• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«ОРАЛИҚ» (Эпифания) – Маъруф МЕНГЛИ

«ОРАЛИҚ» (Эпифания) – Маъруф МЕНГЛИ

– Ҳали ярим тун бўлгани йўқ! Қуёшнинг ботгани ҳам ёлғон. Игна тешигидан тушгулик нур ҳам қолмаганига сираям ишонмайман. Бунинг ҳамммаси уйдирма. Чарчадим. Шу сабабли ўзим яратган тунни ўзим инкор қилолмай гаранг бўляпман. Жиддий ўйлаб қараганда тун бугун эмас, у ўтган кечаги кун эди. Кечаги кун эса, куз шамолида соврилган япроқ сингари манзилсиз бир томонга кетиб қолган. Ахир кун бўйи тун бўлиши мумкин эмас. Ақлга сиғдириб бўлмас даражада мантиқсизлик.

Эрта тонг олтиндай товланаётга қуёш менга нигоҳини қадаб, тушларимдан тушларимга кўчиб юрган жиловсиз ўйларимга ёруғлик олиб киради. Тўрт девор оралиғида сиқилган миллионлаб ҳаёлларим сарҳадларидан ошиб чеки кўринмас томонларга ёйилиб мени тарк этади. Ва мен энди ўйсиз, фикрисиз, тушсиз қолдим. Кўзим ўнгида қиличдай ўткир нурлари ила қалбимга кириб олган офтоб кучидан мен ҳеч нарса, ҳеч ким ҳақида ўйламайдиган бўлдим. Қайтадан туғилгандай ҳис қилдим ўзимни. Ўйсиз бўшаб қолган ичимдаги бўшлиқ энди фақат нур билан тўлади. Бошини тупроқдан узиб қаддини баланд қилган ниҳол энди қалбим зиёсидан ранг олади. Ҳа, айнан шундай бўлади. Энди ёмғир ёғмайди, энди шамол эсмайди. Энди барк ёзган ниҳол мунаввар кундан баҳра олади. Қуёшнинг иссиқ нурида тобланган қалбим билан минг йил яшаш истагида қарор қабул қиламан.

* * *

Дунёни бўлишиш, эгилмас руҳларни синдириш, қон сачратаётган кескир қилични чангаллаб одамга хужум қилиш ва унинг қони билан дарёни тўлдириш истаги пок дилимга болта урган ва қуёшсиз қолдирган энг даҳшатли қурол бўлди.

Узоқ чалинган нара жангга чорлаётганди. Онамга ёлвордим: мени қутқар! Сен берган меҳр важоҳатга айланиб томирларимда ёвузлик оқишини асло, асло истамайман, Она! Агар кетсам, сенга қайтишга йўл ёпилади – бу мен кетганда ва сочимга одам қони текканда бошланади. Шунда ҳамма нарсани батамом унутиб қўяман: Сен ҳақдаги пок ҳаёллар ҳам мени бошқа асрай олмай қолади. Қўрқяпман… Ўлимдан ҳам даҳшатлироқ кучдан қўрқяпман… Намозинг сўнгидаги дуода мени йўқламай қўйсангчи… Ўзим тирик бўла туриб, қабрим бошида турсангу “Болам” деб йиғламай қўйсангчи…  Индамайсан. Ҳаммасини ўзимга қўйиб берасан. “Бор, ўзинг билан кураш!”, дейсан. Қўлим қалтирайди. Тириклигимдан қўрқаман.

Мени кимдир секин-секин ҳазм қилаётгандай туйилади. Оқибатда давосиз дардга бутун вужудим таслим бўлади. Шунда миям нималар биландир тўла бошлайди. Ҳа, яна ўйлай бошлайман. Фикрлйман. Ичим эса борган сари тўлиб боради. Томирларимда руҳимдай мусаффо қоним энди қизил рангга айланди. Ўз ўзимни енгмоқ истагида борса келмас, охири кўринмас номаълумлик томон боравераман. Кўзига қон тўлган, ўлим шарпалари билан ўйин ўйнаётган мижғов жангчилардан нафратланиш ва бор кучим билан чакка томирларим бўртгудай қичқириб, уларнинг миясига тиғ санчиш пайида тошданда қаттиқ қотиб қуёшга панжа босгудай оломон орасига шўнғиб кетаман. Энди билдим: мен энди қайтиб бўлмас даражада ичимга ичкарилаб кетибман.

Ичимда Буюк Куч учун кураш бошланганди.

Энди қуёшга қайтиш, уни ўйлаш сувсиз қолган ўзандай кўмилиб йўқ бўлиб борарди.

* * *

Китобни ёпиш ёки бошқа саҳифани очиш керак, шунда тушунуксиз, алғов-далғов ўйлардан қутилиш мумкин. Йиллар аро оламни титритган уруш ниҳоят китоб тугагани сингари якун топти. Бу орада ҳам кучдан, ҳам ўзлигимдан мосуво бўлдим. Тобора ўтмаслашаётган руҳим мана барини унутяпти. Буюк урушдан на ном, на нишон қолди. Фақат миллионлаб жасадлар кўмилмай ҳар ёқда сочилиб ётарди. Одамларга қўшилиб уларнинг цивилизацияси, илмлари, дунёни забт қилган техникалари ва уларни боқиб турган табиат бутунлай фалокатга юз тутди. Ер сайёраси ўлими яқин чолдай мункиллаб қолган эди. Заминда на ҳайвон, на бир зоғ қолди. Ҳамма мавжудот ўлди. Онам ҳам…

Мен эса ҳамон тирикман ва бошим узра учиб мени ҳам жон таслим қилишимни кутаётган қузғун ҳам. У ёнимга қўнади. Унинг нигоҳида алланечук мазаҳ бор эди. Нимага келдинг, дейман унга. Сен қачон ўласан, дейд у. Мен ҳали ўлмаслигимни бўлмаслигимни, аввал унинг жонини олишимни айтаман. Қузғун устимдан кулади.

У билан бир хил ўйлай бошлаймиз ва взоқ суҳбатлашамиз – уруш ҳақида. Чеки кўринмас йўл ҳақида. Бу йўл қаерга, нимага олиб боришини тахмин қиламиз, холос.

Унинг фикрича мен тирик қолишим мўжиза эмиш. Ва яна кимдир ўлмаган, дейди. Биргаликда учинчи тирик жонни қидирамиз. Биздан унча узоқ бўлмаган жойда ўша биз қидирган учинчи жон тиззалаб ўтириб бошини эгиб олган. Фақат йиғлайди. Йиғлагани йиғлаган. Унга нимадир дейишни ҳам, нима деб чақиришни ҳам билмаймиз. Кўз ёшлари чирий бошлаган жасад устига томади. Осмонга бир қарайдию чуқур нафас олади.

Унинг кимлигини қузғундан сўрайман. Одам эмас, дейди. Одам бўлмаса ким? Янги мавжудотми? Мукаммал яралувчи шуми? Наҳотки? У ҳам йиғлар эканда?…

Қузғун бақириб кулади. Ахир охирги одамнинг жони узилдику, дейди. Ҳа, чиндан сўнги одам ҳозиргина ўлди. Фожиа. Энди бошқа фожиа, бошқа хато бўлмайди. Энди фақат музаффарият! Энди фақат олға! Янги дунё эгалари, янги цивилизация асочилари дунё яратади!

Шошма… Охирги одам жон берган бўлса, унда мен кимман? Менинг одам эмаслигимга ким далил келтиради? Ахир танамда жоним бор, яшаяпман. Одам сингари ўйлайман, одам сингари танам бор. Нега унда мен одам эмасман?! Ким мени одам қаторидан чиқарди?! Бунга ким журат қилди. Қани, айтчи?! Сен қузғунсан. Одам гўштини ҳам ейсан. Тубанлашиб кетгансан. Аммо қузғунсан. Нега?… Нега сени қузғунлар қаторидан чиқариб ташлашмади?… Индамайсан.

Қойил. Демак, энди мен янги дунё яратаман. Янги одам, янги ой, янги сув, янги ер, янги қуёшни яратман. Ва мен якка мутлоқ ҳукумдор бўламан. Мен одамман, ишон. Янги оламимда, Одамман. Худо мени яратди, Сени ҳам. Аммо сен қузғун бўлиб яратилгансан, мен эса одам – одамга ўхшаш одам. Мен буюк куч эгасиман. Мен Буюкман. Янги цивилизацияга асос соламан. Унда сен авлодларинг билан менга қул бўласан. Менга тазим қиласан. Мен ва менинг зурриёдларим одам эмас, ҳам ақлан, ҳам жисмонан ундан кучли бўлади.

Ҳой, менга қара, нега йиғлайверасан? Ўликларнинг ҳар биттасига шунча йиғласанг, адо бўлсанку. Кел, яхшиси сенга ёрдам бераман… Сени шулар қаторига қўшиб қўяман… Менга ундай қарама, шунда сенга осон бўлади, рост айтяпман. Битта ўзинг бу ерда нима қиласан? Мен… мени вақти соатим бор, қузғун шундай деган.

У тўхтамасдан йиғларди. Куюнма. Бу жасадларни кўмиш керак. Менга ёрдамлаш.

Миллионта ўликкни сиғдириш учун бу четидан у чети зўрға кўринадиган ернинг нариги ёғидан тешиб чиққудай гўр қазидик. Ҳамма жасадларни кўмдик. Бир уюм тупроққа қабр тоши ўрнатишга ўрнатдигу, аммо унга нима деб ёзишни билмадик. Анча ўйга толдик. Бу ерда ота ва болалар ётибди, деб ёздик. Анча енгил тортдик.

Қузғун энди учишни ташлади. Қолган қутган емиш дардида сарсон эди. Иккаламизга бир нима демоқчи бўладию лекин индамайди. Бир қараб хўрсинади. Очликдан мадорсизланади.  

Қани менга айтчи, бир-биримиздан фарқимиз нимада? Сенинг устунлигинг ё ожизлигинг нимада? Мендан кучлимисан?… У индамади. Иккимиздан биримиз биримизга бўйсунишимиз керак, ахир. Билмадим, миямга қаердандир шу фикр келди. Буни аниқ биламан, мен сенга бўйин эгмайман. Бундан келиб чиқадики, сен менга қул бўласан. Ниманингдир саси эшитиляпти. Мендан эмас, шовқин сендан эшитиляпти. Демак, сен розисан?

Кенг бўшлиқ ичидан эриб бораётгандайман.

Сен ҳам жангда бўлгансан!!! Одамларни сен қиргансан! Мен сени мавҳ этаман. Сендан инсониятнинг ўчини оламан. Миллиарт йилдан сўнг биринчи одам пайдо бўлганда мен олган қасос учун ўзи, ҳам авлоди қарздор бўлади. Шунда мени илоҳийлаштиришади. Тош ҳайкалимни ясаб, менга сиғинишади.

Қузғун бир фалокат бўлишини сезиб биздан узоқлашади. Қилтириқ оёқларини чаққонлик билан пилдиратиб ҳаёжон билан биздан кўзини узмай қараб туради. Бақириқ, муросасиз олишув ҳар иккаламизни ҳам еб боради. Сени таслим қилишим, аниқроғи йўқ қилишим керак. Сен ҳам худди шу ҳақда ўйлаяпсан.

Тўхта! Агар мен ҳалок бўлсам нима бўлади, шу ҳақда ўйладингми? Бу на сендан, на одамдан нишон қолмайди, деганику. Йўқ, мен қўрққанимдан айтаётганим йўқ.

Менда руҳ бор, мен ўйлашни биламан. Одам мендан тарқаса меҳр-оқибатли бўлишига ишонаман. Шунда улар буюклик сари боришади. Жарликка тортаётган тубанликдан, ўлимдан баланд туришади. Уларнинг ичида оппоқ, кичкина мавжудот бўлади. Уларни тўғри йўлга бошлаб, доим ғуборсиз бўлишга ундашади. Мана мен яратган олам қандай бўлади. Касалликсиз олам соғлом руҳни туғиб бораверади.

Дунёни кўзсиз кўраётган, иккита миясига ўзи ҳам чўкиб кетган ва абадий тириклик жазосини олган янги макон эгалари ғолиблиги ва туйғусизлиги уларни мукаммалшатириб бораверади. Менинг руҳим умрини яшаб бўлди. Сен ғолибсан. Дунё сеники! Ол уни! Билганингча яша. Шуни унутма: Сен бошланса туганмас оғриққа, ботса отмас тонгга томон кетиб боряпсан. Мен сенга тўсиқ эдим, онанг юборган тўсиқ эдим. Мени енгдинг…

Қузғун ўлаётган мавжудотни тинглаб, менга ва унга қарайди. Ўйлайди. Ким ҳақ? Ким тўғри гапиряпти, кимнинг гапига қўшилиш мумкин? Мен тараф бўлишга интилади. Иккиланади. Орқасига ўгирилиб учиб кетмоқчи бўлади, учолмайди. Аммо учишни жуда истайди. У тушинадики учишини бугунгидай кучли истак билан ҳис этмаган. Мен уни чақираман. Сен ҳал қил, кимни танлайсан, дейман. Сен ким томон бўлсанг, икки куч бир кучни енга олади. Иккимиз ҳам сенинг ёрдаминга муҳтожмиз. Гапир!

Қузғун қўрқиб кетади. Гоҳ менга, гоҳ унга, гоҳ янги қабр тошга қарайди. Нимадир демоқчи бўлади, деёлмайди. Фикри тарқоқлигидан қийналади. Рақибим уни қистайди.

Кутганимдай қузғун мени танлайди. Иккаламиз унга ҳужум қиламиз. У ҳалок бўлади…

Қузғун уни кўмишнинг кераги йўқлигини ва уёқ-буёқда айланиб келишимни сўрайди. Унга раҳмат айтиб, қаёққадир кетаман.

Ҳали ярим тун бўлгани йўқ. Йўл ҳам поёнига етмади. Фақат руҳимдаги тарқоқлик ҳалигача тугамади. Бугун на кеч, на кундуз. Антиқа бир ҳол. Менмимча қуёш портлаган бўлса керак. Ҳар ёқдаги ялтироқ нимарсалар айнан қуёшнинг синиқлари бўлса керак.

Денгизнинг ҳайқириғи баралла эшитилади. Бирдан эмас, секин-секин қўрқув уйғотади. Уммон булут сингари фалакни зич эгаллайди. Ёмғир ёғмайди. Бу ерда ёмғирнинг ўзи йўқ. Одимлаганим сайин тўрт тарафимдан сув девори шиддат билан бостириб келаверади. Мен буни аввалдан сезганимдай турган жойимдан силжимайман. Ўзимга раҳмим келади. Жуда-жуда ожизлигимни мана бугун ҳис этаман. Кўзим тугул дилимда ёш айланади. Мен ортга қайтиб бўлмас йўлда қайтишни истамай гуноҳлар юкида ўзимни аранг тутиб туриб ҳам руҳим дарс кетганига, қора тун ичимга ўрмалаб кетганига ва мен энди Онамни буткул унутганимга ишонмай қўлимни баланд кўтараман. Ичимдан ҳайқириқ отилиб чиқади. Буюк имперянинг ҳоли энди менсиз нима бўлиши ҳақида ўйлайман… Абадий яшаш сири аслида ёлғон экан… Мен энди фожианинг ўзи бўлиб ўзимни ҳалок қиляпман. Оламни зир титратган эдим. Қиличдай кескир руҳим дарс кетди.

…Эгилдим… Хато қилганимни англадим.

Чўкяпман!

Қузғун, менга ёрдам бер?!

Даҳшат!

Ўлимни бўйнимга олиш осон бўлмади. Қузғун дом-дараксиз ғойиб бўлди. Шу билан уни унутишга, ўлим, тўфон ҳақида, денгиз қарида азоб тортаётганимда уммон юзидан сузиб ўтаётган ҳақида ўйламасликка урундим. 

Ким билан минг йил тортишдим, ким билан ва нима билан жанг қилдим?… Йўқ нарсалар билан бўлмоғур ўйлар ўйладим. Мен ўзгарганим йўқ, мен ўзгармайман. Бундан афсусланмайман ё қувонмайман. Ҳа, шунақаман…

Яна ўйлай бошляпман. Ўйламайман дедиму яна шунча ўйлаб қўйдим. Тугатиш керак, менинг тубан ўйларимни. Мендан юз ўгираётган ҳаёллар мени чегарасиз бўшлиққа улоқтириб кетади. Шундай бўлгани маъқул. Мен ёлғиз қолсам камроқ яшайман, камроқ ўйлайман. Ва унутаман – ўзимни ҳам, сени ҳам. Ўзимку майли, сени унутиш менга олий қувонч бағишлайди. Яккалигимдан оҳанграбога эргашгим келади. Бу узун йўл. Мени ҳамон чорлаб турадиган, чексиз ва ҳадсиз йўл. Қадамлар остида фахр этадиган йўл мени чорлайди.

Янглишмаяпман! Бу аниқ.

Ҳали ярим тун бўлагани йўқ. Ишонмайман. Кеча тун эди. Бугун кундуз бўлиши керак.

Фикримдан қайтаришга урунманг. Барибир тан олмайман. Кун билан тун орасида нима бор? Ўша мен излаётган ҳаёт бор. Кўп ёруғ бўлмаган, кўп қоронғу ҳам бўлмаган ҳаёт бор.

Сиз ярим тун бўлди деяпсиз. Қузғун ҳайратланиб сўзларимни инкор қилиб, сен қуёшни кўрганмисан, деганди. Қуёш чиқадими, у қанақа дейишдан чарчамасди. Сиз ҳам қуёш қанақалигини биласизми… У худди ойга ўхшайди.

Толиқдим.

…бугун тунми? Айтинг??? Бугун қоронғуми? Нега индамайсиз… Жавоб берсангизчи?!…

Индамаяпсиз. Демак, бугун тун.

…Менга қуёшни топиб беринг!!! Топинг!

Эй Худо, ўзинг кечир…

                                               ТАМОМ!

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan