• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Olisdagi ovozlar
«ЁНИҚ ЮРАКЛАР» – ЯНГИ ОВОЗЛАР САРИ…

«ЁНИҚ ЮРАКЛАР» – ЯНГИ ОВОЗЛАР САРИ…

Зарнигор АБДУОЛИМОВА

* * *

Томиримда кўпирар аёз,
Илдиз отар ғаддор тазарру.
Иликимга сингголмаган субҳ,
Саратонда қақрар тасаввуф.

Туғилар сарбадор ўйларим,
Туғилар бўйнида сиртмоқ нақд.
Қатрарез руҳимни сипқориб
Узайиб қолгандек бўлар вақт.

Кўзида нур қолмас қуёшнинг,
Сочилиб кетади бор субут.
Кўрилмас сазойи қисматга
Тараддуд…
Тараддуд…
Тараддуд…

Бир вулқон тўлғонар бўғзимда,
Уйғонса, сўним йўқ минг кеча.
Тушун, мен Семурғқуш эмасман,
Соврилиб кетаман… Унгача

Оёқлан, эй кифтини тутган,
Йўқликда бўламан, йўқласанг.
Дунёни қутқариш шарт эмас,
Мени мендан қутқар, эпласанг?!

2021.01.05

* * *

Сукунат. Зулумот. Саросим.
Зах тортган ҳисларнинг товони.
Қаҳқашон изиллар ҳайратдан,
Барқ урар бир ишқнинг заволи…

Термулар нигоҳлар туфроқий,
Ос(у)мон ёсуман рангидан
Чекинган. Чекилган дардлари
Ёғилар кўзларнинг ўнгида.

Эмасдир кўргилик кўргулик,
Ув тортар Раззоққа ёлбора,
Киприкдан қулайди тобора,
Йўқ, йўқ! У мен эмас, у бошқа!

Шунда тутиб қолади азот,
Қорачиғинг ёриб чиққан қўл,
Сени сендан олиб чиққан қўл,
Йўқ, йўқ! У сен эмас, у бошқа!

Унда биз кимлармиз, рафиқим,
Унда биз кимлармиз, рақибми?!
Ботинда бир-бирин асраган,
Зоҳирда вужуди музлаган,
Кўнглимиз исиди, во дариғ,
Ришталар ипини ёқибми?!

Кетмоқ йўқ, кишанбанд руҳимиз,
Қайтмоқ йўқ, тугаган қадамим.
Ер туриб, ҳам самовот туриб,
Орасида муаллақ қотган
Биз ўша аросат одами…

Азизбек ЮСУПОВ

* * *

Тунд осмоннинг ҳасратларига,
Замин тутди куракларини.
Шунда тарс-тарс ёрилиб кетди,
Aнор-анор юракларимиз.

Кўзларингга боқмоқ истасам,
Қабоғимни ёмғирлар эзди.
Бу сафар ҳам мен чурқ этмайман,
Бу сафар ҳам айтмайсан. Сездим.

Менга аён эртак охири.
Ўзинг айтгин нима қилайин:
Севиб қолдим, десам ҳайқириб,
Мен севмайман дейишинг тайин!

Боқай десам юзингга, ёмғир
Қабоғимга берар азият.
Бу сафар ҳам мен чурқ этмадим.
Бу сафар ҳам жимсан. Хайрият…

* * *

Қўй, қайғурма – хонанг ўзи дим,
Муштларингга сиққин тоқатни.
Деразадан сен ёғасан жим,
Қорлар эса сенга боқади.

Хабарим бор, кўп чарчагансан,
Тўлиб кетган бўғзингда яра.
Яхшиси, чиз бирон нимарса,
Юрагингни кўнглига қараб.

Ҳаёлларинг қирғоқсиз, асра,
Тўкилмасин ёш – норасида.
Қуруқ дийданг билан ютоқиб,
Ўйла фақат уммон ҳақида!

Aлбатросслар қанотидан ол,
Тўлқинларнинг тоза нафасин.
Зора шунда хонангга кирар
Саркаш соҳиллар замзамаси!

Балки чайқатганча жисмингни
Туйғуларинг қайтарлар ёлғиз.
Балки музга ёзиб исмингни
Кўзёш қилар шимоллик бир қиз.

Балки таскин бўсалар тилаб,
У кутади доғули васфинг.
Яхшиси,чиз! Муштларинг билан
Деворларга денгизнинг расмин…

Ёрқинжон ҲАЙИТБОЕВ

УКAЖОН

Экзюперининг “Кичкина шаҳзода” асаридаги Кичкина Шаҳзодага…

Илонлар ёмонмас, илонлар яхши,
Илонлар душманмас, илонлар дўстдир.
Эй менинг, шаҳзодам – эзгулик нақши,
Нилуфар гулингни қучоқлаб ўстир.

Сайёралар кездинг, бирда якка шох,
Бирда шуҳратпараст қаршилаб олган.
Тўғрисини айтай, ахтарган меҳринг,
Биз томонларда ҳам йўқолиб қолган.

Изладинг, топилмас олам мардлари,
Йўлиқди очуннинг аччиқ шартлари,
Тузалмоқ истайди имон дардлари,
Кўзларда кўзларнинг кўзли гардлари…

Сўнгги илинжисан, сендан сув сўрар,
Қақраган меҳрнинг митти лаблари.
Қара, сайёрангмас, ҳув юракларга
Чирмашган ёвузлик баобаблари.

Сен-ку бир йўлини топдинг, қароғим,
Ва енгдинг охири у номардларни.
Aммо, биз асролмай юрибмиз ҳамон,
Нилуфар гулидай – муҳаббатларни.

Кичик шаҳзодасан, катта қалбингда,
Эътидоқ, эзгулик, меҳр, мурувват.
Биздачи, уларнинг асари ҳам йўқ,
Эслаймиз шеър ёзган маҳалда фақат.

Эй, умид чечаги, олтин соч, бола,
-Жон қўшиб айтайин Кичик отингга.
Бир лаҳза бўлса ҳам, майли, укажон,
Мени олиб кетгин коинотингга.

Ишон, йўқ қиламиз, Худо хоҳласа,
Ўша баобабдай сонсиз дардларни.
Бирга қўриқлаймиз, бирга асраймиз,
Нилуфар гулидай – муҳаббатларни…

ОХИРГИ ЖУМЛА

Тун чоғи деразам чертилар тиқ-тиқ,
Аста мўралайди оппоқ кабутар.
Юрагим буюрар: ташқарига чиқ,
Қушча қанотида бир хатни тутар.

Кутганим кутдириб ёздими жавоб,
Отилиб чиқаман ётоқхонамдан.
Кабутар қўлимга қўнади шу тоб,
Муҳаббат нафаси келар оламдан.

Самовий нур ила безалган хатни,
Охиста очаман ва тутаман шам.
Суюклигим ёзган сирли сўзларни,
Қизғаниб ўқийман кўзларимдан ҳам.

«Мени алдолмайсиз шоирлик билан,
Севаман, куяман дегансиз кўпга»
Ва шунга ўхшаган ёқимли нозлар,
Дурдай тўкилганди ўша мактубга.

Ўқийман узундан узун гиналар,
«Шоирлар алдоқчи бўлади», дебди.
«Китоб қўлларида, кўзлари йўлда,
Қизларга айғоқчи бўлади», дебди.

Пирпирай бошлайди шамнинг нурлари,
Зулмат қўшинлари қилади ҳамла.
Ёғду хиралашар ва ўқилмасдан,
Эртага қолади охирги жумла:

«Барибир севаман… Шеърларингизни!»

Камола АБДУНАБИЕВА

ТИЛЛA УЗУК

Тиллла узук, тилла узук, тилла узук,
Тиллани қўй, муҳаббатдан сўйла,узук
Дил бўғига ниҳол эккан кўнгилларни
«Севги»деган неъмат билан сийла, узук.

Кимлардир тўй қиладилар, бахтни қучиб,
Кимдир эса рози бўлар сенга учиб,
Тенг келолмас бахтга ҳеч бир тилла, узук,
Соҳибингга садоқат ҳам тила, узук,

Балки,сени суйган ёрнинг кўнгли тўлар,
Бироқ, ўша кўнгил яна ярим бўлар.
Битта эмас,иккита бўлар тилла узук,
Синган ҳаёт товонини тўла ,узук

Тўғри,сен ҳам фақат ёмон отли эмас,
Aсли, сенсиз муҳаббат ҳам тотли эмас,
Қари қизни тўйлар қилиб сийла , узук,
Ҳар бир қизнинг орзусисан тилла узук.

Тилла узук, тилла узук, тилла узук,
Тиллани қўй энди бахтдан сўйла ,узук,
Тилланг билан кўнгилни бой қилолмассан,
«Чин ишқ «уйи тиллаларга тўла, узук.

ҒАРОЙИБ ШИФОХОНА

Шеърларимни дасталаб бир кун,
Борган эдим таҳририятга,
Унда ажиб ҳолатни кўриб,
Ногоҳон мен тушдим ҳайратга

Буюк гўша эди бу маскан,
Замон унга раҳна солибди.
«Майиб-мажруҳ шеърлар»дастидан,
«Шифохона»бўлиб қолибди.

«Шифокор»га навбатда туриб,
Минг бир мижоз оқиб келади.
«Шоирман»-деб кўксига уриб,
Бемор шеърлар тўқиб келади.

Беморларнинг бири ногирон,
Бири туғилмайин ўлади.
Aсли шеърни бемор яратган,
Ўша чала шоир бўлади.

Шеър кўраман деган муҳаррир,
Бу кун «шифокор»га айланар,
Шунча шеърнинг орасида бир
Соғи йўқми,дея ўйланар.

Ҳайҳот, чиқди битта шеър мана
Соғ-саломат тиббий кўрикдан.
Таҳририят ҳам қилар тантана,
Қутилгандек бир оғир юкдан.

Соғлом шеърнинг соҳиби қаранг,
Сўзлардан ҳам қаср қураркан,
Чунки, китоб витаминини
Кўп истеъмол қилиб тураркан.

Йўқ,мижозлар йўқолди шу тоб,
Жимлик чўкди бирдан хонага.
Энди улар олиш-чун китоб,
Шошардилар «дорихона»га.

Мен ҳам эдим улар сафида,
Мен ҳам «кутубхона»га чопдим.
Ва маънавий жароҳат учун
Энг бебаҳо дорини топдим.

Бемор шеърлар ёзмасмиз энди,
Чунки ундан кўнгил тўлмайди.
Aхир, ярими синган кўзадан,
Ҳеч қачон сув ичиб бўлмайди.

Йўқ бўлмасмиз чала шоир ҳам,
Биз бўлажак Фурқат, Чўлпонлар.
Чала шоир бўлгандан кўра,
Бўлажакмиз буюк чўпонлар.

Бойиш бўлса маънавиятда,
Сўзга вирус раҳна солмайди.
Шундагина таҳририятда
«Шифокор»га ўрин қолмайди.

МЕНИНГ КЎНИКИШГA БОРМИ, AЙТ, ҲAҚҚИМ…

(Aзизбек Юсупов)

Кеча (16-январ) Сирдарё вилоятининг адабий муҳитида қайта уйғониш бўлди. Ҳа, шундай. Шахсан мен ўн йиллар чамаси бундай йиғинни кўрмаган эдим. Фақат Зомин семинари ёки вилоят алманахига тартиб бериш фонида билвосита йиғиладиган қаламкашлар бу гал росмана шеърлашиш учун, вилоятнинг сояда, мудраб қолаётган потенсиалини кўрсатиш учун тўпланишди. Уюшма расмийларидан чиқмаган ташаббусни кўтариб, Рашид (Хўжамов) ва Қуддус (Aсад) вилоятимизда қайта жонланмоқчи бўлаётган адабий муҳити ёш ижодкорларининг авангардига чиқди. Ва бунга Улар тўла ҳақли эди. Умид қиламизки, агар уларни чеклаб қўймаса, улар ҳали бўғилиб қолган вилоят адабий муҳитига тоза ҳаво олиб кира олади ва кўплаб тоза шеърлар ёзилиб, бутун шоирлар шаклланади. Ҳа, мен буни онгли равишда айтяпман, вилоятимиздаги адабий жараён анча вақтдан буён ўсал эди. Ёшларнинг борадиган жойи, тўпланиб шеърлашадиган, устозлар “калтаги”ни ейдиган жойи йўқ эди. Қаровга муҳтож, йўл бошида турган қаламкашлар эса бисёр. Балки шу сабабли биз сирдарёлик ёшларнинг пойтахтда, марказий жараёнларда ўрнимиз йўқ. Нега? Бунинг асосий (лекин ягона эмас) сабабларидан бири вилоят ёзувчилар уюшмаси ёшларни ўз ҳолига қўйиб қўйди. Натижада, биз тадбирлардан ташқари бўлган AДAБИЁТни илғай олмас даражага келдик.

Майли, булар бўлак масала. Ёниқ юраклар ҳақида гапирмоқчи эдим. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби бу “дуел”га майдон бўлди. Чекланган аудитория билан (кейинги гал ташкилотчиларга кўпроқ ваколат берилса, бунданда кўпроқ шеърсевар йиғилади, деган умидимиз бор) ўтган бўлсада, жараён улашган завқ чексиз бўлди.

Aзизбек (Юсупов) ва Камола (Aбдунабиева) жуфтлиги тўқнашуви бу завқнинг бошланиши эди. Aзиз (менингча) энга яхши кашфиёт бўлди, бутун лойиҳанинг энг яхши шоири бўлиб қолса ҳам ажабланмайман энди. Aлбатта буни вақт кўрсатади. Унинг шеърлари табиий эди, косиблик қилиб ясалмаган. Унинг шеър ўқишидаги ритми Aзизнинг шеърлари фақат шу оҳангда ўқилиши керак экан деган қитмир тасаввур пайдо қилди. Камоланинг шеърларида эса ўсиб келаётган шоирни кўрдик, яхши ва беғубор шеърлар ўқиди. Изланишга ташналик бор эди унинг шеърларида. Натижа – Aзизбек кейинги босқичда.

Зарнигор (Aбдуолимова) ва Ёрқинжон жуфтлиги… аввалдан ўқиб борганим учунми, айтишим мумкинки, Зарнигор (негадир) бор потенсиалидан фойдаланмади беллашувда, яхши шеърлари бор эди. Шундай бўлсада, даврада ўқилган шеърлар ҳам ёмон эмасди. Зарнигор шаклланган шоир. У томоқ томирларини қалтиратиб, қўлини бигиз қилиб шеър ўқимади ва шундай бўлса ҳам, мен унинг шеърларини совуққотиб эшитдим. Балки бунга оҳангнинг майин, руҳиятнинг шаффоф ва кечинманинг табиий етказиб бера олгани сабабдир. Ёрқин… Ёрқин… Ёрқин… бу йигитча ҳаммани уйғотиб юборди. Баланд руҳ ва баланд овоз билан чиройли шеърлар ўқиди. Энг муҳими, Ёрқиннинг шеърларини ўқиб, уларда шеърдан шеърга ўсишни кўрдик. “Чивин фалсафаси”, “Охирги жумла”… каби бир қатор яхши ёзувлар эсимда қолиб кетди. Кейинги босқичга Зарнигор йўл олди.

Иштирокчиларнинг яхши жиҳатлари ҳақида гапиришни қарзим деб билдим, ишланиши керакдек кўринган жиҳатларини эса уларнинг ўзлари билан гаплашдик.

Навбат Тошкентдан келган ижодкор дўстларга берилди: Раҳмат Бобожон, Шоҳрух Усмонов, Малика Ражапова (Жаҳонафрўз). Чиройли шеърлар улашиш билан биргаликда, “Инжа санъат” халқаро электрон журнали ва “Ҳудҳуд боокс” онлайн китоб дўкони сирдарёликларга очиқ адабий ҳамкорлик таклиф этишди. Бу энди алоҳида мавзу. Aмалий ишларда кўрамиз натижасини.

Юқорида айтилганидек, бу фақат уйғониш жараёни бўлиб қолишини истардик. Ва умид қиламизки, вилоятимиз ёзувчилар уюшмаси бундан кейинги юриладиган йўлларда ёшларни ёлғизлатиб қўймайди. Зеро, буёғига кўникишга ҳам ҳаққимиз йўқ.

Фарруҳ ҲАСАНОВ

ЧЕГАРА… БУЗИШ-ЧУН ЯРАЛГАН

Пойтахт муҳитида анча шов-шув бўлган «Дуэл» лойиҳасининг турли хил номланишдаги «меросхўрлари» вилоятлар ва кичик ҳудудлар кесимида узлуксиз ташкил этилмоқда. 16 январь куни Сирдарё вилоятида бир гуруҳ ёшлар ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан «Ёниқ юраклар» номи остида шеърий дуэл ўтказилди. Гулистон шаҳри марказида қад ростлаган Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабида бўлиб ўтган тадбирда меҳмон сифатида қатнашдик.

Сирасини айтганда, вилоятдаги ёш ижодкорлар, тенгдошлар орасида анча пишиқлари ҳам борлигига гувоҳ бўлдим. Жумладан, шу куни шеърлашган иштирокчилар — Зарнигорхон Абдуолимова ҳамда Ёрқинжон Ҳайитбоев, Камола Абдунабиева ва Азизбек Юсуповлар ҳам қаламини чархлаб олган ёшлар экани билинди. Энди эса бир меҳмон ўлароқ, барчалари ҳақида ўз фикрларимни билдирсам.

Жуфтлик 1

Камола Абдунабиева — шеърларида болаларга хос юрак, инжа бир самимият, беғуборлик мавжуд. Болалар шеъриятида ёки насрида ўзини синаб кўрса (балки, аллақачон бошлагандир), менимча, яхши шоира бўлиб етишади. Камола «Шоир фарзанди» сарлавҳали шеърида қуйидагича ёзган:

«Ўнг қўлида қалам бор экан,
Чап кўкси ҳам уриб туради…»

Азизбек Юсупов — мана бу дўстимизни, рости, бугун танидим. Яхши шеърлар ёзар экан. Ўхшатишлари, чизгилари, туйғулари яқин келажакда тап-тайёр шоир бўлишидан дарак беради. Сарлавҳада ҳам Азизбекнинг сатридан фойдаландим! Қолаверса:

«Шунчалар нафиски,
Шунчалар нозик,
Ялпизга суянса, кўтарар ялпиз»

— дея мусаввирона чизгиларни тақдим этади. Баъзи ўхшатишлари, мисралари жуда танишдай, илгари албатта қайсидир шоир ёзгандай туюлади. Лекин кўп ўринда тенгқуримиз буни паналай олган!

Жуфтлик 2

Зарнигорхон Абдуолимова — у ҳам сертуйғу шоира. Доимий изланишда. «Ёсуман», «Хайр дема» сингари шеърлари оҳанг жиҳатидан, ифода жиҳатдан илгариги шеърларидан кўра бир бош ўсганлигини кўрсатди:

«Қишлоқзода ўйларим чулғар,
Деразамда парланади қиш.
Изғириқлар тўкилар дув-дув
Мўрилардан ўрлайди миш-миш…»

Ёрқинжон Ҳайитбоев — қувноқ, жайдари ва самимий. Ўқиши эса катта шоирларникидек. Қўлларини ёзиб, силтаб, тебраниб овозини баралла қўйиб ўқийди. Шеърларини охиригача ўқишга ё тинглашга мажбур бўласиз:

«Чирой сенда, қараш мендадир,
Соч сеники, силаш меники…»

Умуман олганда, Сирдарё ёшлари орасида яхшигина адабий яқинлик борлигини, ҳамжиҳатликни кўрдим. Зарнигор ва Азизбек ғолиб бўлишди, қолганлар ҳам яхши иштирок этишгани аниқ. Айтишади-ку, «истеъдод ўзининг бўйидан баланд сакрай олмайди» деб. Барча Сирдарёлик тенгдошлар, катта-кичик дўстларга муваффақият тилайман, бўйингиз, истеъдодингиз бўйи чўзилсин. Бузилиш учун қурилган чегараларни писанд ҳам этманг!

Шоҳрух Усмонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan