• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ЙЎЛНИ МЕН БОШЛАЙМАН ҚАДАМ БОСМАСДАН…» – Одил ИКРОМ

«ЙЎЛНИ МЕН БОШЛАЙМАН ҚАДАМ БОСМАСДАН…» – Одил ИКРОМ

***

Хайр, агар сизни бошқа кўрмасам,
Сўнг бор қўлингизни қўлимга қўйинг.
Ўлсам, гуноҳимдан кечинг, ўлмасам,
Ўша гуноҳимни бўйнимга қўйинг.
Агар кўмган бўлсам сизни озорга,
Кўз ёшингиз янглиғ кетай тўкилиб.
Ўлсам, кўмилишим тайин мозорга,
Ўлмасам, хаёлга ётай кўмилиб.
Жавоб тополмадим битта жумбоққа…
Мени ўшал битта нодонга йўйинг.
Ўлсам, қўйинг, майли, қора тупроққа,
Ўлмасам, мени ўз ҳолимга қўйинг…

***

Қаерларда эдим…
Ўзимдан нари,
Кун кўрдимми сени кўрмаган кунсиз?
Қисматнинг бағри тош гўяндалари
Қадринг қабри узра йиғлади унсиз.
Кўнглимдан кўнглингга ахтармай дарча,
Толеим дарзига изладим ямоқ.
Офатдан ҳол сўрдим шармандаларча,
Жонинг зулматлардан сўрганда талоқ.
Менда ҳам бор эди толиблик таъби,
Бахтим – сендан кичик, ёшим – каттароқ.
Кундага бош қўйган гуноҳкор каби
Кимнинг жуфти эдим – тоқатлари тоқ?..
Ғафлат гирдобига чўкди дарёлар,
Хаёлинг мулкидан тониб кетди эрк.
Бошингдан бетиним кечди савдолар,
Гадонинг ризқига мўлтайган итдек.
Қуруқ туҳматларнинг этагидек нам –
Дилни тутқун этди тавқу тамғалар.
Осойиш тополмай ўтди ложарам,
Қорсиз қаҳратондай юпун лаҳзалар.
Огоҳлик уйғотар қўрқув, таҳлика,
Балокаш бардошга айланди боринг.
Эрмакдай туюлар иғво аҳлига,
Киприкка осилиб, чайқалган зоринг…
Қаерларда эдим…
Ўзимдан узоқ?
Бир таскин овутар озурда жонни:
Кўнглим саҳросида ўсган бир титроқ
Тоғдай кўтарилар…
Ўпар осмонни…

***

Кўзларинг чўғига беролмасман дош,
Зорим етар, аммо, етмайди зўрим.
Агар одам бўлсам, қоларман бебош,
Агар ошиқ бўлсам, қурийди шўрим.
Кўзларинг чўғидан ёришар ғулув,
Кўзингда акс этар ёришган само.
Номаҳрам ўт билан ўйнашади сув,
Тирик тупроқ билан олишар ҳаво.
Кўзларинг чўғини елпиб турар тонг,
Олачипор тунлар судралар базўр.
Шундай ярақлайди тандан чиқса жон,
Шундай чарақлайди нурга тўлса гўр.

ДУНЁНИНГ ТАГИ

Бир ёнда ғам, бир ёнда беғам,
Қон қонга, жон жонга қасд экан.
Жон қадрига етайин десам,
Куйган жоннинг қадри паст экан.

Мунофиқлар ёрнинг ишқидан
Маст бўлмаган майпараст экан.
Номи улуғ экан ризқидан,
Оҳангидан авжи паст экан.

Балогардон бўлмади ҳеч ким,
Чунки, бало забардаст экан.
Бу дунёнинг тагига етдим,
Бу дунёнинг таги паст экан

***

Қўлим очилмайди, ўлгунимча то
Сендан яширганим – ўша бир нарса.
Менинг бандалигим бўлгунча бажо,
Билмайсан.
Билмайсан, бу хаёл Искандарнинг ҳам
Қўлидан келмаган орзуси, ўйи.
Қўлимдан келади, ахир, азизам,
Қўлим очилганда – сочларинг бўйи.

Йўлим очилмайди, ўлгунимча то
Йўлимга сиғмаган битта қилдайсан.
Фолбинлар – ёлғончи, таъбирлар – хато,
Билмайсан.
Билмайсан, бир куни тумонат одам
Ортимдан эргашар шошиб-шошмасдан.
Йўлни мен бошлайман, ахир, азизам,
Йўлни мен бошлайман қадам босмасдан.

Кўзим очилмайди, бошқа одам у, –
Кўзин катта-катта очиб жилмайган.
Мен сендан бир дунё яширдим мангу,
Билмайсан.
Билмайсан, сен – дунё кўрмаган одам,
У – ғамгин юракнинг ёстиқдошлари.
Кўзимда яшайди, ахир, азизам,
Кўзимда – кўзингнинг ёшлари.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan