• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«ЧАЙЛАГА ҚАЙТИШГА ҚЎРҚАМАН» – Юсуф ЛАТИФ

«ЧАЙЛАГА ҚАЙТИШГА ҚЎРҚАМАН» – Юсуф ЛАТИФ

(ҳикоя)

Ўша йили еттинчи синфга кўчган эдим. Яъни, бундан роппа-роса ўн йил илгари – ёзги таътил пайтлари эди. Отам, қўярда-қўймай, мени тоғамнинг ёнига – тўқайга жўнатди. Тоғам ҳар йили эрта баҳорда кўч-кўронини эшакаравага ортиб, дарё бўйига отланарди. Амунинг серунум қумлоқ соҳилига – қайирга, қовун экарди. Унинг биздан бошқа яқин кишиси йўқ. Бефарзанд, сўққабош. Кампири вафот этгач, отам уни бир бева аёлга уйлантириб қўймоқчи бўлган. Тоғам унамаган…

Тушга яқин тўқайга етиб келдим.

– Келганинг яхўи бўлди, – деди тоғам ювошгина қора эшагимнинг нўхтасидан ушлаб, – Кеча сал мазам қочиб… Уйлар тинчми ўзи? Отанг ничик, тандор1 юрибдими?

– Салом айтишди, – дедим эшакнинг яғринидан ушлаб пастга тушарканман. – Иссиққина нон бериб юборишди. Патир ҳам бор… Отам келолмас эканлар. Сигирни бозорга опчиқишмоқчи. Туғадиган ойи эмиш.

– Шундай дегин… Гурвак жонивор ҳам пишиб қолди ахир. Машинасиз бир амаллармиз-да… Арава тортганича ортамиз. Қолганини “Бор барака” қиламиз, нима дединг? Шоқоллар кун бермаяпти. Ундан кўра маҳалла-кўйнинг савобига қолайлик, жиян…

Шотиси осмонга кўтариб қўйилган арава ғилдирагига эшагимни боғлаб, эгардан хуржунни олдим-да, чайлага ўтдим. Тоғам тонқа2ни яримлатиб сув қуйгач, ўчоққа ўт ёқди…

Иссиқнинг дами қайтгач, қовун уза бошладик. Қош қорайгунча анча гурвак узиб, чайла ёнига ташидик. Тўқайга аста-секин қоронғилик чўкди. Тоғам чайла олдидаги лойўчоқ бошида куймаланиб, овқатга уннай бошлади. Доғланган пахта ёғининг томоқни қичитувчи ўткир ҳиди атрофни тутиб кетди.

Чирилдоқлар тун шарафига ниҳоясиз куй чала бошладилар. Зим-зиё осмондаги юлдузлар улкан қора ғалвирнинг беҳисоб кўзларига ўхшаб кўринарди. Полиз четидаги қамишзорда шоқол чўзиб ув тортди. Тоғамнинг Бўйноқ лақабли ити вовиллаганича ўша томонга лўкиллаб чопди. Қўрқоқлигимни сездирмасликка тиришиб, тоғамга яқинроқ сурилиб ўтирдим. Кейинги пайтларда унинг қулоғи “оғирлашиб” қолган эди. Шунданми, бепарво, индамасдан юлғуннинг майда чивиқларини чирт-чирт синдириб, ўчоққа тиқарди. Милтиллаб ёнаётган олов тоғамнинг ажин босган қорача юзини, оқара бошлаган соқол-мўйловини, томирлари йўғон симдек бўртиб турган узун ва ориқ қўлларини лип-лип ёритарди. Бошидаги думалоқ туркман дўпписининг бир томонга қийшайиб кетганлиги уни олифта йигитлардек қилиб кўрсатарди. Бу дўппини отам Марига – қариндошларимизникига борганларида тоғамга совға қилиб олиб келгандилар.

Бўйноқ тоғамнинг ёнига келиб ётди. Шоқоллар тинчиб қолишди. Тоғам фонусни ёқди. Устунда осиғлиқ турган қўшоғиз милтиқнинг мойланган қувури ялтираб кетди.

         – Бунда шоқол отганмисиз, тоға? – дея сўрадим баландроқ овозда.

         Тоғам индамади. Ўчоқ олдига ўтириб, чивиқ билан ўтни ковлаштирди. Қозондаги пиёва биқирлаб қайнай бошлади. Тоғам яна юлғун шохларидан синдириб ўчоққа ташлади.

         – Отиб қўрқитаман, – деди бир оздан кейин у тутундан кўзи ачишиб, юзини четга бураркан. – Қочиб кетишади. Жонли жониворни ўлдириш гуноҳ. Катта гуноҳ! Ахир уларнинг ҳам болалари бор…

Тоғам итнинг бошини силади. Бўйноқ оёқларини кериб, талтайиб, кесик думини ликиллатди. Тоғамнинг узун бармоқларини, оқариб кетган кирза этигини ялаган бўлиб, тумшуғини суйкади.

– Мен билан бу жонивор ҳам сарсон, – дея гапида давом этди у. – Қишда ўн беш-йигирма кунлаб ғойиб бўлиб кетади. Кейин чўпдек ориқлаб қайтиб келади. Бечорага баҳорда яна дардисар. То қишгача. Ўз ғамимга шерик қилиб қўйибман. Ҳе-ей, ишқилиб, ҳеч кимни жуфтидан айирмасин, жиян. Изингда чироғингни ёқадиган бир зурёд қолса на хўп, бўлмаса…

Тоғам қўл силтаб, чайла орқасига ўтиб кетди… Овқат маҳалида ҳам чурқ этмади.

Пиёвадан сўнг икковимиз гурвак едик. Фотиҳадан кейин, тоғам болишга суяниб, кўзини юмди.

– Юрагим тақирлайди, – дея нолинди у. – Бошим айланади. Дўхтир, кўп қисинманг, дейди. Давлинамишман. Қисинмай бўладими? Одам бор, ғам бор. Раҳматли кампиримнинг кўзи очиқ кетди…

Тоғам уф тортди. Қоронғилик бағрига жимгина тикилди. Дарё томондан салқин шабада эсди. Чайла қамишлари аста шилдиради.

– Совқотдингми, Ҳикматжон? – деб сўради тоғам этим жунжикиб кетганини пайқаб.

Ҳа, дегандек бош ирғаб қўйдим. Тоғам дастурхонни йиғиштириб, қолган-қутган овқат ва ювиндини итнинг ялоғига ағдарди. Чайла тўрига жой солди.

– Кўйлагингни ечмай ётавер, совқотасан, – деди у фонуснинг пилигини пасайтириб, шишанинг устидан пуфларкан. – Мен ҳам ухлайман. Эртага барвақт туриш керак. Йўқса, бозорга кечикамиз.

Ўринга кириб оҳиста чўзилган тоғам нималарнидир пичирлай бошлади.

– Тоға, ўлган одам тириладими? – деб сўрадим у пичирлашдан тўхтагач.

– Худо билади…

– Битта одамни ток урганмиш. Отам айтди… Ҳалиги киши тирилиб, тунда қабрдан чиқиб, уйига борганмиш. Эшикни очган онасининг юраги ёрилиб ўлипти…

– Худо билади, – деди у яна.

Ой балқди. Бўйноқ ялоғидаги ювиндини шалоплатиб ича бошлади. Тоғам кўрпага бурканиб узоқ йўталди. Сўнг оёқларини узатиб оғир тин олди.

– Бот-бот эслайман… Иҳ-м! – дея томоғини қириб гап бошлади у. – Сендек пайтларим. Маҳалламизда бир киши яшарди, телбанамо. Оти Қаландармиди-ей, Қаландар бўлса керак. Кўриниши ғалати – дарвешона эди. Нуқул титилиб, увадаси чиққан аллақандай китобларни қўлтиқлаб юрарди. Ёши ўтинқираган, аммо-лекин сўққабош эди. Негадир уйланмасди. Бировлар “парилари бор эмиш унинг” дейишса, бошқалари “битта китобни ўқиб калласи бузилганмиш” дейишарди. Ҳатто, “Қаландар ўрис муаллимнинг қизига ошиқ бўлиб қолибди” деювчилар ҳам йўқ  эмасди.

Ёвонда тунука томли биттагина оқ уй бор эди. Бизда ҳали деворни оққа бўяшмасди. Бу уйда ўрис муаллим яшарди. Одамлар унинг ёлғиз қизи – Вера ҳақида оғизларидан бол томиб гапиришарди. Вера – ипакдеккина, суқсурдай қиз эди.

Мен ўрис муаллимнинг уйига сут-қатиқ олиб борардим. У бунинг эвазига пул берар, гоҳида қанд билан сийларди. Ўшанда Верани кўрганман. Уларнинг уйи олдида Қаландарни ҳам учратганман. Унинг бир жойда миқ этмай туриши биз болаларга қизиқ туюларди. Уни гоҳ туртиб қочардик, гоҳ ғир-ғир кесак отиб, калака қилардик… Итга талатмоқчи бўлардик. Бир куни, муаллимнинг қўшниси – шаддод хотин экан – бир тоғора ювиндини Қаландарнинг орқасига сепиб юборди. У бечора ғинг демай кетиб қолди. Балки унинг кўзига оқ уй ва Верадан бошқа ҳеч ким, ҳеч нарса кўринмагандир. Эҳтимол, Вера ҳам оппоқ, сутдай оппоқ бўлиб кўрингандир…

Эшитишимча, яна бир куни Қаландарнинг уйига нотаниш қиз борганмиш.

– Мени Вера юборди, – дебди қиз.

– Вера! – дея хитоб қилибди Қаландар унга талпиниб.

– Мен Вера эмасман! – дебди қиз ортига тисарилиб. – Вера юборди мени! У сени бундан кейин уйимизнинг олдига келмасин, деди. У сени ёмон кўради!..

Нотаниш қиз чиқиб кетибди. Орадан бир неча кун ўтгач, Қаландарнинг ўлимидан хабар топишди. Кечагидай ёдимда. Жаноза куни роса қор ёғди…

Тоғам жим бўлди.

– Ухладингми? – деб сўради у бир оздан сўнг.

– Уйқум келмаяпти… Вера ҳозир қаерда?

– Уми? Вера ҳозир йўқ. Кўчиб кетишган… Лекин Қаландарнинг арвоҳи сира тинчимади… Сен билмайсан. У пайтларда йўл ё қабристон ичидан, ё ёнидан ўтган бўларди. Қаландар ўлгач, турли миш-мишлар тарқалди. Айтишларича, у ярим тунда қабридан чиқармиш. Оқ уйга тикилганча тураверармиш, тураверармиш… Кейин элнинг кадхудолари маслаҳатлашиб қабрнинг гир атрофини пахса девор билан ўрашди. Рама момо ҳар жумада бориб, чироқ ёқиб қайтадиган бўлди. Савоб учун… Кейинчалик ҳаммаси унутилиб кетди. Девор ҳам қулади, Қаландар ҳам тинчиб қолди… Ёлғизлик ёмон, жиян.

Тоғам жимиб қолди. Назаримда, у ўзи айтиб берган даҳшатли ҳикоядан менчалик ваҳимага тушмай, бепарво ётарди. Қўллари кўрпа остида ҳам тек турмай тимирскиланиб, гоҳ қашинар, гоҳ билагини силаб-сийпарди… Балки у ўлимдан қўрқмас. Лекин мен шу сўзни эшитсам, таним жимирлаб кетади. Тоғам бу ҳикояни ўзича тўқиб-бичганми, ё ростдан ҳам шундай бўлганми, билмайман. Аммо даҳшат! Кўзларимни чирт юмсам ҳам оппоқ кафанига ўранган Қаландар кўринаверар, гўё у чайла ортида бизни пойлаб тургандек туюлар эди…

Шоқолларнинг увлаши авжига минди. Бўйноқ уларга тақлидан дам увлаб, дам қаттиқ-қаттиқ ҳура бошлади. Тоғамнинг пинжига суқулдим.

– Қўрқяпман, тоға-а… Шоқоллар бизни еб кетса!..

– Қўрқма, гурвакнинг мазасини олишган улар.

Тоғам ўрнидан  туриб милтиқни ўқлади. Бўйноқ вовуллаб полиз томон чопди. Кўрпани бошимдан ошириб, кўзларимни юмдим. Тоғам варанглатиб кетма-кет ўқ узди. Бир оздан сўнг чайлага қайтиб келди. Шоқолларнинг увлаши борган сайин узоқлашиб, ахийри тинди. Фақат чирилдоқларнинг узундан-узоқ куйлари сира тинмасди…

Эрталаб эшакларнинг қаттиқ ҳанграшидан чўчиб уйғониб кетдим. Кўрпани кимдир тортгандек бўлди. Тоғам ҳали ухлаб ётарди. Қуёш нурларидан кўзим қамашиб, кўрпани яна юзимга тортганча:

– Тоға, турмайсизми? Бозорга кечикибмиз, – дедим эринибгина.

Тоғам индамади. Кўп ўтмай кўрпамни кимдир тортди. Бошимни кўтардим. Бўйноқ экан. Ҳайдадим. Ит кўрпани қўйвориб, ғингшиди.

– Тоға! – дедим овозимни баландлатиб. – Ҳей тоға! Туринг! Қуёш чиқиб кетибди!..

Тоғам менга орқасини ўгирганча, ғужанак бўлиб ётарди.

“Мунча қаттиқ ухламаса?” деган ўй билан ўрнимдан турарканман, шилқ этиб, у чалқанчасига ағдарилиб ётди: Кулимсираб… Нимадир дейишга оғиз жуфтлаб… Хиёл қисиқ кўзларини чайла тепасига қадаб… Кўнглим ёмон бир нарсани сезгандай, тахта бўлиб қолдим.

Сўнг… бор кучимни йиғиб, чайладан қоча бошладим…

У орқамдан қувиб келарди. Мен қочяпман. Оёқларим қумга ботиб, тиззаларим букилиб кетади. Охири силлам қуриб, юзтубан йиқилдим. Кўзларимни чирт юмиб, юзимни муздай қумга  босдим… У тепамга келиб, пайт пойлар, ҳансираб, узуқ-юлуқ нафас оларди. Алла нарса ғингшигандай бўлди. Юрак ютиб аранг бошимни кўтардим. Бўйноқ тилини осилтирганча ёнгинамда чўнқайиб ўтирар, тоғам йўқ эди…

Узоқдан тракторнинг товуши эшитилди. Ўрнимдан ирғиб туриб, овозимнинг борича қичқирдим. Томоқларим йиртилиб кетгудек қичқирдим… Ҳеч ким келмади.Қумга тушган томчи сувдай ҳаммаси қамишзорга сингиб кетди. Кимсасиз тўқайни бошимга кўтариб йиғладим… йиғладим.

Чайлага қайтишга қўрқардим… 

1 Тонқа – чойгум (шева).

2 Пиёва – қовурма шўрва (шева).

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan