• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«– НЕГА МУҲАББАТДАН ЯЙРАДИНГ, НАФРАТДАН ЎЛМАДИНГ, ЮРАГИМ?!» – Жуманазар ЮСУПОВ

«– НЕГА МУҲАББАТДАН ЯЙРАДИНГ, НАФРАТДАН ЎЛМАДИНГ, ЮРАГИМ?!» – Жуманазар ЮСУПОВ

БОЛАЛИК

Кўнглимдан ол соғинчларингни,

Илтифотинг ўзингга сийлов.

Мисли гулбарг – овунчларингни,

Аллақачон қоплади қиров.

Ҳансирайман нафасим қайтиб,

Чиқолмайман энди сен – тоққа.

Сирларимни сувларга айтиб,

Термулмайман қайнар булоққа.

Йиллар бўйи силамай қўйди,

Тафтли қўллар менинг бошимни.

Киприкларим хўрликдан тўйди,

Ҳеч ким артмас кўзда ёшимни.

Фойдаси йўқ ўтинчларингни,

Ўзимники елкамдаги юк.

Кўнглимдан ол соғинчларингни,

Мени тинч қўй энди, болалик.

                                                                     1974

ЮРАГИМ            

Мен сендан нимани сўрардим,

Шундай ҳам маълумку жавоблар.

Сенга ёқмаса-да мен сени

Тавофлар қиламан, тавофлар.

Сени йўқотмадим, сен борсан,

Сен мени интизор қилмайсан.

Нақадар беғубор, тозасан,

Сен буни ҳеч қачон билмайсан.

Барибир ўзимни тиёлмай,

Мен сендан бир сирни сўрадим:

– Нега муҳаббатдан яйрадинг,

Нафратдан ўлмадинг, юрагим?!

                              1976

АРМОН

1

Армон нима ўзи,

                       кўздаги ёшми,

Бехос бошга тегиб,

                       оғритган тошми?

Аламми бағрингни

                        тимдалаб юлган,

Рақибми бемаврид

                        устингдан кулган.

Манзилми интилиб

                           етолмаганинг,

Чўққими уннаб забт

                           этолмаганинг.

Балки юрагингни

                          тиғлаган ёлғон,

Қўлдан бой берилган

                          охирги имкон?

2

Умрининг бир йили

                       орқада қолди,

Болакай юришни

                      ўрганиб олди.

Билмадим, не келди

                      шу пайт ўйига,

Аста етиб борди

                      ариқ бўйига.

Новданинг учига

                      қўлини чўзиб,

Алвонранг бир гулни

                      олди у узиб.

Қиқир-қиқир кулди,

                       юзига босди,

Зум ўтмай негадир

                       қовоғин осди.

Яна қўймоқ бўлди

                       ўрнига, аммо,

Уддалай олмади

                       бу ишни асло.

Тиканлар тирнади –

                       бармоқлари қон,

Ҳатто гулнинг ҳарир

                       япроқлари қон.

Кейин ерга секин

                      ўтириб олди,

Оёғига қараб,

                     хаёлга толди…

Йиғлаб юборди у

                     бирдан ичикиб,

Айбин ювмоқчидай

                     гўё ёш тўкиб.

3

Армон нима ўзи,

                           кўздаги ёшми,

Ғамларнинг қаърига

              чўккан бардошми…

                                   1977

ДУНЁ ВА МЕН

          Дунёни англаш учун дунёга келишнинг ўзи камлик қилади.

Дунё кибор, мен бир тўпори,

Турличадир қарашларимиз.

Менга ёқмас унинг касб-кори,

Шундан уруш-ярашларимиз,

– Эсингни йиғ,- дейди бош чайқаб,-

Сен шоирсан, оддий одаммас.

Фойда билан зиённи фарқлаб,

Сал жиддийроқ қадам боссанг бас.

– Қартайибсан ва лекин,- дейман,-

Ўхшамайсан донишмандга ҳеч.

– Нодон, сенинг ғамингни ейман,

Бош оғриғи ғурурингдан кеч.

Тугамайди баҳс-мунозара,

Ўлибмизми бир гапдан қолиб.

Ўзича ҳақ дунё бечора,

Муҳими, мен ўзимча ғолиб.

Юрагимни чулғар мубҳам ҳис,

Бир балони бошлашим аниқ…

Дунё ғамгин, дунё кўп маюс,

Бўғзин тирнар ёниқ хўрсиниқ.

– Ўжар эди бобонг жуда ҳам,

Қолишмасди отанг ҳам ундан.

Инсон ўзи аслида бир кам,

Феълингдаги шаккоклик шундан.

Надоматга не ҳожат, ахир –

Ибтидо бор – бордир интиҳо…

Сўлиш олар ўй суриб оғир,

Менсизликдан зериккан дунё.

Кўп куттирмай, эрта ё индин,

Биламанки, қаддини кериб.

Бир нотаниш, ўктам ўспирин,

Ғавғо бошлар ёнига келиб.

Дунё зимдан кўз ташлаб, ана –

Мийиғида кулиб қўяди.

Доимгидек курашда яна,

Енгилганин билиб қўяди.

Сўнг титрайди асабий, мулзам,

Ғазабланган, мушти тугилган.

– Ўжар эди бобонг жуда ҳам,

Қолишмасди отанг ҳам ундан.

Дунё кибор, мен бир тўпори…

ЁЗҒИТ

Адоқсиз азоблар тортдинг-а, гулим,

Умидларинг тўзиб, сарғайиб, сўлиб.

Бу қандай разолат, бу қандай зулм,

Минг бора тирилдинг, минг бора ўлиб.

Ўчирмоқчи бўлиб ғамнинг изини,

Йиғлоқи томчилар юзинг чаяди.

Тилингга олмагин севги сўзини,

Зиғирдек бир бахтни биздан аяди.

Адоқсиз азоблар тортдинг-а, гулим…

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan