• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар, Ёрқин тонгдан келтириб дарак…» – ЗУЛФИЯХОНИМ

«Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар, Ёрқин тонгдан келтириб дарак…» – ЗУЛФИЯХОНИМ

ТУН 

Тоғ ортига ўтиб кетди кун,
Секин чўкди тоза, салқин тун…

Мен дераза очганим чорбоғ,
Сокин ухлар тун кўрпасида.
Майин қўшиқ ёйилар ҳар ён,
Эсиб ўтган ел шарпасида.

Сув оқади аллалаб тунни,
Ҳамма ухлар, уйда мен уйғоқ,
Парча қоғоз, кичик бир қалам,
Бошим узра порлайди чироқ.

Тунда қанча хаёл, қанча куй,
Мен берилиб қулоқ соламан.
Сўз тополмай ифодасига,
Ранг ахтариб шошиб қоламан.

Соф ел эсар… Парвона учар,
Чироқ атрофида ўгрилиб,
Ўзин уриб парт бўлади-ю,
Столимга тушади келиб.

Мен ёзаман, юлдузлар ўтар,
Ҳар бириси сўйлар бир эртак.
Мана, Ҳулкар қаршимда чақнар,
Ёрқин тонгдан келтириб дарак.

Тун ўтади, яна чорбоғдан
Кўтарилар саҳарги туман.
Мен-чи, аста чироқ сўндириб,
Отаётган тонгаи кутаман.

Кўзларимда эриб кетди тун,
Ёйилмоқда ёрқин жувон кун…

1944

ФАРЗАНД

Нега севмай, эркалаб ўпмай,
Нечун демай уни ҳаётим?
Нега демай кўзимнинг нури,
Сўзлаганда қандим, новвотим?

Ширин экан фарзанд, у билан
Оилага кирар экан жон.
Кўзи кўзга тушиши билан
Меҳри балқир экан бепоён.

Иқбол бўлиб кўзинг олдида,
Кундан кунга топаркан камол,
Не бахт, тоза ҳаёт боғингда
Ўсса тоза, бебаҳо ниҳол.

У бор ерда қайғу ва ҳасрат
Ҳаётингга бегона экан.
Қани айтинг, фарзанддан қиммат
Бу дунёда нима бор экан?

О… фарзандим, кўзим нурисан,
Менга сендай бўла олур ким?
Сен ҳаётим, сени кўраркан,
Дилда беҳад жўшади меҳрим.

Қора кўзларингга қарайман,
Унда борлиқ бўлар намоён.
Менинг бахтим ёрқин, бегумон
Жилваланиб кўринар аён.

Ширин сўзинг, чексиз меҳринг бор,
Қилиғингда бир олам ором,
Сен билан дил чиройли гулзор,
Қўшиғимга туганмас илҳом.

Сен ўс — соғлом, беқайғу, эркам,
Муҳаббатим бошингга соя,
Мен бахтиёр алла айтайин,
Қўшиқларим кўп, бениҳоя.

Кўз ёш нима, сен билма зинҳор,
Сенга порлоқ тилайман иқбол,
Бу дунёда на яхшики бор
Сенга, қўзим, сенга бўлсин, ол!

1943

 

СЕНИНГ МАФТУНИНГ 

Яхшики йигитда эр юраги бор,
У севса ҳеч қачон ёнмас яширин.
Севгинг тўғрисида ўзинг очдинг сўз,
Эй кўзи қоп-қора, сўзлари ширин!

Менинг севганимни ҳали билмасдинг,
Танҳо ўртанишдан мен олдим лаззат.
Дилимни кемирган муҳаббат сирин,
Ўзим ардоқладим, ҳам қилдим иззат.

Қалбимга ёзилган муҳаббат сўзи,
Ўйимни чулғади менинг ҳар минут,
Лекин ишондимки, сен сўз очмасанг,
Шу дардда ўлсам ҳам этаман сукут.

Ҳатто билмас эдим севармидинг сен,
Балки севганингдир бир бахтиёр қиз.
Балки хаёлингдан мен беҳад йироқ,
Аммо сен дилимда кеча-ю кундуз.

Фақат ўйладимки, уятдир қизга
Йигитга севгисин айласа изҳор.
Бу — доғ солар дедим қизнинг ҳуснига,
Энди иложим йўқ бўлмайин иқрор.

Узоқ мен ахтардим, аммо ўзимда
Бир куч тополмадим севгидан устун!
Мен сени севаман, сеҳргар йигит,
Бутун борлиғим-ла мен сенга мафтун.

1942

 

ХАЛҚИМГА АЙТАР СЎЗЛАРИМ 

Ўзинг ташна этдинг, ўзинг сув тутдинг,
Қалбимдаги саҳром, дарёмсан, халқим!
Сени сева-сева мен бойиб кетдим,
Дунё ичра топган дунёмсан, халқим!

Юрак чақмоқ теккан осмон юзидай,
Лекин эътиқодим, иймоним бутун,
Умримда қилганим озми-кўпимдан,
Меҳрим дарёсидан серобман бу кун.

Менга Навоийдан айтинг алла деб,
Лутфийдан онгимга зиё таратдинг,
Қийналган оламга бўлгин далда деб
Асли ўзинг мени шоир яратдинг…

Ёш шуур, курашчан туйғулар билан
Сенинг тақдирингга маҳкам туташдим,
Не-не ғанимлар-ла курашганинг он
Кўпнинг бири бўлиб малҳамга шошдим.

Сарғайган даштларга бердинг яшил қон,
Тупроқ тепаларда шаҳар кўтардинг:
Ҳар бир ғалабангни кўрган суюк он
Дилдаги ўз ғамим куйи чўкарди.

Йўл юрдим, соғиндим, тўкилди байтим
Хорижнинг шомлари, саҳарларида,
Эзгу истакларинг жаранглаб айтдим
Осиё, Африка минбарларида.

Пахта хирмонининг ўсди бўйлари,
Таниди, тан олди яқину йироқ
Ғурурдан денгиздай тўлиб куйладим,
Толелар тиладим бундан ёрқинроқ.

Мактублар ёздинг сен, мактублар битдим,
Гоҳ кўзга нам қалқиб, гоҳида хушбахт.
Шеър билан, сўз билан қалбингга етдим,
Ўша қалб мен учун энг шарафли тахт.

Кўзим устидасан бу туғёнли дам,
Сен билан тақдирдош кундузли бўлдим.
Сени деб сийлади Умр, азиз Ватан
Эъзозли бўлдим мен, юлдузли бўлдим.

Ҳали бор олдимда ўтмаган бурчим,
Ўтайман кўзимда тирик турса нур.
Умримдаги барча фасллар учун
Ўзига бек халқим, Сенга ташаккур.

1985

 

МУҲАББАТ ТОНГИ КУЛГАНДА 

Оқшом эди, ойдин кўприкда
Барно қизу йигит турарди,
Ойни кутган оқшомги кўкда
Бешик-бешик булут юрарди.

Булутларнинг ёриб қучоғин,
Ой кўрсатди олмос юзини.
Мағрур ташлаб ерга нигоҳин,
Тинглаб қолди йигит сўзини.

«Хоҳи инон, хоҳи инонма,
Сенинг севгинг қилмоқда шайдо.
Бундай ёниш бегона жонда
Бир ўчмас ўт бўлибди пайдо!»

Ой сузади, ел сари майин,
Икки қалбни ёқар бир оташ.
Ёниқ дилнинг бахтиёр найин,
Ютмоқ бўлур сукут жафокаш.

Йигит севги тонгини кутар,
Қиз кўзидай қуюлади тун.
Лекин узун киприклар ўта —
Ярқирайди бахтга тўла кун.

«У бир ўтки, сени кўрмасам
Изтиробга солар жисмимни,
Лол қоламан — ахтариб топсам,
Унутаман ҳатто исмимни.

Хоҳ инонгин, инонма хоҳи,
Хаёлимда кезасан ёлғиз.
Мени севгин!»
Йигит нигоҳи
Севги тилар — сукут қилар қиз.

Оппоқ паға булут устида
Ҳайрон сузар кекса ойсулув.
Юлдузларни қучиб кўксида,
Анҳор тўлиб жўшиб оқар сув.

Шу чоққача ишқин қиз фақат,
Дилдан сўраб айтганди дилга.
Илк, мусаффо, катта муҳаббат
Қиз дилидан келмасди тилга.

Ҳозир юрак бир нигоҳ бўлиб,
Боққан эди йигит кўзига.
Оқшом оғушига нур тўлиб,
Тонг кулгандай бўлди юзига.

Елда қўшиқ, кўприкда шуъла,
Бахт-ла тепди икки ёш юрак…
Ой сўзлади юлдузни тўплаб,
Севги тонги ҳақида эртак.

1936

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.