• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nasr minbari
«Кўнгил битиклари»  – Лобар БЕРДИЕВА

«Кўнгил битиклари» – Лобар БЕРДИЕВА

Муаллақ қўл…

Қўлимни чўздим. Худди сўрашмоқчи, дўстлашмоқчи бўлгандек. Қиё боқмай кетдилар…
Қўлимни чўздим. Кафтимга пул тутқаздилар… Гўё дўстликнинг баҳоси шу дегандек… Мен эса анграйганча, бошига тўқмоқ билан урилгандек довдираб, турган жойимда ортларидан қараб қолавердим…
Яна қўлларимни чўздим. Баъзилар ўзларини яқинликка олиб, жилмайиб туриб, кафтлари орасига нина яширганча, тиғини санчиб кетдилар… Оғриқдан инграб юбордим. Қўлимдаги оғриқдан эмас, юракдагисидан…
Яна титраб қақшаганча, бармоқларим бир очилиб-юмилиб олдга чўзяпман… Ғазаб, нафрат, алам, ўч каби бир нималар қаттиқ мушт бўлиб тугилишга чорлаётгандек… Метин муштга, темир муштга, ҳиссиз муштга… Ана шунга айланиб қолишдан қўрқаман… Жуда қўрқаман…

Умид дарахти

Охири кўринмас саҳро қумларини шамол ҳар ёнга сочиб, тўзғитади. Гўё ўз саволларига жавоб ололмаётгандек.
Саҳронинг ўртасидаман. Қаёққа юришимни, кимдан мадад сўрашимни билмайман. Ҳар томондан нажот кутаман. Бу қумликларнинг нималаридир илгари гуллаб барқ ургану, кейинчалик бора-бора шу ҳолда келгандек тасаввур уйғотар, у гўё бағрига улкан дардларни кўтарганча, кейин бу дардларнинг залворига ўзи кўмилиб қолгандек ётарди… Кўзимни юмсам кўз олдимга зилол сувларнинг шарқироқ овозига ҳамоҳанг қилиб сайраётган қушлару, чаман-чаман гулларни бағирларига қучганча шўх кулаётган одамлар келарди. Кўзимни очсам эса ёлғизлик, қаттиқ уйқуга кетган саҳро… Ўйлайман бу саҳро нималарга дуч келиб, нималарни англадики, бунчалик сукунатни ўзига ҳукмрон қилиб олган…
Манзилим қай ёнда эканлигини билмасамда, муҳими тўхтамайин дея юра бошладим. Қуёш қолган кучимни ҳам олишга урингандек, янада кучли қиздирарди.
Воажаб қаршимда улкан шохлари осмонга қадар бўйлашиб кетган дарахт. Унинг шохларию барглари бир-бирига жуда яқин ва йирик бўлиб жойлашганидан сояси жуда қуюқ. Ҳайратдан жойимдан жилолмасдим ҳам.
Қуёш тафтида қизиб кетган қум зарралари оёғимни жизғанак қилиб куйдираётганини сезиб, дарахт томон юрдим. Яқинлашганим сари янада маҳобатлашгандек. Ёнига боргач қарасам барглари жуда ҳам кўпчилиги тўкилганча, атрофни қоплаб ётарди. Яна қолган шохдагиларининг ҳам анча-мунчаси узиладигандек турарди… Аммо ҳамон собит.
Ҳа,бу менинг умид дарахтим… Менинг саҳродаги ёлғиз жонбахшим…

Кўк кабутар

Кўк кабутар қанотларини кенг ёйганча учиб юрарди. Гўёки ундан бахтлироқ йўқ. У парвоз етганда осмон янада тиниқлашгандек. Кабутар қуёш нурлари-ла чўмиларди. Офтоб саҳоватли…
Мен ўз ишларим билан банд эдим. Хаёллар ўз домига тортган. Тоза ҳавода узоқ сайр қилиб келдим. Шунда бехос… Оҳ, худбинлик… Бақиргим келяпди.
Кабутар… Нега пастладинг. Осмонингда учаверсанг бўлмасмиди?
Мушугимиз кўк кабутарни оғзига олиб кетарди. У бахтиёр негаки қорни тўяди… Даҳшат.
Ўзимни нима қилаётганимни ҳам билмасдим. Уни излай бошладим. Қарасам… Мушукка шунчаки қорин тўйдириш ёқмадими, у билан ўйнаётганди… Ўлган қуш билан… Ўзи ўлдириб, ўзи ўйнайди…

Арқон

Узун арқон. Тортаяпман, ҳеч тўлалигича менга келмаяпди. Баъзан сал бўш қўйганимдан менга қарама-қарши томонга тортиб кетишади. Зўр бериб ушлаб қоламан. Майда-майда иплар бир-бирига шунақа тушунарсиз тарзда ўраб арқон ҳосил қилинганки, қўлларингизни қавартириб юборади. Баъзан маҳкам, қаттиқ сиқиб тортганимдан қўлларим қонаб кетади. Беихтиёр ичимдан бир овоз:«Кел, шу арқонни у уч томондагиларга бера қол, ўзингни шунчалар қийнашинг шартми, қўйиб юборгину, қутул», – дейди.
Шу пайт ичимдан бошқа бир овоз эса:« Асло қўйиб юборма, сенинг бу оғриқларинг ҳеч нима эмас, арқонни уларга топширсанг, ҳамма оғриқ, қийноқлар ўшанда бошланади. Шунда, балки танангга роҳат кирар, лекин қалбинг, вужудинг бир умр совуқ исканжада яшайди. Сенинг ўзлигингни тортиб олишади», – дерди.
Ҳа,арқоннинг у учида нафс, айш-ишрат, қабоҳат чирмовуқдай ёпишиб турарди… Ўзининг ҳар турли усти ялтироғу, ичи разилликка тўла нарсаларини кўз-кўз қилиб, чалғитишга уринмоқда.
Мен эса арқонни маҳкам, ушлаб турибман… Қўйиб юбормайман.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan