• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«СИТОРАЛАР ТОРТАР БАЛКИ ХАЁЛИНГ…» – Жон ФАРНДОН

«СИТОРАЛАР ТОРТАР БАЛКИ ХАЁЛИНГ…» – Жон ФАРНДОН

ЮРАКНИНГ ЗАЛВОРЛИ СИНЧЛАРИ ИЧРА

Юракнинг залворли синчлари ичра,

Яширгайман сени Ялдо тунидан.

Гарчи туюлсак-да иккимиз айро

Олис кўринсак-да дунёйи дундан.

Аччиқ кўз ёшига менгзаб ёмғирни

Нолишин тингларсан кассиз шамолнинг.

Титроғинг аксланган олис ва ожиз

Ситоралар тортар балки хаёлинг.

Бир зум қабоғинг юм, суйгулим, ҳис эт

Ки бизнинг фараҳнок аршимизда то

Милтираб ёнаркан севги олови

Хавотир чулғамас иккимиз асло.

БАРЧА АЙТАДИКИ…

Сенга етолмасман…

Тутолмасман ҳам…

Ҳатто таний олмам бошласак ғавғо.

Сени кўролмасман…

Англолмасман ҳам…

Карам айлармикан меҳрибон Худо.

Барча айтар ундан чиқмас деб вафо,

Унут десалар-да унутмам асло.

Бироқ сен-ла қолсам…

Бағрингда бир зум…

Майин нафасларинг тингларман ҳар тун.

Сўнг юрак депсинар…

Унар табассум…

Яна-да мукаммал кўринар очун.

Барча айтар ундан чиқмас деб вафо,

Унут десалар-да унутмам асло.

Бироқ сен-ла бўлсам…

Етсам муродга…

Гўзалдан-да гўзал кўринар очун.

ҚИШ УЙҚУСИ

Оғочлар остига

Чўкади зулмат.

Чор атрофни босмиш қалин қор.

Бироқ биз иккимиз бошпана ичра

Бир-бировга алла айтамиз, дилдор.

Қайдадир яқинда

Тентир бўрилар

Ўлжага етай деб тўпларлар кучин.

Бироқ биз иккимиз бошпана ичра

Ухлармиз беғалва ором олмоқ-чун.

Зулумот ичинда

Қарсиллаб кетади қария бир шох.

Қадди букилгандир қорнинг дастидан.

Ичкарида эса шовқин йўқ фақат

Олов гурлагани гурлаган…

Бу кеч ҳам оч қолар бўрилар, жоним,

Ўз сўқмоқларини топмай тентирар.

Биз эса ухлармиз беғам, беғусса

Эрта тонг нурларин сочгунга қадар.

СОНЕТ

(Владага)

Сени кўп ўйлайман, Влада, жоним –

Сира тин билмайди кўнгил – жонсарак.

Ахир Ер тескари айланмас. Бешак –

Ой ҳам тарк этмагай юксак осмонин.

Сени кўп ўйлайман, кўз очганим он

Пинжимга суқилиб кираркан наҳор.

Баъзан фурсат тиғиз, юмушлар бисёр

Шунда ҳам хаёлим сендадир, инон.

Мизғимоқлик пайти етса ниҳоят

Қабоғим юмилар – кўрарман сени.

Хобимни-да асир этгансан менинг

Ўйларим сенинг-ла йўлдош тоабад.

Бироқ бир савол бор, ўйлайман шуни:

Сен ҳам эслайсанми бир бора мени?

Инглиз тилидан Шоҳрух УСМОНОВ таржимаси

2 thoughts on “«СИТОРАЛАР ТОРТАР БАЛКИ ХАЁЛИНГ…» – Жон ФАРНДОН

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan