• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Bayt-ul shuaro
«Ё РАБКИ, ҲУСНИНГ МУЛКИДЕК ОБОД БЎЛ» – Алишер НАВОИЙ

«Ё РАБКИ, ҲУСНИНГ МУЛКИДЕК ОБОД БЎЛ» – Алишер НАВОИЙ

Кўнглунг истар ёрлар…

Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,
Мендин-у кимдинки, кўнглинг истамас, озод бўл.

Гарчи сабрим уйи янглиғ, айладинг вайрон мени,
Доимо, ё Рабки, ҳуснинг мулкидек обод бўл.
 
Мен чекиб андуҳ ўлай, эл жони бўлсун ул Масиҳ,
Соврул, эй чархи нигун, вей даҳри дун барбод бўл.

Бевафолар зулм-у бедодиға эрмассин ҳариф,
Эй синуқ кўнглум, агар худ шиша, гар пўлод бўл.

Туттум ўлмакдин тирилмак ҳажрида тенгдур манга,
Эмди гар бергил зилоли Хизр, агар жаллод бўл.

Чекма бошким, эмин эрмассен хазон яғмосидин,
Бу чаман ичра агар савсан, агар шамшод бўл.

Эй Навоий, олам аҳлиға чу йўқ эрмиш вафо,
Кел-у мундин нари бекаслик била мўътод бўл.

Не наво соз айлагай…

Не наво соз айлагай булбул гулистондин жудо,
Aйламас тўти такаллум шаккаристондин жудо.

Ул қуёш ҳажринда қўрқармен фалакни ўртагай,
Ҳар шарореким, бўлур бу ўтлуғ афғондин жудо.

Дема, ҳижронимда чекмайсен фиғон-у нола кўп,
Жисм айларму фиғон бўлған нафас жондин жудо?

Ҳажр ўлумдин талх эмиш, мундин сўнг, эй гардун, мени,
Aйлагил жондин жудо, қилғунча жонондин жудо.

Бўлса юз минг жоним ол, эй ҳажр, лекин қилмағил,
Ёрни мендин жудо ёхуд мени ондин жудо.

Васл аро парвона ўртанди ҳамоно билдиким,
Қилғудекдур субҳ ани шами шабистондин жудо.

Бу эгасиз ит бўлуб эрди Навоий ёрсиз,
Бўлмасун, ё рабки, ҳаргиз банда султондин жудо.

Қон ютиб умри жаҳон…

Қон ютуб умри жаҳон аҳлида бир ёр истадим…
Лекин ул камрак топилди, гарчи бисёр истадим.

Кимга ким жоним фидо айлаб соғиндим дам-бадам.
Эрмас эди ёрликда чун вафодор истадим.

Билмадим олам элида йўқтурур мутлақ вафо,
Ваҳки, умри улча ёқътир соғиниб ёр истадим.

Улки, топилмас башар жинсида ваҳ ғафлат кўрунг,
Ким пари хайлида мен девонаи зор истадим.

Сирри ишқимни кўнгул кўз бирла фош этмак не тонг,
Қалбу тардоманни мен чун соҳиб асрор истадим.

Шайх бирла хонақаҳдин чун ёруғлиқ толмадим,
Дайр пири хизматига кўйи хаммор истадим.

Эй Навоий, чун рафиқи топмадим, бу ғуссадин,
Ўзни бекаслик балосиға гирифтор истадим.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan