• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Adabiyotshunoslik
«ТИРИКЛИК ФАСЛЛАРИ»

«ТИРИКЛИК ФАСЛЛАРИ»

Шоир Матназар Абдулҳаким хотирасига чизгилар.

Ҳаётни ҳамма севади. Ҳаёт –чи?! У кимни кўпроқ севади? Ўз муҳаббатини бошқалардан кўра ёрқинроқ, ишончлироқ ифодалайдиган одамни эмасми? Изҳорнинг турлари кўп. Улардан бири –бадиий ижод, хусусан, шеърият. Бунда изҳор иқрорга айланади. Ҳис –туйғулар минг бир рангда жилоланиб, муҳаббатнинг ҳадсиз софлиги ва буюклигини кўз –кўзлаб, бошқаларни ҳам севишга ундайверади. Жўшқин ижод маҳсули бўлган биргина шеър мисолида ҳам бу жараён чексиздир.

Сизни унда, бизни бунда Худо яратди,
Ўртамизда ўтиб бўлмас дарё яратди…
Бу юрт фарзандлари шундай куйлаганлар, шундай куйламоқдалар. Матназар Абдулҳаким ҳам шундай куйлади.


Оламни кўз билан кўрамиз, лекин қуёшга тик боқа олмаймиз. Ортиқча ёруғлик кўзни хира торттиради, аммо у қанча кўп бўлмасин, қалбга ортиқчалик қилмайди. Қалб нурдан яшнайди. Қалби чароғон одамлар ҳаётни яшнатиб турадилар. Юлдузларсиз осмон кўркини йўқотгандек, қалби чароғон инсонлар бўлмаса, ҳаёт тароватидан айрилади, эзгулик устуни қулайди. Бу устун мустаҳкам бўлиши учун
Эзгу фикр, Эзгу сўз, Эзгу амал зарур.
Бу юрт фарзандлари шундай ўйлаганлар, шундай ўйламоқдалар.
Матназар Абдулҳаким ҳам шундай ўйлади.


Сўзда сеҳр бор. Илғаган одам унинг таъсиридан қутулолмайди. Оппоқ варақлардаги битикларни нигоҳи билан элаб маъно қидиради. Топади, илоҳий лаззатга эришади, сўзни таниш лаззати, ўзни таниш лаззати, Ҳақни таниш лаззати… Демак, сўзни таниш –ўзни таниш, Ҳақни таниш. Ўзини таниган одам хор бўлмайди. Ҳақни таниган одам ўзгани хор қилмайди. Сўз –Ҳақ хабарини элтгувчидир.
Сўзни мафҳум айламак нофаҳмға мушкулдурур,
Ким, бўлиб сўз аҳли бағри қону, ботғай қонга сўз.
Бу юрт фарзандлари шундай сўзлаганлар. Шундай сўзламоқдалар.
Матназар Абдулҳаким ҳам шундай cўзлади.


Урганчни қамал қилган мўғуллар ўзича марҳамат кўрсатиб, Шайх Нажмиддин Кубродан шаҳарни тарк этишни сўрайди. Ҳазрат эса лашкар сафида душманга қарши жангга киради. Ватан жондан азиз. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Сажда Ҳақ зикридан бошланади. Муборак тилаклар дилдан тилга кўчади. Ватан — саждагоҳ. У –табаррук. Рўёбга чиқиши учун тилакларни боболар руҳи қанотлантирмоғи, аршга элтмоғи зарур. Аждодлар изидан мунаввар маскан — Ватанда айтилган, миллат ва юрт тараққийсига дахлдор тилак, албатта, ижобат бўлғуси.
Ойнинг қисматидир мутелик.
Қуёшнинг тақдири –истиқлол!
Бу юрт фарзандлари шундай яшаганлар, шундай яшамокдалар. Матназар Абдулҳаким ҳам шундай яшади.

Жуманазар ЮСУПОВ,
шоир.
“Қишлоқ ҳаёти” газетаси. 2012 –йил. 3 –май. № 53.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan