• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ҚУТЛУҒ ТАШРИФ» (туркум) – Махбира КАРИМОВА

«ҚУТЛУҒ ТАШРИФ» (туркум) – Махбира КАРИМОВА

1

Тошбағирсан!

Келгин, дейишга

На мени ғурурим йўл қўяди,

Бораман, дейишга

На сенинг ғуруринг!

Баъзан ҳисларимга таъриф бераман…

Баъзан эса уларнинг номини тополмайман…

Бир нарса кундек ойдин –     

Жисму-жоним озорда!

Ишқ жонларга туташган

Ёлқин экан, асли…

Вужудинг жизғанак бўлса-да

Севаверасан,

Куйиб кул бўлсанг-да, кутаверасан!

Мени қўй!

Сен бу ҳаётда

Яша, дединг?!

Сенсиз бу вазифани адо қилмоқ осонми?!

Ҳар тонг кўзгудаги аксимга боқиб,

Ҳаётимда борлигинг учун, сени севганим учун чеҳрам нурланар,

юрагим орзиқар эди…

Мени қўй, дея мени шу бахтдан бенасиб қилишми истагинг?

Вужудим хасталанмоқда

Сенсизликдан…

Юракнику, аҳволи абгор.

Ишқ-жонларга туташган ёлқин экан асли…      

15 октябрь, 2020 йил

2

Сен соғинганингни бошқача изҳор қиласан.

Сен шунчаки соғиндим, демайсан!

Сен бу сўзни ишлатмайсан!

Сен соғинчинг ҳақида ёзганингда менинг юрагимда бўрон туради!

Жисмим алангаланади!

Сен-шундай соғинасан!

Сен-шундай севасан!

        19 октябрь, 2020 йил

3

Ишқда омонлик йўқ,

Ишқда омонлик…

Ишқда ҳажр бор…

Ишқда қийноқ бор…

Ишқда озор бор…

Ишқда омонлик йўқ экан…

Ишқнинг – тафти олов!

Ишқнинг – матлаби висол!

Ишқнинг – талаби вафо!

Ишқда омонлик йўқ экан…

Ишқнинг – чечак бўйи бор,

Ишқнинг – тотли ўйи бор.

Ишқнинг – гўзал куйи бор.

Бир куйки, руҳи-равонингни

Аршга учиргай,

Бир куйки, қалбингдан байтлар кўчиргай!

Ишқда омонлик йўқ,

Ишқда омонлик…

        22 октябрь, 2020 йил

4

Ман туфайли чеккан озоринг қўлингга қалам тутқаздими?!

Э, воҳ!

Сен суйдирдинг, аммо

Нега ҳеч кўзларим кулмаяпти?

Ёнимда эмаслигингдан…

Қароғимда учқунлаган Муҳаббатинг оловланса,

Олам ёнади!

Бахтни ҳис қилсам,

Ҳаммани бахтиёр қилишга уринаман…

Аммо йўқсан!

        29 октябрь,2020 йил

5

Кел…

Қалбим нурланиб кетсин!

Кел…

Юзим кулсин!

Кел…

Руҳимга куч инсин!

          30 октябрь, 2020 йил

6

Сен қанчалик узоқда бўлсанг ҳам,

Худди ёнимдадексан!

Нега биласанми?

Чунки қалбим-

Сенинг маконинг.

Учраша олмаган пайтимда ҳам,

Соғинганимда ҳам,

 Шу маконингдан сени ахтараман…

Ана чиройли табассуминг,

 Ана меҳрли нигоҳинг!

Барибир, золимсан!

Нега биласанми?

Соғинтирасан!

           2 ноябрь, 2020 йил

7

Мен сени ҳажрингда Қоврилиш учун эмас,

дийдоринг қошида Гуллаш-чун севдим!

Сени қаҳратон қиш деб эмас, Илиқ баҳор деб танладим!

Ғам-ғуссадан, фироқдан кўзёш тўкиш учун эмас,

Қувончдан порлаб туриш учун

Кўрди сени кўзларим!

Меҳрингни ҳис қилиш учун,

Муҳаббатингга эгалик қилиш учун,

Сенга кўнглимни бердим!

Сени севдим!

            24 ноябрь, 2020 йил

8

Сен бир  куйсан – руҳимнинг куйи!

              1 декабрь, 2020 йил   

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan