• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ЭЙ ҲОФИЗАМ, СЕНИ ТИНГЛАСАМ, СОҒИНАМАН ТАКРОР ХУДОНИ» – Муҳаммад СИДДИҚ

«ЭЙ ҲОФИЗАМ, СЕНИ ТИНГЛАСАМ, СОҒИНАМАН ТАКРОР ХУДОНИ» – Муҳаммад СИДДИҚ

* * *

“Менинг содиқ ёрим қора тупроқдир…”
Ошиқ ВЕЙСАЛ

Ичимда бир гуноҳ асир –
мен шу гуноҳ қулиман,
самандар қуш оғзидаги
ёниб турган тилиман!
Эй Исо, айт, сенманми ё
ғойибманми сендан сўнг…
Тангри, десам ишонмаслар,
унда кимнинг ўғлиман?

Ташимда бир издиҳом бор,
бунда ўзим гавжумман –
тўрвасига лошин тўрғаб
кетаётган Мажнунман.
Йўқман асли, ҳеч қаерда
бўлмаганман ҳеч қачон!
Борман, хатто чумолининг
урвоғида мавжудман…

Сиғмаганман – мозорларга
гарчи сочиб ташлашган…
Сезмаганман – Мункар-Накир
тиригимча талашган.
Йўловчиман, саҳросида
сарбоним ким билолмам?
Оч бўтаман – қачонлардир
карвонидан адашган…

Онам бўлсанг, бир кеча оқ
сутинг билан тўйинтир!
Отам бўлсанг, қадоқ қўлинг
бошимга қўй, суйинтир!
Қулим, десанг занжирингга
ўраб-чирма – чидайман,
Ёрман, десанг бир коса май
қуйгин… бари ўйиндир!

Бу ўйиндан чиқсам агар,
такрор давом этарсан…
Ҳеч бировга қўл узатмай
ўзинг кимга етарсан?
Айтгин, муштоқ ўтаманми
аввалимдек кейин ҳам,
тупроққача етиб бормай
тупроқ бўлсам, нетарсан?

* * *

Йўлимдан не чиқса
чангалладим, бас,
кўзимга не тушса –
солдим кўзгуга.
Биллур кишан илдим
не бўлса сарбаст,
шиша қафас аро боқдим ўзимга.

Ойни юлқиб олдим,
чертдим осмонни…
юлдузлар тўкилди –
этдим оқизоқ.
Йиртдим
кечаларнинг сенсиз томонин,
шаклсиз дунёга термилдим узоқ.

Бир нафасда қоқдим замин чангини,
тупроқ қаъридаги эшикни очдим.
Зулмат ичра суртдим
уфқнинг рангини,
тушларимни
тўрғаб
қушларга сочдим.

Сўнг кўзгу ичига шўнғидим
сархуш,
кутдим
деворига илгунча фалак.
Энди тегинаман,
десам, сурат бўш –
ҳеч вақо қолмаган исмингдан бўлак…

* * *

Кўк юзидан тушган бўлса
не ерга
у менинг бошимда
синган тошдир, тош –
оҳимдан айланcа унсиз ёмғирга,
у онам кўзига тўлган ёшдир, ёш…

Ер юзидан кўкка
чиққан
бўлса не –
юлдузми, бармоғим тилган ҳилолми
ё қуёш қулочи
келармикан тенг,
сиғдиролмас руҳим ёнган оловни!

Қайдан тушди
ўзим
нафс кўлкасига?
Нилуфарга дўнган қушдек ботқоқдан
учмоқлик истарам –
ҳур ўлкасига,
қўним топмагунча бир кафт тупроқдан.

Нима у –
фалакда бамайлихотир
соямдан ип тортиб, калавасига
ўраб-чирмаётган ким у?
Ё Қодир,
жавоб бер,
бир ўксик банданг сасига!

Иблис қони тўлган тарих жомини
тилимга текқизмай дош бериб ётсам.
Ерга тушмасмидим –
балки
жонимни
илк одам шаклида қайта уйғотсанг?!

* * *

Ясмин… Ясмин, соҳира денгиз –
Ғуссам ичра тўлғонган овоз!
Юрагимга унларинг эгиз,
Нафасингда тушларим ғаввос.

Қайда Тошкент, қайда Испания,
Фарғонаю қадим Исроил?
Сен оҳ тортган ўшал сония
Сур чалгандек бўлар Исрофил.

Лабларингдан куй эмас, гўё
Қушдек учиб кетган менмидим?
Ўнгимни тарк этгандек рўё,
Тупроққамас, кўкка тенгмидим?!

Келмайсанми, руҳимни озод
Этмайсанми ушбу кечада?
Деразадан боқсам, ногаҳон
Ўтмайсанми куйлаб кўчадан?

Ясмин… Ясмин, увайс маликам!
Cийналари – эврилган қўшнай…
Айтгин, яшаш мумкинми беғам,
Ўртамизга дунёни қўшмай?

Қачонгача соғинмоқ мумкин,
Қайда беҳишт боғлари – ватан?
Қайда чин ишқ йўллаган эпкин,
Руҳим ерга боғлаган расан?!

Ичганим – май, кечганим айтсам,
Ясмин, куйла – қучай самони!
Эй ҳофизам, сени тингласам,
Cоғинаман такрор Худони…


*Ясмин Левй – испан қўшиқчиси

ДУГОҲ

Сархушман-о, сархушман,
қачон келдинг, билмаган,
Билгач рўйи-жаҳонни
назар-писанд қилмаган.
Ишқми олиб келганинг
ва дилимни тилганинг?
Тутқунман, бир нафасга
нигоҳигдан жилмаган…

Шундан бери кафтингдан
учиб кетмаган қушман,
Лайли кўрмаган тушман,
Ширин кўрмаган тушман.
Тоғни йўниб, хокига
жисмимни кўмганман-ов!
Руҳимга дўстман вале
жонимга ўзим душман.

Бу мозорни сийпалаб
ўтди қадам товушинг,
Қобирғамга илиниб
қолди бахмал ковушинг.
Тупроққа беландим-у,
лек очилди кўзларим!
Ҳаё-ҳуйт, деб кетяпман
осмонингга қовушиб…

Булутларни пахтадек
тердим қулоқларингдан,
Қуёшни икки бўлиб
ўтдим сўқмоқларингдан.
Бир тола кипригингга
юлдузларни шодалаб,
Қамчи ясаб ўч олдим
осий гумроҳларингдан!

Етаклаб келдим ўзим
ожиз жонзотларингни,
Икки дунёдан кечган
умри озодларингни.
Бир томчи кўзёшингга
чўктириб заминни, дод,
Кемамга чиқармасдан
кетдим тазодларингни!

Дилхушман-о, дилхунман,
эй ёр, қувламайсанми,
Айтгил, гуноҳларимни
айтсамми-айтмасамми?!
Кифтингда ўлтирибман
қанотларимни силаб,
Лолман, энди ортимга
қайтсамми-қайтмасамми?

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan