• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«ЮЛДУЗЛАР ҲАМ СЕН» – Марио БЕНЕДЕТТИ

«ЮЛДУЗЛАР ҲАМ СЕН» – Марио БЕНЕДЕТТИ

(ҳикоя)

У – бошланғич мактаб муаллими ҳамда тикувчининг зурриёди, зоти паст, дароз, қоракўз ва момиққина қўллари билан афтидан, тирикчилиги бус-бутун хорижий соҳиблар тасарруфидаги икки завод (қувватли, бурқсиган, ер бағирлаган)га муте, тап-тақир, рисоладагидек, меҳнатсевар шаҳарча Росалеснинг энг одми истиқоматчисига узукка кўз қўйгандек мос тушган бўларди. Олива полиция комиссари эди. Айни ҳозирги иши каби ғишт терувчи, ё банк хизматчисидек касб-корни бошини тутса ҳам бўларди, чунки бу амал қисматига битилиб эмас, замонанинг зайлида унинг чекига тушганди. Қолаверса, Росалес шаҳри кундалик ҳаётида полиция деярли аҳамият касб этмасди – неча замонлардан бери бу ерда ҳеч кимса жиноят содир этмаганди. Сўнги бор будай иш йигирма йилча муқаддам юз берган ва ҳануз унитилмаганди: таъбир жоиз бўлса, муҳаббат дастидаги росмана қотиллик деса бўлар. Баққол дон Эстевес ўлим ёқасидаги, бош-қири йўқ азоблардан халос этиш учун дарди бедаво хотининининг жонига қасд қилганди. Замон-замонида черков муқаддас сояси тушган майдонда ва полиция бошқармасида бир-икки нафар мўминқобил майхўрлар эмаклаб қолишарди-ю, бироқ полиция уларга қиё ҳам боқмасди, негаки, беозор пиёнисталар қадимий милонгаларни хиргойи этиб, шодон куйлашар, ё эса ўзларича лиммо-лим беадабликдек туюлган болаларча содда латифаларини минг бор такрорлашарди – вассалом. Комиссар дорихоначи ва тиш табиби билан қарта ўйнагани кафега бош суқар, баъзида эса клубда қорасини кўрсатиб, журналист Арройо билан сиёсат ва спорт оламидан дўстона суҳбат қурарди. Нафсиламбир айтганда журналист Арройо на спорт, на халқаро муносабатларда устаси фаранг эди. У, ҳар қайси хом сут эмган бандасига насиб этавермайдиган улкан илм – илми нужум билан шуғулланарди. Шунга бўлсада, тузган мунажжимлик башоратлари “Юлдузлар ҳам сен” номи остидаги кунлик рукнга жойлаштирилар, Арройо дамо-дам муаянлик ва сохиби каромат муаммоларини кўтарарди. У яқин келажакни ипидан-игнасигача тасвирлаб, боз устига уларни: халқаро, миллий ва маҳаллий талқин уч қиррада этарди. Арройонинг саналган жабҳалардаги кароматлари деярли ҳар сафар нишонга тегар, шу боис “Игна” (эрталабки маҳаллий газета)даги унинг илми нужум рукнини нафақат хотинлар балки, Росалес шаҳри аҳолисининг биротаси четда қолмай, жиддийликда, синчиклаб ўқишарди. Афтидан, гап кетаётган шаҳар ҳеч қачон Росалес номланмагани ва номланмаслигини билдириб қўйиш вақти етди. Биз бу номга шунчаки хавфсизлик мулоҳазасида юз бурдик. Бизнинг замонамиздаги Ургувайда, нафақат айрим шахслар, сиёсий гуруҳлар ва касаба уюшмалари махфийликка ўтишган. Бутун бир даҳалар, ҳатто шаҳар ва қишлоқлар яширинликка юз бурган. Етмиш учинчи йили, давлат тўнтариши юз берган ўша лаҳзадаёқ, комиссар Оливе шартта тўнини ўзгартирди. Илғаш осон бўлган илк ўзгариш унинг ташқи қиёфасида кўзга чалинди: илгари у махсус кийим бошини деярли киймас, ёз кунлари эса аксар оддий кўйлакда юрарди. Эндиликда у бир йил аввал тасаввурга ҳам сиғмаган буйруқларига ҳокимона қаҳр-ғазабни сингдириб, афт-ангори, қад-қомати, оёқ олишларига мос махсус кийимда қорасини кўрсатарди. Қўшимчасига комиссар кўз очиб юмгунча, тийғиқсиз семириб кетди – маҳаллий аҳоли “қоринбой” дея, ибрат қиладиган бўлди. Аввал бошда Арройо бу ўзгаришларга қандайдир шубҳа билан қаради, унингча Олива гўё қувлик қилаётгандай эди. Бироқ, ўша оқшом комиссар бор-йўғи шу уч майпарастни “жамоат тартибини бузиш ва жамият ахлоқи устидан масхаралаш” (аслида улар одатдагидек вайсақиликда хиргойи қилишарди) айби билан ҳибсга олганида, Арройо жиддий ўзгаришлар вақти етганини фаҳмлади. Эртаси куни “Юлдузлар ҳам сен” рукни остида Росалес шаҳрининг яқин истиқболига боғлиқ бағоят мудҳиш башорат пайдо бўлди. Шундан сўнг шаҳардаги ягона лицейнинг талабалари исёни юз берди. Чекка ҳудудларнинг бошқа шаҳарларидаги каби лицейда турли ёшдаги ўсмирлар таълим олишарди – бирларини оғзидан она сути кетмаган, бирлари деярли катта бўлиб қолишган. Шунда тариқа, ҳаммалари умумий қаршилик билан чиқишди. Росалес ҳали бунақасини кўрмаганди. Талабалар, давлат тўнтаришига қаршилиги, парламентни тарқатиб юборилишига рози эмаслиги, касаба уюшмаларини тугатилишидан норозилиги, қийноқларга қарши эканликларини иддо қилишди. Улар, полиция комиссари Олива тўни ўзгарганидан бехабар, қўлларида шиорлар билан майдон бўйлаб бир текис шахдам қадамлар ташлашга тушишди ва иккинчи қур айланишаётган вақт ҳибсга олиндилар. Полициячилар (аксари “исёнчилар” тоғаваччалари, чўқинтирган оталари бўлишарди) уларни авф этилишини исташар ва буни бари “Оливанинг ҳунари” эканини на қўрқувга, на таънага ўхшамаган ҳолда шивирлаб қўшимча қилишарди. Кечаю-кундуз поёнига етмай, узундан-узоқ ваъзлардан иборат панд-насиҳатлар орасида “қандайдир она сути оғзидан кетмаган мишиқилар полиция комиссарини фашист дейшларига тоқат қилолмаслигини” қистириб ўтганча, Олива олтмиш нафар ҳибсига олинганларнинг эллик нафарини қўйиб юборди. Қолган ёши каттароқ ўн нафарини, Олива қамоққа ташлади. Саҳармардондан ингроқлар, кўмак сўраган илтижолар, этни жунжитадиган фарёдларни кўпчилик эшитишди. Оталар улардана ортиқ – оналар ўғилларини полицияда қийноққа солишаётганига сира ишонгилари келмасди. Аммо тез орада бунга амин бўлишди.

Эртасига, “Юлдузлар ҳам сен” рукни остида хийла қайғули башоратлар пайдо бўлди. Арройо тилидан ҳатто: “Аллакимдир зўравонликнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган усулларига таянади, у Росалес шаҳрини жувонмарг қилади, қон тўкилади, аммо уни мағлубият кутмоқда” иборалари отилиб чиқди. Шаҳарда амалиёт ўтаётган биргина адвокат бор эди. Ота-оналар, ўн нафар болаларни ҳимоя этиш илтимоси билан унга мурожаат қилишди. Не ҳолки, доктор Борха қозини излаб чопқиллаган маҳалоқ, уни ҳамм ҳибсга олишгани маълум бўлди. Ёқангни ушлашинг турган гап, шунга қарамай бор гап шу эди. Ўшанда адвокат юрак ютиб, полиция маҳкамасига отланди. Қолаверса, у habeas corpus, намойишга чиқиш ҳуқуқи каби ва шу маънодаги сўзларни айтиб улгурмай ҳам, комиссар уни ковушини тўғрилаб қўйишга буйруқ берди. Адвокат пойтахтга боришга қарор қилди. Шусиз ҳам ота-оналар катта умид боғламасаларда, ҳар ҳолда аввалданоқ, рости Монтевидеода Оливани ёқлашларидан уларни огоҳ этди. Маълумингизким, доктор Борхе қайтмади ва бир неча ой ўтиб Росалес аҳолиси Пунта-Карретасдаги қамоқхонага унинг учун сигареталар юборишни бошлашди. Арройо башорат қилди: “Қонунбузарлик тантана онлари яқинлашмоқда. Ҳатто марҳаматли дилларда ҳам манфурлик камол топмоқда”. Буни қарангки, шу лаҳзагача Росалес шаҳри тарихида учрамаган воқеа рақс майдонида юз берди. Заводлар бирининг маъмурияти эҳтимолий норозилик кўринишларидан холос бўлиш яширин мақсадида ишчи ва хизматчилари учун Жамоатчилик маркази ташкил қилганди, аммо нафсиламр айтилса Жамоатчилик маркази бутун шаҳарликларники эди. Шанба кунлари ёшлар ҳам, ўрта ёшлилар ҳам шу ерда йиғилишиб, сафсата сотишар, рақс тушишарди. Эҳтимол шанбадаги бу учрашувлар шаҳар ижтимоий турмушидаги энг кўзга ташланадиган ҳодисалардан бири эди. Шу ерда ҳафта давоми йиғилиб қолган латифаларни айтишар, шу ерда чўқинтиришлар, тўйлар ва унаштиришлар тўғрисида битишишар, шу ерда барча дардмандлар соғлиги ҳамда шифо топган шаҳар фуқаролари ҳақда хабар топишарди. Давлат тўнтаришигача бўлган ўша даврларда, Олива жамоатчилик марказига тез-тез келиб турар ва шаҳарликлар унга шунчаки, ён қўшнисидек муносабатда бўлишарди. Чиндан ҳам шундай эди. Энди бўлса, комиссар хонасидаги иссиқ жойига ўрнашиб олган, ҳатто кечалари ҳам “хизмат бурчи тақозаси” боис деярли бор вақтини полиция маҳкамасида ўтказаркан, на кафеда, на клубда (Арройо билан унинг орасидаги совуқчилик ошкор бўлганди) ва айниқса на Жамоатчилик марказида қорасини кўрсатмасди. Лекин шу шанба огоҳлантиришсиз, ёнидаги шотирлари билан қадам ранжида этди. Қути ўчган оркестр машшоқлари мусиқа пардаларидан чалғиди, бандеон ҳаво йўлига тош тиқилгандек тинғиллаб қолди, мусиқа чаладиган қути дафъатан қисмлари шикастлангандан устига ўрнатилган раққоса ҳайкалча қотиб қолгани каби рақс тушаётган жуфтлик қучоқлашганча тош қотди.

– Мен билан ким рақс тушади? – сўради Олива.

Шунда ҳамма кўрдики, у ғирт маст. Тиқ эткан садо чиқмади. Комиссар яна икки бор саволини такрорлади. Кимса жавоб бермади. Сукунат тош мисол оғирлашиб борар, сиқилаётган сукунат ичра барча – полициячилар, машшоқлар ва ташрифчилар – тап тортмас қора чигиртканинг сайроғини эшитишди. Ўша пайти Олива малайлари қуршовида турмуш ўртоғи билан дераза олдидаги тахта ўтирғичдан ёнма-ён жой олган Клаудиа Орибанинг ёнига келди. Ёшлиги барқ урган, малласоч, малоҳатли ҳам анчайин жўшқин Клаудия Орибе ҳомиласининг олтинчи ойида бўлиб, юк машаққатини ҳис этганча, эҳтиёткорлик билан одим оларди; шу билан бирга шифокор боласи тушиб қолиши эҳтимолидан уни огоҳлантирганди.

– Рақс тушасанми? – сўради комиссар ва унгинг қўлига чанг солди. Клаудианинг эри – ишчи Анибал – муштларини тугиб, бўздай оқарганча ўрнидан турди.

– Йўқ сенор, мен ноиложман, – деди Клаудия шошиб-пишиб.

– Қани, менла, иложини топ, – давом қилди Олива.

– Нима сиз унинг қорнини кўрмаяпсизми? – қичқирди Анибал.

– Уни ўз ҳолига қўйин! Тушунарлими? – Мен сенга гапирмадим, – деди комиссар. – Мен у билан гаплашаяпман. Ва у менла рақсга тушади. Анибал Оливага хезланди, аммо полициячилар шу он уни маҳкам тутишди.

– Олиб чиқинг! – буйруқ қилди комиссар. Шу заҳоти Анибални олиб кетишди. Махсус кийим-бош енгли қўл Клаудианинг кенг белига чирмашди. Олива бош ирғади – оркестр палапартиш ва ҳазин ижро бошлади. Комиссар Клаудиани рақс майдонига судраклаб чиқди. Ҳамма унинг диқати ошганини кўриб турар, аммо орага тушишга ҳеч ким журъат қилолмасди. Тош босадиган далиллар бисёр эди, афтидан улар орасида қўриқчилар тўппончаларини чиқаришгани охиргиси эмасди – бу шунчаки, ҳовурни босишга эмасдида. Комиссар ва Клаудия узлуксиз уч марта танго, икки марта болеро ва румбуга рақсга тушишди. Ниҳоят, Олива Клаудияни ўтирғичга етаклаб келди – аёл ҳушидан кетар даражага келганди, ва: “Ана кўрдингми, эпладинг-ку”, – дея чиқиб кетди. Ўша кечасиёқ Клаудиа Орибенинг боласи ўлик туғилди. Эрини бир неча ой полиция маҳкамасида тутқун этишди. Уни Оливанинг ўзи сўроқ қиларкан ҳузур қиларди. Пойтахтдаги алақандай амалдор ўринбосари Клаудиани кузатувга олган шифокорнинг амакиваччаси бўлиб чиқди. Ушбу имкониятдан фойдаланиб қолгани, шифокор етакчилигидаги шаҳарнинг кўзга кўринган фуқароларидан иборат вакиллар амалдор тўра билан учрашгани Монтевидеога жўнади. Қабулловчи бўлса маслаҳат билан чекланди: “Фаҳмимча, яхшиси бу ишни бости-бости қилган маъқул. Олива – ҳукумат ишончини қозонган одам. Магарда сиз, унга нимадир жазо, ё борингки ҳукм этишлари талабини сўрсангиз, ўч олишни бошлайди. Ҳозирги замона зайли бу, яхшиси оч қорним, тинч қулоғим. Мисол учун менга боқинг. Мен нима қилдим? Ўтирибман кутиб, дурустми?”. Росалес шаҳридаги Арройо, ҳар ҳолда кутишни истамади. Рақс воқеасидан кейин тизимли ҳаракатни авж олдирди. Душанбада “Юлдузлар ҳам сен” рукни бонг урди: “Аллакимнинг қилмишлари учун жавоб бериш они яқин”. Чоршанбада баён этилди: “Кимки заифлар қошида қудратини кўз-кўз қилса, хору-зор бўлгай”. Пайшанбада: “Ҳокимияти қулаб, қилмишига ярашасини топгай”. Жумада: “Юлдузлар қатъий – улар ёвуз кучлар ҳоқони, малайининг ўлимини башорат қилмоқда”. Шанба куни Олива “Игна” таҳририятига шахсан ташриф буюрди. Аммо унда Арройони тополмади. Шу тариқа, комиссар унинг уйига йўл солди. Эшик олдида у қўриқчиларга деди: – Шу ерда қолларинг. Ўзим бу мишиқи, итваччани танобини тортиб қўяман. Унга мени ўзим ҳам етиб ортаман. Арройо эшикни очди. Олива уни куч билан итқитди ва сўз демай ичкарига кирди. Арройо йиқилмади, ҳатто сира ажабланмади ҳам, фақат саҳал тисарилди. У ишхона вазифасини ўтовчи ёлғизгина даҳлизга ўтувчи хонага бош суқди, Олива унинг ортида кирди. Арройо ундан аввалроқ тунбали ёзув столи олдидан ўтиб, бўздай оқарганча, тишини-тишига босиб турарди. У ўтирмади.

– Демак, юлдузлар мени куним битганини башора қилмоқдами?

– Ҳа, – жавоб берди Арройо. – Бунга мени даҳлим йўқ, юлдузлар дегани шу.

– Биласанми сенга нима демоқчиман? Сен нафақат итвачча, сен яна юраксиз ҳам экансан.

– Фикрингизга қўшилмайман, комиссар. – Яна, биласанми? Сен ўтирасанда, эртанги сонга башоратингни ёзасан.

– Эртага якшанба, газета чоп қилинмайди.

– Хўп, ундан эртадан кейингисига. Сен, юлдузлар, ёвуз кучлар хоқони дастёри узоқ умр кўришини башорат этмоқда, деб ёзасан. У кўп йиллар умргузаронликда, соғу-омон яшашини айтаётир, деб ёзасан.

– Аммо, комиссар, юлдузлар буни башорат этмайдилар.

– Юлдузларинга тупурганим бор! Айтганимдай ёзасан. Шу ондаёқ. Арройонинг ҳаракати оний лаҳзада юз берди. Олива ҳатто ўзини ҳимоялаш ё тисарилишга ҳам улгурмади. Атиги бир марта, аммо тираб узилган ўқ. Олива тонг қотган кўзларини катта очиб, полга қулай бошлади.

– Комиссар, юлдузлар асло ёлғон айтмайди, – деди Арройо пинагини бузмай.

Рус тилидан Ўктам Одилов таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan