• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«Собиқ денгизчи» – Ўлжабой ҚАРШИБОЙ

«Собиқ денгизчи» – Ўлжабой ҚАРШИБОЙ

ҳикоя

Бу йил Мўйноққа ёз ҳаддан ташқари иссиқ келди. Мол-ҳолни қўяверинг, одам зоти ҳам иссиқдан ҳансираб, соя-соябон излаб қолди. Ўт-ўлан қовжиради. Ҳаммасидан ёмони – Довулбой чолнинг боғи қуриб қолди. Эссиз, бу боғ, боғ бўлгунга қадар чол бечора қанча заҳмат чекмаган эди-я?!
Довулбой чол кампири пишириб келган маставани зарда билан, ичмади. Устига-устак, узун қилиб сўкинди. “Аҳмоқ чол, – деди кампири тўнғиллаб, уйда келин ҳам бор,демайди. Одамлар иссиқдан бир ҳолда-ю, бу бўлса, “ўрик-ўрик”, деб ғингшийди.
Довулбой чолни Мўйноқда бундайроқ тушунадиган одам ҳам қолмади ҳисоб. Мақсадбой жўраси шаҳардан уйланиб, ёш аёлининг қучоғида ётибди. Би-ир овулни айланиб келай ҳам демайди. Тўлибек бобойнинг қулоғи гаранг, яхши эшитмайди. Уйига борсанг, зерикасан, анави теракдай ўғли эса телефондан бўшамайди. Оғир хўрсинди. Қандай йигит эди бир пайтлар Довулбой, тоғни урса, талқон қиларди. Денгиз бўйлаб қайиқда сузса, ҳеч ким унга етолмасди. Бугун кучдан қолди, қариди. Битта-ю битта ўғли ҳам магазинидан чиқмайди. Ҳатто отаси барпо қилган боғга мундай бир сув-пув ташиб қуйишни ҳам билмайди.
Чол ўтириб-ўтириб, кўча кезгиси келди. Чиқаётиб дарвозани бир тепди. Қаршисидан чиққан ҳезалакдай боланинг қилиғи унинг асабига тегиб кетди. Қулоғига сим тиқилган, салом беришни билмайди. Тор шим кийиб олган. “Шуларга кунинг қолмасин, ўйлади Довулбой”. У йўлини овулдаги музейга бурди. Аттанг! Музейчи ҳам бугун шаҳарга кетибди. Унинг ўғли музей ҳовлисида эски велосипедни титкилаб ётибди.
Эндиги йўл Довулбой чолнинг ўзи барпо этган боғи томонга. Афсус, у ерга бориш Довулбой учун азобдан-азоб. Боғ Мўйноқ шаҳарчасидан унча ҳам узоқ эмас. Уч-тўрт йил олдин Мўйноқда сув бор эди. Ўша пайтдаги ҳоким Мўйноқда ҳам пахта экамиз, деб юқорини кўндирди-ю, пахта баҳона сув келтириб қолди. Бир пайтлар денгиз кўрган Мўйноқликлар энди кўнгли таскин топа бошлаган бир пайтда Суенли каналининг ўзанини бошқа жойга буриб юборишди. Мана, уч йилдирки, Довулбойнинг боғи секин-секин қовжираб кўз ўнгида қуриб қолди. Чол қовжираган дарахтлар соясида бир зум хаёлга чўмди. Ҳаёт шу экан, ўзи ҳам энди қуриб, қовжираб қолаяпти. Анча вақт ўзини овутган бобой чекка дарахтдан икки дона чала пишган ўрик олди. Эссиз, ҳатто шу дарахтда ҳам ҳаёт умиди бор. Тугибди, бироз сарғайибди ҳам. Ичидаги данаги ҳам қотган.
Чолнинг кейинги йўли кемалар қабристони томонга бурилди. Собиқ денгиз чекиниб кетган чуқурликка тушиш учун катта супа ўрнатилган. Бу ердан Мўйноқ кўриниб туради. Денгиздан қолган қум барханлари ястаниб ётибди. Наҳотки, бир пайтлар шовуллаб турган денгиз энди йўқ. Қани олдинги денгиз бўйидаги одамлар, чайқалиб турган тўлқинлар-чи? Қаторасига чўкиб ётган кемалар ҳам йиғлаётгандай гўё. Манави қирғоқ бўйида Довулбой жўралари билан тез сузарга гаров ўйнарди. Унча-мунчаси Довулбойга бас келолмасди. Бугун-чи? Унинг хўрлиги келиб бўшашиб қолди. Ярми қумга чўккан кеманинг соясига аранг ўтирди.
1.jpeg
Бу пайт қуриган денгиз сарҳадлари узра чўкиб қолган кема, унинг соясида Довулбой чолгина бор эди дунёда гўё. Хотиралар бир зум тўхтамайди. Бобосини эслади. Унинг бобосини Тинибой балиқчи дердилар, Алпомиш келбатли, гапдонгина бу чол давраларнинг гули эди-да! Тинибой балиқ тўрини тортса, тўрт беш одамнинг кучи билан тортарди. Довулбой бобосининг исмини ўчмаслиги учун исмини неварасига қўйган. Мана шу ёлғизгина невара уни тушунади. Довулбой ўғилли бўлса-да, унга меҳри ҳеч товланмайди. Кимларга тортди, ўзиям билмайди.

Хотиралар тинч қўймайди. Бундан ўттиз йиллар муқаддам денгиз шовуллаб турарди. Денгиз бўйида одам кўплигидан оёқ қўйишга жой қолмасди-я. Кемалар қатнови тўхтамасди. Довулбойнинг ўзи невараси қатори бола эди. Шунда Россиянинг қайси бир шаҳридан денгиз қидирувчилари келишди. Довулбойнинг бобоси рус тилида бийрон гапирди. Уларга Мўйноқни томоша қилдирди. Оқ туя миндириб, уч кун меҳмон қилди. Сўнг кузатиш маросими бўлди. Оқсочли денгиз қидирувчи аёлни бобоси, денгиз бўйида ўпиб олди. Қидирувчи бунга хафа бўлмади. Аксинча, кулиб: “Досвидания, Каракалпакия”, деб қўл силкиди. Бир неча кунлардан сўнг Мўйноққа узоқлардан хат келди. Унда Россиялик денгизшунос мўйноқликларга салом йўллаган ва кичкина Довулбой билан бобосининг расмини жўнатган эди. Эҳ-ҳе, шунга ҳам қанча йил бўлибди. Бугун ўша денгизчи момо ҳам, бобоси ҳам йўқ. Кечаги болакай Довулбой ҳам қариб ўтирибди-ю. Уларнинг ҳаммасини денгиз олиб кетдими? Довулбой бўшашиб, кемага суяниб ўтириб қолди. Чолни бир муддат уйқу элитди. Туш кўрди.
… Шовуллаб турган чексиз денгиз эмиш. Қирғоқда одам ғужғон. Довулбой балиқчи жўралари билан тўрини тахлаётган эмиш. Қирғоқда жалин балиқ пайдо бўлибди. У сувдан чиқиб, оғзини катта очиб, гўёки денгизчиларни масхара қила бошлабди. Шунда Довулбойнинг жўралари уни жиғига тега бошлабди: “Шу балиқни ушлай олмайсан!”
Довулбой норғул йигит эмасми, тўрини ташлаб, сувга қараб чопибди. Шуни кутиб турган балиқ бир зумда сувга кириб, сузиб кетибди. Довулбой қайиқда уни қува бошлабди. Денгиз ўртасига қочиб борган балиқ бир зумда чиройли қизга айланибди. Қиз шу қадар чиройли эмишки, Довулбой унга қараб, сеҳрланиб қолибди. Бир зумда онасининг қирғоқдан овозини эшитибди: “Довулбой болам ортингга қайт. У чиройли қиз эмас – йиртқич балиқ. У сени еб қўяди. Мен сенга қовурдоқ пишириб қўйдим. Бобонг сен яхши кўрган ўрикни Хўжайлидан олиб келди. Болам ортингга қайт, болажоним!”
Онасининг зорланишига чидай олмаган Довулбой қайиқни қирғоққа қараб бурибди. Келиб қараса, қирғоқда онаси йўқ, денгизда аламзада балиқ жаҳл билан кўкка сакраётган эмиш…
Чол уйқусидан уйғониб кетди. Бу пайт чолнинг кампири уни излаб боғига, ўғли излаб, яна бир жойга, келини излаб яна бир жойда сарсон эдилар. Фақат невара Тинибойгина уни кемалар қабристонидан топди. Чол неварасини бағрига босиб, узоқ йиғлади. У ҳали ўлгиси келмаяпти. Тинибой невараси бир йигит бўлсин, унинг тўйларини кўрсин. Довулбойнинг боғи ўрнида боғ яратсин.
…Довулбой чол неварасининг қўлидан ушлаб, овул томон жўнади. Қувонганиданми, хўрсинганиданми яна унсиз йиғлади. Шу пайт узоқ-узоқларда қариган чолдай бўлиб қолган Орол денгизи ҳам Довулбойни соғиниб ўкириб йиғлаётган эди. Буни фақат Довулбой сезмади.

Ўлжабой Қаршибой,

Мўйноқ-Тошкент-Мўйноқ,

2008 йил.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi.