• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«ЯНА ЙИҒИСИЗЛИК ЙИҒИДАН ОҒИР, ВА ЯНА ИШҚСИЗЛИК ИШҚДАН БАТТАРРОҚ» – Ойдиннисо

«ЯНА ЙИҒИСИЗЛИК ЙИҒИДАН ОҒИР, ВА ЯНА ИШҚСИЗЛИК ИШҚДАН БАТТАРРОҚ» – Ойдиннисо

*  *  *

Ёриқ пешонамда

энг ёруғ битик,

Чандиққа битилган

исминг ёртими?

Нега қисматимга

боқолмадинг тик?

Шу эски чандиқлар

исминг ёрдими?

Сени

юрагимга битганман ахир,

Ҳар лаҳза

учмоққа шайланган Жонқуш,

Тўхта,

кўзларимдан ўқиб кетгин сир:

(Сенингсиз)

Битиклари ғиж-ғиж

ҳаётим бўм-бўш!

Сендан кетсам,

сенга ошиқдим тинмай,

Оёқларим синса,

қанотим ўсди.

Инон шубҳа қилмай,

инон ўкинмай,

Ой сира йитмади,

булутлар тўсди.

Топганим рост сени,

йўқотганим… жим…

Уйғонгин, уйғотгин,

бу бир қаро туш –

Вайрона қалбимга

кўмилган ганжим,

(Наҳотки!)

Кўнглингга қўл солсам,

ҳовучим бўм-бўш!..

*  *  *

Вафо кутдим, кўнглим ойнаси узра

Аёз чизиб кетган омонат гулдан.

Ризқим – ишқим эди, Лавҳи Маҳфузда

Гуноҳу савобим битилган ундан.

Қиёматдан бурун Маҳдий ҳисларим

Дажжол истак-ла жанг қилди беомон.

Ўзимни ўзимдан поклаш истагим

Энг тирик ҳислардан ундирди товон.

Мен жон сақлаш учун кавшаб юрибман

Ҳисларнинг жасадин. Кечирар Миғфар.

Умидвор боқяпсиз, кўриб турибман,

Сизга ҳаром ахир ўлакса ҳислар.

*  *  *

Мангудан узилган лаҳзалар учиб,

Қовжираб қўнаркан совуқ кўлкага,

Ҳозирланаётир балки жон қуши

Учиб кетиш учун иссиқ ўлкага.

Ахир куз…

Олам – бахтлилигин сезмаган бахтсиз,

Ё бахтсизлигини сезмаган бахтми?

Кўзларингда кезар оғир сукунат,

Ёки бул сукутдан ёлғонлар ҳақми?

Ахир куз…

Олис-олислардан учар овозинг,

Фикр бўронида тўзғиб, асабий.   

Овозки, қулоқдан суғуриб отсанг,

Йирингли тиканни суғурган каби.

Ахир куз…

Туйғуларга сира тегмадим, улар

Ҳис этилиб турди ўзлари оғир.

Тошёмғир сингари ёққан ўйлардан

Моматалоқ бўлиб кетди-ку бағир.

Ахир куз…

Тангри нафасини туйдими кўнгил,

Она исин туйган гўдакдай тинди.

Юрагингнинг ёпиқ эшикларига

Шамолдай ўзимни урмасман энди.

Ахир куз…

*  *  *

 (“Болаликдан лавҳа” туркумидан)

Синглим Севарага

Тўй!

Титраб тўкилар юрагинг – саҳна.

Рақсга тушади узилган баргдай –

шу тўй орзусида ўтган онангнинг

сарғариб узилган қирқинчи жони.

Бир қўшиқ йиғлатар, тилидан қолган,

орзудан қолмаган хаста дунёни:

“Жон оғриса, дунё буткул яроми?

Тун қўйнида барча ранглар қароми?

Рақсга тушсам узилган яфроқ каби,

Икки қўлим икки дунё ароми?

Хаста кўнглим чўл-у дарё ароми?”

Тўй!

Идраб тўкилар юрак – дастурхон,

Юлдузларни ютар, териб ушоқдай,

Оқ қилинган, юзи қаро бир булут –

отангнинг оғриқли виждони.

Бир қўшиқ титратар кўзёш тўколмай

дард чекиб тўлғанган қайсар дунёни:

“Сув эдим ман, ювиб туфроқ чангини,

Сачраб кетдим, олиб лойнинг рангини.

Ўлдирган  қотилми ё  ўлган қотил –

Олиб кетма тирикларнинг тонгини.

Ким ювадир юрагимнинг зангини?”

Тўй!

Ўйнаб тўкилар юрак – рангчироқ,

Гоҳ кулги, гоҳ йиғи рангида,

Узилиб кетгудай нафас торлари,

Тилак йўллар опанг ўчиб ва ёниб.

Бир қўшиқ тебратар ғамингни ювиб,

ўзин поклолмаган денгиз – дунёни:

“Гоҳи денгиз, гоҳи кўприк бўлдим-а,

Гоҳи тўлқин узра кўпик бўлдим-а,

Ичим қизил маним, онам руҳини

Шод этай деб,синглим, кўм-кўк бўлдим-а.

Қанча оз қувонсам, кўпдек бўлдим-а”.

Тўй!

Янграб тўкилар юрак – микрофон.

Эски сўзга сингиб борар янги жон,

Исрофил суридай янграр куёвнинг 

авж пардада кўпирган қони.

Бир қўшиқ иситар, Ҳақнинг ҳукмидан

арзи бор дунёни:

“Меҳрбоним, Қаҳрбоним маним-а,

Сув сепсалар, ёндирар бу қоним-а,

Тўй ва аза қоришиқ шу кўнгила

Кирайин, деб ҳалак менинг жоним-а.

Чанқадим ман, олов ичир жонима!”

Тўй!

Битта юракда шунча томоша!

Онангнинг орқада қолган кўзлари

залворли нишондай кўксингга ботиб,

Уруш кўрган аскар каби ярадор

йўл оласан бахтга! Ахир куй тамом!

Бироқ тўй… урушдан асорат каби

санчиб, юрагингда этади давом…

ЯНГИ КУН

Ва яна кўзёшлар тубига шўнғиб,

Ахтариб юраман қай бир маконда

Йўқотиб қўйганим йиғиларимни.

Йўқотиб қўйганим қай бир инсонда?

Ва яна кўзимдан излайди паноҳ,

Умидвор термулар совуқ қотган шамс,

Ахир кўзим суврат –

бир уйғоқ суврат –

Тушсиз уйқулардан уйғона олмас.

Ва яна “Ҳаммадан бахтлисиз!” дейман,

Ва дейман: “Қалбингиз – иссиқ ёпинчиқ”,

Бахтини, қалбини сира танимас,

Совқотиб яшовчи одамларга тик.

Ва яна исковуч ит каби изғиб,

Искайман қалбимни, искайман бўкиб. 

На вафо бор бунда,

на бир хиёнат,

Парвоз этгулик ё кетгулик чўкиб.

Ва яна дунёнинг кўзёшларида

Жилмаяди аксим, худдики уйғоқ.

Яна йиғисизлик йиғидан оғир,

Ва яна ишқсизлик ишқдан баттарроқ.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan