• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Mitti yulduz
«ДАРЁЛАРГА ҚУЙИЛАДИГАН ЖИЛҒАЛАР…» (Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ижодидан намуналар)

«ДАРЁЛАРГА ҚУЙИЛАДИГАН ЖИЛҒАЛАР…» (Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ижодидан намуналар)

Оллоҳёр ЭРКИНОВ

Эркин Воҳидовга 

Инсонлар, бир-бирин тилганда танин,

Оиласин сотса, сотса Ватанин.

Ахтариб қолишгач сўнг чорасини,

Адабиёт берар фойда – дейдилар.

Излаб шоирларнинг ҳар орасини,

Айтинг, Эркин Воҳид қайда? – дейдилар.

Ғийбатчи туҳматдан бошлаб кетса гар,

Севганинг “кечир“ деб ташлаб кетса гар.

Бу савдодан кўзинг ёшлаб кетса гар,

Энг бахтли одамлар бойда – дейдилар.

Бутлаш учун хаста дил порасини,

Айтинг, Эркин Воҳид қайда? – дейдилар.

Бизчи, осмонларда юрган шоирмиз,

Тушда унвонларни кўрган шоирмиз.

Маддоҳлик уйида турган шоирмиз,

Бизни кўриб бурни ойда – дейдилар.

Қумсаб қолишганда шеър сарасини,

Айтинг, Эркин Воҳид қайда? – дейдилар.

БЕГОНА РАҚАМ

Яна ёмғир қуяр, яна қуёш йўқ,

Лек қалбда умид бор, борлиққа ўхшаб.

Бирдан симқоққичим менга урар дўқ,

Ооо бегона рақам, наҳот бу ўша.

Гапира бошлайман унга шу асно,

“Ало, ҳа соғинчинг ўртади жонни.

Лекин бошқа овоз титранар: – Ало,

бу рақамимасми фалончихонни?

Унга адашганин айтаман маъюс,

Бемано қарайман нурсиз ҳаётга.

Ва аста у мендан кечганлигию,

Энди севмаслиги келади ёдга.

Яна ёмғир қуяр, яна қуёш йўқ,

Энди умид ҳам йўқ, йўқликка ўхшаб.

Бирдан симқоққичим яна урар дўқ,

Ооо бегона рақам, наҳот бу ўша.

Гулзода ЎРИНБОЕВА

* * *

Қафас қил, чиқолмай, Хайрли бўлсин!

Улушим бўлмасин, ҳатто сув берма.

Қанотим осмонни истаб яшасин,

Дардсизлик қийнасин, эрксизлик эмас.

Қафас қил, мосуво бўлай ҳар недан,  

ва учмам, қаршимдан чиқмасин тўсиқ.

Фақатки сўз айтгин,( эрк ҳақда эмас…)

Бир маним шевамга хос бўлсин.

Қафас қил, бузолмай йиғласин ғаним,

Талаб қўймай ва яшай ўлмай.

Биргина орзум бор, эй Сеҳрбозим,

Мен қуш бўлай, сен Одам бўлма…

Қафас қил, тутқунлик Хайрли бўлсин!

МУЖДА

Мен тонгни кутгандим…Интизор.

Бутун бир заминга бўлмасдан таслим.

Билмадим, негадир бугун ишқ эмас,

Хонамга югуриб кирмоқда таскин.

Мен тонгни кутгандим, ишонинг, ахир,

Туннинг оғирлиги тушди елкамга.

Осмонга тирмашсам бор дардим билан

Дунё силтаб ташлар хас эканманда.

Онамнинг кўз ёшин кўтаролмаган,

Эртагим, этаги, ҳатто кўз билан.

Мен тонгни кутгандим, ишонинг, рости,

Отамга айтилмай қолган сўз билан.

Мен тонгни кутяпман, бу охирги тун,

На армон, на дард бор бу кутишимда.

Лек ҳамон илинч бор бир мужда келиб,

Уйғотиб кетишга даҳшатли тушдан.

Мен тонгни кутяпман…

Муаттар МАМАТКАРИМОВА

* * *

Мен баҳордан яралганман тонгга интиқ,

Фақат бахтдан тўкилади кўзимдан ёш.

Бинафшаю бойчечакдан ифор олиб,

Менга исм қўйиб берди бобо қуёш.

Мен баҳордан яралганман, қонимда ишқ,

Аёз музин эритгувчи олов сўзман.

Фарзанд сўраб кўз ёш қилган онам учун

Ёшлигида “лайлак ташлаб кетган“ қизман.

…шундан бери ҳаёт оғир, етмас чидам,

Юрак хаста, дилим хаста, кўнглим ғариб.

Рост, чарчадим, гул умримнинг боғларидан

Гул ахтариб…

Мен баҳордан яралгандим. Қулаяпман!

Аёзларга бардош бермай, оҳ, ўртаниб.

Мен қишдан то кўкламгача омон қолдим

Ишқ ўраниб…

       Ишқ ўраниб …

ҲАДИК

Ота, нигоҳингиз берди тарбия,

Сиздек содда бўлиб боқдим борлиққа.

Сиз сабаб эгаман, фақат сиз сабаб,

Бу яхши қиз деган буюк ёрлиққа.

Ота, маҳаллада қаддингиз баланд,

Дейсиз: “менинг қизим шоир бўлмоқчи“

Ҳар гал кенг шаҳарга йўл олар пайтим

Менга ишончингиз бўларди соқчи.

Бугун ўн олтига чиқди қизингиз,

Кўнглимга ин солди севги-муҳаббат.

Дилимни ўртаса бу кўҳна туйғу

Отажон, мен сизни ўйладим фақат.

У севди, мен севдим, аммо бўлмади,

О, замин титради дил оҳимиздан.

Мен қўрқдим, у қўрқди, кечиринг, ота,

Муҳаббат қўрқмади нигоҳингиздан.

Аҳроржон ТЎХТАСИНОВ

* * *

Менинг умрим ишқдир борича,

Кўнглим ишққа очиқ дарича,

Одамларнинг айтишларича

Муҳаббатни билмас эмишман?!

Фақат ҳақни сўзловчи забон,

Якка ўзи учун қаҳрамон,

Кўкламсиз ҳам келган саратон,

Кузаксиз ҳам келолган қишман.

Кўзлар – йўлдан урмоқни золим

Ва сафарни қумсаб ҳаёлим,

Жаннатимдан йўлланма олиб

Сафар учун ерга келмишман.

Бирда борман, бирда ғойибман,

Садо келар тинсиз ғойибдан,

Инсоният талаби билан

Топилмишман, йўқотилмишман.

Айрилиқнинг кўринмас кўрки,

Кўз ёш билан қоришиқ кулги,

Неки бўлсам бўламан, чунки

Парвардигор истаган ишман. 

* * *

Муҳаббат не?

Билгувчим!

Маним бедор тунимдир,

Санинг безор тунингдир,

Муҳаббат отлик туйғу

Гоҳ санинг, гоҳ унингдир,

Гоҳ тунинг, гоҳ кунингдир.

Маним эрксизлигимдир,

Санинг ожизлигингдир,

Азизим, аслида бахт

Маним ёлғизлигимдир,

Санинг ёлғизлигингдир.

Муҳаббат бу суюнчи,

Оташ дилнинг куюнчи,

Олчи бўлолган ошиқ,

Қиморда пир ўйинчи,

Кейин нима, кейинчи…

Кўзи шабкўр камончи,

Ўроғи йўқ хирмончи,

Ҳеч ким билмасин, бироқ

Муҳаббат ғирт ёлғончи,

Муҳаббат ғирт ёлғончи.

У шунчаки ваъдабоз,

У шунчаки жўр овоз.

У шунчаки ўйноқи,

У шунчаки йиғлоқи.

У шунчаки ҳиссиз куз,

Шунчаки – сўнгги афсус…

Севара ЖАМОЛИДДИНОВА

* * *

На битта савол бор, на битта жавоб.

На битта инсон йўқ қўлдан тутгани.

Минг бир йил Худодан бахт сўраб- сўраб,

Сизга келганмидим унитулгани?

На бир аҳволим бор кулайин десам,

На бир қанотим бор, на шахдам қадам.

Бас! ортга қайтаман, миллион йил ортга,

Сиз мени унитиб яшанг шунда ҳам!

Энди на ҳаққим бор, на бир ҳуқуқим,

На бир имконим бор сизни кутгани.

Мен минг йил яшадим сизни унитиб,

Сиз ҳам минг йил яшанг унитилгани!

* * *

Осмон,тупроқ ўртада фироқ,

Коинотда катта чексизлик.

Тўлқин тутган мовий кўзингни,

Қирғоғида абадийсизлик.

Денгиз, булут ва яна сукут,

Елканимга тегди тенгсизлик.

Йўлларимни кенг очиб борар,

“Оқ кема“ ва фақат сенсизлик.

Исмоилжон ОДИЛОВ

УЧИНЧИ ОДАМ

Бугунми, эртами, вақтлими, кечми,

Босган қадамингдан эргашиб борсам.

Мен бахтли, у бахтли, бахтиёр кунда

Сенга нима бўлди учинчи одам?

Белингни қаттиқроқ боғламадингми?

Ё торлик қилдими Худонинг арши?

Иккига ажралган бир тақдир томон,

Югуриб борамиз қарама-қарши!

Ёдингда эмасми васият, ўтинч,

Бешикда қолдими онанг сўзлари.

Ё бевақт кўксингда синиб кетдими?

Меҳнаткаш отангнинг ёлворишлари.

Йўқ, қайтиб бўлмайди энди орқага,

Захмати улкандир ўн етти йилнинг.

Асли бу дунёда яшамоқ эмас,

Муҳимдир қандайин яшаганлигинг!

Ёз ўтди, куз ўтди, қиш баҳор ҳатто,

Бизни ёрлақади бешинчи фасл.

Баҳорий гулларнинг ишқидан кечиб,

Мен сени кузакда кутдим мутассил.

Иккинчи одамнинг парвоси ҳам ҳам йўқ,

Унга маъносиздир сўқирми,карми!

Одамлар дунёда яшаш учунми?

Ё яшаш одам чун яратилганми!?

Эсингдан чиқмасин сен борки, мен бор!

Йўқ хато қидирма севмаганимдан.

Кўзим нигоҳингга етмаган кунни,

Худога топширдим учинчи одам!

* * *

Мен на қушман, на бир булут, тош,

На хазонман кузга кўмилган.

На ошиқман битта қиз учун,

Севгисини эҳтиёт қилган.

Мен шамолман! Баётсиз, йўлсиз,

Бир қаноти ёмғирда чўккан.

Япроқларга этиб хиёнат,

Севгисини дарахтдан тўккан.

Яшаб келдим бамайлихотир,

Оқшомларда қаршилаб тонгни.

Мен илк бор туйган муҳаббат

Юрагимга қўшилиб ёнди.

Дарвоқе, ишқ менинг улфатим,

Севсам куяр, севмасам хароб.

Кечишсалар хандон кетаман,

Бошим оққан томонга қараб.

Мен булутман, ёмғирсиз булут,

На йиғиман бир кўзга тўлган.

На соқдиман битта қиз учун,

Юрагини эҳтиёт қилган!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan