир билан,
ота уйин бўсағасида
тунж табоқда турар улар.
Бошқа қизлар эса қочар,
шовуллар кора кокиллар.
Ҳавода портлаб очилар
ўқлар — қора атиргуллар.
* * *
Шеърият — биринчи навбатда мўьжиза, туйғулар мўъжизаси, товуш мўъжизаси ва санъатни усиз тасаввур қилиб бўлмайдиган ўша «нимадир»нинг мўъжиза си. Уни тушунтириб бериш мумкин эмас. Ана шундай ички мусиқавий таъби бўлмаган кимсалар Лоркани тушунмади. Ў, адабиёт атрофида юрган эшик оғаларининг ҳамма нарсани мунгли ва ғамгин эшитгувчи бу қулоқлари… Шеърларда, каттайтириб кўрсатувчи кўзгу каби, тингловчи туйғуларини кучайтиргувчи алоҳида бир хусусият бор. Кучайтиришга туйғу бўлмаса шеърият ҳам ожиздир!
Мана бу сатрлардаги сехргарликни насрда қандай баён қилиш мумкин:
Майли, билсин жаноблар
ўлганимни, онажон.
Учсин кўк тилгиромлар
Жанубдан Шимол томон!*
Лоркани соғинаман.
Лимон ҳиди урилган сал тахирроқ мусиқасини қўмсайман унинг.
* * *
Лорка билан бўлган яна бир учрашув ҳақида гапирмасам бўлмас.
Чикагода бир ярим миллион поляк бор.
Бир тасодиф сабаб шу шаҳарда мен ўзимнинг «Настарин» шеъримни ўқиб берган эдим. Бу — севилган, оворайи жаҳон бўлган, Ватанини ташлаб сафарга йўл олган настарин гул ҳақида баллада эди.
Мўъжазгина хонани телевизорнинг зангори экрани ёритиб турибди. Овози ўчирилган. Кўланкалар товушсиз юзаётган бу нафармон экран — чироқ ўрнида.
Шуъла курсида қунишиб ўтирган поляк аёли қиёфасини ёритиб турибди. Унинг ота-онаси урушдан олдин муҳожир бўлиб Аргентинага кетибкетиб қолган. Айни пайтда бу аёл изтироб чекар, жуда безовта эди. Елкаларини нафармон шуъла ёритиб турар, шу замонда кичрайиб қолган, титраётган елкалари, бинафшаранг зулфларию, кулранг мавҳум қорачиқлари билан ўзи ҳам настаринга ўхшаб кўринарди у.
Мен, ўзим англамаган ҳолда, у хақда, унинг қисмати ҳақида шеър ўқийман.
У нима билан тирик? Унинг кўнглида, руҳида қандай талотум кечаяпти? Бу бўшлиқда, бу бегона дунёда у ёпишиб оладиган халоскор хас қани, каерда?
Жавоб ўрнига у бошини орқага ташлайди.
У шеър ўқийди, аниқроғи — ўқимайди, қандайдир шеърни хиргойи килиб айтади. Унинг товуши капалакдай ҳарир, сабуҳий, кувноқ товуш.
«Бу — Лорка» дейди у менинг талмовсираган нигоҳимга жавобан.
«Ларк?» — деб қайта сўрайман мен ҳеч нарсага тушунмай. («Ларк» инглиз тилида тўрғай дегани.)
«Ҳа, ҳа! Ларк! — хандон отиб кулади у. — Менинг ягона қувончим бу. Усиз мен нима бўлардим, билмайман… Ларк… Лорка…»
…Уни 1936 йилнинг 18 августида ўлдиришди.
* * *
Лорка сабоқлари — фақатгина унинг қўшиқлари ва хаётидагина эмас. Унинг ўлими хам — сабоқ. Санъатни қатл этиш ҳамон давом этмоқда. Фақат Испаниядагина шундайми? Мен бу сатрларни ёзаётган пайтда зиндонбонлар эхтимол мусаввир Сикейрос (Давид Альфаро Сикейрос (1896-1974) — таниқли мексикалик рассом.Ўша йиллар у қамоқда бўлган)ни сайрга олиб чиқишгандир.
Йигирма беш йил бурун улар Лоркани ўлдиришган эди.
1961

* Эсседа келтирилган Лорка шеърларини Шавкат Раҳмон таржима қилган

 

Рус тилидан Шаҳбоз Файзуллаев таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.