• +998 (91) 435-72-09
  • inja_sanat@mail.ru
  • Furqat st. Tashkent, Uzbekistan.
Nazm minbari
«Рамазон дафтари» (1 қисм) – Орифжон КОМИЛ

«Рамазон дафтари» (1 қисм) – Орифжон КОМИЛ

Биринчи кун

Ҳилол

Ниҳоят шафақнинг қизғиш доғлари,

Шом еган уфққа ёйилди сокин.

Зулфиқор ҳилолнинг маъсум чоғлари,

Илк юлдуз чиққунча нур сочди токим.

Ниҳоят қибладан майин шамолнинг,

Азондай ёқимли саслари эсар.

Баракот келтирган муборак ойнинг,

Фараҳли дамлари оламни кезар.

Ниҳоят аразлар поёни етиб,

Қулоққа чалинмас хусумат, таъна.

Ниҳоят нафслар узлатга кетиб,

Кишанланар иблис алайҳилаъна.

Ниҳоят чироқлар ёниб саҳардан,

Покиза дилларга ниятлар энар.

Ниҳоят ой кулган сокин шаҳардан,

Оппоқ фаришталар истиғфор терар…

Иккинчи кун

Тоқат

Сабоҳ нурларига чулғанди бомдод,

Саҳардан зарғалдоқ азонин айтди.

Мусича ку-кулаб чиқарар савод,

Турналар жанубдан жаннатга қайтди.

Саждага бош қўяр сожид булутлар,

Қуёш имоматга ўтмоқда яккаш.

Чумчуқлар чирқираб бир-бирин қутлар,

Жамоат жам бўлар уфққа туташ.

Саҳарлигин қилди очун эринмай,

Арчалар кавсардек тоғ сувин ичди.

Харсанглар бир муддат ортиқ керилмай,

Бир кунлик емоқлик раъйидан кечди.

Чошгоҳга чодирин тикди чаманлар,

Жавониб пешинга сафланди такрор.

Аллоҳу акбар деб чопқир саманлар,

Худога қулликни этдилар нисор.

Асрда бўй чўзди соялар ранги,

Мағрибга оҳиста оғиб кетди кун.

Маломатчи нафснинг кучайди жангги,

Руҳларни гуноҳдан покламоқ учун.

Охири тоқатнинг роҳати келиб,

Шомда ҳижоб ёпди зангори осмон…

Аллоҳим бизларни тақводор қилиб,

Ато эт дилларга мустаҳкам иймон!

Учинчи кун

Одамзод

Болари гуллардан бол йиғар тинмай,

Бол йиғиш аллоҳдан бўлди деб нозил.

Заҳматкаш чумоли чарчоқни билмай,

Зироат экар-у, йиғади ҳосил.

Майсалар сас берар шудринг бағридан,

Қушлар жуфтларини авайлаб учар.

Соялар ухлаган жарлик қаъридан,

Харсанглар азалий тоғларни қучар.

Ҳар не вазифасин ҳис этиб бошдан,

Асло ўзгартирмас ҳаёт тарзини.

Биргина одамзод юз буриб ҳақдан,

Тамоман унутар суннат, фарзини…

Тўртинчи кун

Таровеҳ

Жамоат жамланди, сафланди толлар,

Тераклар тўрт ракаът қиёмда турди.

Тўрт рукуъ шаклида эсди шамоллар,

Тўрт тасбеҳ қайтариб соат югурди…

“субҳана зил-мулки вал-малакут,

Жилғалар оятдай оқди жилдираб,

Нафаслар беғубор олинди табиий.

Саждалар қилинди қиблага қараб,

Булутлар оқарди мўъминлар каби.

Субҳана зил-ъиззати вал-ъазамати вал-қудрати вал-кибриёи вал-жабарут,

Ихлос сувларини ичмоқда борлиқ,

Ҳамд айтиб кўк юзин юлдузлар безар.

Ойнинг нурларидан таралар ёрлиқ,

Такбиру такрирлар самода юзар.

Субҳанал-маликил-ҳаййиллазий ла янаму ва ла ямут,

Дуолар қилинар, саловот аро,

Тоат шукуҳида лаҳзалар ўтар.

Ҳар тўртта ракаътда айтилар сано,

Ҳар тўртта ракаътда тасбеҳни кутар.

Суббуҳун қуддусун роббуна ва роббул-малаикати вар-руҳ,

Қоим қироатлар, соим тилаклар,

Сахий билаклардан эзгулик унар.

Арш сори қатнаган оппоқ малаклар,

Шукроналик сўзин ҳовучлаб учар.

Ла илаҳа иллаллоҳу настағфируллоҳ,

Тонггача тинмайди улуғ ибодат,

Тўрт мингта қиёмдан тераклар ўсар,

Тўрт мингта тасбеҳга эврилур соат,

Тўрт мингта толларни дўзахдан тўсар…

Насъалукал-жанната ва наъузу бика минан-нар”.

Бешинчи кун

Муножот

Беш теграмдан ёпирилган тилакларим,

Беш сезгимга беш минг ҳисни боғлаб кетар.

Самоларга узатилган билакларим,

Пичирлаган дуоларим ҳаққа етар.

Йўлларимда ой ухлайди кечалари,

Тун қўйнида алла айтар лаҳзаларим.

Ҳар қадамда учрар синов нечалари,

Саботлардан тўқилади болу-парим.

Ўзинг аввал,

Ўзинг охир

Ўзинг вакийл,

Ўзинг йўлга йўлламасанг кимман худо.

Сояларда мудраб дарахт остидаги,

Соясидан бўлган каби мутлоқ жудо.

Эргашардим кимларга ва неларга айт,

Ҳақ каломинг туширмасанг, раҳмат билан.

Алмийсоқда руҳим ваъда бергани пайт,

Сирлашдими руҳим ўтли руҳлар билан.

Гуллаётган гуллар бори атрин сочар.

Жаннатларда ҳурлар сурар хаёлларин.

Оламларга раҳмат бўлиб бир зот турар,

Жавоб топар ҳаётидан саволларим.

Олислардан эсган шамол каби сархуш,

Сархуш кезиб олам аро жазбам ёқсам.

Бир хаёлдан бир лаҳзада бўлиб беҳуш,

Бир лаҳзада бошим эгиб ерга боқсам.

Одам каби таъқиқларни таъмин кўриб,

Узилмаган меваларни узганим рост.

Дунё номлиғ фоний майдан андоқ сўриб,

Далли мажнун каби сархуш юрдим бироз.

Тавбаларнинг тавофида руҳим чўкиб,

Елкам узра қанот ёйиб учсам қани.

Узлатларда кўзларимдан ашким тўкиб,

Қалбим тўлиб, вужудим-ла севсам сани.

Қани одам,

Қани руҳлар,

Қани танлар.

Қани бизга омонат тан оромлари,

Ҳар бир руҳга битта танни қилиб ватан,

Ҳар бир танга битта руҳни оромлади.

Муножотим арш сорига етказ малак,

Етти осмон қабатларин ўтгин босиб.

Беш теграмдан айланмоқда гир-гир фалак,

Беш сезгимга беш минг ҳисни кетди осиб…

Олтинчи кун

Саховат

Саховат қилади сахий дарёлар,

Тоғлар кўзёшини ювар қайталаб.

Гоҳ зангор, гоҳида мовий самолар,

Гоҳ ёмғир сувларин қуяр майдалаб.

Гоҳ дарё бўйида балиқчи чолнинг,

Тўрини чангаклаб вақт заҳри ютар.

Гоҳ ақлин йиғмаган бесар шамолнинг,

Ортидан эргашиб хаёллар эсар.

Гоҳ юлғун баргида қўнган зарранинг,

Ҳавойи чанглари қумликка дўнар.

Гоҳ тоғлар бағрида учган наъранинг,

Ёввойи садоси жимликка кўнар.

Гоҳ токлар ям-яшил баргини ёзиб,

Чирмовуқ шохидай кўкка чирмалар.

Гоҳ гуллар атридан ақлидан озиб,

Ошиқ чумолилар гулга ўрмалар.

Гоҳ шифтда қалдирғоч таҳорат олиб,

Вал фажр сурасин қироат этар.

Гоҳ олис сафарга қайта йўл олиб,

Бургутлар тўпланиб маккага кетар.

Гоҳ уммон бағрида тўп-тўп балиқлар,

Наҳанглар қорнига меҳмонга борар.

Гоҳ даштлар қўйнида унган тариқлар,

Донлари тўлишиб бошоқни ёрар.

Ҳар неда саховат, ҳар неда эҳсон.

Ҳар не бўлишади қўлда борини.

Тинч ухлай олади биргина инсон,

Қўшниси оч ётса, тўқлаб қорнини…

Еттинчи кун

Дуо

Аллоҳим,

Етти қат самонинг,

Етмиш қатидан,

Етти минг фаришта

Етишиб илҳақ,

Токи ер юзига келгунча етиб,

Исрофил сурини чалмасдан аввал,

Ер юзи дажжолга гувоҳ бўлмайин,

Фитналар урчимай иблис макридан,

Яъжуж ва маъжужнинг қонхўр лашкари,

Уммонлар сувини симирмай бурун,

Оташлар отилмай ғарб тоғларидан,

Дарёлар қуримай,

Тоғлар тўкилмай,

Нурамай оламнинг қиблагоҳлари,

Саҳролар самумга асира бўлмай,

Зилзила уйғонмай, замин бағридан,

Одам одамлигин унутмасидан,

Дунё ўзгармайин, турфа безакда,

Баҳорлар майсани ўсдирганида,

Кузаклар тўкканда сархил мевасин,

Ҳаволар бир қадар софлик вақтида,

Музликлар эримай, денгиз қўйнида,

Узоқлар янада яқин бўлмасдан,

Болалар онадан тонмасдан аввал,

Оналар боладан юз бурмасидан,

Фитналар урчимай, қумурсқа каби,

Гуноҳлар дўл каби ёғмасдан бурун,

Савоблар ҳабада амалга дўнмай,

Аъмоллар маъсият сатрига тўлмай,

Ҳақларнинг ҳақлари ҳақсиз ейилмай,

Ноҳақнинг зулмидан эзилмай замин,

Дуолар аршингда учган кезлари,

Тавбамни қабул эт,

Гуноҳим кечир!

Тавбамни қабул эт,

Гуноҳим кечир!

Тавбамни қабул эт,

Гуноҳим кечир!

Саккизинчи кун

Тасбеҳ

Субҳаналлоҳ…

Ўттиз уч такрорда олам мужассам…

Тилимдан дилимга боргунча йўлнинг,

Минг йиллик қатларин пойлар хаёллар.

Ўттиз уч қаричга кичраяр жуссам,

Ўттиз уч тавбага таянар илким…

Алҳамдулиллаҳ…

Ҳамд айтиб бораман, торайган роҳнинг,

Надомат дамлари юзимга урар.

Ўттиз уч ботмонлик оғир гуноҳнинг,

Ўттиз уч минг йиллик тавбаси турар…

Аллоҳу акбар…

Ниҳоят тилимда айланар исминг,

Ниҳоят қалбимда сокинлик юзар.

Ниҳоят зикрингдан тебранар жисмим,

Ниҳоят руҳим бир эркинлик сезар…

Тўққизинчи кун

Қайтар дунё

Бола эдик,

Рамазонда саҳарликда турар эдик,

Онам уйғоқ, саҳарликка

Уйғотарди малакларни.

Синглим билан ярим кунлик

Рўзамизни «тутар» эдик.

Ярим кунда ярим йилдай

Ўтказардик соатларни.

Онам кулиб айтардилар,

» — ярим йиллик рўзанг тутдинг,

Унутмагин, улғайганда,

Тўлиқ йиллик рўзанг тутгин.

Фаришталар оппоқ нурга

Ўрасинлар ниятингни.

Дуо эниб ҳар сўзингдан,

Бутун қилгин тилагингни»

Кун кеч бўлиб,

Шом азони айтилганда чопар эдик,

Ярим кунлик рўзамизни,

Ифтор қилиб очар эдик.

Ўшал дамда елкаларда,

Гуноҳ нима билмас эдик.

Қил деганни ярмин қилиб,

Маън қилганни қилмас эдик.

Ўтди кунлар,

Ўтди ойлар,

Балоғатнинг эшигидан.

Елкамизда фаришталар,

Ёзар неки ўтар бўлса.

Бугун мана, ярим умр

Ортда қолди, лаҳзадайин.

Ярим йиллик соатлар ҳам

Ўтар энди бир кун каби.

Бир кун рўза тутмоқликнинг,

Уқубатин билмаяпмиз,

Маън қилганни қиляпмизу,

Буюрганни қилмаяпмиз.

Энди қизим саҳарликка,

Уйғонади севинганча,

Ҳамроҳ бўлиб фаришталар,

Рўза «тутар» ярим кунча.

Онаси дер, кулиб шунда,

» — ярим йиллик рўзанг тутдинг,

Унутмагин, улғайганда,

Тўлиқ йиллик рўзанг тутгин…»

Ўнинчи кун

Раҳмат

Ҳақ ҳам сенсан,

Холиқ ҳам,

Ҳар не ишга қодир ҳам,

Саттор ҳамда собир ҳам,

Раҳм айлагин худоё!

Ўзинг раҳмон,

Роҳим ҳам,

Аввал, охир, зоҳир ҳам,

Мусаввиру ботин ҳам,

Раҳм айлагин худоё!

Сен маликул қуддуссан,

Ҳам латифу ҳофизсан,

Ва фаттоҳу муъизсан,

Раҳм айлагин худоё!

Ё раззоқу,

Ё фаттоҳ,

Ё рафиъу, ё жаббор,

Ё бориъю, ё ғаффор,

Раҳм айлагин худоё!

Ё алийму,

Ё босит,

Ё салийму,

Ё басир,

Ё хабийру ё кабийр,

Раҳм айлагин худоё!

Ё муҳаймин,

Ё азиз,

Мутакаббир,

Ё лазиз,

Даргоҳингда чўктим тиз,

Раҳм айлагин худоё!

Ё ҳалийму,

Ё ҳакийм,

Ё азийму,

Ё алийм,

Дуода бўлсин илким,

Раҳм айлагин худоё!

Ё қаххору,

Ё ваҳҳоб,

Ишқинг дилларга офтоб,

Биз ким — асли гилу об,

Раҳм айлагин худоё!

Паноҳ бергин офатдан,

Асра юз минг кулфатдан,

Уйғонайлик ғафлатдан,

Раҳм айлагин худоё!

Орифжон Комил

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan