• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«ДУНЁДА ТИРИКДИР ФАҚАТ МУСИҚА…» – Борис РЫЖИЙ

«ДУНЁДА ТИРИКДИР ФАҚАТ МУСИҚА…» – Борис РЫЖИЙ

* * *

Аср тугамоқда. Яқинда тақвим

Нолга қайтарилар ҳисоблагичдек.

Гўё қариликни рад этиб ақлинг,

Кезасан хонада бўроний кучдек.

Яхшиси, бугунни қиламиз базм.

Кўнгилга зиёфат ўтирмаса ҳам.

Ҳаво юрмаса ҳам хонада бир зум,

Дастурхонда барча марҳум бўлар жам.

Бу аср кўп жондан айирди. Майли

Стуллар бўш турсин. Ўтир, ғам чекма.

Шароб қуй, тасаввур қил, айни пайти

Маст бўлиб ётишар шунчаки ерда.

* * *

нарколог А.П.Сидоровга

Ой ёғдуси сизар дераза бўйлаб,

шифохона ичра кезар мовий нур.

Энг табиий нарсалар ҳақида ўйла,

энг оддий нарсалар ҳақда хаёл сур.

Лўли азоб чекар уч кундан буён,

ора киролмайди жонига ҳеч ким.

Занглаган сув ичиб эски жўмракдан,

беуйқу кезаркан тун бағрида жим

мовий тусга кирган шифохонанинг

йўлаклари узра, ойнадан қараб.

Қанчалар қисқадир бўғзингда жонинг,

наҳотки барчаси бўлса бир чақа?

(Ўқиб тамомлайман ғамгин китобни,

унутиб қолдирган менгача кимдир.

Григ мусиқасин айни шу тобда

тишлар орасидан чаламан соҳир)

Асли шундай, аммо баъзида акси.

Ҳеч нега куймайман, лек онда-сонда

Бир лаҳзага кўзим юмаман ўксиб

ва чўчиб қайтадан очаман, шунда

қалин қайинзорнинг ёрқин расмини

тутган девор томон кўзимни  тақаб,

маҳкам қучганимча тиззаларимни

жиддий ўй сураман ўлимим ҳақда.

* * *

Тонгнинг чўғдек ҳарорат нуқси,

ажал, манзил, шу каби кучлар,

яна ватан ҳиси, жин урсин,

болаликдан хотира улар.

Соҳил сари оёқлар яна,

трамвайга бўлади маёқ.

Руҳим ночор, қилгин сен пана

ва хотира қолдиргин ҳеч йўқ.

То яшасин мангу ҳақ учун

тириклик-чун туғилган барча,

дафн эт мени зовурга бугун

юрагимни селда ювганча.

Қандай бемаъно ва зангори

Лек, онангни эмгур, яхшида

Сўнгги сўз имконин хароми

Менга этган каби бахшида.

* * *

Нуқрадек қор узра сеҳр-жодули

Юз нусхада юзар қора фаришта.

Яшамоқ оғирдир, ўлим – қайғули.

Оппоқ боғ зерикди ташрифсиз қишдан.

Оппоқ боғ бағрида сукунат ҳоким,

Қари қарағайлар ётсираб қотган.

Сенинг чўнтагингда – қалбингда ётган

Шаробдан ич унга суянганча жим.

Эслайман шароблар сарҳуш қилганин,

Буниси жонимни суғурди охир.

Қаҳратон совуқда палтойим юпун.

Фариштанинг қора қаноти – жабр.

– Фариштам, парвоз қил ўз осмонингга,

Худо мавжуд бўлса, айтгин бир оғиз –

Ҳали ҳамон совуқ, тириклик тинган,

Фақат бор қандайдир бир телба ёлғиз.

* * *

Бир далли девона боғда кезаркан,

таъна ва дашномлар остида майиб –

излар эди илиқ, осуда макон

ғийбат ва фасоддан куйиб, ўртаниб.

Ҳеч нарсадан қўрқма, босмасин титроқ,

эй ғариб, қанот қоқ, учгил самога.

Ерда сен ҳеч кимсан, бир телба, саёқ –

фаришта бўласан кўкда Худога.

Лекин жиддий сабаб бор экан унда,

қатъий айтди уни пичирлаб: «тушун,

осмонга учмоққа, тақир заминда

видолашмоқ учун йўқдир ҳеч кишим».

* * *

Июнь оқшомлари. Айвон узала

осмонга термулиб кетсанг оромга.

Охири йўқ мовий кенгликка қараб

уфқ чўмилганда зангор оловга.

У ерларда – ярим тунгача ёниб

зангор чегаранинг остонасида

бутун коинотим диққатга дўниб,

англайман, жаранглар оҳанг, қасида.

Узоқ термуларкан, сезаман шуни,

қандайдир ишончли бепоён жойда

пайдо бўламан ва етаман тушуниб:

қайда сохта бўлдим, енгилдим қайда.

* * *

Қора арка узра хуржунин ёйиб,

Тун ичра саксафон чаларди машшоқ.

Боғнинг кенг бағрида бир дайди ғариб

Газетга ўраниб ётарди мудроқ.

Мен ҳам мусиқачи бўламан шундоқ,

Агар умрим етса, қиламан удда.

Нуқрадек кўйлакда қора бўйинбоғ,

Мусиқа чаламан шамолга тунда.

То безовта бўлмай ухласин дайди,

Осмоннинг остида сармасту сийқа.

Тин ол, ҳавотирга тушмагин қайтиб,

Дунёда тирикдир фақат мусиқа.

Рус тилидан Фарруҳ ҲАСАНОВ таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan