• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«МEҲРИБОН ДАРАХТ» – Шел CИЛВЕРСТЕИН

«МEҲРИБОН ДАРАХТ» – Шел CИЛВЕРСТЕИН

Меҳрибон дарахт – Америкалик болалар шоири ва  ёзувчиси Шел Cилверстеин қаламига мансуб бўлиб, китобдаги расмлар ҳам ижодкорнинг ўзи томонидан чизилган. Асар  биринчи марта 1964 йилда Харпер & Роw нашриёти томонидан томонидан нашр этилган. Аммо  Силверстеиннинг бу китобини бошда кўплаб нашриётлар чоп этишдан бош тортишади. Масалан, Симон ва Шастер нашриёти директори бу китоб болалар учун жуда қайғули ва ёшига номуносиб, катталар учун эса жуда соддалигини таъкидлаб қўлёзмани қайтаради. Шел китобни чоп эттиришдан умидини узиб турган бир дамда 140 дан ортиқ китоблар муаллифи Томи Унгерер Шелга Ҳарпер & Роw нашриёт директори Урсула Нордсторм билан учрашиб кўришни тавсия этади.  Урсула Нордсторм ҳам бу китоб Шелнинг аввалги китобларига ўхшамаслигини таъкидлаб, ички ҳадик билан кам сонда босишга қарор қилади. Аммо «Меҳрибон дарахт» Силверстеин номини дунёга ёйган китоблардан бирига айланди ва бир қатор тилларга таржима қилинди. Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган асар  2001- йил беш миллион нусхада сотилган ва болалар  учун энг яхши бестселлер асарлар рўйхатидан 1 -ўринни эгаллаган. 2011 йилга келиб эса бу кўрсатгич саккиз ярим миллион ададга етган. 1999 -йилдан буён китоб дунё болалари ўқиши лозим бўлган энг яхши 100 китобдан бири бўлиб  келмоқда.  Китобнинг  кўп сонда сотилгани ва тилининг тушунарлилиги унинг ҳамма англай оладиган даражада  соддалигидан далолат бермайди. Асарга Америка ва Европа адабиётшунослари бежиз қолипларни синдирган китоб  дея баҳо беришмаган. Асар  дарахт ва боланинг бир-бирларини яхши кўриши, муҳими, бахтли эканликлари тасвири билан бошланади.  Ҳар қандай асарда конфликт бўлганидек, «Аммо тутқич бермас вақт учқур шамолдай ўтиб борарди» жумласи конфликт вазифасини бажаради. Чунки шу қисмдан бошлаб, бола ҳам, бола ўзини бахтсиз ҳисоблаётгани учун дарахт ҳам ўзини толесиз ҳис қиларди. Болага дарахт билан беркинмачоқ ўйнаш, арғимчоқ учиш энди аввалгидек қувонч бера олмасди. Ахир, у улғайганди. Энди у ўзини бахтли ҳис қилиши учун кўпроқ пул, оила қуриши ва оиласи билан яшаши учун уй, саёҳат қилиши учун кема лозим эди. Дарахт бола бахтли бўлиши учун ўзида бор барча нарсани унга беради: олмаларини, шохларини… охир-оқибат эса ўзи ҳеч вақога ярамайдиган тўнкага айланади. Лекин бола яна қайтиб келади. У ўзини ҳар доимгиданда бахтсизроқ ҳис қиларди чунки у анча қариб қолган, ҳатто гапиришга ҳам мадори йўқ эди. Дарахт эса илк бора боланинг ташрифидан қувонолмасди, чунки бола ҳозир ундан нимадир сўрашини билар, у эса ўзида ҳеч вақо қолмагани учун болани хафа қилиб қўйишдан қўрқарди. Лекин бола шунчаки тинч жойда ўтиришни исташини айтганда тўнка қувониб кетади. Чунки у бу истакни бажара олардида. Улар яна худди болаликдагидек бирга эдилар. Воқеа шундай якунланади. Асарни турлича талқин қилиш мумкин. Кимдир ундан асл бахт болаликда бўлади, умримизнинг қолган қисмини эса биз пул, мол-давлат, дунё матоҳларини топишга сарфлаймиз ва болаликдаги энг муҳим нарса «дарахтимиз»га меҳрни, муҳаббатни, эътиборни эсдан чиқарамиз. Излаётганларимизни топганимизда ва  уларнинг инсонга бахт беролмаслигини, ҳаёт мазмуни улар эмаслигини англанимизда эса кеч бўлган бўлади. Чунки биз ўз хатти ҳаракатларимиз билан аллақчон бизни ўзиданда кўпроқ ўйлайдиган «дарахтимиз» –асл бахтимизни хароб қилган бўламиз, дея фикр юритади. Кимдир дарахтни ота-онага, болани фарзандга менгзайди. Кимдир эса дарахтни она табиат, болани башариятга ўхшатади ва агар инсон табиат бераётган беминнат неъматларга бундай муносабатда бўлишда давом этар экан, ҳеч қачон бахтли бўлолмайди, дея хулоса чиқаради. Яна кимдир Дарахт бу Оллоҳ, бола бўлмиш биз ношукр бандалар ҳамиша о ъзимизни бахтсиз ҳис қилганимиздагина уни эслаб қоламиз, ундан яна ва яна нималарнидир сўрайверамиз. Сўраганларимизга эришганимизда ҳам ўзимизни бахтли ҳис қилолмаймиз, чунки асл бахт биз сўраётган неъматларда эмас, Дарахтнинг ўзида. Буни англаганимизда эса жуда кеч бўлган бўлади, дея хулоса чиқаради. Ўқилиши учун ўн дақиқа  ҳам сарфланмайдиган бу митти асар кундалик тиғиз ва шошиб ўтиб бораётган ҳаётимизда тобора унутилиб бораётган қадриятларни ёдга солади. Ҳаёт, умр, унинг мазмуни, меҳр, муҳаббат, бахт, одамлар орасидаги муносабатлар, кимгадир ниманиндир бера олиш, худбинлик ҳақида ўйлашга, мушоҳадага чорлайди. Балки қадрли китобхон, сиз асарни ўқиб, ўзингиз учун мутлақо бошқача хулоса чиқарарсиз. Ёқимли мутолаа тилаб

Таржимондан

Қадим-қадим замонда бир дарахт бўлган экан.

У бир  болакайни жудаям яхши кўрарди. Миттивой ҳар куни дарахтнинг олдига келар ва ерга тўкилган япроқларни авайлабгина қўлига оларди.

Болакай улардан япроқчамбар – тож ясаб бошига кийиб олар, хаёлан «Ўрмон қироли»га айланарди.

Баъзида у худди жажжи маймунчадай дарахтга тирмашиб чиқар,

ва унинг шохларида маза қилиб арғимчоқ учарди.

Дарахнинг қип-қизил олмаларидан тўйиб-тўйиб ерди.

Улар биргаликда ҳатто беркинмачоқ ҳам ўйнар эдилар.

Болакай чарчаган маҳалда, дарахтнинг соясида ширингина бўлиб ухлаб  қоларди.

Болакай ҳам дарахтини яхши кўрарди…

Дарахт ўзини жудаям бахтли ҳис қиларди.

Аммо тутқич бермас вақт учқур шамолдай ўтиб борарди.

Болакай улғайди.

Дарахт кўпинча ёлғиз қолар ва болакай келишини интизорлик билан кутарди.

Бир куни болакай келди. Бизнинг дарахтвой қувониб кетди: Кел болакай, менга тирмашиб чиқ, шохларимни арғимчоқ қилиб уч, олмаларимдан ея қол, соямда ўйна ва хурсанд бўл.

– Нима сен мени ўйинқароқ бола деб ўйлаяпсанми, мен дарахтга тирмашиб юриш ёшидан ўтдим. Мен пулим кў-ў-ўп бўлишини ва ҳар хил янги нарсалар сотиб олишни истайман, – жавоб берди ўсмир. «Болакай, мени кечир, менинг пулим йўқ,  лекин олмаларим бор.  Уларни териб ол ва сот. Қарабсанки, сенда кўп пул бўлади ва бахтли яшайсан.»

Бола дарахтдаги олмаларнинг барини териб олди ва бозор томон отланди. Узоқлашиб кетаётган болани кузатиб қоларкан дарахт ўзини бахтли ҳис қиларди.

Шу билан бола узоқ муддат кўринмай кетди. Дарахт уни соғинар ҳар куни унинг келишини кути-и-и-б  ўтирарди. Бир куни у келди. Дарахтнинг япроқлари қувончдан титраб кетди: Кел, болакай, кел менга тирмашиб чиқ, шохларимда арғимчоқ уч ва бахтларга кўмиль…  Биласанми, унинг гапини бўлди бола, менинг  дарахтга тирмашиб чиқишга, арғимчоқ учишга сира вақтим йўқ. Менга иссиққина уй керак.  Мен уйланишни, фарзндларим бўлишини истайман. Сен менга уй бера оласанми?  Дарахт ўйланиб қолди: Менда уй йўқку, ўрмон- менинг уйим. Лекин сен менинг шохларимни кесиб  олишинг мумкин. Кейин улардан уй қурасан ва бахтли яшайсан.

Шундай қилиб бола дарахтнинг шохларини кесиб, олиб кетди.

Болакай яна узоқ вақт йўқ бўлиб кетди.  У яна ўрмонга келганда дарахт шу қадар қувондики, аммо у базўр гапирарди.  «Кел болакай, шивирлади у, – атрофимда ўйна.» Боланинг бахтсиз экани нигоҳларидан билиниб турарди, оғир уҳ тортди болакай: У-ҳ-ҳҳ мен ўйин ўйнашга жудаям қариман, бахцизман.  Мен узо-о-оқларга кетишни истайман, жудаям узоққа.  Сен менга кема бера оласанми? «Менинг танам жуда йўғон, уни аррала, ва кема яса, – жавоб берди дарахт- Кейин сен олисларга сузиб кетасан ва бахтли яшайсан.»

Бола дарахтни кесиб, кема ясади ва кетди.

Боланинг нинг  ортидан термулиб қолган дарахт хурсанд эди, аммо чин кўнгилдан эмас…

Узоқ вақтдан сўнг бола яна келди. «Мени кеч-и-ир,- шивирлади дарахт-Менда сенга бера оладиган ҳеч нима қолмади, мевамдан ол десам,  энди олмаларим йўқ.»

-Менинг тишларим олма ейишга ярамай қолган.

-Арғимчоқ уч десам, шохларим ҳам йўқ.

– Мен арғимчоқ учишга жудаа қарилик қиламан. Қувватим йўқ.

– Болакай, мени кечир, хўрсинди, дарахт, мен сенга нимадир беришни, сени бахтли кўришни жудаям хоҳлайман, лекин ҳеч вақойим қолмади. Мен ҳеч нарсага ярамайдиган, эски бир тўнкаман, холос.
Менга кўп нарса керакмас, жавоб берди болакай,  мен шунчаки тинч жойда ўтириб ором олишни истайман. Мен жуда чарчадим.  Яхши, деди дарахт ўзини кучлироқ тутишга уриниб, эски тўнка ўтириб ором олмоқ учун жуда яхши восита, кел болакай ўтирақол ва ҳордиқ чиқар. Ва болакай индамайгина чўккалади.

Инглиз тилидан Дилнавоз Нажимова таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan