• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Suhbat
«ИЖОДДА ЁРУҒЛИКНИ ТОПДИМ!»

«ИЖОДДА ЁРУҒЛИКНИ ТОПДИМ!»

Гулчеҳра Асронова 1968 йил Қирғизистоннинг Ўш вилоятида туғилган. Тошкент Аграр университетини тамомлаган. “Ота уйим оқшомлари”, “Осмонини топган қуш”, «Остонангда турибман, дунё» номли ҳикоялар тўпламлари нашрдан чиққан. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

– Сизни адабиётга етаклаган омил нима? Ёки бу соҳага кириб келишингизга ким сабабчи бўлган?

– Тўғриси, бу саволни ўзим ҳам тез-тез ўзимдан сўраб тураман, негаки, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўқиган оддий китобсеварнинг адабиётга шўнғиб кетишини табиий ҳол деб бўлмайди. Жавоб эса доим битта – қалб эҳтиёжи! Институтда ўқидим, ишладим, ҳеч кимдан кам бўлмадим гўё. Лекин юракнинг туб-тубида бир бўшлиқ бор эдики, у тобора улканлашиб, қаърига ғарқ этиб борарди. Аллақандай маънисиз бу ҳаёт меники эмасдай, қаердадир мавжуд бир ёруғликни қидиришим керакдай туюлаверарди. Ва мана шу туйғу тинч қўймай, бир куни ёза бошладим. Ўша “бир куни” ўттиз уч ёшимда содир бўлди… Ва бўшлиқ аста-секин тўла бошлади. Ниҳоят, Ёруғликни топдим! Гўё бутун олам ёришиб кетди. Мен ўзим бўлиб яшай бошладим.

Омилларга тўхталсам, китоб, китоб ва яна китоб! 

– Илк ижодингиз ҳақида нималарни эслайсиз?

– Болаликдан мутолаага ўч, ижодга ҳаваскор эдим. Иншо, мактуб ёзишни жуда яхши кўрардим. Жўқича шеърлар ҳам тўқиб кўрганман, лекин бу қизиқишимга ҳеч ким жиддий қарамаган. Биринчи ростмана ижодий ишим ҳам шеър бўлган. Болалар ёш, қўлимиз юпқа, боя айтганимдай “ўзимни тополмай” юрган пайтларим… Онажонимнинг туғилган кунига дурустроқ совға ололмадим. Шунда, худди мактаб ўқувчисидай, онамга атаб шеър ёзишга аҳд қилдим. Дард борлигидандир, бинойидай ёзибман – волидам йиғлаб-йиғлаб эшитдилар, ака-опаларим эса “шундай талантинг билан нега бирон-бир газетага бормайсан?” деб кўнглимга чўғ солиб қўйишди. Руҳланиб кетиб, шеърни конвертга солдим-да, “Фарғона тонги”га юбордим (таҳририят бир қадам жойда эканлигини анча кейин билганман). Бир ҳафтадан кейин газета дўконига бориб янги сонни сўрадим ва… иккинчи бетдаги исми-шарифимни кўриб юрагим қинидан чиққудай уриб кетди. Менинг шеърим газетада чиқса-я!

Шу ҳодиса ўзимни кашф этишимга сабаб бўлди ва ижодга жиддий киришдим. Албатта, бунга илк машқларимни кўриб имкониятларимга ишонтира олган устозлар ҳам сабабчи бўлдилар. Шеърият йўлидан бормай, насрда ёза бошлаганимга эса журналист устозим Маҳфуза Усмонова туртки берганлар. Тўйлар мавзусида мақола ёзиб келишни топширгандилар, ўзим билмаган ҳолда бадиа ёзиб келибман…

– Ўзбек ва жаҳон адабиётидан қайси адиблар руҳиятингизга яқинроқ? Яъни кимларни кўпроқ ўқийсиз?

 – Ўткир Ҳошимов, Асқад Мухтор, Шукур Холмирзаевлар ижоди кўнглимга ғоят яқин. Чингиз Айтматов, Антон Чехов, Жек Лондонни мириқиб ўқийман. Кўнглимдан жой олган яна анча муаллифлар бор, албатта. Лекин юқоридаги ёзувчиларнинг асарлари мен учун наинки маънавий ҳузур, балки илҳом манбаидир. Аъзам Ўктам, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Анна Ахматова шеърияти қалбимга яқин.   

-Ёзиш жараёни сизда қандай кечади?

-Ҳикояларим аввал кўнгилда пайдо бўлиб, бир муддат хаёлда яшайди, шаклланади. Охирги жараён – қоғозга тушириш энг қийини ва айни пайтда энг мароқлиси. Дарвоқе, аслида қоғоздан энг биринчилардан бўлиб воз кечганман, фақат компьютерда ишлайман. Ёзаётган пайтимни эса бошқа ҳеч бир ҳолат билан қиёслай олмайман. Шунчаки ўзим билан ёлғиз қолишим керак. Худо берса, юз кишининг ўртасида ҳам бунга эришиш мумкин. Бермаса, куну тун қамалиб олиб тўрт сатр битолмайсан… Ёзиш давомийлиги ҳам шунга кўра турлича: бир нафасда, бир неча кунда ёки йиллаб ёзилиши мумкин. Кўнгил тўлмай, қоралама ҳолича турган ижодий ишларим ҳам, афсуски, талайгина. Лекин бир кун уларни маромига етказиб якунлашимга ишонаман. Тўғрироғи, умид қиламан.

– Ҳикояларингизда сокинликни ҳис қиламан, кўнгилни авайлаб ёзасиз. Ҳатто оғир воқеалар тасвирини ҳам ўқувчига озор етказмасдан, шафқат билан ифодалайсиз. Нима учун шундай? Буни характерингиздан келиб чиқиб ёки аёл ёзувчи бўлганингиз туфайли деб қарашимиз ўринли бўлармикан?

-Менимча, табиатимга кўра “юмшоқ” ёзаман. Зеро, бизнинг асарларимиз ўзимиз орзу қилган оламнинг инъикосидир. Адабиёт одамни йиғлатиши, даҳшатга солиши, юрагини ларзага келтириши мумкин. Аммо ўқувчининг ҳаётдан жирканиши, умидсизликка дўнишига йўл қўйиб бўлмайди. Асарда албатта бир қатра бўлса ҳам ёруғлик бўлиши керак! Ҳаётий эҳтиёжим ҳам шундай, шафқат йўқ жойда нафасим қайтади. 

– Ижодкорларга энг кўп бериладиган саволни сизга ҳам йўлламоқчиман: сиз нима учун ёзасиз?

– Кўпчиликда шундай бўлади – аввалига кўнгил тўкиш учун ёзасан, кейинчалик бу эҳтиёжга ва эҳтимол касбга айланди. Лекин моҳият ҳеч қачон ўзгармайди – ўзингни кашф этиш.

Умуман олганда бу саволга суҳбатимиз бошида қисман жавоб бериб қўйгандайман. Шунга қарамай, охирги китобимга киритилган “Нима учун ёзаман?” сарлавҳали бадиҳамдан парча келтираман: “Ўзим ўз қалбимнинг бўлсам Колумби”, деб ёзади Омон Матжон. Мен ҳам минглаб, миллионлаб қалам ушлаган одамлар қаторида ўз қалбимни кашф этишга уринаётгандирман? Инсон қалби – бу энг катта сир! Бу сирни мисқоллаб билишга умрини сарфлаётган мендек бандаи ожиз, бугун қалбим эшигини яна-да каттароқ очдим. Назарингиз тушиб қолса, ўз қалбингиз ҳақида ўйланг”…

Ёзиш – менинг моҳиятим.

– “Ота уйим оқшомлари” китобингиз нашри ва унинг тақдири ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

 – Бу китоб мен учун Аллоҳнинг ҳақиқий мўъжизаси! Унинг дунёга келиши беихтиёр рўй берган. Яъни мени газетага мухбир вазифасига ишга олганлар ва ҳар сонга битта мақола ёки ҳикоя ёзишим керак эди. Бу мен учун мажбуриятдан кўра кўпроқ имконият эди, йиллаб тўпланиб қолган дилимдагиларни ёза бошладим. Гўё қалбим ўзанидаги бир тўғон олиб ташланди-ю, ичимдаги дарё жўшиб оқа бошлади. Марказий нашрларда ҳам бот-бот кўриниб, назарга тушдим. Аммо ёзила-ёзила йиғилиб қолган ҳикояларим бир кун китоб бўлиши ва айниқса унга атоқли ёзувчи Ўткир Ҳошимов сўзбоши ёзиши етти ухлаб тушимга кирмаган эди! Бунда “Адиб” нашриёти ва вилоят Ёзувчилар уюшмаси раҳбари Энахон Сиддиқованинг ҳиссаcи катта бўлган. Севимли ёзувчим мени ҳали бирон марта кўрмай, танимай, гаплашмай туриб ҳикояларимни ўқиб, қимматли фикрларини билдирганлар. Айниқса, устоз китобимни шифохонада, оғир дард билан олишиб ётган ҳолларида кўриб чиққанларини эшитиб қаттиқ таъсирланганман. Бундай олижаноб, улкан юракли инсонлар дунёга камдан-кам келади! Минг афсус, китоб нашрдан чиққанидан кейин бир мартагина суҳбатлашишга улгурдик, холос…

Саволдан анча оғишдим шекилли, лекин биринчи китобим мен учун аввало улуғ устозимга чуқур эҳтиромим тимсолидир. Ўткир Ҳошимов шахсини ёш ижодкорларга ибрат сифатида кўрсатгим келади. Мени беминнат  қўллаганлари учунгина эмас, ҳам инсон, ҳам ижодкор сифатидаги тоза ва буюк қалби, покиза фалсафаси туфайли улуғлайман! “Ёзувчининг шахси эмас, ёзгани муҳим” қабилидаги қарашларга эса асло қўшилмайман. Асарларида эзгуликни мадҳ этса-ю ўзи ҳаромдан ҳазар қилмаса, унинг ижоди мунофиқлик, алдов эмасми?

“Ота уйим оқшомлари” нашрдан чиққан пайтда севимли адибимиз тўшакка михланиб қолгандилар… Дўрмондан уч-тўртта ижодкор аёллар устоз Йўлдош Солижонов бошчилигида уларни йўқлаб хонадонларига бордик. Манзилга етгач қаршимизда баланд,  ҳашамдор уйни кўриб, “шундай катта ёзувчи яна қандай жойда яшаши мумкин?” деган ўй ўтди кўнгилдан ва данғиллама бино томон қадам ташладик. Лекин Йўлдошхўжа домла “бу ёққа” дея оддийгина тошкентча болахонали уйга бошладилар… Атеизм деган бало авжига чиққан бир даврда “Шарқ юлдузи” журналида Қуръони карим таржимасини чоп этишга журъат қилган жасоратли адибимнинг асл мўминлигига яна бир бор амин бўлганман ўшанда.

Китобнинг тақдирига келсак, беадад шукур, у ўз мухлисларини топди. “Ота уйим оқшомлари” туфайли турли вилоятлардан дўстлар орттирдим, айрим ҳикояларим чет тилларга таржима қилинди. Айниқса, Россия давлатидаги мигрант ўзбеклар ҳамда жазони ўташ муассасасида китобимни ўқиган юртдошларимдан келган акс-садолар жуда тўлқинлантирган…   

– Нима учун шон-шуҳрат кетидан қувмайсиз?

– Аслида шон-шуҳратга лойиқ иш қилдим деб ҳисобламайман, эътиборда бўлиш десакмикин… Бу ҳам кўнгил эҳтиёжи. Диққат марказида бўлиш мени қийнайди. Ўзимни ноқулай ҳис қиламан, ҳаётни кузатиш, ўзим бўлиб яшашимга нимадир ҳалақит беради. Лекин шуни ҳам айтишим керак: “марказдан қочиш” одати ижодкор учун кони фойда деб бўлмайди. Меъёри билан кўриниб туриш, “қобиқ”дан чиқишга ҳаракат қилган маъқул. Ижодкорнинг тан олиниши, асарларининг рўёбга чиқишида истеъдоднинг ўзи камлик қилади – оқимнинг ичида бўлиш ҳам аҳамиятли. Фақат ҳар икки ҳолатда ҳам чуқур кетиб бўлмайди.

– Янги китобингиз “Остонангда турибман, дунё” деб номланган. Унга жамланган ҳикояларингиз ҳақида нималарни айта оласиз? Чунки муаллиф айтмоқчи бўлган фикр билан ўқувчи тасаввурида хилма-хилликлар учрайди.

– Китобнинг номи, шу сарлавҳали бадиҳам қайсидир маънода юқоридаги жавобимнинг давоми бўлиши мумкин.

Ҳикояларга келсак, албатта, ҳар бирининг ўз тарихи бор. Уларда мен таниган, ҳаётимда қайсидир даражада ўз ўрнига эга одамлар ва умримнинг айрим лаҳзаларида милсиз ҳайрат бағишлаган воқеа-ҳодисалар, юрагимнинг қувонч ва оғриқлари мужассам… Фақат бадиий тўқимадан иборат ҳикоя йўқ ҳисоби, “Онам пиширган умоч”дан ташқари. Устозим Йўлдош Солижонов сўзбошида таъкидлаганларидек, яна бир бор “кичик воқеадан йирик хулосага” сафар қилдим. Айтмоқчи бўлганларим ҳар бир ҳикояда турличадир, лекин жамлаб айтсам: бу дунёда ҳар кимнинг ўз ўрни, йўли бор, муҳими – тоза қалб билан ҳақ йўлдан бориш!

– Қайси ҳикоянгиз ёки қаҳрамонингиз юрагингизга яқинроқ?

– Илк китобимдаги илк ҳикоя – “Оқибат”. Бу энг дастлабки ижодий ишларимдан, ҳали тажрибасиз, “янги” ёзувчи эдим. Лекин қалбим ҳаяжон ва ҳайрат, завқ-шавққа тўла эди! Бу ҳикоя менинг болалигимдан бир андоза, бизни бир оғиз насиҳатсиз фақат ўз намунаси билан тарбиялаган ота-онам ҳақидаги хотираларимнинг ёруғ бир парчасидир. Менда нимаики яхши фазилатлар бўлса, умримнинг ўша дамларидан миннатдорман. У пайтлар ҳаёт ҳам, кечинма ва туйғуларимиз ҳам жуда жўн, жайдари эди. Фалсафамиз ҳам оддий: оқ ва қора, яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ. Бузрукворларимиз ўз тутумлари, ҳаёт тарзлари билан мана шу тушунчалар ўртасига яққол чизиқ тортиб қўйган эдилар. Яна бир гап – “Оқибат” бадиий тўқималарсиз, шундайлигича қоғозга тушурилган камсонли ҳикояларимдан бири. Китобимнинг Қирғизистондаги тақдимотида айнан шу ҳикоям ота-онамни кўрган-билган маҳалладошларим томонидан саҳналаштирилган.

– Бугунги ва эртанги ўзбек миллий адабиёти тўғрисидаги фикрингиз қандай?

– Бугунги адабиёт… Унда бот-бот глобализм унсурларини кўриб, ўйга толаман. Дунёга чиқиш йўлини ғарб адабиётига тақлиддан излаётган ёшларимизга миллий илдизларимиздан узоқлашмай туриб ҳам жаҳонга бўй чўзиш мумкинлигини уқтиришга уринаман. Лекин шундай “ярқ” этган асарларни ўқиб қоламанки, ёғдуси бутун бир давр адабиётини ёритиб юборади дейсан! Бир неча сатрда инсонийликнинг бор ранглари миллий полотнода акс эттирилган ва ғояси юксак асарлар ҳозир ҳам яратиляпти. Шунчаки ҳаваскор билан профессионал ёзувчи фарқланмай қўйди, саёз асарлар учун майдон кенгайди. Ҳали ҳаммаси жой-жойига қўйилади, бу ўткинчи жараён, демоқчи эмасман. Лекин яхши асарлар доим бўлган ва бўлади. Чунки илдизларимиз чуқур, бақувват! Шундай экан, ўзбек адабиёти ўз баландлигини ҳеч қачон йўқотмайди. Ёрқин истеъдодли ижодкорлар ва аслиятдан ўгирувчи таржимонлар сафи кенгайиб бораётгани фикримга яна бир асосдир.

– Ёш носирларга, айниқса, аёл ёзувчиларга айтмоқчи бўлган ўгитларингиз.

– Сиз ҳаваскормисиз ёки профессионал бўлмоқчимисиз – буни қанча эрта аниқлаб олсангиз, шунча яхши. Ҳаваскорликка кўп вақт ва куч сарфламаслик, ижодни касб қилиш учун эса имкон қадар жиддий ишга киришиш учун бу жуда муҳим. Агар иккинчисини танласангиз, устоз Усмон Азим айтганларидай, “илҳомни кутиб ўтирмай, хоҳлаган пайтда чақириб олиш” даражасида маҳоратга эришмоқ учун меҳнат қиласиз. Энди бу – умумий гаплар. Асосийси, сиз қилаётган иш ҳаётингиз мазмунига айлансин. Мазмун пучми – асарлар ҳам пуч бўлади.

Аёл ёзувчи бўлишнинг ўзига яраша қирралари бор. Яқинда бир суҳбатда машҳур адибага шунга ўхшаш савол бергандим, “ижодкорни аёл ёки эркак деб ажратилмайди” деган жавобни олдим. Йўқ, бундай эмас. Ижод ўзингни бутунлай бағишлашни талаб қиладиган соҳалардан бири. Рўзғор, болалар… турмушнинг турфа ташвишлари аёлни кўпроқ банд қилади. Оилавий ҳаётнинг барча икир-чикирлари ҳам аёлни бус-бутун ўзини бағишлашини талаб этади, худди ижод сингари… Наинки жисман, балки руҳан ҳам. Миллий адабиётимизда аёл ёзувчиларнинг камлигига бошқа изоҳнинг ҳожати йўқ, менимча. Кўп йиллардан бери ижодий тўгаракни юритиб келаман, туппа-тузук ёзиб юрган қизларимиз турмушга узатилади-ю сувга отилган тошдек ғойиб бўладилар… Ёзишга куч топиш учун ёнингда маслакдош, ҳеч бўлмаса сени тушунадиган одам бўлиши керак. Афсуски бу ёзғириш эмас, ҳақиқат. Лекин барибир қатъий мезон шу – куч топиш керак! Баҳолиқудрат эмас, астойдил ёзиш керак!!!

 Айнан бугунги кунда адибалар анча кўпайиб қолгандай, шоира қизларимизда ҳам насрда яхши уринишлар кузатиляпти. Суҳбатимизнинг қуйидаги қисмини эса сақлаб қолишингизни қаттиқ сўрайман: бугунги кунда ёш адиба сифатида Сиздан ҳам умидимиз катта! Шу ишончимиз бир масъулият сифатида янги асарларга рағбат беришини истайман.

 Одина Абдураҳимова суҳбатлашди

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan