• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ТЎЛМОҒИНГ ИСТАДИМ, ЭЙ УМАРИЙ ЖОМ» – Мансур ЖУМАЕВ

«ТЎЛМОҒИНГ ИСТАДИМ, ЭЙ УМАРИЙ ЖОМ» – Мансур ЖУМАЕВ

ҲАЙРАТ ҚЎШИҒИ

Ёрижон,

ай ёрижон,

кетди жон сен сори, жон:

кўрмадим кўркам нақш

кўзларингдай,

ёрижон!

На Беҳзоду на Артур,

Рўзи,

Чингиз,

Ўрол,

Нур,

на Пикассо ё Маҳмуд[1]

бўйла сурат чекибдур.

Боридан безди жоним,

борлигин сезди жоним;

жоним ё ерга кирди,

ё кўкда кезди жоним.

Кўзимдан сизди жоним,

бир савол эзди жоним:

жоним-ай,

жоним берай,

сени ким чизди, жоним?!

Сени ким чизди, жоним?!

* * *

Кўз ёш ярашмайди эркакка ҳарчанд,

дийдам қаттиқ дея нечук алдандим:

хаста онасининг бошида фарзанд

йиғлаганин кўриб кўзим намланди.

Бир оғриқ кезаркан икки очунда,

бўғзимни тирнади ёввойи ингроқ;

дўстим онасига ачинган кунда

мен ўз волидамга қилдим қўнғироқ…

Ногоҳ отасидан айрилди дўстим:

ҳар айрилиқ – ногоҳ,

ҳамма ғам – ногоҳ,

биров қон йиғлади,

биров қон қусди –

айрилиш дардидан бўлдим мен огоҳ.

Бир оғриқ кезаркан икки очунда,

дийдам юмшадими – тош қотган қадим,

дўстим отасидан айрилган кунда

ўз отамга умр сўраб йиғладим…

Бу боди болангни кечир, онажон,

улоққан ўғлингдан ўкинма, ота,

ҳарнечук ёдига туширса ал-он

ё ғам,

ё хасталик,

ё дард,

ё мотам.

Икки очундаги, эй, икки ҳабиб,

дийдам қотган бўлса, ўксиманг ҳайҳот,

боғбон гул остини юмшатган каби

юмшатиб турибди дийдамни ҳаёт.

СУЖУД

Мен сўзга сажда қилдим,

мен сизга сажда қилдим,

қалбимда қанот қоққан

бир ҳисга сажда қилдим…

Кўксим кўкламга ватан,

туроб вужудимга тан,

Ватан сужудимга тан,

танамда томир ёйган

илдизга сажда қилдим.

Тупроқ, менинг онамсан,

титроқ, менинг онамсан,

Ватан, менинг онамдан

кўпроқ менинг онамсан!

Она, азизим ўзинг!

Яна азизим Ўзинг!

Изларингни ўпган ер –

отизга сажда қилдим.

Шароб тутган кўзага

лаб босганча бўсага,

товонингни тусаган

ялпизга сажда қилдим…

Она!

Ватан!

Ёру Eр

ва дилим зиндонида

занжирларин узган шеър,

мен сизга сажда қилдим…

мен сизга сажда қилдим…

ИЧИМДАГИ УРУШЛАР

Тўлмоғинг истадим, эй умарий жом,

тўкилмоқ истадим –

тўкилгандайман:

яна шеър,

яна ишқ,

яна соз,

илҳом…

севиб қолганга ўхшайман.

Яна ривоятлар айтадир ғалат

Лев Николаевич,

Лондон,

Кафка,

Рей…

ва Шойим Бўтанинг “Шох”ин варақлаб,

мозийни пуллайди Бродвей.

Темур қаптолида сарбоз курантлар

бонг ураркан тўққиз яримга,

митти қулоқчинлар нажиб дунёдан

хабар келтирадир қулоқларимга.

“Фарсча шарқилар”[2]да бир гўзал турку:

Муҳаммад Муътамид Ҳофиздан айтар.

“Узхитс нуқта нет”[3],

сендан илтимос,

замонамга қайтар.

Етар,

оқизмасин кўздан ёшимни

устоди Муҳаммад Ризойи Лутфий,

Муъину

Сиймою

Абдулҳай Вафо

ва Ажмал Порсо[4]нинг жунуний лутфи.

Ичдан шарафлаган ашрофим ғариб,

ичим машриқдиру атрофим мағриб,

юлдузлар чирмашган дарахт пойида

кезаман қаландар Шарқни ахтариб.

Олтин гитарали олтинсоч йигит

олтин қўшиқларин сочадир жонли,

ғариб севгиларни қиладир таъкид:

“Ай нов ю вон ми ту,

ай нов ю вон ми…”[5]

Олтинсоч,

“Раъно”[6]ни айтсайдинг,

ҳечам

иккиланмай борим бериб ғамбода,

Ботирим[7] ҳурмати,

Югнакий[8]гача

кетган бўлар эдим пойи пиёда.

Олтинсоч,

тушунгин,

талху шўр дарё

ўстирган қамишдан туғилган найман,

яна саҳройиман,

боз устига, о,

севиб қолганга ўхшайман.

Олтинсоч,

керакмас майда туйғулар,

кўксимда чайқалар бир умарий жом,

қўявер,

ўлдирса ўлдирсин шулар:

ишқу ишқ,

ишқу ишқ

ва шеър

ва илҳом!


[1] Камолиддин Беҳзод, Артур Карапетян, Рўзи Чори, Чингиз Ахмаров, Ўрол Тансиқбоев, Акмал Нур, Пабло Пикассо ва Маҳмуд Фаршчиён каби рассомлар назарда тутилган.

[2] FarscaSarkilar – “Ютуб”даги мусиқий канал.

[3] uzhits.net – мусиқий портал.

[4] Эрон ва афғон қўшиқчилари.

[5] Қўшиқдан: Биламан, сен ҳам мени хоҳлайсан (I know You want me too).

[6] Қўшиқ номи.

[7] Ботир Зокиров.

[8] Тошкент шаҳридаги Аҳмад Югнакий мавзеси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan