• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«БАРЧА ЁЗГАНЛАРИМ ЁҚИБ ЮБОРИЛСИН!»

«БАРЧА ЁЗГАНЛАРИМ ЁҚИБ ЮБОРИЛСИН!»

(Франс Кафканинг васияти)


Умрининг сўнгги кунларини оғир ҳолда Берлинда ўтказаётган Франс Кафкани яқин дўсти Макс Брод топиб олади. Шифокор Кафканинг аҳволи ёмонлигини ва уйига қайтиши кераклиги билдирганидан сўнг, Брод 1924 йилнинг 17 мартида дўстини Прагага олиб кетади.
Шундай қилиб, Кафка охирги марта ўз оиласи бағрига қайтади. Бироқ уни бу пайтда уйда даволашнинг имкони бўлмайди ва касални Вена шаҳри яқинидаги санаторияга ётқизадилар. Шароити жуда оғир бўлган бу санаторияда касалга тузукроқ қаралмайди ва ёзувчини усти очиқ машинада профессор Ҳаекнинг Венадаги университет клиникасига келтирадилар, апрелнинг ўрталарида эса Кафка шифокор Ҳофманнинг Кирлинг санаториясига ўтказилади. Умрининг сўнгги ҳафтасида гапиролмай қолган ёзувчи ёнида туриб куйинаётган одамлар билан қоғоз-қаламда суҳбатлашишга мажбур бўлади. Энг оғир вазиятда ҳам юморни яхши кўрадиган Кафка шифокорга шундай дейди: “Доктор, мени ажалдан қутқарманг, акс ҳолда сиз қотилга айланасиз”.
Брод сўнгги марта у билан 1924 йилнинг майида учрашади, 3 июн санасида эса Кафка кўзларини абадийга юмар экан ёнида содиқ дўстлари Дора Диямонт ва Роберт Клопшток бўлишади.
Буюк сўз санъаткорининг ўлими адабиёт оламида чуқур қайғу ва алам билан кутиб олинади. 1924 йил М. Есенская газеталаридан бирида чоп қилинган мақола Кафка ўлими ҳақидаги ягона факт ҳисобланади. 1952 йилда олмон журналисти Вилли Ҳаас Кафканинг Миленияга ёзган матубларини нашр қилдиради. Китобга ёзилган сўзбошида Ҳааснинг айтишича, бу мактублар Кафка ёзган хатларнинг энг самимийси, энг яхшиси эди. Фақат бир йилдан сўнг – 1925 йилда Брод “Қурилиш” романини нашр қилдириш ила Кафканинг номини келажак авлодга мерос қолдиради. Бироқ, бу ишни қилиш орқали Брод ёзувчининг васияти айнан унга аталганини ва тан олинмаган икки қайдни (тадқиқотчилар бу қайдлардан биринчисини 1920 йилда, кейингиси эса 1922-23 йилларга оидлигини иддао этадилар; Брод ҳар икки қайдни “Қурилиш” романига ёзилган сўзбошида бериб ўтган) инкор қилган. Кафканинг бу икки маълум қайдини эндиликда бир қадар ғалати ҳолда “васият” деб атасалар-да, аслида ёзувчи ҳеч қандай расмий васият қолдирмаган. Шуниси аниқки, китоб чоп қилинишидан олдин ёзувчининг ёзув машинкаси устидаги қоғозлар орасидан Макс Бродга аталган тушунарсиз ёзувли шундай бир мактуб топилади:
“Қадрдоним Макс, энг сўнгги истагимни эшит: менинг меросим (янги китоб жавонимми, ёзув машинкамми, уйда, ижодхонада, дафтарда, ёхуд сен билган ва кўзинг тушган ҳар қандай жойдаги нарсалар) кундаликлар, қўлёзмалар, ўзимнинг ва ўзгалар каминага ёзган мактублар, расмлар, борингки нимаки топилса, ҳамма-ҳаммасининг йўқ қилинишини хоҳлардим. Ёзганларим, қораламаларим, ёхуд сенда нимаки бўлса барчасини сўзсиз ёқиб юборишинг лозим, бошқаларда бўлганлари ҳам ёниши шарт. Мактубларни сенга беришдан бош тортганлар заҳмат чекиб ўзлари бу ишни қилишсин!”
Бироздан сўнг эса сариқ қоғозга оддий қаламда ёзилган яна бир матн – “васият” топилади.

ВАСИЯТ


Қадрдоним Макс, бугун ёки бу яқин орада ётган тўшагимдан туролмасам керак, бир ой давомида оғир ётганим, сўнгсиз юрак оғриқларидан кейин жигаримнинг тамомила чириб битганини эсласам… Ҳатто, бу борада ёзишнинг ўзи ҳам жуда оғриқли қаламнинг кучи, балки бунга ожиздир.
Бироқ, диққат билан тингла, шундай оғир вазиятда ҳам шу пайтгача ёзганларим ҳақида васиятим шу! Ёзганларимдан фақат шулар энг яхшилари: “Ҳукм”, “Очлик устаси”, “Эврилиш”, “Жазо колониясида”, “Шаҳар ҳокими” (“Жараён”нинг бир неча нусҳаси, майли қолсин) уларни йўқ қилмоқ учун ҳеч кимга озор беришни истамайман, бу китобларнинг ҳеч бири қайта чоп қилинмасин. Фақат шу бештасини яхши китоб дея санадим, бунинг билан ҳеч ҳам уларни такрор нашр қилиш ва келажак авлодга сақлаб қўйиш керак демоқчи эмасман албатта, аксинча, агар улар умуманмавжуд бўлмаганда эди, бу камина истаган асл ният бўларди. Аммо, бахтга қарши улар мавжуд, шунчаки уларни асраб қўймоқ истагидаги одамларга юк бўлишни истамайман.
Қолган барча битикларим (газеталарда чоп этилганлари, қўлёзмалар-у мактублар) ҳеч бир қаршиликсиз ёндирилмоғини истайман; уларнинг ҳаммаси ўз хоҳишим билан, илтимосла – ниманинг баҳонасида бўлса-да жўнатилган манзилларидан қайтиб олиниши (манзилларнинг кўпини ўзинг яхши биласан, сўз… (Фелитса Баувер назарда тутилмоқда) ҳақида бормоқда, алалҳусус …да (Милена Есенская назарда тутилмоқда) бўлган бир неча хатларни ҳам асло унутма) ва ҳеч бир истисносиз ёндирилиши керак; ўқимасдан (уларга кўз ташлашни маслаҳат бермайман, аммо бир кўз ташласанг дердим, ҳар ҳолда бундан кейин сендан бошқа биров уларни кўриши амримаҳол), – қаршиликсиз ҳаммаси ёқиб юборасан, ишонаманки буни мумкин қадар тез бажарасан.


Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan