• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Ижара ҳужрангда ғамга беланиб, шеър ёзиш мумкиндир севги ҳақида…» – Нажмиддин ЭРМАТОВ

«Ижара ҳужрангда ғамга беланиб, шеър ёзиш мумкиндир севги ҳақида…» – Нажмиддин ЭРМАТОВ

* * *

Кўк бўри кезган сарҳад итларга талош энди,
Кўтарилган бош эмас, биргина қуёш энди,
Учқун сочган кўзларнинг топингани ёш энди,
Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир.

Сарбадорлар қонини селлар ювиб кетгандай,
Миллат учун жон берар алпни девлар ютгандай,
Ултонтозлар кун санаб, э воҳ, шуни кутгандай,
Элнинг куни номардга қолганга ўхшаётир.

Юз эллик йил отангни отганни оға санаб,
Дили бузуқ келганнинг қадамига гул қадаб,
Ё, ҳақ, дея ёнганнинг мозорига тош қалаб,
Саройингга қарғалар қўнганга ўхшаётир.

Элдан чиқиб элидан ирганганлар кўрингай,
Ўз тарихин ўзгадан ўрганганлар кўрингай,
Ғужури-ю забони ўзгарганлар кўрингай,
Ўз фарзандинг ўзингни сотганга ўхшаётир.

Кечанг заволга дўнди, ҳайкалдай қотиб бўлди,
Сенинг бор насибангни бекларинг тотиб бўлди,
Бугундан-ку айрилдинг, эртангни сотиб бўлди,
Йўл кўрсатар маёғинг ўчганга ўхшаётир.

Бургут учган зовларда қузғун базм этмоқда,
Илдизингни кавшабон тўнғиз ҳазм этмоқда,
Эртангни белгилашга ётлар жазм этмоқда,
Қошиқ бутун, қиличинг синганга ўхшаётир.

Кечаги ёвқир нигоҳ бугун ерга қадалган,
Ватан кутган жасорат нон топишга аталган,
Бўйин эгик, қўл қадоқ, тиззаларинг қаварган,
Умид кўзёш шўридан сўлганга ўхшаётир.

Уйғотай деб келган ул баҳорлар бекор кетар,
Ҳар тонгда қуёш туртиб, ҳар шомда безор кетар,
Бўғзин йиртиб шоирлар минг ҳайқириб, хор кетар,
Аллоҳ, бу халқ шу ҳолга кўнганга ўхшаётир.
Туркий элнинг шиддати сўнганга ўхшаётир.

* * *

Қон ва Сиёҳ

Қон:
—пақ этди, отилди ўқ.
ҳақ, деган ул ўғлоннинг
тешилган кўкрагидан
бўй чўздим гул мисоли.

Сиёҳ:
—пақ этди, отилди ўқ.
зирхланган қўналғада
қондан қўрққан қўлни ва
кўрдим қоғоз висолин.

Қон:
—авлодим, эгилмагин,
бошингни тик тут, дея
жондан кечган ўғлоннинг
исён тўла кўксидан
Ватан дея тўкилдим.

Сиёҳ:
—келажакка кетди нома:
“Бош эгмади исёнчи,
Хоин эди, отилди”.
Йиллар ўтиб авлодинг
Бошин эгиб ўқийди.

Қон:
—Ватан дея тўкилдим.

Сиёҳ:
—хоин дея ўқилгай.

* * *

Ислом Қўчқoровга

Бизга берилган замон,
Сузмакка саёз келди.
Эрк деб уруғ қададик,
Тинмасдан аёз келди.
Тил қантариқ келди ва
Тори узук соз келди.
Умримиз шундай ўтса,
Яшаш бекордир, жўра.

Шоир йиғлаб шеър айтса,
Кулиб бораётирмиз.
Бирор мард наъра тортса,
Қувиб солаётирмиз.
Не зотлар ўтди тур деб,
Тизза букиб ётирмиз.
Бундай қавм қулликка,
Мудом дучордир, жўра.

Босолмасдан ўмганин,
Кўкка чиқди ҳар султон.
Пастга тушгин де унга,
Кетса кетсин битта жон.
Машраб осилган дорнинг,
Оғочи бутун ҳамон.
Эгилмаган ҳар бошга,
Дорлар хумордир, жўра.

Бир ватан кўрдим бунда,
Кўзи тўла жиққа ёш.
Бир туйғу туйдим унда,
Йўқлигимни қилди фош.
Илдизи узук келса,
Дорга ҳам арзимас бош.
Бугунимиз ёр эмас,
Қурган ағёрдир, жўра.

Бўзтўрғай бўзлаб учган,
Даштимда дайдиб келдим,
Этак силтаб кетгандим,
Элни деб қайтиб келдим,
Куюк келди кўкайим,
Кўзёшдай қалқиб келдим.
Шоир бўлсанг қисматинг,
Наҳот равондир, жўра.

Чилвир чўлнинг йўлида,
Ғиротдан из қолгандир,
Бахши ўшал йўл томон,
Кўзин тикиб толгандир.
Ё пирим, дегин, қўзғал,
Кураш бизга қолгандир…
Ё эл учун алп туққан,
Фақат мозорми, жўра.

* * *

Ўттиз қуш қонимни бўзадай ичди,
Оҳулар кўзига сиғмади умрим.
Менинг осмонимда учмаган ҳурни,
Бир тунда алафлар пойида кўрдим.
Бўзла энди, бўзтўрғай.

Кафтимнинг чизиғин талади йўллар,
Пиллақурт касбидан бермади улгу.
Қопқонда чорасиз ётган қашқирдай,
Бўғзимни йиртгудай увилладим «у-у-у-ув’’,
Бўзла энди, бўзтўрғай.

Кечалар ожизман, кечалар – хунбор,
Куздузлар кифтимга қўнмаган бахтқуш.
Ҳар оқшом бўғзимда уяласа мунг,
Ҳар сахар кўзимдан сачраб кетар туш.
Бўзла энди, бўзтўрғай.

Булбул сайроғида висолга умид
Куйган кўкайимга ботмоқда тиғдай.
Эртамни кўролмай қурига ўша
Кўзим косасида узатаман май.
Бўзла ўзинг, бўзтўрғай.

Олдинда нима бор – илон ютган йўл,
Имкон йўқ, қайтиб ҳам бўлмайди изга.
Андуҳга чайилган узу-у-ун умрда
Ўлув битталиги кам бўлди бизга.
Бўзла энди, бўзтўрғай.

Ҳар лаҳза – косадай азобга тўла,
Тушун, қисмат бўлди симирмоқ жабри.
Бутун ҳаётини шундай куйдириб,
Бўзлаб ўтар одам айтяпти.
Бўзлагин-ай, бўзтўрғай.

* * *

Масалан, ёмғирли кечада унсиз,
оқсуяк ойқизни ўйлашинг мумкин,
жиққа ҳўл қанотин силкитолмасдан,
кўлмакка қулаган аридай тушкун.

Масалан, ёмғирдан беркиниб ҳамма,
ёмғирпўш тутганча, уйига чопса,
сен эса эгасиз итдайин озод,
мумкиндир адирда ағанаб ётсанг.

Масалан, зангори экранни узиб,
(бу экран алдамчи тўралар мулки)
томидан сув томар онангни эслаб,
тонггача бемалол йиғлашинг мумкин.

Масалан, шу маҳал кўчага чиқиб,
уйига беркинган барча бийларни,
четдаги мардикор уканг учун ҳам,
бақириб сўкишинг мумкин уларни.

Ёинки, қўққисдан жасорат битиб,
(сен кимсан? бу йўлда ўлганлар камми?)
ҳеч йўқса, хаёлан асрашинг мумкин,
ҳалиям чопони йиртиқ ватанни.

Ва ёки, барига қўл силтаб бирдан,
шоирга шул дея азал ақида,
ижара ҳужрангда ғамга беланиб,
шеър ёзиш мумкиндир севги ҳақида.

Масалан, ёмғирли кечада унсиз,
ёмғирдай ёғилиб кетиш ҳам мумкин…

* * *

дерлар:
баҳорни соғинган уруғ,
кута-кута гуллаб кетади,
ўзи айланади баҳорга.

дерлар:
ёмғирни соғинган дарё,
кута-кута парланиб кетар,
ўзи эврилади ёмғирга.

билмам:
сени соғинётган мен,
кута-кута яшасам,
не бўлади охири?..

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.