• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Tarjima minbari
«БЕВА МОНТЕЛ» – Габриэль Гарсия МАРКЕС

«БЕВА МОНТЕЛ» – Габриэль Гарсия МАРКЕС

Ҳикоя

Хосе Монтел қазо қилганида, унинг бевасидан бўлак ҳамма ўзларини хуни олинган ҳис қилишди; шундай бўлсада, унинг қазо топганига одамларнинг росмана имон келтиришлари учун соатлар зарур бўлди. Ловуллаган иссиқдан димиққан хонадаги, силлиқланган сарғиш улкан қовуни эслатувчи тобутда бошига болишга қўйиб, зиғир толали чойшабга ўралган Монтел мурдасини кўрганларида кейин ҳам ҳатто, кўпчилик унинг ўлимига шубҳа қиларди. Соқоллари қиртишлаб олингани, оқ костюм, амиркони туфлилар кийгизилганига кўз ташлаб тирик, деб ўйлаш ҳеч гап эмасди. Якшанбаларда соат саккиздан ибодат тинглайдиган фақат эндиликда қўлларида хивчин ўрнига хоч тутган бу ўша Хосе Монтел эди. Тобут қопоғини маҳкамлаб, сулола ҳашаматли даҳмасига жойлаштиришгачгина, ниҳоят барча шаҳарликлар дон Хосе Монтел ўзини ўликка солиб ётмаганига ишондилар.       

Дафн маросимидан сўнг бевасидан бошқа ҳамма Хосе Монтел ўз қазоси билан ўлганлигидан ҳайратга тушишда давом этишди. Одамлар уни хилватдан орқасига отилган ўқдан ўлиш пешонасига битилганлигига имон келтиришар, аммо хотини уни кексайиб, аллақайси замонавий авлиёлардек тўшакда истиғфор келтирганча, жимгина қазо топишига доим ишонарди. У айрим майда-чуйда тафсилотларидагина янглишганди холос. Хосе Монтелга бутунлай зарарли ҳисобланган дабдурустдан тутоқиб қолиши оқибатида, чоршанба кунининг иккинчи ярми, соат иккиларда гамакда жони узилганди. Шунингдек, хотини даф маросимига бутун шаҳарча аҳолиси ташриф этиб, уйда гулларни қўйишга жой топилмай қолишидан хавотирланганди. Оқибатда эса унинг фирқадошлари-ю, черков арбобларигина ҳозир бўлишиб, гулчамбар биргина маҳаллий бошқарув идорасидангина юборилди холос. Германияда консуллик мартабасидаги ўғли ва Парижда яшаётган икки нафар қизлари, ҳар бири уч саҳифалик телеграмма жўнатишди. Йигирма доллар баҳосига тенг сўзларни топиб, анчагина қоғозларни мижиқлашгани, почта бўлимида тик турганча, оддий сиёҳда битишгани телеграммалардан шундоққина сезилиб турарди. Ҳеч қайси бири ташриф буюришни ваъда қилмаганди. Дафндан сўнгги кеча олтмиш икки ёшли бева Монтел, бундан аввал уни бахтли этган маййитнинг боши тин олган ёстиқни қучиб, ҳўнграб йиғларкан, илк бора чорасизлик нелигини англаб етди. “Умрбод хонадан чиқмайман, – ўйларди у. – Мени шундоғам Хосе Монтел билан бирга қабрга қўйишгандек. Бошқа, бу ёруғ олам ҳақида эшитишни ҳам истамайман”. Унинг хаёллари самимий эди. 

У шу вақтгача чинаккам ҳаёт билан сира рўбарў келмаган, ўн метрдан ортиқ яқинига йўлатмай, йигирма ёшида ота-онаси инон-ихтиёри билан биринчи оғиз солганга турмушга чиққан, жон-дили билан ирим-чиримларга муккасидан кетган нозиккина жувон эди.   

У эрининг маййитини чиқаришганларига уч кун ўтиб, гарчи тинмай кўзёш тўкаётган бўлсада, ниманидир ўзгартириш зарурлигини тушуниб етди; бироқ энди унинг ҳаёти қайси оқимда давом этишида бир тўхтамга келолмасди. Барчасини бошдан бошлашга тўғри келарди.

Хосе Монтел ўзи билан қабрига олиб кетган сон-саноқсиз сирларидан яна бири унинг сейфини очишдаги махфий сонлар монандлигини аниқлаш бўлиб чиқди. Бу муаммони ечиш билан полиция маҳкамаси бошлиғи шуғулланди. У сейфни пешайвонга олиб чиқиб, девор тагига қўйишни буюрди ва икки нафар полициячилар қулфга милтиқ оғзини тақаб ота бошлашди; бутун тонг бўйи беванинг ётоқхонасига маҳкама бошлиғининг баланд овоздаги буйруқлари аралаш бўғиқ ўқ овозлари эшитилиб турди. “Фақат шуниси камлик қилаётганди, – хаёлидан ўтказди у,  – беш йил муттасил отишмалар тугашини тангридан илтижо қилиб, ҳозир эса уйимда ўқ узишаётганларига шукур қилишим қолганди”. Ўша куниёқ фикрини жамлашга уриниб, ўзига ўлим тилашга тушди, аммо ижобат бўлмади. Беванинг эндигина кўзи илинганда гумбурлаш оқибатида уй силкиниб кетди: сейфни очиш учун динамитдан фойдаланишга тўғри келганди.    

Бева Монтел чуқур тин олди. Октябрнинг ёмғирлари-ю, шилтиллаган лойлгарчиликларининг поёни кўринмас ва у эндиликда инқирозга юз тутган Хосе Монтел мисилсиз ер-мулкини узра бошвоқсиз ҳам ғилдираксиз аравада сузаётганини ҳис этиб, адойи-тамом бўлганини сезди. Ер-мулк бошқарувини қартайиб қолган оила хизматкори софдил сенор Кармайкл зиммасига олди. Бева Монтел ниҳоятки, эри ўлганига тан бериб, ҳақиқат юзига тик боқишга куч топгач, хонасидан чиқиб, уй юмушларига уринди. У кўзни қувонтирадиган нима бўлса барини қорасини ўчирди, жиҳозларга қора ғилоф кийгазди, марҳумнинг девордага суратларига мотам боғичларини тақди. Дафн маросимидан икки ой ўтгач, тирноқларини кемиришни одатга айлантирди. Бир куни (эндиликда унинг кўзлари доимо қизариб ва шишиб кетган бўларди) бева сенор Кармайклни соябонни ёпмасдан уйга кираётганини кўриб қолди. 

– Сенор Кармайкл соявонинггизни ёпсангизчи, – деди у. – бошимизга тушган шунча балолардан сўнг сизнинг соявонни ёпмасдан уйга киришингиз етмай турувиди.

Сенор Кармайкл соябонни ёпмасдан бурчакка қўйди. У кекса ҳабаш бўлиб, тим қора териси йилтиллар, эгнига оқ тусли костюм кийган, оёқ қадоқларни эзиб қўймаслиги учун пичоқда туфлиларида тешиклар қирқилганди.

– Шундай турса тезроқ қурийди.

Бева эри қазо қилгандан буён илк бор деразаларни очди.

– Шунча бало-қазолар, қўшимчасига яна бу қиш, – шивирлади у тирноқларини ғажилаб. – Афтидан ёмғир сира тинадиганга ўхшамайди.

– Ҳар қалай бугун, ё эртага эмас, – деди иш бошқарувчи. – Ўтган оқшомда қадоқлар кўз юмдирмади. 

Бева Монтел сенор Кармайклнинг қадоқлари об-ҳаво ҳодисаларини башорат қила олишига шубҳа қилмасди. У шаҳарнинг кимсасиз ва катта бўлмаган майдонига, эгалари Хосе Монтел дафн маросимига кўз ташлаш учунгина ҳам эшикларини очмаган тилсиз сукутдаги уйларга кўз қирини ташларкан, тирноқлари, бепоён ерлар ва ҳеч қачон тартибга келтира олмайдиган эридан мерос ҳисобсиз мажбуриятлар, уни чорасизликнинг сўнги соҳилига етаклаб келагини англади.       

– Нақадар мудҳиш бу ёруғ олам! – ингради у ўпкаси тўлиб.

Ўша кунларда бевадан ҳол сўрагани келганлар, уни эс-ҳушидан айрилган хаёл қилишлари учун анча имкон яратганди. Аслида унинг идроки ҳеч қачон ҳозиргидай тиниқ бўлмаганди. Сиёсий ёрлиқлар билан оммавий қирғинлар ҳали янгидан бошланмаган бир пайтларда, у омонотини топширганларга ич-эти ачиб, Яратган еттинчи кунни ҳордиқни ихтиёр этмаганда оламни янада мукаммал яратишига Унинг имкони бўлган бўларди, деган ўйга чўмиб, хонаси деразаси олдида ўтирганча октябрнинг булутли тонгларини кузатарди.   

– Унга ўша кунни истифода қилмоқлик лозим эди, ўшанда дунёнинг бир камлиги бўлмаган бўларди – дерди у. – Охир оқибат ҳордиқ учун Унга бутун бир абадият қолаётган эди.

Эри қазо қилгандан бери ягона-бир: у тирик бўлган бурунги турмушида қайғули ўйлар учун истаганча важ топилганини мустасно қилмаганда, ҳеч нарса ўзгармаганди.

Бева Монтел умидсизликда ич-этини еб сўлиб бораётган бир пайтда сенор Кармайкл фожиани олдини олишга уринарди. Ишларнинг пачаваси чиққанди. Зўровонлик билан бутун округда савдо-сотиқни қўлга киритиб, яккаҳокимликни ўрнатган Хосе Монтел қошидаги қурқувдан озод бўлган шаҳар интиқом олаётганди. Пешайвонда қалашиб кетган хумларда ачиган сут, мешлардаги бижғиган асал ва нимқоронғу омбор тахларида қуртлар ғужлашиб кемираётган пишлоқлар қорасини кўрсатмаётган харидорларни кутарди. Электр чироқлари билан ёритилган ва мармар тошли даҳмадаги фаришталар қуршовида ётган Хосе Монтел олти йиллик бошбошдоқлик ҳам қирғинлар учун энди аталган насибасини олганди. Мамлакат тарихида ҳеч кимга қисқа вақт оралиғида бу қадар бойиб кетиш насиб қилмаганди.

Шаҳарчага яккаҳокимлик сиёсати томонидан полиция маҳкамасига тайинланган илк бошлиқ келгунича, Хосе Монтел шу вақтгача ҳукмрон бўлган барча идора усулларининг эҳтиёткор тарафдори бўлиб, жувозхонаси эшиги олдида бир калта иштонда ўтирганча кунларини ўтказарди. Бир вақтлар уни биринчидан омадли, иккинчидан тақводор бўлгани учун ҳам одам қаторига қўшишганди ҳам, негаки у ҳаммага овоза этиб, мобода лотереяда ютуқ чиқса адаши авлиё Иосифнинг одам бўйи баравар ҳайкалини черковга ҳадя этишини ваъда қилганди. Икки ҳафта ўтиб, олти карралик ютуққа эга бўлган Монтел лафзига вафо қилди.

Полиция маҳкамаси янги бошлиғи, мухолифатни таг-туги билан йўқотишга буйруғига эга, иблис ангор, чапақай, полиция сержанти келган куни, унинг эгнида биринчи бор кийим-бош кўришди. Хосе Монтел бош қўшган иш унинг махфий айғоқчиси бўлиб иш бошлагани эди. Одамларда зиғирдек шубҳа уйғотмайдиган бу камсуқум савдогар, вазмин мешкай ўз сиёсий мухолифларига бошқачароқ уларнинг бой, ё камбағаллигига қараб ёндошарди. Камабағал ҳеч вақоси йўқларни полиция майдонда отиб ташларди. Бойларга шаҳарчани тарк этишлари учун йигирма тўрт соат вақт беришарди. Хосе Монтел полиция маҳкамаси бошлиғи билан кун бўйи димиққан хонасига қамалиб олиб хунрезликлари режасини тузаётган пайтларда унинг рафиқаси мурдалар ҳаққига кўз ёш тўкарди. Полиция маҳкамаси бошлиғи хонадан чиққач, аёл эрининг йўлини тўсарди. “Бу одам эмас, ҳайвон, – дерди у. – Бу ёвуз махлуқни биздан бошққа ёққа ўтказишларига эришиш учун ҳукуматдаги алоқаларингни ишга сол – шаҳарчада у бирор зотни тирик қолдирмайди, ахир”.  Ўша кунлари иши бошидан ошиб ётган Хосе Монтел унга қиё ҳам боқмай ўзидан четлаштирганча: “Ахмоқона гапларни қўйсангчи”, деганди. Аслида у камбағалларни қирғинидан эмас балки, бойларни қувғин қилинишидан манфаатдор эди. Полиция маҳкамаси бошлиғи, сармоядорларнинг эшикларини ўқ тутиб, илма-тешик қилгач,  шаҳарчани тарк этишларига вақт берар ва шу тариқа Хосе Монтел ўзи белгилаган нархда уларнинг ер-мулки ҳам чорвасини сотиб оларди. “Бунча гўл бўлмасан, – дерди унга рафиқаси. – Сен уларга кўмаклашиб хароб бўласан, улар мусофирчиликда очдан ўлиб кетмасаларгина сенинг олдингда қарздор бўлишади холос, шунда ҳам улардан умрбод миннатдорчилик кута олмайсан”. Энди унинг соддалигидан ҳатто кулишга ҳам вақти бўлмаган Хосе Монтел рафиқасини суриб жавоб қиларди: “Бор ошхонага бор, бошқа мени бошимни қотирма”.

Шундай қилиб, бир йилга етмай шахарчада мухолифатни бартараф қилишган ва Хосе Монтел энг бой ҳам қудратли шахсга айланганди. У қизларини Парижга жўнатиб, елиб-югуриб ўғлига Германияда консуллик мартабасини олиб берач, ўз ҳокимлигини батамом мустаҳкамлашга астойдил бел боғлади. Аммо барини оёқ ости қилиб, қонунларга беписандликда йиққан бойликлари меваси таъмини тотишга олти йилдан камроқ умри етди холос. Беваси унинг қазосига бир йил тўлганиданоқ, зиналарнинг ғичирлашига қулоқ осиб, навбатдаги шумхабар овози келаётганига имон келтириб ўтирарди. Уларни одатда кечга яқин етказишарди. “Яна қароқчилар, – дейишарди бевага. – Кеча эллик бош бузоқларни ўғирлаб кетишди”. Бева тирноқларини ғажилаб қимс этмасдан тебранма курсида ўтираркан томоғидан ҳеч нарса ўтмасди – унинг емаги ночорлик эди. “Мен сени огоҳлантиргандим Хосе Монтел, – такрорларди у ўтганнинг руҳига мурожааат этиб, – бу шаҳарча аҳолисидан марҳамат кутолмайсан. Сени тананг ҳали гўрда совимай туриб, уларнинг бари биздан юз ўгиришди”.

Ҳовлига ташрифлар ҳам тинганди. Тинмай челакдан қуйгандай ёққан ёмғирли бу беадоқ ойлар давомида у кўрган ягона одам соябонини ёпмасдан уйга кирадиган, ҳалол ва чарчоқ билмас сенор Кармайкл эди. Иш измини топмасди. Сенор Кармайкл Хосе Монтелнинг ўғлига бир нечта мактуб жўнатиб ҳам улгурганди. Бу мактубларда у вақтни ўтказмай мободо ўзи келиб, ишларни қўлига олса айни муддао бўлишига шаъма қилганди; сенор Кармайкл ҳатто унинг онасини соғлиги билан боғлиқ баъзи бир хавотирларини ҳам қайд этишни эп билганди. Аммо бу хатларга жавоб бир қадар мужмал бўлди. Охир оқибат Хосе Монтелнинг  ўғли уни ўлдиришларидан қўрққанидан қайтмаётганини очиқ ойдин тан олди. Шунда сенор Кармайклнинг бевага бутунлай инқироз ёқасига келганини билдиришдан бошқа иложи қолмади.

– Унчалик ҳам эмасдир – рад қилди аёл. – Пишлоқ ва чивинлардан қутилишни билмаяпман. Сиз ҳам кунингизга яраб қоладиган нима бўлса олаверинг, мени эса тинчгина қазо топишимга қўйиб беринг.

Шу ҳангомадан кейин ҳар ойнинг охирида қизларига жўнатадиган мактублардан бўлак уни ташқи олам билан боғлайдиган ҳеч вақо қолмади. “Бу шаҳарчани қарғиш урган, – ёзарди у мактубда ишонч билан. – Умуман бу ёқларга қайтманглар, мендан эса хавотир олманглар. Мен ўзимни бахтли ҳис қилишим учун сизларнинг бахтли эканингизни билсам бўлгани”. Қизлари навбат билан жавоб ёзишарди. Уларнинг мактубларидан доимо хуррамликлари уфуриб турар, исиққина ёруғ хоналарда битилгани сезилиб, қизлардан ҳар бириси недир хаёл суриб, саноқсиз кўзгуларга ўз аксларини солиш учун тўхтаб қолишларини  ҳис қилса бўларди. Қизлари ҳам қайтишни ҳоҳлашмасди. “Бу ёқда тараққиёт бор – ёзишарди улар. – У ёқда, сизларда, одам яшйдиган шароитнинг ўзи йўқ. Сиёсат учун одамларни ўлдирадиган ёввойи мамлакатда яшаш мумкин эмас”. Бу мактубларни ўқиганида беванинг кўнгли енгил тортар, ҳар бир жумладан сўнг бошини лиқиллатиб маъқуллаб қўярди.

Бир сафар, қизлари, Париждаги гўшт дўконлари тўғрисида ёзишганди. Улар қизғиш чўчқаларни қандай сўйишлари ва дўконга киришда гулчамбарлар ва гулбарг тизмаси билан ясантириб, илиб қўйишлари тўғрисида ҳикоя қилишганди. Охирида қизларининг дастхатига ўхшамаган дасхат билан қўшимча ёзилганди: “Тасаввур қилгин-а, энг катта ва чиройли чиннигулни чўчқанинг орқасига тиқиб қўйишади”. Бу жумлани ўқиб, бева Монтел кейинги икки йилда биринчи марта табассум қилди. Уй чироқларни ўчирмасдан у ётоқхонасига кўтарилди ва ётишдан олдин электр ҳаво пуркагични деворга буриб қўйди. Сўнг каровоти ёнидаги тумбадан қайчи, ёпишқоқ малҳам мато ва тасбеҳни олдида, ғажилайвергандан иринглай бошлаган ўнг қўлининг бош бармоғига ёпишқоқ малҳам мато ёпиштириб қўйди. Шундан сўнг дуо ўқишга тутинди, аммо иккинчи ибодати давомида тасбеҳни чап қўлига ўтказди, ёпишқоқ малҳам мато орқали тасбеҳ доначаларини бармоқлари сезмади. Қайдадир йироқларда момоқалдироқ гумбури эшитилди. Бева бошини кўксига осилтириб уйқуга кетди. Тасбеҳ тутган қўллари болдирлари бўйлаб пастга сирпонди, шунда пешайвонда ўтирган Улуғвор Она кўз олдига келди; унинг тиззаларига ёйиқ оқ чойшаб устида тароқ турар, ўзи эса бош бармоқлари билан битларни сиқиб ўлдираётганди. Бева Монтел ундан сўради:

– Мен қачон қазо топаман?

Улуғвор Она бошини кўтарди.

– Қўлларинг увишиб қолганида.

Рус тилидан Ўктам Одилов таржимаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan